Тиббиёт ходимларини тажовуздан ҳимоялаш бўйича ҳуқуқий асослар етарлими?

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг ташаббуси билан “Тиббиёт ходимларининг касбий фаолияти хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда парламент қуйи палатаси депутатлари, “Адолат” СДП фаоллари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, Тошкент шаҳридаги бир қатор тиббиёт муассасаларининг шифокор ва ҳамширалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида мамлакатимизда фуқароларнинг соғлиғини сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, тиббиёт ходимларининг касбий фаолияти хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари ва уни такомиллаштириш мавзуларига доир маърузалар тингланди.
Таъкидланганидек, сўнгги уч йил давомида юртимизда соғлиқни сақлаш тизимида қатор ижобий ўзгаришлар рўй берди. Жумладан, тиббий хизматлар сифати сезиларли даражада яхшиланди, уларнинг кўлами, энг асосийси, олис ҳудудлардаги аҳолининг сифатли тиббий хизматлардан фойдалана олиш имкониятлари кенгайди.
Давра суҳбати иштирокчилари соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида соғлиқни сақлаш тизими сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганлигини эътироф этдилар. Хусусан, Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришга ажратилаётган маблағларнинг йилдан-йилга кўпайиб бораётганлиги қатор муаммоларни ҳал қилиш имконини бермоқда.
Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш тизимида ҳали амалга оширилиши лозим бўлган талайгина вазифалар борлиги давра суҳбати иштирокчилари томонидан алоҳида қайд этилди. Хусусан, мамлакатимиз ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли қатламларининг барчасига бирдек сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини яратиш, соҳани жаҳон стандартларига мос равишда янада такомиллаштириш зарурати долзарб масала бўлиб турибди.
Соҳада мавжуд бўлган ана шундай муаммолардан бири — бу тиббиёт ходимларининг касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказишга уриниш ҳолатларининг кўпайиб бораётганлигидир. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, хусусан, “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг сайловчилар билан ўтказаётган учрашувларида тиббиёт ходимлари айрим ҳолатларда беморларнинг ўлими ёки соғлиғи ёмонлашган вақтда баъзи фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятининг етишмаслиги оқибатида асоссиз равишда шифокорни айблаш ва унга тажовуз қилиш ҳолатлари учраб турганлиги, лекин амалдаги қонунчиликда тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳуқуқий нормалар мавжуд эмаслиги тўғрисида эътироз билдиришди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 2018 йил давомида 400 га яқин ҳолатда тиббиёт ходимларига беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тажовуз қилинган. Шундан 39 ҳолатда жабрланган шахслар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шикоят билан мурожаат қилган.
Маълумки, беморлар даволанадиган муассасаларда шифокорларга тажовуз қилиш атрофдаги бошқа беморлар ва фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини хатарга қўяди, яъни уларнинг ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатларига ҳам дахл қилади.
Тиббиёт ходимларининг касбий амалиётини бажаришига тўсиқ бўлаётган ва уларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғига таъсир қиладиган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида “Адолат” СДП фракциясининг бир гуруҳ аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланди.
— Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига янги 1984-модда киритиш таклиф этилмоқда, — деди қонун лойиҳаси ташаббускорларидан Шуҳрат Якубов. — Ушбу моддани “Тиббиёт ходимининг касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш ёки унинг ҳаёти ёхуд соғлиғига тажовуз қилиш” деб номладик. Мазкур ном ҳуқуқбузарлик мазмунини акс эттиргани учун унинг диспозициясини “Тиббиёт ходимининг касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик, унга фаол қаршилик кўрсатиш, уятли сўзлар билан сўкиш, ҳақорат қилиш, уриш, дўппослаш, қийнаш ёки унинг ҳаёти ёхуд соғлиғига тажовуз қилувчи ҳаракатларни содир этиш” деган жумлалар билан ифодалаш орқали тажовуз хатти-ҳаракатлари кенгроқ ёритилмоқда.
Модданинг санкцияси, яъни жазо белгиланган қисми қуйидагича баён этилмоқда: “энг кам иш ҳақининг икки бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади”.
Айрим ҳуқуқшунос экспертларда “бундай қонунни қабул қилиш шартми, тиббиёт ходимларига ва умуман фуқароларга тажовуз қилинса, бошқа моддалар билан жавобгарликка тортса бўлади-ку?! Масалан, ҳақорат учун жавобгарлик бор, тан жароҳати етказганлик учун ҳам тегишли моддаларда жавобгарлик белгиланган-ку?” деганга ўхшаш саволлар туғилмоқда. Ёки жамоатчилик орасида “тажовузларга кўп ҳолатларда тиббиёт ходимларининг ўзлари сабабчи”, деган қарашлар ҳам мавжуд. Лекин айрим вазиятларда ҳеч қандай айби бўлмаса-да, беморнинг ўлими ёки соғлиғи ёмонлашишида шифокорни сабабсиз айблаш ва унга тажовуз қилиш салбий натижалар бермоқда. Масалан, тиббиёт ходимларининг кенг жамоатчилик ўртасидаги обрўси пасайишига, шифокорларнинг меҳнатга муносабати ўзгариб, ўз касбидан безиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Биз қонун ижодкорлари, айниқса, тиббиёт ходимларини ўз электоратининг асосий қисми деб белгилаган сиёсий партия вакиллари бу борада ўз сўзимизни айтишимиз зарур, деб ҳисоблаймиз.
— Ушбу қонун лойиҳасини тайёрлашда дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибаси ва улардаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрганилди, — деди фракция аъзоси Муҳаррам Дадаходжаева. — Хусусан, Америка Қўшма Штатлари, Европа Иттифоқи давлатлари, Россия ва Қозоғистонда тиббиёт ходимлари касбий вазифасини бажаришга, уларнинг соғлиғи ёки ҳаётига тажовуз қилишнинг олдини олиш бўйича тегишли маъмурий таъсир чоралари қўллашнинг ҳуқуқий механизмлари мавжуд.
Мамлакатимиз тиббиёт ходимларининг касбий фаолияти хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ўз хизмат бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан тажовуз қилишга қарши профилактик чораларни кўриш мақсадида киритилаётган мазкур норма ҳуқуқбузарнинг ўзи томонидан ҳам, бошқа шахслар томонидан ҳам шу каби ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга йўналтирилган.
Қизғин баҳс-мунозараларга бой ўтган давра суҳбатида иштирокчилар мазкур қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилиб, уни янада такомиллаштириш ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритиш юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, маҳаллий Кенгаш депутатининг фаолияти серқирра бўлиб, қатор йўналишларни ўз ичига олади....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар орас...
01 янв 1970
Ўзбекистонда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари аҳил-иноқ яшаб, жамият ҳаётини равнақ топтириш йўлида самарали меҳнат қилиб келмоқда....
01 янв 1970
“Америка овози” мухбири Навбаҳор Имамова “Халқаро пресс клуб” модератори ўуломжон Самадов ҳамда Халқаро матбуот маркази раҳ...