Парламент назоратининг натижаси муҳим

/
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқдалар. Мутасадди ташкилотлар вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам ушбу мулоқотларда иштирок этиб, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, фуқароларнинг турмуш шароитлари ўрганилмоқда, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш чоралари кўрилмоқда.
НАМАНГАН.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Яқубов Наманган шаҳридаги қатор корхона, ташкилот ва муассасаларда, маҳаллаларда ўтказган мулоқотлар чоғида мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, уларнинг самараси ҳақида фикр юритилди.
— Сайловчиларнинг фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, одамлар сиёсий ҳаётдаги воқеаларни синчиклаб кузатиб бормоқдалар ва улар ҳақида анчагина маълумотга эга, — дейди Ш.Яқубов. — Маълумки, жорий йил охирида мамлакатимизда парламентга ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайловлар ўтказилади. Шунинг учунми, кўпчиликни партиялар ва фракциялар фаолияти ҳам қизиқтирмоқда. Шу билан бирга, ҳали халқ турмуш даражасини юксалтириш, инсонлар учун яхши шарт-шароитлар яратиш йўлида қилинадиган ишлар кўплиги ҳам кўзга ташланмоқда.
Бундай ҳолат шаҳардаги “Сардоба” маҳалласи аҳли билан учрашувда ҳам кузатилди. Парламент аъзоси фракция ва ўз фаолияти ҳақида ҳисобот берди. Сўнгра сайловчиларнинг фикрлари тингланди.
Масалан, фуқаро Салима Каримова шаҳар газ таъминоти корхонаси аҳолига хизмат кўрсатишда йўл қўяётган камчиликлар ҳақида баён қилди. Маълум бўлишича, у яшайдиган хонадонда анчадан бери табиий газ йўқ. Аммо газчилар етказиб берилмаган “зангори олов” учун тинмасдан тўлов талаб қилмоқдалар. Ҳозиргача муаммонинг ечими топилмаган.
Яна бир фуқаро Дилшод Каримқулов эса Мажбурий ижро бюроси шаҳар бўлими ва солиқ инспекцияси ўртасида узвий ҳамкорлик ўрнатиш лозимлигини айтди. Чунки кўпинча қарзи йўқ хонадонларга ҳам суд орқали тўловни амалга ошириш юзасидан огоҳлантириш ҳақида хатлар келиши учрамоқда. Фуқаролар эса қарзлари йўқлигини исботлаш учун солиқ инспекциясига боргач, қанча вақт ва асабни бой бериб, ўзларининг ҳақ эканлигини исботлашига тўғри келмоқда. Аммо бундан кимга фойда-ю кимга зарар, деган савол туғилиши табиий.
Шу маҳаллада яшовчи, “Нуроний” жамғармаси фаолларидан бири Аҳмаджон Мамадалиевнинг айтишича, бундай муаммолар сонини кескин камайтириш учун маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаоллик кўрсатишлари лозим. Ажабланарлиси, сайловчилар охирги марта улар билан қачон учрашганини эслай олмайди ҳам. Улар аҳоли ўртасида кўпроқ бўлиб, муаммоларни ўрганганида ва ечим топиш ҳақида бош қотирганларида шундай бўлмас эди. Бу гапда жон борлигини ҳеч ким инкор эта олмайди.
СУРХОНДАРЁ.
Парламентимизнинг қуйи палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Д.Тангиров ва Ё.Холиёров Шўрчи ва Сариосиё туманларида муассасалар, маҳаллалар, хонадонларда фуқаролар билан учрашиб, ўрганилган муаммоларни қонуний йўсинда ҳал этишга ҳаракат қилмоқда.
Шуни айтиш керакки, Шўрчи ва Сариосиё туманлари вилоятнинг хушманзара, тоғли ҳудудларидан ҳисобланиб, иқтисодиёти асосан, пахтачилик, ғаллачилик ва боғдорчиликка, шу тармоқда етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлашга ихтисослашган.
