Баркамол авлод — мамлакатнинг ҳал қилувчи кучи

/
“Конституция билимдони” республика кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди
Жорий йилнинг 29 ноябрь куни пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган “Конституция билимдони” республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, фаоллар, “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари, кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари иштирок этишди.
Баркамол авлод мамлакатимиз келажагининг ҳал қилувчи кучидир. Шу сабабли юртимизда ёшларни ҳар томонлама етук фарзанд этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини билиш, уларга амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Партиямиз томонидан анъанавий ўтказиб келинаётган “Конституция билимдони” республика кўрик-танлови ҳам айни шу мақсадларни ўзида мужассам этади.
Танловнинг республика босқичига бағишланган тадбирда эътироф этилганидек, бугун жамият ҳаётининг қайси жабҳасига назар солмайлик, истиқболли ўзгаришларнинг гувоҳи бўламиз. Ўзбекистонда дунёни янгича идрок этадиган, ўз тақдирини она халқимиз, Ватанимиз тақдири билан уйғун кўрувчи янги авлод шаклланаётгани бунинг ёрқин мисолидир.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам шу мақсадга қаратилган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда ижтимоий адолат, қонун устуворлиги ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш, жамиятда, айниқса, ёшлар орасида ҳуқуқий маданиятни шакллантиришни ўз устувор вазифаларидан деб белгилаган. Шуни назарда тутиб, “Адолат” СДП мамлакат келажагини интеллектуал етук ва иқтидорли ёшлар қўлида деб билади. “Адолат” СДП томонидан ҳар томонлама истеъдодли ёшларни аниқлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор мақсадли вазифалар амалга оширилмоқда. Натижада партия сафларида ёшлар иштироки ортмоқда.
Бугунги кунда партия умумий аъзолари 297 минг нафардан зиёд бўлиб, шундан 38 фоиздан ортиғи, яъни 114 минг нафарга яқин сафдошларимиз ёшлардан иборат. Партиямиз сафларида ўз фаоллиги, интеллектуал салоҳияти, ижодий қобилияти билан катта муваффақиятларга эришиб келаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади.
— “Конституция билимдони” танловининг дастлабки туман, шаҳар ва ҳудудий босқичлари адолатлилик, очиқлик, ошкоралик, рақобат мезонлари асосида ўтказилди, — дейди партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бўлими бошлиғи Райҳона Ўрмонова. — Кўрик-танловда умумий ўрта таълим ва ўрта-махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларидан иборат 1000 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Беллашувнинг республика босқичида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон судьялар ассоциацияси, Адвокатлар палатаси, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти масъул ходимларидан иборат ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг белгиланган шартлар бўйича тайёрлаган чиқишларини талабчанлик билан баҳоладилар. Кўрик-танлов шартларида ёшларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қай даражада ёд билиши, унда белгиланган моддалар мазмунини тушунишига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ташаббускорлик, маънавий иммунитет мустаҳкамлиги, ҳуқуқий саводхонлик, умумбашарий, миллий ва ижтимоий қадриятларни яхши ўзлаштирганлик, нотиқлик қобилияти каби жиҳатлар ҳам диққат марказида бўлди.
Кўрик-танлов иштирокчилари ўз чиқишларида Конституция ва қонунларни билган киши ўз хатти-ҳаракатини қонун доирасида амалга оширишини, бошқаларнинг ҳамда жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ва эркини ҳурмат қилишини қайд этишди.
Якуний натижаларга кўра, Жиззах ҳуқуқшунослик коллежи ўқувчиси Шарофат Ҳасанова 1-ўрин, Наманган юридик коллежи ўқувчиси Асадбек ўуломов 2-ўрин, Сурхондарё вилояти иштирокчиси, Сариосиё тиббиёт коллежи ўқувчиси Саидабону Бегалиева 3-ўринни эгаллаб, 1, 2, 3-даражали дипломларга сазовор бўлишди. Шунингдек, бошқа иштирокчилар ҳам партия Сиёсий Кенгашининг фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Фаррух АБДУЛҲАМИДОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати масъул ходими

