Партиямизга ишонадилар ва бизга эргашадилар

/
Жорий йилнинг 25 сентябрь куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди
Анжуманда партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтадиган бу йилги сайловларда иштирок этиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, ҳудудий партия кенгашлари раислари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, ҳамкор ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Анжуманда таъкидланганидек, Марказий сайлов комиссиясининг қарорига асосан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида — 2019 йил 22 декабрда ўтказилиши белгиланиб, 20 сентябрдан мамлакатимизда сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинди.
Бўлажак сайловлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган илғор демократик ғояларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлади, албатта.
Ўтган сайловларда йўл қўйилган камчиликлар партиянинг барча ташкилотлари томонидан чуқур таҳлил этилиб, бу йилги сайловларда уларни такрорламаслик чоралари олдиндан кўрилмоқда. Жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларда партиянинг барча даражадаги ташкилотлари муносиб иштирок этишини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Фаоллар, бошланғич партия ташкилотлари, умуман, электорат партиядан сайловларда муносиб қатнашишни талаб этмоқда.
Шу нарса аёнки, “Адолат” СДП мамлакат ва жамият тараққиётида фаол иштирок қилиши, унинг сиёсий куч сифатида давлат бошқарувидаги ўрни кўп жиҳатдан сайлов натижаларига боғлиқдир. Шу боис партия тизимида бўлажак сайловларга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Депутатликка номзодлар захирасини шакллантиришда изланувчан, ғайрат-шижоатли ва салоҳиятли ёшларга ва аёлларга жиддий эътибор қаратилмоқда. Партиянинг ва депутатликка номзодларнинг тарғибот ва ташвиқот тадбирларини мутлақо янги усуллар ва шаклларда ташкил этиш, партиянинг акциялари ва митинглар орқали аҳолининг кенг қатламига етиб бориш, фуқароларга партиянинг сиёсий, ижтимоий ҳамда иқтисодий ислоҳотларда изчил иштирокини таъминлашга қаратилган позициясини аниқ етказиш долзарб вазифаларимиз ҳисобланади.
Партия бўлажак сайловларда барча даражадаги ҳокимият вакиллик органларида энг кўп ўринга эга бўлиш билан ўз электорати манфаат ва эҳтиёжларини эътиборга олган ҳолда, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларда, жамият ва давлат қурилиши жараёнларида фаол иштирок этишни ва ҳақиқий ижрочига айланишни ўз олдига асосий вазифа қилиб қўйган.
Пленумда партия Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис қуйи палатасидаги партия фракцияси раҳбари Наримон Умаров сўзга чиқди.
— Ҳаммамиз яхши биламиз, сўнгги уч йилдан ортиқ вақт мобайнида ўтаётган ҳар бир кунимиз мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида муҳим воқеаларга, туб янгиланишларга бой бўлмоқда, — деди Н.Умаров. — Айниқса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида эришилаётган натижалар салмоғи йил сайин ошиб бормоқда.
Ҳозирда Ўзбекистон катта сиёсий жараён — Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳаллий Кенгашларга сайлов арафасида турибди. Сайловлар мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоизки, жамиятимиз ҳаётидан кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар ранг-баранглиги, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари тобора мустаҳкам ва кенг ўрин олмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан 2019 йилнинг 21 сентябрида сайлов кампаниясида партиянинг иштирокини таъминлаш борасида ташкилий чораларни кўриш масаласи партия Сиёсий Кенгашининг Ижроия қўмитасида батафсил кўриб чиқилди. Хусусан, сайлов кампаниясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, сайлов қонунчилиги бўйича сайловда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун бизни қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг камида 40 мингта имзосини тўплаш ишларини ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланди. Ушбу жараён назоратга олинган.
Бугун замоннинг ўзи барчамиздан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори бўлишни талаб этаётган бир даврда, тан олишимиз керакки, биз ислоҳотларнинг асосий ижрочиси сифатида лозим даражада намуна кўрсата олмаяпмиз.
Жумладан, партиямиз ижтимоий адолат, суд хуқуқ, илм-фан, таълим-тарбия ва соғлиқни сақлаш соҳасида аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш шиори остида фаолият олиб боради. Лекин ушбу соҳаларда, хусусан, жамиятимизда қонун ва адолат устуворлигини ёки аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва уни дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш бўйича олиб бораётган ишларимизни хамон охиригача етказа олмадик.
