Сайлов қонунчилиги такомиллашмоқда

/
Жорий йилнинг 14 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Фракция аъзолари 2019 йил Давлат дастурига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси асосида киритилган “Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилиги бўйича бешта қонун мавжуд бўлиб, улардаги айрим қайтариқлар ҳуқуқни қўллашда бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқарарди. Шунингдек, сайлов жараёни, уни ўтказиш тартиб-тамойиллари ва қоидаларининг кўпчилиги қонун даражасида эмас, балки Марказий сайлов комиссиясининг низом ва йўриқномалари билан тартибга солинади. Ушбу қонунларнинг айрим нормалари замон талаблари ва сайловларни демократик тарзда ўтказиш бўйича халқаро амалиётга тўла мос келмаслиги ҳолатлари учрамоқда.
Кодекс лойиҳаси 20 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг тажрибаси ҳамда ушбу соҳадаги халқаро стандартларни ўрганиш натижасида тайёрланди.
Айниқса, мамлакатимизда бу йилги муҳим сиёсий жараён, яъни декабрь ойида парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар кампанияларида сайлов нормаларини ўзида мужассам этган ягона Кодекс ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Сайлов кодекси лойиҳасига устувор вазифалар сифатида сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш, муддатидан олдин овоз бериш, сиёсий партиялар томонидан номзод кўрсатиш, сайловолди ташвиқот ишлари ва бошқа сайловга оид нормалар киритилмоқда.
Шунингдек, мазкур лойиҳага бир қатор янги нормалар киритилмоқда. Хусусан, номзодлар ишончли вакилларининг Ўзбекистон Республикасидаги сафар харажатларини сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланиши белгиланмоқда. Бу эса номзодга халқ ичига янада кенгрок кириб бориш имкониятини беради.
Айниқса, замон талабларидан келиб чиқиб, ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, сайловчиларнинг электрон рўйхати, сайлов участкасида овозларни санаш якуни бўйича баённомасининг нусхасини дарҳол жойлаштириш тартиби белгиланаётгани фракция аъзолари томонидан ижобий баҳоланди.
Кодекс лойиҳасида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сонини 3 нафардан 5 нафаргача кўпайтириш назарда тутилаётгани лойиҳанинг амалиёт билан уйғун равишда ишлаб чиқилганини кўрсатади.
Бундан ташқари, ушбу лойиҳа билан “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларни ўз кучини йўқотган деб топиш таклиф этилмоқда.
Кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида жамоатчилик ўртасида интернет муҳокамалари, фуқаролик жамияти институтларининг экспертлари, илмий экспертиза, амалиётчилар, шу жумладан, сайлов комиссияси мутахассислари томонидан ва жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларида муҳокамалар ўтказилди.
Таъкидланганидек, экспертиза гуруҳларининг барчасида Ўзбекистон “Адолат” СДП мутахассислари ва фракция аъзолари фаол қатнашиб, лойиҳада белгиланаётган меъёрларнинг тўғридан-тўғри ишлаши ва Сайлов кодексининг мукаммаллигини таъминлаш бўйича амалиётдан келиб чиқиб, муҳокамаларда ўз таклифларини беришди.
— Сайлов кодекси лойиҳасининг ишлаб чиқилиши нафақат сиёсий партиялар, депутатлар, сиёсий соҳа вакиллари учун, балки сайлов ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир фуқаро учун муҳим воқелик ҳисобланади, — деди фракция аъзоси Шуҳрат Яқубов. — Ушбу кодекснинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, барча даражадаги депутатлар сайлови қонунлар билан, Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби эса Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган низом асосида ўтказиб келинарди.
Сайлов кодекси қабул қилиниши билан мазкур низом бекор қилиниб, бу масалани ҳам қонун даражасида белгилаш таклиф этилмоқда.
— Ушбу янги ҳужжат лойиҳасига биноан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланаётгани Сайлов кодекси лойиҳаси инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб тайёрланганидан далолат беради, — деди фракция аъзоси Ёрмамат Холияров. — Шунингдек, ташвиқот ишларини бошлашда барча номзодлар учун ягона муддат, яъни уларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши назарда тутилганини ҳам тенглик принципининг намунаси сифатида кўришимиз мумкин.
Мажлисда фракция аъзолари ушбу кодекснинг сайловларда демократик принципларни қўллашдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлаган ҳолда Сайлов кодекси лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватладилар.
Фракция йиғилишида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2018 йилдаги фаолиятига оид ҳисоботи ҳам кўриб чиқилди.
Ҳисоботда таъкидланганидек, 2018 йилда Омбудсман фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари кенгайтирилди, йўналишлардан келиб чиққан ҳолда унинг янги ташкилий тузилмаси тасдиқланди. Хусусан, 2018 йил 25 декабрь куни “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида қабул қилинган қонун, жумладан, қийноққа солишнинг ва муомалада бўлиш ҳамда жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар тизимини жорий этишни назарда тутади.
Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан фуқаролар мурожаатлари асосида уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилиши, бундай ҳолатларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари раҳбарларига тақдимномалар ва даъволар киритилган.
Парламент палаталари ва халқаро жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда назорат-таҳлил тадбирлари доирасида миллий превентив механизм мандати асосида 70 дан ортиқ муассасада мониторинг ишлари амалга оширилди. Мониторинг натижалари бўйича қонунларда белгиланган чоралар қўлланилди.
Йиғилишда фракция томонидан Омбудсман фаолиятининг айрим йўналишлари бўйича билдирилган таклиф ва тавсиялар қўллаб-қувватланди.
Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Баҳром БУРҲОНИДДИНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маҳаллада яшовчи аксарият фуқаролар билан мулоқот чоғида аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ баллонларини етказиб бериш қониқарсиз ташкил этилганл...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан Ўзбeкистон Рeспубликаси Фанлар акадeмияси ҳамкорлигида давра суҳбати бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Мавлуда опа тақдир тақозоси билан саломатлигини йўқотиб, 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолганида ҳам умидсизликка тушиб, ғам-андуҳ чекмади....
01 янв 1970
Мамлакатимизда инновацион фикрлайдиган фаол ва ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида давлат сиёсати даражасида кенг кўламли чора-тадбирлар ...