Боғча барпо этилди

/
Мавжуд муаммоларга ечим топиш, шу мақсадда бошлаган ҳар бир ишини охирига етказиш, ваъдасининг устидан чиқиш орқали сайловчилар ишончини оқлаш депутатнинг бурчи ва масъулиятли вазифаси саналади. Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари шу мақсадда маҳаллаларда хонадонма-хонадон юриб, очиқ мулоқотлар олиб боришмоқда.
Депутатлик гуруҳи аъзоси Бахтиёр Матяқубовни ҳам ҳар доим хайрли ишлар бошида учратамиз. Жорий йилнинг январь ойида “Ашхабод” МФЙда яшовчи сайловчилар билан учрашганида улар маҳаллада мактабгача таълим муассасаси йўқлиги борасида мурожаат қилишган эди.
— Кўп ўтмай Бахтиёр Матяқубовнинг саъй-ҳаракати билан маҳалламизда 120 ўринга мўлжалланган давлат-шериклиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасаси биносини қуриш ишлари бошлаб юборилди, — дейди маҳалла раиси Шавкат Раҳметов. — Янги боғча бизга ваъда қилинган вақтда, яъни жорий йилнинг 1 июль куни фойдаланишга топширилди. Ота-оналар ва болажонлар учун қулайлик яратилди, шу билан бирга, бу масканда 15 та янги иш ўрни очилди. Боғча олдида барпо этилган шахмат-шашка майдончаси кичкинтойлар билан гавжум.
Депутат ташаббуси билан сунъий қопламали мини футбол майдончасининг ишга туширилиши маҳалламиз ёшлари учун ажойиб совға бўлди. Нафақат болалар, хотин-қизлар ўртасида оммавий спорт турларини ривожлантиришга ҳисса қўшилди. Ушбу майдончада “Адолат кубоги” учун мусобақалар ўтказилмоқда.
Маҳаллада депутат кўмаги билан 4 гектар майдонда янги иссиқхона ишга туширилиб, бу ерда ўн саккизта иш ўрни яратилди. Муҳими, 15 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди.
Депутатлик гуруҳининг саъй-ҳаракатлари натижа бериб, “Боғот — Янгиариқ — Хива” йўлининг “Янги қадам” шаҳарчаси ҳудудидан ўтувчи 4-, 6-километрлари жорий таъмирланди. Автомобиль йўлининг 4, 44-умумтаълим мактабларига яқин ўтган қисмларида пиёдалар ўтиш жойини билдирувчи чизиқлар чизиб қўйилди.
Партия депутатлик гуруҳи аъзоси Мансур Маҳмудов “Гулшан” маҳалласи аҳли билан учрашганида сайловчилар томорқаларни суғоришда муаммо борлиги, сув келтириш учун ўрнатилган насосни ишлатишга монелик қилинаётганлигини айтишди. Бу муаммо шу жойнинг ўзида бартараф этилди ва мавжуд сув насоси ишга туширилди. Ердан унумли фойдаланиш учун экин майдонига, жумладан, томорқага ҳам сув керак.
М.Маҳмудовга кам таъминланган оила аъзоси Тўхтажон Абдураҳмонова тўрт нафар фарзандининг уч нафари туғма ногиронлиги боис моддий жиҳатдан қийналаётгани, уйида қурилиш ишларини амалга оширишга маблағ зарурлигини баён қилди. Ҳомийлар кўмагида Т.Абдураҳмонованинг уйида зарур қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Урганч туманининг “Оқ ариқлар” маҳалласидаги айрим ички йўллар таъмирталаб эканлиги пиёдалар ва транспорт воситаларига ноқулайлик пайдо қилаётган эди. Фуқаролар депутат Икром Абдуллаевга “Парник” кўчасининг айрим қисмлари яроқсиз ҳолга келиб қолганидан шикоят қилишди. Туман ободонлаштириш бошқармаси раҳбари номига киритилган депутатлик сўрови натижасида ушбу кўчанинг 2 километр қисми асфальтланди. Шу ҳудудда жойлашган 2-умумтаълим мактаби олдидаги йўлга пиёдалар қатновига доир ҳамда транспорт воситалари учун белгиланган тезликни кўрсатувчи йўл белгилари ўрнатилди.
Депутатлик гуруҳи аъзоси Шер Матяқубов “Қармиш” қишлоғида ўтказган ўрганишларда “Шихбоғи” маҳалласидаги “Уч ҳовли”, “Илинжи” кўчаларининг 2 километрлик қисми таъмирталаблиги, ичимлик суви таъминотини яхшилаш зарурлигини аниқлади. Депутат мазкур муаммолар юзасидан “Туямўйин — Урганч” МСФК бошқармаси Янгиариқ туман бўлими бошлиғига ҳамда туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари номига депутатлик сўрови чиқарди. Мутасаддилардан келган жавоб хатида қайд этилишича, мазкур вазифалар 2019-2020 йилларга мўлжалланган дастурга киритилди ва вазифалар ижроси депутатлик назоратига олинди.
Ҳазорасп туманидаги “Мухамон”, “Наврўз” маҳаллаларида яшовчи фуқаролар электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда депутат Насулла Адамбоевдан амалий кўмак сўрашди. Электр тармоғида тез-тез узилишлар бўлиши натижасида хонадонларда маиший техника воситаларининг куйиб қолиш ҳолатлари учраётгани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди. Депутат Н.Адамбоев вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбари номига депутатлик сўрови киритгач, муаммо ечим топди. Паст қувватли трансформатор катта қувватли трансформаторга алмаштирилиб, электр энергияси таъминоти изга тушди.
Партия фаолларининг фикрича, аниқланган муаммоларни мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этишнинг ижобий жиҳатлари кўп. Бугунги саъй-ҳаракатлар одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашини, маҳаллалар ободлиги, турмуш фаровонлигини таъминлаш билан бирга бу жараёнларда раҳбар ходимларда масъулият ҳиссини ҳам оширади.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сайловчиларнинг ишончи оқланаяптими? Электорат манфаати қандай ҳимоя қилинмоқда?...
01 янв 1970
13 сентябрь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг Сайловолди дастури лойиҳаси муҳ...
01 янв 1970
Бошланғич партия ташкилоти партиянинг ўзаги ҳисобланади.
01 янв 1970
Жорий йил ҳар ойнинг биринчи ўн кунлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда сенаторларнинг жойларда фуқаролар билан бўлиб ўтаётган ...