Келажак — бу олис истиқбол эмас, у бугундан бошланадиган, бизни эзгу ҳаракатларга илҳомлантирадиган аниқ дастурий мақсадлардир. Биз ҳар бир инсон ўз ҳаракатлари учун жавоб берадиган, ўқиб таҳсил оладиган, меҳнат қиладиган, мунтазам интилиб, ривожланиб, доимо такомиллашиб борадиган замонавий демократик давлат қуриш тарафдори эканмиз, сайлов кампаниясига тайёргарлик давомида партиянинг янги таҳрирдаги Сайловолди дастурини тайёрлаш ишларига шахсий намуна, шахсий ташаббус ҳамда шахсий масъулият билан ёндашишимиз зарур.
Дастур лойиҳаси ҳудудий ва маҳаллий партия ташкилотлари муҳокамаларидан келган таклиф ва тавсиялар асосида анча такомиллаштирилди. Тайёрланган дастурлар лойиҳаси ижтимоий, иқтисодий тадқиқотлар маркази ва бошқа етакчи ташкилотлар экспертлари экспертизасидан ўтказилди.
Партиянинг сайловларга тайёргарлиги бўйича қабул қилинган “Йўл харитаси”да асосий вазифалар деб партиянинг электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда соҳалар бўйича беш йил давомида бир қатор ғоя ва вазифаларни илгари суришга эътибор берилди. Булар Сайловолди дастуримизнинг асосий йўналишлари сифатида белгилаб олинди.
Сайловолди дастуримизнинг лойиҳаси партиямизнинг барча бўғинларига етказилиб, фаолларимиз муҳокамалар чоғида фикр ва таклифлар билдиришди. Таклифлар йиғишда интернетдаги бир қатор ижтимоий тармоқлар имкониятларидан ҳам фойдаланилди. Ҳудудларда электоратимиз вакиллари кўпчилик бўлиб фаолият олиб борадиган ташкилот ва муассасаларда кенг мухокамалар ўтказилди, бундай тадбирларда фракция аъзолари, партия депутатлари фаол қатнашдилар. Галдаги вазифа билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда Дастур лойиҳасини маромига етказиш, ундаги вазифаларни аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб белгилаш, Дастур халққа тушунарли, содда ва жозибали бўлишини таъминлашдан иборат.
Дастурнинг асосий мақсад ва ғояларини аҳолига етказиш, унинг учун барча бор имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш зарур бўлади. Бунинг учун биз анъанавий шакл ва тартибдан воз кечиб, янги шакл ва механизмлар асосида иш олиб боришга эътибор беришимиз керак. Жумладан, партиянинг аҳоли ўртасида акциялар ва митинглар ўтказиш, унда нафақат маърузалар билан аҳолига партиянинг позициясини тушунтириш, балки содда тилда мақсадимизни аҳолига етказиш зарур. Шунинг учун ҳудудий кенгашлар раҳбарлари ҳар бир туманда бўлиб, ушбу акцияларни ўтказишга тайёргарлик кўришлари даркор.
Хулоса қилиб айта оламизки, биз олдимиздаги беш йиллик давр учун электоратимиз манфаатларига мос равишда ўз ғоя ва вазифаларимизни белгилаб олмоқдамиз ва уларни халқимизга етказиш муҳим иш саналади.
Аминмизки, партия электоратини ўйлантираётган муҳим муаммоларни кўтариб чиқиш, уларни ҳал қилишнинг қонуний ечимларини кўрсата олиш ўз-ўзидан партиянинг, депутатликка номзодимизга нисбатан сайловчилар ишончини мустаҳкамлайди.
Бўлажак сайловларда барча даражадаги давлат ҳокимияти вакиллик органларида кўп ўринга эга бўлиш ва шу аснода, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларда электоратимиз манфаат ва эҳтиёжларини рўёбга чиқаришни ўз олдимизга асосий вазифа қилиб қўйганмиз.
2014 йилда бўлиб ўтган сайловларда йўл қўйган камчиликларни такрорлашга ҳаққимиз йўқ, буни ҳар бир сафдошимиз англаб етиши шарт. Жорий йилда сайловларда муносиб иштирок этиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 150 депутатлик ўрнига номзодлик учун 1500 дан ортиқ партия фаоллари саралаб олинди. Бу жараёнда аёллардан номзод танлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Худди шундай жараён маҳаллий партия Кенгашлари томонидан ҳам олиб борилмоқда. Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлиги учун 4000 дан ортиқ, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлиги учун 17 мингдан ортиқ номзодлар захираси шакллантирилди. Улар билан партия раҳбар ходимлари суҳбатлашиб, ҳар бирига партия топшириқлари берилиб, уларнинг салоҳияти ўрганиб борилмоқда.
