Сарҳисоб: Фаолиятга таҳлилий ёндашув

/
Жорий йилнинг 12 июль куни пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Анжуманда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Наримон Умаров жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида партия Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги режалар ҳақида ахборот берди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида Президентимизнинг муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган қарор ва фармонлари, вилоятларга ташрифлардаги маърузалари мазмун-моҳияти ва фракциянинг улардан келиб чиқувчи позицияларини шакллантириш бўйича фракция йиғилишларида 10 га яқин масалалар кўриб чиқилди.
Фракция аъзолари томонидан Қонунчилик палатасининг ялпи мажлислари кун тартибига киритилган барча қонун лойиҳалари бўйича қизғин муҳокамаларда зарур ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш бўйича 90 маротаба таклифлар ҳамда Сайловолди дастуримизда белгиланган мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, партия позициясига доир фикрлар билдириб борилди.
ХАЛҚ ФИКРИ ВА ҚОНУН ИЖОДКОРЛИГИ
Жорий йилнинг шу даврига қадар Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 22 та йиғилиши ўтказилиб, уларда 62 та қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳалари орасида партиямизнинг Сайловолди дастуридан ўрин олган ва кўп йиллардан буён ҳамкор ташкилотлар билан бирга такомилига етказилган “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ўрин олганини таъкидлаш жоиз. Шунингдек, “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши тўғрисида”ги қонун лойиҳалари биринчи ўқишда маъқулланганлиги дастуримизда кўзда тутилган ғояларимизни ҳаётга татбиқ этилаётганлигидан далолат бермоқда.
“Қонунларнинг асосий муаллифи халқ бўлиши керак”, деган тамойилга асосан Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари ва палата қарорлари лойиҳалари юзасидан партиянинг қуйи тизимларидан таклифлар олиш ва умумий позицияни шакллантириш, яъни “Фракция — марказ — вилоят — туман — БПТ” тартибида ишлайдиган механизм партия тизимида 2017 йилда фракциямиз ташаббуси билан жорий этилган эди. Ушбу тизим орқали жорий йилда 15 дан ортиқ қонун лойиҳалари бўйича 110 дан ортиқ таклифлар фракцияга тақдим этилди.
Парламентдаги мухолифат фракция аъзолари сифатида партия депутатлари Ҳаракатлар стратегиясини 2019 йилда амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаларининг муҳокамасида ҳам фаол қатнашиб, ўз таклифларини ишчи гуруҳига тақдим этишди. Ушбу таклифлардан бир нечтаси инобатга олиниб, давлат дастурида ўз аксини топди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, жамият ва давлат олдида турган ижтимоий вазифаларни ҳал этишда ижтимоий шериклик институтини кенг жорий этиш, судьялик лавозимига номзодларни танлаш ва тайинлаш тартибини такомиллаштириш каби таклифлар шулар жумласидандир.
Ҳисобот даврида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган бир қатор қонун лойиҳаларига фракция аъзолари томонидан партия позициясидан келиб чиқиб таклифлар берилди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасига тўғридан-тўғри амал қилувчи нормаларни киритиш ва шахсий маълумотлар соҳасидаги махсус ваколатли давлат органини аниқ белгилаш бўйича таклифлар киритилди.
Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан киритилган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг янада мукаммаллигини таъминлаш мақсадида депутатларимиз бир қатор таклифлар беришди. Хусусан, фуқаролар ишончли ва тўлиқ бепул ахборот олиши зарур бўлган масалаларни қонун лойиҳасида акс эттириш, қонун билан тиббиёт институтлари ўқув дастурларида “Эмбриология”, “Андрология” ва “Репродуктология” йўналишларини фан сифатида ўқитилишини ташкил этиш бўйича таклифлар берилди.
“Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳасида олий таълим муассасалари қошида ташкил этилган илмий ва илмий-техникавий фаолиятга асосий эътибор қаратилиши ҳисобига фундаментал ва амалий тадқиқотлардан самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий механизмларини ривожлантиришга доир ва бошқа нормалар киритиш таклиф қилинди.
