Кредит берилгач оилавий тадбиркорлар кўпаймоқда

/
Китоб туманида партия депутатлари ўз сайловчилари билан жонли мулоқот уюштириб, одамларнинг дардини эшитиб, уларни ўйлантираётган муаммоларни бартараф этишга ёрдам бермоқда.
2018 йилда партиямизнинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида туманда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолининг саломатлиги, санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш бўйича жойларда ўрганишлар ўтказиб, аниқланган камчиликлар юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашининг сессиясига масала киритган эдик. Мазкур сессияда қабул қилинган қарор ижросини депутатлар назорат қилиб боришди. Натижада ушбу қарор асосида 20 та МФЙ ва 12 та боғча ҳамда 35 га яқин умумтаълим мактабларида белгиланган режа асосида амалий ишлар қилинди.
Депутатлик гуруҳимиз аъзолари томонидан мактабгача таълим ва умумтаълим мактабларидаги синфлар ўқувчилари сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, тоза ичимлик суви таъминоти ўрганилиб, мактаб ва боғчаларда бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар юзасидан масъул муассасаларга депутатлик сўровлари юборилди.
Туман аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат аҳволи ўрганилганда ҳам ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар борлиги аниқланди. Ўрганиш натижалари депутатлик гуруҳимиз йиғилишида муҳокама қилингач, халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссияси мажлисига тақдим этилди. Доимий комиссия йиғилишининг шу масала бўйича қарори ижрога йўналтирилгач, ҳозиргача оилавий поликлиника ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, патронаж хизмати, маҳаллалар аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизматлар анча яхшиланди.
Маҳаллаларда ўтказилган мулоқотлар чоғида фуқаролар ўртага ташлаган масалалар ҳам депутатларнинг диққат марказида бўлмоқда. Жумладан, “Алақўйлиқ” маҳалласи аҳли билан учрашувда ички йўллар носозлиги айрим ноқулайликларни пайдо қилаётгани ҳақида баён этишди. Туман йўл таъмир-қурилиш бўлими бошлиғи номига депутатлик сўрови юборилгач, “Алақўйлиқ” МФЙ ҳудудидаги 3 километрлик ички йўллар асфальтланди.
Депутатлик гуруҳимиз аъзолари МФЙларида ташкил этилган “Адолат қабулхонаси”га мурожаат қилаётган фуқароларга ҳам ҳар томонлама ёрдам бераяптилар. “Алақўйлиқ” МФЙ ҳудудида яшовчи Шоҳсанам Сатторова бандлик масаласида ёрдам сўради. Депутат Муқаддас Муродова аралашгач, фуқаро Ш.Сатторова тумандаги савдо марказига ишга жойлашди. Моддий ёрдамга муҳтожлиги туфайли фуқаролик паспортини ўз вақтида ололмай келаётган Гулнора Шоназарова ҳам депутат Муқаддас Муродова кўмагида қонуний тартибда фуқаролик паспортига эга бўлди.
Депутатлик гуруҳимизга “Шарқ юлдузи” маҳалласида умргузаронлик қилаётган Руслан Мейлиев ишга жойлашишида ёрдам беришимизни сўраб мурожаат қилган эди. Депутат Яшин Тошевнинг амалий ёрдами туфайли Р.Мейлиев туман “Тоза ҳудуд” корхонасига ишга жойлаштирилди.
“Адолат қабулхонаси”га шу каби масалада мурожаат қилган “Севаз” маҳалласида яшовчи фуқаро Нафиса Ҳусанова ҳам депутатларимиз аралашуви билан тумандаги 45-умумтаълим мактабида амалиётчи психолог сифатида доимий иш билан таъминланди .
“Бектемир” МФЙдаги хонадонларда бўлганимизда оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар кредит олишда ёрдам кўрсатишимизни сўрашди. Бу борада “Микрокредитбанк”нинг Китоб тумани филиали билан ҳамкорликда иш олиб бордик. Айни пайтда Дилдора Раҳимова гул кўчатлари парваришлашга мўлжалланган иссиқхона ташкил этиши учун 25 миллион сўм имтиёзли кредит, сабзавот экинлари етиштириш учун Алишер Абдуллаев, Эркин Хидиров ҳам банк муассасасидан ҳар бири 25 миллион сўмдан имтиёзли кредит олиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишди.
Айни кунларда фуқароларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Демак, партия депутатлари кўмаги билан мазкур маҳаллада яқин орада оилавий тадбиркорлар сафи ортади.
Шавкат РАҲМОНОВ,
халқ депутатлари Китоб тумани Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг 2017 йил биринчи ярим йиллик якунлари кўриб чиқилди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Шахмат — қизғин ва қизиқарли курашлар олами, ўйин жараёнида барчанинг диққатини бирдай ўзига жалб этувчи мураккаб вазиятлар, шу билан бирга, ...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 9 ойида республика иқтисодиётида ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,8 фоизга ўсди....