Шунга қарамай бу борадаги ишларимизни ҳали қониқарли, дея олмаймиз. Чунки маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар захирасини тўлиқ шакллантириш ишлари суст олиб борилаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Ҳудудий партия кенгашлари раислари бу борада масъулиятни кучайтириши зарур.
Ҳозирги сайловчилар сиёсий ва мафкуравий жиҳатдан фаоллашганини, улар прогрессив фикрлайдиган фуқаролар эканини таъкидлаш лозим. Депутатликка номзодларимиз аҳолига ҳозирги кунда мақбул шаклларда, яъни электрон шаклларда, ижтимоий тармоқларда партия позициясини намоён эта олиши зарур.
Юртдошларимиз бизга ишонадилар ва эргашадилар. Бугунги кунда партия сафида 400 мингдан зиёд аъзо бўлиб, улар 6300 та бошланғич партия ташкилотларига бирлашган. Ўз навбатида уларнинг фаолияти жойларда 203 та туман ва шаҳар, 14 та ҳудудий партия кенгаши томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда. Барча ҳудудий ва маҳаллий кенгашларимиз офис, моддий-техник база билан таъминланди ҳамда сайлов штаблари ташкил қилинди. Шунингдек, партия Марказий аппаратида сайлов штаби ташкил қилиниб, call-марказ ва партия пресс клуби ташкил қилинди.
Яна бир муҳим масала — партия тизимида ҳисобот-сайлов кампаниясини юқори савияда, танқидий руҳда ва самарали ташкил қилиш билан боғлиқдир. Бунинг учун эса партия вилоят, туман ва шаҳар ташкилотлари ҳисобот-сайлов конференцияларини чақириш ва партия ташкилотлари раҳбар органларининг ҳисобдорлигини таъминлаш ҳамда сифат жиҳатидан янги таркибдаги раҳбар органларни сайлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Янгиланаётган Ўзбекистондаги янги сайлов жараёни биз учун катта синов ва масъулиятдир. Ушбу жараёнга барча сафдошларимизни жалб этишимиз, сайловда юқори натижаларга эришишимиз шарт. Юқори натижа ҳукуматни шакллантиришда, республика ва маҳаллий даражада қабул қилинаётган муҳим ижтимоий-иқтисодий қарорларнинг ишлаб чиқилишида партиянинг кенг ва кафолатланган иштирокини таъминлаб беради.
Йиғилишда эътироф этилганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкилотлари партиявий-сиёсий фаолиятига бўлган ёндашувларини ўзгартириб, фуқароларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмак берувчи механизмларни амалиётга татбиқ этмоқда. Партиянинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳларининг қабул қилинаётган ижтимоий-иқтисодий қарорларида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг позицияларини ифодалашда фаоллик кўрсатиб, партия Ўзбекистоннинг келажаги ва тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр бўлиш учун сиёсий куч сифатида мустаҳкамланиб, ўзини сиёсий куч сифатида намоён қилмоқда.
Пленумда “Адолат” СДПнинг Сиёсий ва Сайловолди дастури ва янги таҳрирдаги Устави лойиҳаларини тайёрлаш юзасидан ахборот берилди.
Сиёсий партиянинг асосий вазифаларидан бири давлат ва жамият ривожи учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ғоялар, йўналишлар, тамойилларни кўтариб чиқиш ва уларни амалга ошириш йўлларини белгилашдан иборатдир. Шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сиёсий ва Сайловолди дастурлари лойиҳалари ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилишига катта эътибор қаратилди. Ушбу дастур лойиҳаси партия аъзолари, бошланғич партия ташкилотлари, депутатлик корпуси, фаоллар, экспертлар, энг асосийси, халқимиз фикри асосида такомилига етказилмоқда.
Партиянинг сиёсий ҳужжатлари лойиҳалари “Фракция — марказ — вилоят — туман” тизими орқали барча бошланғич партия ташкилотларида кенг муҳокамалардан ўтказилди. Шунингдек, “Менда таклиф бор” (#MendaTaklifBor) хештеги асосида ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кўплаб таклифлари олинди.
Партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг янги дастурлари лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди.
— Жорий йилда бешта партия ўртасида кескин курашлар орқали ўтадиган сайловлар ҳар биримизга катта масъулият юклайди, — деди А.Раҳмонов. — Аввало, қурултойдан қурултойгача бўлган фаолиятимиз бўйича партиядошларимиз, сайловчилар, халқимиз олдида ҳисобдормиз, келгусида узоқ ва яқин келажак учун дастурий вазифаларимизни белгилаб олган ҳолда сайловларни юқори савияда ва юксак сиёсий маданият билан ўтказишда фаол бўлишимиз, кўпроқ депутатлик ўринларини эгаллашга эришмоғимиз лозим.