Шунингдек, Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси билан жорий йилнинг ўтган даврида 9 та қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасига киритилган бўлса, шулардан 5 таси бўйича фракциямиз аъзолари ташаббус кўрсатишди.
Қонун ижодкорлиги жараёнида охирги йилларда партия фракцияси томонидан иш олиб борилаётган бир қатор қонун лойиҳалари Қонунчилик палатасига киритилди.
Хусусан, “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзоси Мухаррам Дадаходжаева ва бошқа депутатлар билан биргаликда парламентнинг қуйи палатаси муҳокамасига тақдим этилди.
“Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини тайёрлашда фракция аъзоси Шуҳрат Полвонов ва бошқа депутатлар ташаббускор бўлишди.
“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзоси Л.Кошелапова ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 283-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қ.Жўраев бошқа депутатлар билан биргаликда ташаббус сифатида киритилди.
ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ ҚАНДАЙ НАТИЖА БЕРМОҚДА?
Фракция томонидан Ҳукуматнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил 1-чорагида бажарилишининг бориши тўғрисида”ги ҳисоботи ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Бунда депутатларимиз ижроси таъминланмаган бандларга алоҳида эътибор қаратишди. Хусусан, таълим муассасаларини аккредитациялаш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳужжат лойиҳалари ўз муддатида лозим даражада ишлаб чиқилмагани қайд этилди. Аҳолини, айниқса, ёшларни Давлат дастури ва унинг ижросини интернет тармоқлари орқали таништириб бориш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар етарли эмаслиги муҳокамаларга сабаб бўлди. Бунда аксарият масъул вазирликлар, идоралар ва вилоят ҳокимликларининг интернет саҳифалари мавжуд эмаслиги, мавжудларида эса Давлат дастури ижросига оид таҳлилий маълумотлар етарли даражада жойлаштирилмаётгани ҳамда ўз вақтида янгилаб борилмаётганига асосий эътибор қаратилди. Шу билан бирга, Давлат дастурига бағишланган махсус сайт ишламаётгани ҳақида ҳам сўз юритилди.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси назорат-таҳлил йўналишидаги фаолиятида партия электорати манфаатларига жавоб берадиган долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича партиянинг Сиёсий Кенгаши ва ҳудудий кенгашлар билан ҳамкорликда тизимли иш олиб борди.
Хусусан, жорий йилда ўтказилган ўрганишларда таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, профессионал кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш ҳамда халқ таълими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалалари диққат марказида бўлди.
Айнан шу масала Қонунчилик палатасида ташкил этилган “Ҳукумат соати” кун тартибига фракция ташаббуси билан киритилиб, Халқ таълими вазирлигининг “Умумий ўрта таълим мактаблари биноларини сақлаш, синфхоналари, дарсликлар ва лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Ҳисобот даврида “Адолат” СДП фаоллари ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар томонидан жойлардаги “Баркамол авлод” болалар марказларида ўрганишлар ўтказилди. Ўрганишлар жараёнида ушбу марказлар фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш билан боғлиқ талай муаммо ва камчиликлар борлиги аниқланди.
Мазкур масалаларнинг ижобий ечимини топиш мақсадида фракция ташаббуси билан Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовга “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жойларга чиқиб ўтказилган ўрганишларда умумтаълим мактабларида тиббий хизмат бўйича аниқланган камчиликлар ечимига қаратилган “Умумтаълим мактабларида тиббий хизмат аҳволини яхшилаш чора-тадбирлари ҳақида”ги парламент сўровлари юборилди.
Ушбу сўровларга белгиланган тартибда жавоб эшитилиб, мазкур соҳаларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва фаолиятни жонлантиришга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилишига эришилди.
Партия фракцияси аъзолари Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида тузилган ишчи гуруҳи таркибида республикамизнинг барча ҳудудларида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасалариинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, кадрлар таъминотини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини таҳлил қилиш ҳудудларда намунали туман-шаҳар ташкил этиш ишлари ва назорат-таҳлил тадбирларида фаол иштирок этдилар.