Кейинги йилларда туманда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни рўёбга чиқариш ҳисобига аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилди. Кичик бизнес ва тадбиркорлини ривожлантириш ҳисобига янгидан-янги корхоналар ишга туширилди.
Аммо шунга қарамай, муассаса, корхона, ташкилотларда ва аҳоли билан мулоқот чоғида ўз ечимини кутаётган муаммолар оз эмаслиги аён бўлди.
Депутат Ё.Холиёровга “Саксонкапа” МФЙга қарашли “Мингжар” қишлоғида сайловчилар қишлоқда ичимлик суви йўқлиги, аҳоли узоқ жойлардан сув ташиб келтириши, қишлоқда 240 ўринли янги мактаб биноси қуриш зарурлиги, электр энергияси тармоғида узилишлар бўлаётгани учун янги трансформатор ўрнатиш кераклиги, ички йўлларнинг носозлигидан шикоят қилишди.
Депутат Ё.Холиёров иштирокида халқ таълими туман бўлимида бўлиб ўтган йиғилишда эса тумандаги 10 га яқин умумтаълим мактабларининг умумий аҳволи, реконструкция ва капитал таъмирга муҳтожлиги, пол ва шифтларни таъмирлаш, ташқи фасад қисмларини пардозлаш, стол-стул, парталар билан таъминлаш каби масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Парламент қуйи палатаси депутати Д.Тангиров Сариосиё туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб, беморлар, шифокор ва ҳамширалар билан суҳбатда бўлди. Суҳбат жараёнида бирлашмада тиббий жарроҳлик ўрамлари, жарроҳлик стол-стуллари етишмаслиги каби масалалар кўтарилди. Депутат мазкур масалалар юзасидан депутатлик сўрови чиқаришини билдирди.
ХОРАЗМ.
Урганч туманидаги “Ғойбу” қишлоғида парламентнинг қуйи палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев сайловчилар билан учрашди. Очиқ мулоқот чоғида фуқаролар ўз фикр-мулоҳазалари билан бир қаторда уларни ташвишлантириб келаётган муаммо ва камчиликлар хусусида баён этишди. Жумладан, “Туркманлар” маҳалласининг “Ола уйлик” қисмида ичимлик суви таъминотини яхшилаш зарурлиги, “Чорвабозор” кўчасида йўл таъмирталаб эканини билдиришди. Шунингдек, коллеж ўқувчиси Даврон Қаландаров чорвачилик билан шуғулланиши учун имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам сўради.
— Депутат билан мулоқот давомида ўзимга керакли масалаларни ҳал қилиб олишга эришдим. Шу билан бирга, сиёсий ва ҳуқуқий билимларим ҳам ошди, — дейди коллеж ўқувчиси Суҳроб Жуманазаров. — Транспорт воситаларини таъмирлаш бўйича ҳунар ўрганаётганим боис ўз устахонам бўлишини хоҳлайман. Депутатнинг кўмаги билан орзуларим ушаладиган бўлди.
М.Қурбонбоев тумандаги 30-сонли оилавий поликлиникада бўлиб, ходимлар билан суҳбатлашганида ушбу муассасада талаб даражасида ишлаш учун шароитлар етарли эмаслиги маълум бўлди. Жумладан, поликлиникада иситиш тизими ишламаётгани, моддий-техник база қониқарли эмаслиги, муассаса биноси таъмирталаб бўлиб, беморларга муолажа қилиш учун шароит йўқлиги, жойларга чақирув бўйича 3 километрдан 25 километргача бўлган масофага йўловчи ташиш транспортлари орқали боришга тўғри келаётгани фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Депутат ўртага ташланган барча масалаларга масъул ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда ечим топишини қайд этди.
НАВОИЙ.