Шу нуқтаи назардан, партиямиз Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратида партия экспертлари, фаоллари ва фахрийлари, кенг жамоатчилик вакилларининг таклиф-мулоҳазалари асосида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг узоқни кўзлаган Сиёсий дастури ва яқин беш йилга мўлжалланган Сайловолди дастури лойиҳалари ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжатлар партия тузилмалари, электорат ўртасида кенг муҳокама қилинди.
Ҳар иккала муҳим ҳужжат муҳокамаларида 12 мингга яқин партиядошларимиз иштирок этиб, ўзларининг мингдан ортиқ фикр ва таклифлари билан қатнашди ва бу жараён давом этмоқда.
Миллий ва хорижий илғор тажрибаларга таянган ҳолда дастурларимиз лойиҳаларида социал-демократик ғоялар, замонавий социал-демократиянинг қадриятлари ва мақсадлари миллий қадриятларимизга мос ҳолда сингдирилмоқда. Партиямизнинг мазкур сиёсий ҳужжатларида социал-демократиянинг адолатлилик, эркинлик, тенглик ва бирдамлик ғоялари устуворлик касб этган.
Инсон ҳуқуқларини олий қадрият даражасида эътироф этиш, адолат — ҳар бир инсон учун тамойилига амал қилиш дастурларимизнинг асосий йўналишларида ўз ифодасини топмоқда.
Кучли давлат бошқарувидан адолатли фуқаролик жамиятига босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи дастурий мақсадларимиз кучли, эркин ва адолатли Ўзбекистон ва унинг келажаги учун хизмат қилишга, халқ учун, халқ манфаатлари йўлида, халқ номидан иш тутишга йўналтирилган.
Биз “Умумфаровон давлат”нинг яратилишида партиянинг ўрни беқиёс бўлишига, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Дастурларимизда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, коррупциясиз жамият қуриш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, аҳолини сифатли дори-дармонлар билан таъминлаш, олий ва ўрта махсус ҳамда халқ таълими тизимлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш каби устувор йўналишлар, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилишга доир вазифалар партиянинг диққат марказида бўлади.
Биз маҳалла институти янада такомиллашишига ёрдам берамиз, уни аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг кучли ва ҳақиқий марказига айлантирамиз.
Меҳнатга ҳақ тўлаш билан фуқароларнинг яшаш минимуми харажатлари ўртасидаги тавофутларни кескин қисқартириш, энг кам иш ҳақи, пенсия ва энг зарур “истеъмол савати”нинг ўзаро мутаносиблигига эришиш учун курашамиз. Шу мақсадда “Яшаш минимуми”, “истеъмол савати” тушунчаларини белгилаш ва ҳозирги кун талабига мос келувчи миқдорда қабул қилинишига эришамиз.
Аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш тизими ҳам талаб даражасида йўлга қўйилиши зарур,
Бугунги кунда расмий ва норасмий ёлланма меҳнатга жалб этиш кучайиб бормоқда. Партиямиз бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш ва фуқароларни норасмий ишлатиш юзасидан жавобгарлик оширилишида ташаббус кўрсатади.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси тинчликсевар ва халқпарвар ташқи сиёсат юритиш тарафдори ва ўзаро манфаатли келишувларни қўллаб-қувватлайди.
Партия экспертлар гуруҳи Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сиёсий ва Сайловолди дастурлари лойиҳаларини маромига етказиб, бўлажак Қурултой делегатлари ҳукмига ҳавола қиладилар.
Анжуманда кўплаб фикр ва таклифлар асосида партиянинг мамлакат келажагига дахлдор Сиёсий ва Cайловолди дастурлари лойиҳаларини янада такомиллаштириш лозимлиги таъкидланди. Дастурни содда, тушунарли халқона тарзда шакллантириш мақсадида жойларда танқидий муҳокамаларни давом эттириш белгиланди.
Партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Фарҳод Ишанкулов Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг янги таҳрирдаги Устави лойиҳаси ҳақида маъруза қилди.
— Партия ўз фаолиятини 2014 йилда қабул қилинган Устав асосида ташкил этиб келаётган бўлиб, бугунги кунда давр талабларидан келиб чиқиб, ушбу ҳужжатни янги таҳрирда қабул қилиш зарурати юзага келди, — деди Ф.Ишанкулов. — Хусусан, буни Конституциямиз ва сиёсий партиялар фаолиятига доир бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги ҳам тақозо қилмоқда.