Қайд этиш жоизки, фракция аъзолари ҳисобот даврида ҳудудларда сайловчилар билан очиқ мулоқотлар ўтказиш ва жойларда мавжуд муаммоларнинг ижобий ечимини топиш мақсадида 2880 та хонадонга ташриф буюришди ва 900 та юзма-юз учрашувлар ўтказилиб, уларда 23 540 нафар сайловчилар иштирок этдилар. Учрашувлар давомида сайловчилар томонидан 2 026 та муаммолар ўртага ташланиб, шундан 981 таси жойида ҳал этилди. Бошқа масалалар бўйича турли депутатлик сўровлари чиқарилди ва масъул вазирликларга масаланинг ечимига қаратилган мурожаатлар қилинди.
Шунингдек, фракция аъзоларининг аҳоли билан мулоқотини ҳамда уларнинг фаолиятидан фуқароларнинг хабардорлигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари ва интернетда ижтимоий тармоқларнинг роли ошиб бораётганини ҳам алоҳида айтиб ўтиш жоиз. Натижада фракция аъзолари оммавий ахборот воситаларида жами 2 090 маротабадан ортиқ чиқишлар қилди. Ижтимоий тармоқларда жамиятдаги ижтимоий-сиёсий масалалар бўйича 554 марта пост қолдиришди.
ПАРТИЯ ЛОЙИҲАЛАРИ АМАЛДА
Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳисобот давридаги фаолияти давомида партиянинг дастурий мақсад-вазифалари ижросига қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда партия электорати ва аҳолининг кенг қатлами билан юзма-юз мулоқотлар ташкил қилиб, уларни қийнаётган, жамият ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда барча даражадаги депутатлик корпусларининг ҳамкорлигини йўлга қўйиб, иш олиб борди.
Партия ўз фаолиятида халқ билан мулоқотни кенгайтириш, муҳим ижтимоий-сиёсий ташаббуслар ижросини таъминлаш ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолиятини кучайтириш орқали амалий натижаларга эришишга ҳаракат қилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий аппарати ҳамда партиянинг ҳудудий ва маҳаллий кенгашлари томонидан жами 10273 та тадбирлар ўтказилиб, уларда 658 900 нафар иштирокчи қамраб олинди.
“Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида барча даражадаги депутатлик корпуслари иштирокида жойларга қонунларнинг етиб бориши ва унинг ижросини таҳлил этиш, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича мутасадди давлат органларига таклифлар киритиш орқали қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар давом эттирилди.
Лойиҳа доирасида ҳисобот даврида ишчи гуруҳлар томонидан республика бўйича жами 3613 та маҳалладаги 60326 та хонадон ва 3415 та хўжалик юритувчи субъектга ташриф буюрилди. Ушбу учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан 7163 та мурожаат келиб тушди. Улар юзасидан 1542 та депутатлик сўровлари юборилиб, 1028 таси ижобий ечимини топишга эришилди. 4580 та мурожаатлар юзасидан жойида ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Таҳлилллар шуни кўрсатмоқдаки, аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг қарийб 80 фоизини соғлиқни сақлаш, банк кредитлари ва ижтимоий-моддий ёрдам олиш ҳамда иш билан бандлик масалалари ташкил этади. Қолган мурожаатларнинг аксариятида ички йўллар ва коммунал соҳаларга оид муаммолар акс этган. Партия аралашуви билан ижобий ечимини топган масалалардан 60 фоизи соғлиқни сақлаш йўналишидаги муаммолардан иборат.
“Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур!” лойиҳаси доирасида партия фаоллари, маҳаллий депутатлар ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан ўрганилган умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонларнинг мавжудлиги, манту синамаси ва бошқа эмлашларнинг даврийлиги, тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатлари бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларига 8 та, доимий комиссияларга 19 та масала киритилди.
Партиянинг “Тозалик йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси доирасида 2019 йилнинг ўтган 6 ойи давомида партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан маҳаллий Кенгашлар сессиясида 14 та, доимий комиссиялар йиғилишларида жами 19 та масалалар муҳокама этилиб, қарорлар қабул қилинишига эришилди.
“Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори” лойиҳаси доирасида маҳаллаларда партия фаоллари орасидан шакллантирилган кўнгилли лекторлар томонидан республика бўйича жами 4224 та сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар ташкил этилиб, уларда 83577 нафар тингловчи қамраб олинди.
Жойларда партия лойиҳалари ижросини таъминлаш, фуқароларнинг партиямизга ишончини мустаҳкамлашда маҳаллий Кенгаш депутатлари алоҳида ўрин тутади.
2019 йил мобайнида маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида фаолият юритаётган партия депутатлари томонидан мутасадди ташкилотларга 2928 та депутатлик сўровлари юборилиб, уларнинг 82 фоизи ижобий ҳал этилди. Тегишли масалалар юзасидан 304 маротаба (2018 йилнинг ҳисобот даврига нисбатан 2,5 баробар кўп) мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Ҳисобот даврида “Адолат” СДП депутатлик гуруҳлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссияларига 280 та (2018 йилнинг ҳисобот даврига нисбатан 1,3 баробар кўп), сессияларга эса 139 та масала киритилди.
Киритилган масалаларнинг аксарият қисми партия лойиҳалари асосида тайёрланди. Мактабларда сифатли тиббий хизматни таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга сифатли тайёрлашнинг ҳолати, умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиши ҳамда айрим дарсликлардаги хато-камчиликларни ўрганиш натижалари, ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш ҳолати каби масалалар шулар жумласидандир.
5 ТАШАББУС ИЖРОСИДА ПАРТИЯНИНГ ЎРНИ
Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган вазифалар ижроси доирасида “Ҳар бир болага меҳр-мурувват!” ойлиги ўтказилди.
Мазкур ойлик доирасида партия томонидан “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида ўтказилган беғараз донорлик акцияси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида уюшқоқлик билан ташкил этилиб, унда 1500 дан ортиқ кўнгилли юртдошларимиз иштирок этди ва 981 нафар донор қон топширди. Натижада 1962 нафар бемор болажонлар саломатлиги учун зарур бўлган 392 литр тириклик манбаи тўпланди.
Шунингдек, ойлик доирасида 5 та муҳим ташаббус бўйича ўтказилган кўрик-танловлар, давра суҳбатлари, учрашувлар, викториналар, маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, веломарафонлар, меҳнат ярмаркалари, маҳорат дарслари сингари туркум тадбирларга таниқли шоир ва ёзувчилар, санъат ва маданият ходимлари, таниқли спортчилар, олимлар кенг жалб этилди. Хусусан, 8 июнь куни “Туркистон” санъат саройида Маданият вазирлиги Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази ҳамкорлигида бахшичилик санъатига бағишланган “Сени мадҳ этаман, Ўзбекистоним!” номли концерт дастури ташкиллаштирилди. Концертга ҳомийлик асосида электоратнинг 100 нафар вакиллари таклиф этилди.
Ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш мақсадида барча шаҳар, туман ташкилотлари томонидан партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди:
Жумладан, ҳисобот даврида фаолларимиз ташаббуси билан жами 647 нафар аёллар ва ёшлар ишга жойлаштирилди. 35 нафар ёшларга тадбиркорликни йўлга қўйиш учун банк муассасасидан кредит олишига кўмаклашилди, 10 нафар аёллар туман бандликка кўмаклашиш маркази орқали тикувчилик бўйича қайта тайёрлов курсларига юборилди.
Энг муҳими, жорий йилнинг ўтган даврида барча йўналишлар бўйича партиямиз фаолияти жонланди, бу эса сиёсий кучнинг аҳоли орасидаги обрўсига ижобий таъсир қилди. Ўтган олти ойда партиямиз аъзолари 58 минг нафардан зиёдга ўсиб, бугунги кунда қарийб 382 минг нафарга етгани, жойлардаги бошланғич ташкилотларимиз сони 6100 дан ошгани ҳам шундан далолат беради.
Матбуот анжуманида партиявий фаолиятда ҳали бир қатор камчиликлар ҳам мавжуд эканлиги, ушбу камчиликларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланганлиги қайд этилди.
Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга партия депутатлари ва фаолларидан батафсил жавоб олдилар.