Сайловчилар билан мулоқот қилиш, уларни ташвишлантираётган муаммоларга ечим топиш ҳар бир депутатнинг фаолият мезонидир. Шу маънода, жойларда ўрганишлар олиб бораётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан тегишли ташкилот ходимлари билан боғланиб, муаммоларнинг ўз жойида ҳал бўлишида амалий ёрдам беришмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Зафар Султонов Нурота туманидаги “ўазғон” МФЙ ҳудудида яшовчи аҳоли билан учрашди. Депутат аҳолини табиий газ, электр энергияси ва тоза ичимлик суви билан таъминланганлик аҳволи, пенсия, нафақаларнинг ўз вақтида берилиши муҳим масалалардан эканини таъкидлади. Шу билан бирга, туманда таълим, тиббиёт соҳасидаги масалалар билан боғлиқ фикрлар билдирилди.
Мулоқотлар давомида “ўазғон” МФЙда маданият маркази қуриш, кутубхона ташкил этиш, 56-умумтаълим мактабида спорт залига зарурият борлиги айтиб ўтилди. Маҳалла ҳудудида чиқиндиларни ташлаш учун алоҳида жой ташкил этилмаганини ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди.
ТОШКЕНТ ШАҲАР.
Шайхонтоҳур туманидаги “Камолон”, “Янги Камолон”, “Сузук ота” маҳаллаларида фракция аъзоси Улуғбек Саматов ўрганишлар олиб борди, фуқаролар билан суҳбатлашди. Очиқ мулоқотлар давомида депутат У.Саматов маҳаллалардаги, ижтимоий объектлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратди. Мулоқот чоғида “Янги Камолон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳанузгача ўз биносига эга эмаслиги, “Сузук ота”, “Камолон”, “Янгиобод” маҳаллаларининг ички йўллари таъмирга муҳтожлиги маълум бўлди.
Қайд этилганидек, “Сузук ота” маҳалласи ҳудудида қурилиш ишлари бўлаётганлиги сабабли бир неча хонадонлар сув, газ таъминотидан узилганлиги ноқулайлик пайдо қилмоқда. Шунингдек, 491-сонли МТМга кириш йўлига пиёдалар ўтиш чизиғини тортиш, 567-сонли МТМ биносинини таъмирлаш лозим.
У.Саматов ўрганишларни давом эттириш билан бирга ҳудудда кўтарилган масалаларга ойдинлик киритиш ва ижобий ҳал этиш мақсадида тегишли мутасаддилар билан иш олиб боришга киришди.
ФАРҒОНА.
Қонунчилик палатаси депутати Умиджон Сулаймоновнинг Қўштепа туманидаги ўрганишлари ҳам амалий саъй-ҳаракатларнинг давоми бўлди.
“Янги Дўкон” МФЙдаги учрашувда тадбиркор фуқаролар эришаётган ютуқлари ҳақида сўзлаб беришди.
— Ўғлимнинг томорқасидаги боғда оила аъзоларимиз меҳнат қилиб, яхши даромад олаяпмиз, — деди Озода Ҳакимова. — Даромадга қараб буромад деганларидек, яхши жойларга йил давомида ҳордиқ чиқаргани бориб, дам олиб келяпмиз. Ҳовлимиздаги кичик иссиқхонада помидор, бодринг, булғор қалампири каби турли кўчатларни етиштираяпмиз.
Маҳаллада аҳолини ташвишга солаётган масалалар диққат марказида бўлди. “Сойбўйи” кўчасида йўлга шағал ётқизиш зарурлиги ҳақида фуқаро Исоқжон Валиев мурожаат қилди. Ҳудудда белгиланган дастур асосида иш олиб борилаётгани, ушбу мурожаат ҳам тегишли тартибда кўриб чиқилиши фуқарога тушунтирилди. Маҳалла аҳолиси уч ойга етиши мўлжаллаб тўлдириб берилган баллонлардаги газ 1 ойда тугаб қолаётгани, уни қайта тўлдириш муаммо бўлаётганини баён этишди.
“Қийиқи” МФЙдаги 400 та хонадонда яшовчи фуқаролар ичимлик сувини узоқ масофадан ташиб келтиришмоқда, электр таъминотида ҳам муаммолар мавжуд.