Сўнгги йилларда сайлов қонунчилиги такомиллаштирилди ва сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ваколатлари кенгайтирилди. Ушбу жараёнда партиянинг фаолиятини замон талабларига мослаштириш, илғор позицияларни эгаллаб бориш мақсадида партия Уставининг янги таҳрири лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда ва ушбу жараёнга партиянинг етакчи экспертлари, олимлар жалб этилган.
Ишчи гуруҳ томонидан партия Уставининг бандларини таҳлил қилиш жараёнида 30 дан ортиқ бандларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурлиги қайд этилди.
Партия Уставига ўзгартириш киритиш, уни янада такомилига етказиш бўйича барчангиздан таклиф ва тавсияларни кутиб қоламиз.
Маълумки, бу йилги сайловлар Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодекси асосида ўтказилади. Ўтган йилларда мамлакатимиз сайлов қонунчилигининг тубдан такомиллаштирилганлиги натижаси ўлароқ, жорий йилдаги сайловлар умуман янгича ижтимоий-сиёсий шароитларда бўлиб ўтади. Бу ўз навбатида, сиёсий партияларнинг сайловда фаол иштирок этиш ва кўпроқ депутатлик ўринларини эгаллаш борасидаги имкониятини кенгайтиради.
Албатта, бу имкониятлардан қай даражада фойдаланиш “Адолат” СДПнинг сайлов кампанияси даврида дадил ва қатъият билан иш олиб боришига боғлиқ. Бунда ҳудудий партия кенгашлари ва бошланғич ташкилотлар зиммасига, айниқса, катта масъулият юкланади.
Партия пленумида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилинди. Партиянинг сайлов кампанияси самарали ўтказишини таъминлаш борасидаги ташкилий-мафкуравий режалари белгилаб олинди.
Баҳром БУРХОНИДДИНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Матбуот хизмати раҳбари

ПЛЕНУМ КУН ТАРТИБИДАГИ МАСАЛАЛАР ЮЗАСИДАН МУҲОКАМАЛАР ЧОҒИДА ПАРТИЯ СИЁСИЙ КЕНГАШИ АЪЗОЛАРИ, СЕНАТОР ВА ДЕПУТАТЛАР, ҲУДУДИЙ ТАШКИЛОТЛАР РАҲБАРЛАРИ, ЭКСПЕРТЛАР, ТЕГИШЛИ СОҲАЛАР МУТАХАССИСЛАРИ АТРОФЛИЧА ФИКР-МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШДИ. ҚУЙИДА АНА ШУНДАЙ ФИКР-МУЛОҲАЗАЛАРДАН АЙРИМЛАРИ БИЛАН ТАНИШАСИЗ.
 
Халқимиз азалдан адолат истайди, партия фаолияти ўз номига лойиқ
Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йилги сайловлар эълон қилиниб, муҳим жараёнлар бошланиб кетган айни пайтда “Адолат” СДПнинг мазкур сайловда иштирок этиши учун барча ташкилий-ҳуқуқий асослар мавжудлигини алоҳида қайд этиш лозим.
Ўтган салкам чорак аср мобайнида партиямиз сиёсий курашларда ҳар томонлама тобланди, давр синовларидан ўтиб, мамлакатимиз сиёсий майдонида энг йирик, таъсирчан ва обрўли сиёсий кучга айланди.
Бундан атиги беш-олти йил илгари бошқа сиёсий партиялар “Адолат”ни унчалик назарга илмаган бўлсалар, энди улар биз билан ҳисоблашишга ва рақобатлашишга мажбур бўлмоқдалар.
Халқимиз азал-азалдан адолатни севади, ҳамма жойда қатъий тартиб-интизом бўлишини, қонун устуворлиги таъминланишини, ижтимоий адолат принциплари мустаҳкам қарор топишини хоҳлайди. Шу боис, партиямиз кўтариб чиқаётган ҳаётбахш ғоялар кўпчиликнинг эътиборини жалб қилмоқда. Партиямизнинг ҳудудий кенгашлари ва вакиллик органларидаги депутатлик бирлашмалари томонидан жамиятдаги турли муаммолар дадил-дадил ўртага қўйилмоқда ва уларнинг ечими юзасидан бир қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Натижада тобора кўпроқ ватандошларимиз “Адолат”га ишонч билдирмоқдалар ва ғояларимизни қўллаб-қувватламоқдалар. Буни сўнгги пайтда турли ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган сиёсий партиялар рейтинг кўрсаткичларидан ҳам билиб олиш мумкин. Илгари бундай рейтингларда партиямиз мунтазам равишда охирги ўринларни банд қилган бўлса, ҳозирда 1, 2-ўринларда эътироф этилмоқда. Бу албатта, қувонарлидир.