Қуйида анжуманда қайд этилган айрим саволлар ва уларга партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров берган жавобларни ҳавола этамиз.
Савол: Партиянинг 6132 та бошланғич партия ташкилоти мавжуд экан, бу катта куч, албатта. Партия аъзоларининг партияга дахлдорлик ҳис-туйғулари нималарда намоён бўлмоқда?
Жавоб: Тўғри таъкидладингиз, бошланғич партия ташкилотлари энг қуйи тузилма бўлиши билан бирга аъзоларимизни бирлаштириб турувчи дастлабки бўғинимиз ҳисобланади. Ушбу бўғин биз учун ҳам ғоялар берувчи, ҳам кадрлар захираси бўлиб хизмат қилади. Партиямизда “Фракция-марказ-вилоят-туман” тизими мавжуд. Ушбу тизим орқали Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳалари кетма-кетлик асосида бошланғич партия ташкилотларигача туширилади ва уларда муҳокама қилиниб, таклифлар фракцияга етказилади. Ёки аксинча жойлардаги муаммолар ҳақида ушбу тизим орқали фракция хабардор қилинади Айни кунларда БПТларда партиянинг Сиёсий дастури ҳам кенг муҳокамадан ўтказилиб, унга таклифлар йиғилмоқда.
БПТларни кадрлар захираси сифатида кўрадиган бўлсак, ўзининг фаоллиги, партия тарғиботида кўрсатган намунаси асосида БПТ аъзолари орасидан туман (шаҳар) кенгаши раҳбарлигига номзодлар шакллантирилади. Бундан ташқари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва Қонунчилик палатасига депутатликка номзодлар захираси шакллантирилади. Жорий йилги сайлов жараёнларида ҳам улар биз учун таянч вазифасини ўтайди. Яъни 10 000 га яқин сайлов участкаларида кузатувчи, ваколатли вакиллар айнан БПТ аъзолари орасидан сараланади.
Савол: Партия Олий Мажлис Қонунчилик палатасига нечта номзод тайёрламоқда? Уларнинг ижтимоий-сиёсий савияси ва дунёқараши ҳозирги депутатлардан фарқ қиладими?
Жавоб: Дарҳақиқат, сайловларга муносиб номзод билан кириб бориш муваффақиятнинг гарови ҳисобланади. Чунки халқимиз партия номзодларига овоз беради. Шунинг учун қўйилаётган номзоднинг билим савияси ва дунёқараши юқори бўлиши билан бирга сайловчилар уларни яхши билиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шуларни инобатга олган ҳолда бизда Қонунчилик палатасидаги 150 депутатлик ўринларига 1500 дан ортиқ депутатликка номзодлар захираси шакллантирилган ва ушбу жараён ҳамон давом этмоқда. Уларни шакллантиришда юқорида таъкидлаганимдек, бошланғич партия ташкилотларимиздаги фидойи аъзоларимиз, маҳаллий Кенгашларда фаоллиги билан ажралиб турган депутатларимиз ҳамда партия экспертларига асосий эътибор қаратганмиз.
Шунингдек, жорий йилнинг март-апрель ҳамда июнь-июль ойларида партия раҳбарияти томонидан депутатликка захира номзодлар билан учрашувлар ва улар учун семинарлар ўтказилди. Бундан ташқари, захирадаги номзодларни партиянинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни аҳоли билан юзма-юз мулоқотларга жалб этмоқдамиз. Бу бизга захирадаги номзод ва унинг сиёсий маҳорати, дунёқараши ҳақида ҳам тушунча беради.
Фаррух АБДУҲАМИДОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида халқ депутатлари Чимбой тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари сай...
01 янв 1970
Маълумки, ҳар бир сиёсий партиянинг фаолияти ҳақида сўз борар экан, энг аввало, фуқаролар унинг депутатлари олиб бораётган ишларга қараб баҳо берад...
01 янв 1970
 “Нурмакон” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар сув қувурларининг носозлигидан шикоят қилишди....
01 янв 1970
Пойтахтимизда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг V Пленуми бўлиб ўтди. ...