Туман тиббиёт бирлашмасидаги учрашувда мазкур масканда маст ҳолда автомашинани бошқаришда гумонланаётган шахсларнинг мастлик ҳолатини аниқлаш учун тиббий экспертиза хонасини ташкил этиш таклифи ўртага ташланиб, фикрлашиб олинди.
Ўрганишларда ҳудуддаги ижтимоий дорихона фаолияти қониқарли эмаслиги аниқланди. Дори-дармонлар етишмайди. Кўпчиликнинг ҳудудда бундай дорихона борлигидан хабари йўқ. Дорихона ишини самарали олиб бориш юзасидан зарур тавсиялар берилди. Туман ҳокимлигининг сектор штабида ўтган йиғилишда мазкур масалалар кўриб чиқилди ва масъул шахсларга аниқ топшириқлар берилди.
САМАРҚАНД.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Полвоновнинг Пастдарғом туманидаги аҳоли билан мулоқоти ҳудудда мавжуд бир қатор масалаларнинг қонуний ҳал этилишида амалий аҳамият касб этди.
Ўрганишларда тумандаги 3400 нафар аҳоли истиқомат қиладиган “Қоровултепа” маҳалласида ечимини кутаётган масалалар тилга олинди. Маҳалла аҳолиси боғча ёшидаги 350 нафардан ортиқ болалар учун замонавий мактабгача таълим муассасаси зарурлигини қайд этишди. Шунингдек, хонадонларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш, кўчаларда эскириб қолган симёғочларни алмаштириш каби муаммолар ўртага ташланди.
“Жағалбойли” маҳалласида ичимлик суви муаммосини ҳал этиш, 2011 йилда табиий газ тармоғидан узилган 345 та хонадонларни суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш, бир қатор кўчалардаги яроқсиз симёғочларни, эски трансформаторларни алмаштириш масалалари ҳақида сўз борди.
Самарқанд шаҳридаги Хўжасоат, “Ўрта Хўжасоат”, “Қўйи Хўжасоат” ҳамда “Сартепо” МФЙлар ҳудудида ҳам ички йўлларни таъмирлаш, асфальтлаш, кўчаларга тунги ёритқичлар ўрнатиш, эски симёғочларни янгисига алмаштириш каби муаммолар ҳақида мурожаат қилишди.
— Депутат билан аввалги учрашувда Шуҳрат Полвоновга 300 ўринга мўлжалланган мактаб биноси болалар қамрови учун етишмаётгани, қўшимча бино қуришда амалий ёрдам сўрагандик, — дейди “Ўрта Хўжасоат” маҳалласида жойлашган 72-умумтаълим мактаби директори Дилором Аҳмедова. — Ҳозирга келиб яна 300 ўринга мўлжалланган қўшимча бино барпо этилди ва фойдаланишга топширилиш арафасида. Энди замонавий, барча шароитларга эга мактаб 600 нафар болажонларни ўз бағрига олади. Бу галги мулоқот чоғида яна бир масала, яъни мактаб ёнидаги бўш майдонда фаоллар зали барпо этишда амалий ёрдам сўрадик.
Муҳими, мулоқотлар чоғида мавжуд муаммоларнинг аксариятини тегишли ташкилотлар билан бирга жойида ҳал қилишга эришилди. Қолганлари бўйича юқори турувчи органларга депутатлик сўровлари юборилди.
ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Людмила Кошелапова Тошкент туманидаги “Ойдин ҳаёт” маҳалласи аҳолиси хонадонларида бўлиб, уларнинг дарду ташвишларини тинглади. Мулоқот чоғида фуқаро Дилдора Давронбекованинг уй-жойига унга туташ майдонда спорт соғломлаштириш ва савдо мажмуаси қурилиши жараёнида зарар етказилганидан шикоят қилди. Аниқланишича, фуқаро Г.Мирҳакимовага тегишли спорт соғломлаштириш ва савдо мажмуасини барпо этиш учун ерни тайёрлаш мақсадида Д.Давронбекованинг уй-жойини қуршаган девор бўйлаб ер кавлаш ишлари олиб борилган. Натижада 38-уй-жойга ва барпо этилажак янги объект учун ҳам хавфли ҳолат юзага келган. Айни пайтда 38-уй деворлари ёрилиб, авария ҳолатига келганлиги аниқланди. Янги объект қурилиши мўлжалланган ер майдонида тупроқ кўчириб олинишидан ҳосил бўлган 5-11 метр баландликдаги қиялик тепасида 38-уй ва ва яна бошқа бир хонадонда фуқаролар истиқомат қилишмоқда. Маълум бўлишича, тупроқ кўчирилганидан сўнг мазкур уй-жойлар зилзила, сел ва бошқа табиий офатлар оқибатида кўчки содир бўлиши мумкинлиги сабабли фойдаланиш ва яшаш учун хавфли деб топилган. Гарчи мўлжалланган янги объект қурилиши ҳамон бошланмаган бўлса-да, қурилиш баҳона авария ҳолига келтириб қўйилган хонадонлар эгалари ҳам муаммодан қутула олишмаяпти.
“Ободлик” маҳалласининг “Ойбек” кўчасидаги 7, 13, 19, 25, 29, 35-уйларда яшовчи фуқаролар билан мулоқотларда депутат уларни ўйлантираётган масалага эътибор қаратди. Фуқаролар мазкур уйлар “Зах” каналининг қирғоғига жойлашганлиги, қирғоқ йилдан-йилга ўпирилиб, канал суви яқинлашиб келаётгани оқибатида хонадонлар зах тортиб, моғорлаш ҳолати кузатилаётганлиги, деворлар ёрилиб, уйлар авария ҳолатида эканидан депутатга шикоят қилишди.
Депутат Л.Кошелапова қайд этилган масалаларни мутасадди ташкилотлар билан биргаликда ҳал этиш чораларини кўришини маълум қилди.
АНДИЖОН.
Мамлакатимиз парламенти аъзоларининг ҳудудларда бўлиб, сайёр қабул ўтказаётгани қатор муаммолар ечимига йўл очмоқда. Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадаходжаева Андижон туманидаги “Бўтақора” қишлоғининг “Наврўз” маҳалласида сайловчилар билан учрашди. Юзма-юз мулоқотларда ҳудуддаги 20 километрлик йўлни асфалътлаш, Т.Содиқов номидаги мусиқа мактаби биносини таъмирлаш, 27-, 28-, 29-умумтаълим мактабларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш, ичимлик сув қувурларини алмаштириш каби муаммолар ўртага ташланиб, депутат ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда уларга ечим топишини билдирди.
— Фуқаро Насибахон Абдуллаева саломатлиги яхши эмаслиги, шифокорлар бир неча ойдирки, аниқ ташхис қўймаётганини билдирди,— дейди М.Дадаходжаева.— Унинг кам таъминланган оила аъзоси экани эътиборимни тортди. Туман тиббиёт бирлашмасига бу масалада депутат сўрови билан чиқдим. Ҳозирда шифокорлар беморни даволамоқда. Бундан унинг оиласидагилар ҳам хурсанд.
Фракция аъзоларининг ҳудудларда очиқ мулоқотлари чоғида ўртага ташланган масалаларнинг бир қанчаси мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этилиб, қолганлари юзасидан ҳам амалий ишлар қилинмоқда. Сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлар давом этмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий кенгашларининг матбуот хизматлари хабарлари асосида
Д.Маткаримова тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, бошқарув идоралари, корхона ва ташкилотлар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб боришда маҳаллий ҳо...
01 янв 1970
Пойтахтимиздаги 2-сонли Тошкент юридик коллежида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан давра суҳбати...
01 янв 1970
Партия депутатлари мурожаатларда кўтарилган масалаларни депутатлик сўровлари орқали ҳал этишга ҳаракат қилишди....
01 янв 1970
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан Хоразм вилоятида “Тинчлик, фаровонлик ва тараққи...