Ҳозир партиямиз сафлари ҳам мустаҳкамланди ва 400 мингдан зиёд аъзони ўз атрофида бирлаштирмоқда. Ваҳоланки, бундан атиги тўрт-беш йил олдин сафдошларимиз сони бор-йўғи 100-130 минг нафар эди, холос.
Партиямизни бошқа сиёсий партиялардан ажратиб турувчи яна бир кучли жиҳати бу, шубҳасиз, унинг мафкурасидир. Маълумки, партиямиз дунё мамлакатлари тажрибасида синовдан ўтган социал-демократия мафкурасига таянади. Кўпгина мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу мафкура либерализм, консерватизм каби ғоявий йўналишлардан кўра ўзбек халқининг азалий урф-одатлари ва қадриятларига кўпроқ мос тушади. Айниқса, социал-демократиянинг эркинлик, тенглик, адолат ва бирдамлик каби устувор ғоя ва қадриятлари ўзбек халқининг миллий-тарихий менталитетига тўлиқ ҳамоҳангдир.
Шу билан бирга, Ўзбекистон заминида қатор соҳаларда, хусусан, ижтимоий адолат ва маънавий-маърифий масалаларда ҳамиша кучли давлатга нисбатан эҳтиёж мавжуд бўлган. Инсон азалдан фақатгина ўз шахсий бахт-саодати ва роҳат-фароғати учун тинимсиз ҳаракат қилувчи индивид сифатида эмас, балки жамоанинг ажралмас бўлаги сифатида қараб келинган. Маҳалла институти, жамиятнинг эҳтиёжманд аъзолари тўғрисида қайғуриш ҳисси, меҳр-мурувват, саховат каби халқимизнинг юксак азалий фазилатлари бунга яққол мисол бўла олади.
Демак, бир томондан, кўп минг сонли аъзолар ва тарафдорлар, иккинчи томондан эса ҳаётбахш ва халқчил социал-демократия мафкураси — партиямизнинг жорий йил декабрь ойида ўтказиладиган сайловлардаги муносиб иштирокини таъминловчи муҳим омиллар ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, биз бўлажак сайловда ютиб чиқиш учун барча имкониятларга эгамиз. Бунинг учун энг муносиб номзодларни танлаб олишимиз, Сайловолди дастуримизни пухта ишлаб чиқишимиз ҳамда сайловолди стратегия ва тактикани тўғри ташкил қилишимиз мақсадга мувофиқдир.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Тиббиёт: вазифалар қамрови кенгайиши керак
Мамлакатимизда касалликларнинг профилактикасига, чекка қишлоқлардаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини яхшилашга хизмат қилувчи давлат дастурлари амалга оширилмоқда. Давлат бюджетининг учдан бир қисми соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётир.
Партиямиз мазкур чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди. Зотан, сўнгги йилларда ушбу соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда аҳоли умри давомийлиги бўйича юқори кўрсаткич қайд этилди, оналар ва болалар ўлими уч баробардан кўпроқ қисқарди. Буларнинг барчаси халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда.
Шунга қарамасдан соҳада ҳали ечимини кутаётган масалалар талайгина. Шу боис партиямизнинг янги дастурларида соғлиқни сақлаш масалаларига янада кенгроқ тўхталиб ўтиш лозим, деб ўйлаймиз. Бунда айниқса, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.
Сайловолди дастуримиз лойиҳасида мазкур йўналиш юзасидан соҳа мутахассислари, экспертлар ва тегишли ташкилотлар вакилларини ҳамкорликка жалб қилиб, аҳолимизни қийнаётган муаммо ва камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш чоралари хусусида ўрганишлар, фуқаролар билан очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари ташкил қилиш ишлари белгиланган.
Ўрганишлар яна бир оғриқли масала, яъни патронаж хизмати фаолиятининг самарадорлигини ошириш билан боғлиқ қатор муаммо ва камчиликларга барҳам бериш муҳим аҳамиятга эгалигини кўрсатмоқда. Масалан, аҳолини мақсадли патронаж ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш соҳасида ҳалигача ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилмаган. Патронаж ҳамшираларининг юкламалари, улар топширадиган ҳисоботлар ҳаддан зиёд кўплиги ўз зиммасидаги вазифаларни тўлақонли бажаришига тўсқинлик қилмоқда. Мазкур соҳа ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини оширишнинг узлуксиз тизими жорий қилинмаган. Патронаж ҳамшираларга белгиланган меъёрга нисбатан кўп аҳоли бириктирилганлиги кузатилмоқда.
Яна бир муҳим масала — фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш. Бинобарин, бу унинг эртанги соғлом ҳаёти гаровидир.