СЎЗ — ТАНЛОВ ИШТИРОКЧИЛАРИГА
Шарофат ҲАСАНОВА,
Жиззах ҳуқуқшунослик коллежи ўқувчиси:
“Конституция билимдони” республика кўрик-танлови 1-ўрин соҳиби
— Мамлакатимизда юксак маънавиятли, замонавий билим ва касб-ҳунарларга, ўз мустақил фикрига эга бўлган ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.
Тенгдошларим қатори аъло ўқишга, жамоат ишларида доимо фаол қатнашишга ҳаракат қилмоқдаман. Коллежимиз ҳуқуқшунослик ва ижтимоий фанларни чуқурлаштириб ўргатишга ихтисослаштирилган. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан коллежимизда ўтказилган тадбирларда иштирок этиб, партия фаолиятига қизиқишим хайрихоҳликка айланди ва партия аъзоси бўлишга аҳд қилдим.
Айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий маданият, соғлом турмуш тарзини, жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилишга қаратилган ишларнинг самарасини ошириш партиянинг устувор вазифаларидан бири эканлиги бизни янада қувонтиради. Устозларимизнинг таъкидлашича, анъанавий ўтказиб келинаётган “Конституция билимдони” республика кўрик-танлови мустақил фикрлайдиган ёшларни тарбиялашга хизмат қилади. Беллашувлар жараёнларида иштирокчилар ва барча йиғилганлар ҳам бунга амин бўлишди.
Мазкур танлов партиянинг ёшлар иштирокидаги энг қизиқарли тадбири ва биз учун масъулиятли беллашув саналади. Хусусан, танлов жараёнларида сиёсий соҳадаги билимларимиз, Бош қомусимиз, ҳуқуқий ислоҳотлар борасидаги тушунчаларимиз, сиёсий партиялар фаолияти мамлакат ҳаётида қандай ўрин тутиши ҳақидаги қарашларимиз ҳар томонлама адолатли синовдан ўтказилди. Бир сўз билан айтганда, партия томонидан амалга оширилаётган ишларнинг узвий қисми сифатида ушбу танлов ёшларни ҳаётда ва келгуси фаолиятида доим адолатли бўлишга, қонунга сўзсиз бўйсуниш, ўз ҳуқуқларини билган ҳолда ўзгаларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ўргатади. Чунки қонун ва адолат бир-бири билан узвий боғлиқ тушунчалар эканлигини тобора чуқурроқ англаб етмоқдамиз.
Асадбек ҒУЛОМОВ,
Наманган юридик коллежи ўқувчиси:
“Конституция билимдони” республика кўрик-танлови 2-ўрин соҳиби

— Тарих, иқтисод каби фанларга жуда қизиқаман, мамлакатимизда, дунёда рўй бераётган воқеаларни мунтазам кузатиб бораман. Мақсадим – келажакда малакали ҳуқуқшунос бўлиб етишиб, жамиятни янада ривожлантириш ишига муносиб ҳисса қўшиш.
Бунга, албатта, ҳозирдан пухта тайёргарлик кўриш керак, деб ҳисоблайман. Шунинг учун билимларимни синашга, бошқалардан ибратли нарсаларни ўрганишга қизиқаман. Бу ўринда турли кўрик-танловларда, викторина ва баҳс-мунозараларда қатнашиш ҳам катта аҳамиятга эга, деб биламан. Чунки шу жараёнда ўз билимларимизни синовдан ўтказамиз, бир-биримиздан ўрганамиз. Шунингдек, бундай тадбирларда кишининг тез ва мантиқан фикрлаш, ҳар бир қўйилган масала бўйича энг тўғри жавобни тез топиш қобилияти шаклланади ва ривожланади.
“Конституция билимдони” беллашувининг, айниқса, вилоят ва республика босқичларида шаҳар ва туманлардан келган ғолиблар иштирок этиши — бу, жуда жиддий синов эканини кўрсатади. Чунки уларнинг ҳар бири ўзига яраша билим ва иқтидорга эга.
Танловга тайёргарлик давомида ўқитувчиларимиздан, партия ходимларидан кўп нарсани сўраб ўргандим. Кўрик-танлов пайтида ҳар бир саволнинг мағзини қандай чақиб олиш, жавобларни пухта мушоҳада қилгандан сўнг бериш юзасидан анчагина йўл-йўриқлар олдим. Бундан ташқари, кўплаб сиёсий адабиётларни ўқиб чиқдим. Сиёсий партиялар, парламент ва депутатлар фаолияти ҳақидаги тасаввурларимни бойитдим, уларнинг амалий фаолияти ва шу мавзуга оид қонун ҳужжатларини ўргандим. Муҳими, сиёсий, ҳуқуқий билим ва тушунчаларим кенгайди, билим эса доим инсонга ёрдам беради, унга куч бағишлайди.
Ахмет УТЕПБЕРГЕНОВ,
Нукус давлат педогогика институти қошидаги академик лицей ўқувчиси:

— Мазкур танлов юртимиз ёшларининг фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлашда, ҳуқуқий ва сиёсий билимларимизни оширишда таъсирчан аҳамиятга эга эканига гувоҳ бўлмоқдамиз. Беллашувнинг ҳар бир босқичида ўқувчилар намойиш этган лавҳалар, улар билдирган таклифлар, ҳатто ҳуқуқни қўллаш амалиёти мавзусидаги саҳна чиқишларида тенгдошларимизнинг ҳуқуқий билимларга, сиёсий жараёнларга қизиқиши яққол акс этди. Беллашув мана шу жиҳати билан ҳам кўпчиликда, хусусан, муаллимларимиз, ота-оналар ва ёшларда илиқ фикрлар уйғотди. Танловда қатнашган, айниқса, унинг қайси бир босқичида ғолиблар қаторидан ўрин олган ёш билимдонларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларни ўрганиш ҳаётда, жамиятда нақадар зарурлигини англаб етишди десам, янглишмайман. Чунки буни ўзим ҳам чуқур ҳис қилдим.
Шаҳризода МЕЛСОВА,
Паркент транспорт ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси:

— Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан ташкил этилган “Конституция билимдони” кўрик-танловида иштирок этиб, Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳияти, ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги аҳамияти хусусида фикр-мулоҳазаларни баён қилдик. Халқчил, инсонпарвар ғояларни ўзида мужассам этган Конституциямизда белгиланган меъёрлар чинакам адолат мезонлари эканлигига биз, ёшларга яратилган имкониятлар мисолида ҳам амин бўлмоқдамиз.
Конституция — нафақат бугунги кун тараққиёти, балки у эртанги кунни, истиқболни белгиловчи ҳужжат, обод юртимизнинг келажак йўлини ёритиб тургувчи маёқ. Конституциямиз ва унинг асосида қабул қилинган қонунлар мазмунини яхши билиш бизга ўз ҳуқуқ ва манфаатларимизни рўёбга чиқаришда ёрдам бериши билан бирга ҳуқуқий онгимиз ва шууримизда қонунларга ҳурмат ҳиссини оширади.
Саидабону БЕГАЛИЕВА,
Сариосиё тиббиёт коллежи ўқувчиси:
“Конституция билимдони” республика кўрик-танлови 3-ўрин соҳиби

— Мустақил мамлакатимизда биз, ёшларнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмасдан, буюк аждодларимизга муносиб инсонлар бўлиб камол топишимиз учун Бош қомусимиз мустаҳкам пойдевор бўлиб келмоқда.
Бу бебаҳо, муҳим тарихий ҳужжатимизни чуқур ўрганишда партия ташаббуси билан ташкил қилинган мазкур танловнинг аҳамияти катта бўлди. Беллашувнинг вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилган босқичларида иштирок этган тенгдошларимиз танлов орқали партия ҳаётига чуқурроқ кириб бордилар. Унинг фаолияти, мақсад ва вазифалари тўғрисида янада кўпроқ билимга эга бўлдилар. Ҳуқуқий билимимиз ошар экан, партияга бўлган ҳурматимиз ортди, ушбу жараёнда Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини яхшироқ англаб етганимдан қувондим. Республика танловида муносиб қатнашиш учун ўз устимда кўпроқ ишлашга, изланишга ҳаракат қилдим.
Партиянинг “Конституция билимдони” республика кўрик-танловидаги иштироким менда масъулият ҳиссини орттирди. Бир-биридан билимдон, иқтидорли тенгқурларимизни кўриб, ўзимга бўлган талабчанлигим ортди. Ушбу беллашув бизни Бош қомусимизнинг ҳар бир моддасини уқиб олишга, ҳаёт йўлларимизни ёритувчи инсонпарвар мазмунини англашга ундади. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратишга доимий эътибор қаратиб келинмоқда....
01 янв 1970
Сирдарё туманидаги “Интилиш” маҳалласида ишчи гуруҳ аъзолари фуқаролар билан суҳбатлашдилар, мулоқот чоғида сайловчилар ўртага ташлаган...
01 янв 1970
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
01 янв 1970
Таъкидланганидек, мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлиги, баркамол авлод тарбияси давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. ...