Очиқ мулоқотлар амалий натижалар бермоқда

/
Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови киритиш орқали мавжуд муаммоларни ҳал этишда муайян натижаларга эришмоқда. Партия депутатлари сайловчилар билан яқин алоқада бўлиб, жойлардаги масалаларни ўрганган ҳолда уларга қонуний ечим топишга астойдил интилмоқда.
Бу борада, айниқса, партиянинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни маҳаллаларда очиқ мулоқотлар ўтказилаётганлиги ҳам айни муддао бўлмоқда. Чунки, мулоқотлар давомида турли муаммолар кўтарилади.
Хусусан, Сирдарё туманининг “Бешбулоқ” маҳалласига ташрифимиз давомида аҳоли фойдаланаётган сув минораси яқинда таъмирланган бўлишига қарамай, бир неча жойида пайдо бўлган тешиклардан сув оқиши оқибатида минора атрофида кўлмаклар юзага келганини баён этишди. Шунингдек, ушбу маҳалланинг “Тутзор”, “Тинчлик тимсоли”, “Якка тут”, “Меъмор”, “Иш боши”, “Бахтли авлод”, “Жонбоши” кўчаларида эса аҳолини ичимлик суви билан таъминлайдиган сув қувурининг йўқлиги маълум бўлди. Муаммолар юзасидан вилоят “Сув-оқава” давлат унитар корхонаси директорига депутатлик сўрови чиқарилди. Вилоят “Сув-оқава” ДУК Сирдарё туман филиали мутахассислари ва “Мирзачўлагроқурилишлойиҳа” институти вакиллари билан биргаликда “Бешбулоқ” маҳалласи аҳолисининг ичимлик суви таъминоти масаласи ўрганилиши жараёнида ҳақиқатан ҳам депутатлик сўровида келтирилган муаммолар мавжудлиги аниқланди. Шунингдек, тумандаги “Деҳқонобод” МФЙ аҳолиси билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида “Комил инсон”, “Қувноқ”, “Муродбахш”, “Давр”, “Шижоат” кўчаларидаги хонадонлар тоза ичимлик суви билан таъминланмаганидан шикоят қилишди. Бу ерда ичимлик суви билан таъминловчи сув минораси ишдан чиққанлиги, сув қувурлари эса қум ва бошқа шу каби чиқиндиларга тўлаётганлиги, аҳоли узоқ масофадан сувга қатнашга мажбур бўлаётганлиги аниқланди.
Вилоят “Сув-оқава” ДУК мутахассислари томонидан муаммолар жойида ўрганилгач, сув ҳайдаш насоси қайта таъмирланди ва ичимлик суви таъминоти изга тушди.
Мирзаобод туманидаги “Янги ҳаёт” маҳалласида яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқаро Озодбек Чиннибеков эшитиш мосламаси олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига депутатлик сўрови юбордик. Тез кунда О.Чиннибековга эшитиш мосламаси етказилди.
Шунингдек, тумандаги “Беруний” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Мухтор Бегимқулов тиббий хулосалар етарли бўлмаганлиги сабабли ногиронлик нафақаси вақтинча тўхтатиб қўйилганини айтиб, ёрдам сўради. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Мирзаобод туман бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига депутатлик сўрови киритилгач, кам таъминланган фуқаро М.Бегимқуловга бепул ордер ажратилиб, даволаниш учун юборилди. Унинг ногиронлик нафақаси тикланиши тиббий хулосага қараб белгиланиши мумкинлиги тушунтирилди.
Яна бир мисол. Бахт шаҳридаги марказий бозордаги ўрганишларимиз мобайнида электр энергияси, ичимлик суви таъминотидаги муаммолар, лоток ва ариқлардан узоқ вақтлардан буён сув оқмаслиги боис антисанитария ҳолати вужудга келаётганлиги юзасидан Бахт шаҳри ҳокимига депутатлик сўрови киритилди. Натижада мазкур ҳудудда антисанитария ҳолати юзасидан бозор ҳудудида кунлик тозалаш ишлари ва ободонлаштириш олиб бориш, тўпланган чиқиндилар график асосида “Тоза ҳудуд” ДУК томонидан олиб чиқиб кетилиши йўлга қўйилди. Маълум қилинишича, электр ва сув таъминоти бўйича қарздорлик мавжуд бўлиб, ушбу қарздорликни ундириш ишлари олиб борилмоқда ва таъминотдаги муаммолар шундай сўнг бартараф этилади.
Бахт шаҳрининг “Улуғ йўл” кўчасидаги хонадонда яшовчи Муҳаммаджон Раҳимов майдони 4 сотих бўлган ҳовлидаги 5 хонали уйда 3 нафар оила яшаётганлиги, касаллик сабаб ҳаётдан кўз юмган келини Нодира Раҳимованинг 3 нафар фарзанди ҳам ушбу оилада қолганлиги, М.Раҳимовнинг 1989 йилда туғилган қизи Дилдора туғма ногирон бўлиб, тез-тез даволанишга муҳтож эканини айтиб амалий ёрдам сўради. Ушбу масалада вилоят ҳокими ўринбосарига депутатлик сўрови билан мурожаат этдик. Жавоб хатида қайд этилишича, Д.Раҳимова туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди, оиладаги аёлларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида улар Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги тикув фабрикасига ишга таклиф этилиб, шу йўналиш бўйича Бахт шаҳридан автобус қатнови йўлга қўйилганлиги маълум қилинди. Шу билан бирга, мурожаат муаллифига Вазирлар Маҳкамасининг “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига кўра, имтиёзли уй-жойлардан олиш бўйича рўйхатга киритилганлиги ва ишчи гуруҳига тақдим этиш учун ҳужжатлар жамланмасини топшириши хусусида туман хотин-қизлар қўмитаси масъул ходимлари тушунчалар беришди.
Фуқароларнинг муаммолари қайсидир даражада ижобий ечим топаётгани қувонарли, албатта. Бироқ ҳал этилмаган муаммолар ҳали бисёр, бу эса янада фаолроқ бўлишимиз лозимлигини кўрсатади.
Салоҳиддин ЭЛМУРОДОВ,
халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Партиянинг ҳар бир кузатувчисидан юқори даражадаги билим ва салоҳиятни намоён қилиши талаб этилади....
01 янв 1970
Урганч шаҳридаги 26-сон сайлов участкасида 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси мадҳияси янграб, белгиланган вақтда сайловчиларнинг овоз бериш жа...
01 янв 1970
Бошланғич партия ташкилотларининг электорат билан яқин алоқада ишлашини назарда тутсак, БПТларнинг сиёсий куч мақсадларини рўёбга чиқаришдаги ҳал қ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....