Биз тиббиётнинг мазкур йўналишларида фаолиятни такомиллаштириш вазифасини дастуримизда белгилаб қўйишимиз зарур, деб ўйлайман.
Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси
 
Номзодлар захирасини шакллантириш осон кечмоқда, чунки хайрихоҳлар кўп
Ўтган йиллар давомида партиямиз ўз олдига қўйган дастур ва мақсадларига эришишга ҳаракат қилиб келмоқда. Ютуқлар оз эмас, аммо имкониятларимиздан тўлиқ фойдаланмаётганимиз асосий камчиликларимиздан бири бўлиб қолмоқда. Шундай бўлса-да, сайловчиларимиз манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган амалий ишларимиз туфайли халқ ичига чуқурроқ кириб бора олдик, аҳоли ўртасида партияга ишонч ортмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят кенгаши ҳам бу борада муносиб ҳисса қўшишга интилиб, ҳар бир саъй-ҳаракатида аниқ натижаларга эришмоқда. Партия ғоялари асосида халққа манфаат етказиш, сайловчилар ишончини тўла қозониш партия депутатлари ва фаолларининг мақсадига айланган.
Ўтган галги сайловларда олдимизга қўйган вазифаларимиз кўпчиликка манзур бўлиб, амалий ишларимизда яққол акс этди. Вилоятимиз аҳолиси партиямизни яхши таниб, бизга хайрихоҳлик билдирмоқда. Хусусан, “Адолат” қабулхонасига мурожаат этиб келаётганларнинг аксарияти Ўзбекистон “Адолат” социал-демоқратик партияси лойиҳалари билан таниш эканлигини айтиб, кўпчилиги сафимизга қўшилмоқда. Бунда партиянинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида аҳоли билан бевосита юзма-юз мулоқотлар, аниқланган муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга кўмаклашилаётгани муҳим омиллардан бири бўлмоқда.
Бу йилги сайловда депутатликка номзодлар захирасини шакллантиришда қийинчилик сезилмаётганлиги ҳам ана шу хайрихоҳлик туфайлидир.
Тарихга назар солсак, халқ азал-азалдан адолат қарор топиши учун тинимсиз курашганини кўрамиз. Партиямизнинг ягона мақсади ҳам адолатни тарғиб этиш, адолатли жамиятнинг қарор топишига эришишдир. Бу ёндашувларимиз, ўзига хос йўналишдаги принципларимиз янги дастурларимизда ҳам ўз аксини топади.
Шунингдек, олдинги тажрибалардан хулоса чиқариб, бу йилги сайловларда маҳаллий Кенгашларда депутатлик ўрнини кўпроқ эгаллаб, юқори натижаларни қўлга киритишга астойдил ҳаракат қиламиз.
Дилшунос АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сирдарё вилоят кенгаши раиси

Аҳоли талабларига муносиб ишлашни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда
Жорий йил мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар муҳим синов даврида турибди. Барчамизга яхши маълумки, Навоий вилояти мамлакатимизнинг шимолий сарҳадларида жойлашган бўлиб, юртимиздаги вилоятлар ичида энг катта ҳудудни эгаллаган. Вилоят аҳолиси турли миллат вакилларидан иборат, қарийб 1 миллионга яқин киши истиқомат қилади.
Жорий йилги сайловларга Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят кенгаши ҳам муносиб ҳозирлик кўрмоқда.
Вилоятимиздаги корхона, ташкилот ва муассасаларда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 650 дан ортиқ бошланғич партия ташкилотларида янги дастурларимиз лойиҳалари кенг муҳокама қилинди. Айниқса, вилоятнинг олис чўл ҳудудлари Зарафшон шаҳри ҳамда Томди, Учқудуқ туманларидаги аҳоли ўртасида муҳокамалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокама жараёнлари танқидий-таҳлилий, баҳс-мунозара тарзида ўтказилиб, тиббиёт, таълим, суд-ҳуқуқ йўналиш бўйича соҳа мутахассислари ва экспертлардан ҳам бир қатор таклифлар олинди. Муҳокамалар чоғида ушбу соҳаларда амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақида ҳаётий мисоллар ёрдамида таҳлилий мулоҳазалар ўртага ташланди. Шунинг баробарида мазкур соҳалардаги муаммолар тўғрисида жамоатчилик фикри ўрганилиб, қиёсий таҳлиллар орқали таклифлар тайёрланди.
