Эски шаҳардаги Эски муаммолар: сектор раҳбари симёғоч тагидан ўтмайдими?

/
Пойтахтнинг Олмазор туманида Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказининг қурилиш ишлари жадаллик билан бошланди. Марказда уч қаватли шарқона услубда ишланган анжуманлар ва кўргазма заллари, қадимий қўлёзма ва кўҳна ёдгорликларни таъмирлаш бўлимлари, тарихий манба ва ашёларни сақлаш хоналари бўлиб, уларнинг ўртасида Усмон мусхафи зали жойлашади. Ислом цивилизацияси марказидаги қурилишларни айланиб бўлгач, йўлимиз қўшни “Қўштут” маҳалла фуқаролар йиғинига тушди. Маҳалла идораси ҳовлисида алвон атиргуллар, ошрайҳон, садарайҳонларнинг ифори келиб, игнабаргли манзарали дарахтларнинг ям-яшиллиги, соя-салқинлиги атрофнинг файзига файз қўшиб турарди. Бир пиёла чой устида ушбу боғни яратганларни дуо қилаётган отахонларни кўриб қувондик.
Идорада ҳеч ким йўқ эди. Маҳалла фуқаролари раиси ўқишда, котибаси ҳокимиятда, бошқа фаоллари иш бўйича юрганлигини айтишди. Отахонлар билан гаплашар эканмиз, икки аёл келди. Маҳалла фаоллари Доно Мирзаева, Клара Аҳролова билан суҳбатлашдик.
— Маҳалламиз тарихи юз йилдан ортиқ бўлиб, бугунги кунда 2 минг 147 та оила, 9 минг 501 нафар аҳоли яшайди. Шундан 950 нафари уч ёшдан 7 ёшгача болалар. Икки-уч йил ичида юртимизда жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда, — дейди Доно Мирзаева. — Маҳалламизда янгиликлар кўп. Шўролар даврида қурилган хонадон боғчага мослаштирилган бўлиб, уни бузиб, замонавий боғча қурилаяпти. Л.Б.Шастри номли 24-ўрта таълим мактабининг бир қисми тадбиркорга берилиб, бир неча йил фаолият кўрсатмай ётган эди. Бу йил мактабимиз ўзимизга қайтариб берилди. Ҳозир капитал қурилиш кетмоқда. Мактабимизга Президент мактаби мақоми берилганини эшитиб, ёшу қари жуда хурсанд бўлдик.
Клара Аҳролова бизга ниманидир айтмоқчи эканлиги унинг тараддудланаётганидан билиниб турарди.
— Маҳалламиз аҳли бир-бири билан аҳил яшайди. Раисимиз Жалолиддин Аппанов ишни тўғри, одилона бошқаргани учун иккинчи марта 88 фоиз овоз билан қайта сайланди, — деб сўз бошлади Клара Аҳролова. — Жалолиддин Аппанов ва Қобил Умаровнинг саъй-ҳаракатлари билан маҳалламиз тинч. Ичимлик суви, газдан узилишлар бўйича шикоятимиз йўқ. Гоҳ-гоҳ ахлатларни ўз вақтида олиб кетмасликини, электр тармоғида режали ва режасиз узилишларни айтмаса, раҳбарларимиздан миннатдормиз.
Улар билан хайрлашиб, “Қўштут” МФЙ кўчаларига кирдик. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида юртимизда иш бошланганига бир йилдан ошди, лекин бу ердаги кўчалар кўп йиллардан бери таъмирталаб бўлиб ётибди. Кўчалар ўнқир-чўнқирлиги, машиналарнинг серқатновлигидан чанг кўтарилиб, атроф-муҳитга зиён етказаётгани шундоқ кўриниб турарди. “Улуғ тор” кўчасининг 10-уй соҳибаси Насиба Қосимованинг дардини эшитинг.
— Оиламизнинг асосий муаммоси, эшигимиз ёнидаги аллақачон муддатини ўтаб бўлган, 1955-1960 йилларда ўрнатилган эндиликда қийшайиб ётган тунги ёритқич учун ўрнатилган ёғоч устунлар ҳисобланади. Халқимиз болажон бўлганидан ҳар хонадонда уч нафардан 10 нафаргача кичкинтойлар бор. Аммо ҳудудимизда ҳам, қўшни маҳаллаларда ҳам улар учун ўйингоҳ, спорт майдончалари йўқ. Булар етмагандек, электр симёғочларнинг барчаси авария ҳолатида. Нафақат болалар, ўзимиз ҳам уйимизда ўтириб зерикамиз. Маҳалламизда болалар ўйингоҳи анқонинг уруғи. Фарзандларимиз кўчадан уйга киргунларича эс-хаёлимиз уларда бўлади. Бирорта симёғоч ағнаб тушмадимикан, деб хавотирда яшаймиз.
Дилшод Қосимов билан “Йўлчи”, “Шоший”, “Ҳаракат” кўчаларида бўлиб, у ердаги алмисоқдан қолган, бири ўнгга, иккинчиси чапга қийшайган 20 дан ортиқ муддатини ўтаб бўлган симёғочларни суратга туширдик. Баъзиларида ёритқичлар йўқ, баъзилари эса ишламайди. “Улуғ тор” кўчасидаги столбалар симларни эмас, симлар столбани ушлаб турганини кўриб, сесканиб, кетдик. Ўнга яқин маҳалладошлар йиғилишди. Ҳаммаларининг дарди, муаммоси бир хил эди. Уч-тўрт кун ўтгандан сўнг, маҳалла оқсоқоли Жалолиддин Аппанов билан суҳбатлашдик.
— 2016 йилдан бери бу ҳақда бир неча бор туман ҳокимлигига ёзма ва оғзаки мурожаат қилаяпмиз. Иккита ҳоким келиб-кетди. Лекин ўзгариш йўқ, — гапни қисқа қилди оқсоқол.
Бу муаммоларни маҳалла раиси ҳал қилолмаслиги аниқ. Ахир ҳар бир туман секторларга бўлинган бўлса. Бу маҳалла туман ИИОФМБ раҳбари сектори назоратида бўлса, қолаверса, электр тармоқдагилар, ободонлаштириш мутасаддилари қаерга қарашаяпти? Ахир чириган тунги ёритқичларга меъёридан ортиқ симлар тортилса, у етмагандек, яна унга телефон симлари осилса... Ер ости сувлари юқорига кўтарилиб, ҳар хил табиий офатлар рўй берса-чи? Ана шу омиллардан бирида ёғоч устунлар ағдарилса, ёнғин ёки оғир фожиа рўй берса, албатта, айбдор ҳам, муаммони бартараф қилиш учун маблағ ҳам топилар. Лекин қачон фожиа содир бўлар экан, деб кутиб яшаш шартми?!
Даврон АҲМЕДОВ,
журналист (Фото) 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқ депутатлари Яккасарой туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам юртимизда олиб борилаётган ислоҳотл...
01 янв 1970
Маълумки, ҳозирги кунда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доираси...
01 янв 1970
Бугунги кунда мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларидаги янгиланишлар ҳар бир ишимизда, олдимизга қўйган мақсадларимизда ўз аксини топиб, фаолиятим...
01 янв 1970
Чоршанба — электорат билан юзма-юз мулоқот куни