«Адолат» партияси депутатлари ўз фаолиятида сайловчилар манфаатларига таянади

/
4 октябрь куни журналистлар ва блогерларнинг «Адолат» Социал-демократик партияси етакчилари билан норасмий учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда партия Сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров, раис ўринбосарлари Абдукамол Раҳмонов ҳамда Фарҳод Ишанқулов, аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бўлим мудири Гулруҳ Агзамова, партиянинг мафкура ишлари бўлими бошлиғи Фазлитдин Зияев иштирок этди.

Маълумот учун: Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси 1995 йилнинг 18 февралида ташкил қилинган. 2019 йил 1 сентябрга келиб унинг сафларида 399 599 нафар аъзо мавжуд бўлиб, улар 6 300 дан ортиқ бирламчи партия ташкилотларига бирлашган.
Партиянинг асосий мақсади ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга адолатли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлатни шакллантиришдан иборат. Шу боис «Адолат» партиясининг қонунчилик ташаббуслари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, ҳаммада олий таълим олиш имконияти мавжуд бўлишига эришиш, бепул сифатли тиббий хизмат тақдим этилишини таъминлаш, солиққа тортиш тизимини ислоҳ қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини яхшилашга йўналтирилган.
Журналистлар билан учрашувни очар экан «Адолат» партиясининг раиси Наримон Умаров: «2014 йили «Адолат» партияси «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини қабул қилиш ташаббусчиларидан бири бўлди. Бу қонун давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини, фуқаролар ва айниқса, ҳукумат, жамият ва давлат тузилиши тизимидаги камчиликларни ёритувчи журналистлар билан фаол ва очиқ алоқаларни кўзда тутади», деди.
«Адолат» партиясининг устувор вазифалари орасида «Архив иши тўғрисида», «Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида», «Илм-фан тўғрисида», «Инсон органлари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида», «Инновацион фаолият тўғрисида»ги қонунларни қабул қилиш ва тегишли ўзгаришлар киритиш каби мақсадлар бор.
Партиянинг барча қонунчилик ташаббуслари сайловчиларнинг реал эҳтиёжларидан келиб чиқади. Хусусан, партия пенсияларни расмийлаштиришда хусусий компанияларнинг архив ёзувларини олиш қийинлиги ҳақида фуқаролар томонидан билдирилган кўп сонли шикоятлардан келиб чиққан ҳолда «Архив иши тўғрисида»ги қонунга ўзгаришлар киритиш ташаббуси билан чиқди. «Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида»ги қонунга тузатишлар эса Ўзбекистонда экстракорпорал уруғлантириш йўналишларини ривожлантиришни кўзда тутади. Бир сўз билан айтганда, «Адолат» партиясининг депутатлари ўз фаолиятида сайловчиларнинг манфаатларига таянади.
2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида «Адолат» партиясига 1 800 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг 1331 таси ўз жойида ҳал қилинди, 543 таси эса ҳал қилиш учун маҳаллий органлар ва давлат ташкилотларига йўналтирилди.
Партиянинг асосий вазифалари:
 * ижтимоий адолат ғояларини қонунчиликка сингдириш ва уларнинг ижросини таъминлаш;
 * вакиллик ҳокимияти органларининг (парламент ва маҳаллий Кенгашлар) ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш;
 * тўғридан-тўғри ишловчи қонунлар қабул қилиниши ва қонунларнинг ҳаётийлигини таъминлаш;
 * аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасида «ақлли» ва инновацион технологияларнинг жорий эилиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш;
 * дори воситаларинг сифатини таъминлаш, сифатсиз ва қалбаки дори-дармонлар айланмасини олдини олиш мақсадида қонунчилик механизмларини жорий этиш;
 * мамлакат олий ўқув юртларида квоталарсиз таълим олиш тизимини жорий этиш ва таълим муассасаларини ўз-ўзини молиялаштиришга босқичма-босқич ўтишини таъминлаш;
 * жамиятда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни илдизи билан қуритиш ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш;
 * фуқаролик жамияти ва демократик институтларни мустаҳкамлаш;
 * ҳокимият органлари, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисоб беришини таъминлаш;
 * фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада ривожлантириш;
 * судларнинг эркинлиги ва мустақиллигини таъминлаш орқали холис, адолатли ва очиқ бўлишини таъминлаш, суд ҳимояси соҳасини кенгайтириш, судлар фаолиятида ошкоралик ва очиқлик тамойилларини, суд жараёни томонларининг тортишувчанлиги ва ҳуқуқларининг тенглигини кучайтириш;
 * иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани инновацион ривожлантириш, инновацион фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш.
Учрашувда иштирок этган журналист, блогер ва турли соҳа вакиллари партия раҳбариятига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. «Адолат» СДП фаолияти, янгитдан ишлов берилаётган сайловолди дастури, партиянинг ислоҳотлардаги иштироки хусусида керакли маълумотларга эга бўлишди.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Бугунги кун олдимизга қўяётган янгидан-янги вазифалар ҳудудларда партия депутатлик гуруҳлари ишини, уларнинг фаоллигини янада кучайтиришни тақозо э...
01 янв 1970
“Қишлоқ хўжалигида зараркунанда ҳашаротларга қарши кураш олиб боришнинг ҳолати ва уни янада такомиллаштириш юзасидан вазифалар” муҳокам...