Партиямизнинг янги Сайловолди дастури — бу келгуси беш йил давомида партиямизнинг жамиятдаги ўрни, роли, мавқеи ва нуфузини белгилайдиган, электоратимиз манфаатини ҳимоя қиладиган, сайловчилар, кенг жамоатчилик ва аҳоли ишончини қозонадиган муҳим ҳужжат ҳисобланади. Ушбу дастур қай даражада пухта ва мукаммал, халқчил бўлсагина фаолиятимизда самара ва натижа бўлади.
Бир сўз билан айтганда, Сайловолди дастуримизда электоратимизнинг овози, дарди сезилиб туриши керак. Унда бугунги ислоҳотларимиз билан елкама-елка тура оладиган, мамлакатимиз тараққиётини олдиндан кўра олган ҳолда мутлақо янги ғоялар акс этиши, сайловчилар диққатини ўзига жалб эта олиши айни муддаодир.
Сайловчиларимизнинг дунёқараши, ислоҳотларга муносабати, ҳуқуқий онги ва маданияти кундан-кунга юксалиб бормоқда. Бунинг ёрқин мисоли сифатида ижтимоий тармоқлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига жамоатчиликнинг муносабатида, эътироз билдираётганида ҳам яққол кўринмоқда. Демак, адолат ғоялари, олдимизга қўяётган долзарб ҳаётий вазифаларимиз юртдошларимизни асло бефарқ қолдирмайди. Халқимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, талабларига муносиб фаолият олиб боришимизни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Рустам ҲАЙИТОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Навоий вилоят кенгаши раиси

Бугунги сайловчи кечаги эмас...
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг XII пленумида таъкидланганидек, партия депутатлари ва фаоллари ҳудудларда амалга ошираётган аниқ ишлар, халқимиз манфаатидан келиб чиқиб илгари сурилган бир қатор ташаббуслар электоратимиз вакилларида катта қизиқиш ва ишонч уйғотмоқда. Шуни айтиб ўтмоқчиманки, партиянинг фаолияти бугун тубдан ўзгарган, сайловчилар ҳам кечаги эмас.
Вилоятимиз бўйлаб партиямизнинг янги дастурлари лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбирларда ўртага ташланган фикр ва таклифлар фуқароларнинг бизга ишонч билдираётганини ҳам ифодалайди. Партиянинг Сайловолди дастури унинг халқ олдида ўз зиммасига олаётган вазифаларни, очиғини айтганда, бажарилиши шарт бўлган ваъдаларни ўзида акс эттиради. Шу маънода ушбу ҳужжат сайловлар жараёнига киришишда партияга “ташриф қоғози” вазифасини ҳам ўтайди.
Нафақат фаоллар ва мутахассислар, балки халқ фикри асосида такомиллашиб бораётган дастурларимиз мазмун-моҳиятини ОАВ, жумладан, интернет имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда тарғиб этишимиз таъсирчан аҳамият касб этади. Хусусан, шу мақсадда интернетда ижтимоий тармоқлар ва блогерлар хизматидан унумли фойдаланишимиз, аввало, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш зарурдир.
Нега айнан ижтимоий тармоқлар ва блогерлик фаолияти ҳақида сўз бормоқда? Маълумки, бугунги кун ёшлари интернетдаги ижтимоий тармоқлар ва блогерлар орқали ахборот олиш, керакли маълумотга эга бўлиш тез ва қулай амалга ошади, деб ҳисоблайди.
Интернет саҳифаларида бугунги кунда юз бераётган муҳим воқеаларга муносабатлар, репортажлар, “жонли эфирлар”, онлайн сўровлар ва уларнинг таҳлилларига бағишланган маълумотларни жойлаштиришда блогерларнинг рейтинги баланд бўлиб турипти. Негаки, уларнинг обуначилари сони кўп.
Яна шу ўринда таклиф сифатида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунига қўшимчалар киритиш орқали блогерлик фаолиятининг ҳуқуқий асосларини аниқ белгилаб бериш, ушбу масалага ҳам партия эътибор қаратиши зарур.
Шерзод КАРИМОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мутахассисларнинг таъкидлашича, патронаж — аҳолининг тиббий-санитария хизмати борасида алоҳида эътиборга лойиқ бўлган контингентига уйда тибб...
01 янв 1970
“Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси саҳифаларида сафдошларимизнинг Сайловолди дастурини амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, жойларда...
01 янв 1970
Мамлакатимизда аҳоли бандлигига алоҳида эътибор қаратилиб, айниқса, ёшлар ҳамда хотин-қизларни иш билан таъминлаш борасида амалий ишлар қилинмоқда....
01 янв 1970
Мамлакатимиз парламенти аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлари шу кунларда республикамизнинг бир қатор туманларида бўлиб, мавжуд муаммоларни ўрганиб, ул...