Адолат мезони

/
Ватан равнақи, мамлакатимиз фуқароларининг муносиб ҳаёт кечириши, тинч-тотувлигини таъминлаш, халқимизнинг буюк мақсадларини рўёбга чиқаришда Бош қомусимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлаётганлиги истиқлол йилларида эришилган ютуқларимизда яққол акс этмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси томонидан Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишлаб Қибрай туманидаги Дўрмон маданият саройида ташкил этилган “Конституция — адолат мезони” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирда шу хусусда сўз юритилди. Унда партия фракцияси ҳамда Сиёсий Кенгаши аъзолари, фаоллар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Тадбирда эътироф этилганидек, мамлакатимиз фуқароларининг сиёсий ҳаётда эркин иштирок этиш, жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда билвосита қатнашиш, мамлакат ҳаётининг сиёсий жабҳаларида, хусусан, касаба уюшмалари, сиёсий партиялар фаолиятида ва бошқа оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқлари кафолатланган. Шунингдек, Асосий қонунимизда кўппартиявийлик тизимининг эркин фаолияти, сиёсий партиялар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг шаклланиши ва ривожланишига доир ҳуқуқий асослар белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам, аввало, Конституциямизда мустаҳкамланган меъёрлардан келиб чиқиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда. Яратилган қулай шарт-шароит, ҳуқуқий меъёрлар асосида партия ғоявий жиҳатдан янада жипслашди, ташкилий тарафдан мустаҳкамланди, жойларда партия, унинг мақсад-вазифалари ҳақида аҳолининг хабардорлиги ортди, бу эса партия аъзоларининг сони кескин ошганида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига риоя қилинган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида партия фракцияси аъзолари ҳам Бош қомусимизда қайд этилган ваколатлари доирасида фаолият юритмоқда.
Партия депутатлари Конституциямизда акс этган нормалар асосида Ўзбекистон Республикасининг қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, таълим, тиббиёт ва илм-фан йўналишларини қонун йўли билан тартибга солиш, Вазирлар Маҳкамаси тақдимига биноан республикамиз Бюджетини қабул қилиш, парламент назорати ва бошқа бир қатор ваколатларни амалга оширишда фаоллик кўрсатиб келмоқда.
Қайд этилганидек, Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси Асосий қонунимизнинг 83-моддасида кафолатланган ҳуқуқ, яъни қонун ташаббускорлиги ҳуқуқидан ҳам унумли фойдаланишга интилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида фракциямиз аъзолари 10 га яқин қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ташаббус кўрсатди. Қонун ижодкорлиги партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишнинг энг асосий шакли ҳисобланади.
“Конституция — адолат мезони” мавзусидаги тадбир доирасида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган сиёсий партиялар орасида биринчи марта Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан таъсис этилган “Адолат” кўкрак нишони илк эгаларига топширилди.
“Адолат” кўкрак нишони билан партиянинг халқ орасидаги танилувчанлиги ва обрўсининг юксалишига, унинг нуфузини оширишга хизмат қилган, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этган партия фаоллари тақдирланди.
1996 йилдан 2005 йилгача партия Сиёсий Кенгашининг биринчи котиби лавозимида самарали фаолият олиб борган, ҳозирда Тошкент тиббиёт академияси кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, академик, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, партия Фахрийлар кенгашининг фаол аъзоси Турғунпўлат Даминов, 2008 йилдан 2013 йилгача партия Сиёсий Кенгашининг раиси ҳамда 2008-2012 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари лавозимида самарали фаолият олиб борган, ҳозирда Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, фалсафа фанлари доктори, партия Фахрийлар кенгашининг фаол аъзоси Исмоил Саифназаров “Адолат” кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Шунингдек, партиямизнинг дастурий мақсад-вазифаларини ҳаётга татбиқ этишда, сайловчилар ишончини оқлашда фаоллик кўрсатиб келаётган партиядошларимиздан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Тошпўлат Матибаев, халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутати Вилоят Акрамова, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратининг мафкуравий ишлар бўлими етакчи мутахассиси Гулнисо Саидова ҳам мазкур нишон соҳиблари бўлишди.
“Адолат” кўкрак нишонини партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Тадбир якунида Конституциямиз қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишлаб ёшлар ва санъаткорлар томонидан тайёрланган байрам дастури намойиш этилди.
Баҳром БУРҲОНИДДИНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати раҳбари

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши томонидан мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, шаҳар адлия бошқармаси масъул ходимлари, ўқитувчи-педагоглар, талаба-ёшлар, партия фаоллари қатнашди.
Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори Исмоил Саифназаров ва бошқалар сўзга чиқиб, Конституциямиз давлат ва жамият ривожланишининг тамойиллари белгилаб берилган ҳуқуқий ҳужжат эканлиги, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини таъминлашда, мамлакатнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлашди.
— Эркин ва обод турмушимизнинг ҳуқуқий пойдевори бўлган бу бебаҳо ҳужжат барчамиз учун азиз ва муқаддасдир, — дейди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Тошпўлат Матибоев. — Ўз тақдирини Ватан тақдири билан чамбарчас боғлаган ҳар бир юртдошимиз ҳар бир жумласи истиқлол ва истиқбол руҳи, инсонпарварлик ва адолат ғояларига йўғрилган Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳиятини чуқур англамоғи зарур.
Дарҳақиқат, ўзида илғор миллий ва умуминсоний ғояларни мужассам этган, халқимизнинг орзу-умидларини ифодалаган Бош қомусимиз ҳаётимизни фаровон этиш, ўз ҳақ-ҳуқуқимизни таъминлаш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини ўрнатишнинг асосий манбаи ҳам ҳисобланади. Ана шу ҳаётбахш қудратни юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикда ҳам кўриш мумкин.
Жонли мулоқот тарзида кечган давра суҳбатида Учтепа тумани адлия бўлими мутахассиси Аброр Бердиев талабаларга улар учун яратилган имкониятлардан, конституциявий ҳуқуқларидан унумли фойдаланган ҳолда ўз олдига катта мақсадларни қўйиб, дадил интилиши лозимлигини таъкидлади.
Давра суҳбатида талабалар Конституцияга оид билимларини ўз фикр-мулоҳазалари орқали намоён қилишди.
Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,
Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасига, энг аввало, нормаларни қўллашда фойдаланиладиган асосий тушунчалар киритилмоқда....
01 янв 1970
Парламентга “Адолат” СДПдан кўрсатилиб такрорий сайловга қолган депутатлар рўйхати ...
01 янв 1970
Асакалик сафдошларимиз Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Саховат — беназир қадрият” лойиҳаси доирасида ибратли ишларни ама...
01 янв 1970
Қарши шаҳридаги “Маҳаллот” маҳалласида “Адолат” социал-демократик партиясининг бошланғич ташкилоти ва жамоатчилик қабулхона...