Сарҳисоб, таҳлил ва натижа

/
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши томонидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Анжуманда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Наримон Умаров Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилдаги Олий Мажлис Қонунчилик палаталари ва сиёсий партиялар вакиллари билан учрашувдаги маърузасида ҳамда парламентга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишлар ижроси доирасида партия Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида ахборот берди.

Қайд этилганидек, Президентимизнинг маърузасида келтирилган танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда “Адолат” СДП ўз фаолияти ва дастурий вазифаларини танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиб, аниқ мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Жумладан, партия Сайловолди дастурини амалга ошириш бўйича қабул қилинган 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури қайта ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ қилинди.
Айни вақтда партия Сайловолди дастурида белгиланган ижтимоий йўналишдаги муҳим вазифалар сифатида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш, илм-фан, таълим-тарбия соҳаларига ҳамда ёш олимларнинг муаммоларини аниқлаш ва уларни бартараф этишга асосий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликлари, Фанлар академияси билан ўзаро ҳамкорлик Меморандумлари имзоланиб, улар доирасида амалга ошириладиган вазифаларни бажариш учун иш режалари тасдиқланиб, бир қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда марказда ва ҳудудларда соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида “Инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги ва “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган кенг кўламли тадбирлар ташкил этилди.
Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими ҳамда Инновацион ривожланиш вазирликлари, Фанлар академияси билан “Фан тўғрисида”ги, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ҳамда “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳририни тайёрлашда ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Шу кунга қадар “Ҳар бир қонун лойиҳасининг муаллифи халқ бўлиши лозим” тамойилига асосан “Фракция – марказ – вилоят – туман – бошланғич партия ташкилоти” тизими орқали ҳудудларда фуқаро ва амалиётчилар, экспертлар ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлар ўртасида, қолаверса, олий таълим муассасаларида олимлар ва ёшлар иштирокида мазкур қонун лойиҳаларининг 70 дан ортиқ муҳокамалари ўтказилди.
Қонун лойиҳалари матни Интернет тармоғидаги Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси портали ҳамда партия расмий веб-сайтига жойлаштирилди. Бу тизимлар орқали олинаётган таклифлар фракция аъзолари томонидан умумлаштирилиб, қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда.
Амалий лойиҳалар билан аниқ натижаларга
Ўтган даврда партиянинг Амалий ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган партиявий лойиҳалар доирасида амалий ишларга кўпроқ эътибор қаратилди.
Жумладан, халқ билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш мақсадида партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида барча даражадаги депутатлик корпуслари иштирокида жойларга қонунларнинг етиб бориши ва унинг ижросини ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш бўйича тегишли давлат органларига таклифлар киритиш орқали қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар белгиланди. Партиянинг барча туман, шаҳар кенгашларида партия фаоллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари мунтазам равишда маҳаллаларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўрнатилди.
Жорий йилда ишчи гуруҳлар томонидан республика бўйича жами 2 796 та маҳалладаги 41 872 та хонадонга ташриф буюрилди. Учрашувлар мобайнида 6 641 та мурожаат келиб тушди. Улар юзасидан 1 286 та депутатлик сўровлари юборилиб, ижобий ечимини топди. Мурожаатларнинг 932 таси мутасадди органларни жалб этиш орқали жойида ҳал этилган бўлса, 4 423 та мурожаат ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали ҳал этилди.
Қолаверса, партия тизимидаги “Адолат қабулхоналари”га фуқаролар ва юридик шахслардан жами 909 та мурожаат келган бўлиб, уларнинг 480 таси партия депутатлик гуруҳлари ва фаоллари томонидан тегишли ижро органларига сўровлар чиқариш орқали ҳал этилган бўлса, 125 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат берилди. 304 та мурожаат айни вақтда ижро жараёнида бўлиб, улар устидан депутатлик назорати ўрнатилган.
Партия аралашуви билан ижобий ечимини топган масалалардан 60 фоизи соғлиқни сақлаш йўналишидаги муаммоларни ташкил этади. Бунда асосан, фуқароларнинг соғлиғини тиклаши учун ордер олиш ва дори-дармон билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган фуқароларга ногиронлик аравачалари олиб бериш ва моддий имконияти чекланган беморларга жарроҳлик амалиётини ўтказишда ҳудудлардаги соғлиқни сақлаш бошқармаларига депутатлик сўровлари чиқариш орқали ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, қишлоқ жойларда газ, электр таъминотидаги узилишлар, ичимлик суви, маҳаллий йўлларни таъмирлаш каби муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳам ижобий натижаларга эришилди.
Партиянинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида партия фаоллари, маҳаллий депутатлар ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан ўрганилган мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари синфхоналаридаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, манту синамаси ва бошқа эмлашларнинг даврийлиги, тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатлари бўйича бир қатор амалий ишлар бажарилди.
Натижада республика бўйича 115 та умумтаълим мактаблари ва 22 та мактабгача таълим муассасалари доимий ичимлик суви ҳамда 97 та мактаб ва 39 та боғчада мавжуд тиббиёт хоналари бирламчи дори-дармон воситалари билан таъминланди. Шунингдек, 80 та умумтаълим мактабида тиббиёт хоналари ташкил этилиб, 110 та мактаб ўрта махсус маълумотли тиббиёт ходимлари билан таъминланди.
Жорий йил давомида ушбу лойиҳа доирасида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида Навоий, Наманган ва Самарқандда халқ депутатлари вилоят Кенгашлари ҳамда 49 та туман, шаҳар Кенгашлари сессиялари муҳокамасига жами 52 та масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди ва депутатлар назоратига олинди.
“Тозалик йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси доирасида жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Жиззах, Сирдарё вилоятларида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан жами 15 та доимий комиссияга, 21 та сессия муҳокамасига масалалар киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.
Жорий йилда “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” лойиҳаси доирасида партиянинг ҳудудий ва маҳаллий кенгашлари томонидан 64 та тадбир ташкил этилиб, уларга 5 387 нафар ёш олимлар, талабалар ҳамда партия хайрихоҳлари қамраб олинди. Лойиҳа доирасида ёш олимларни қўллаб-қувватлаш мақсадида партия депутатлари ташаббуси билан 11 миллион сўм ҳомийлик маблағи жалб этилди.
“Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида республика бўйича мавжуд мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга сифатли тайёрлашнинг ҳолати, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларининг жорий этилиши, давлат-хусусий шериклик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасалари ташкил қилиниши бўйича ўрганишлар ўтказилди. Аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Самарқанд, Навоий вилоятларининг туман (шаҳар) кенгашлари томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссияларига 30 та, шунингдек, сессиялар муҳокамасига 43 та масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди ва улар устидан самарали депутатлик назорати ўрнатилди.
Шу билан бирга, мазкур лойиҳа доирасида ўтказилган ўрганишлар давомида ҳомийларни жалб этган ҳолда бир қатор мактабгача таълим муассасаларида “Адолат боғи” ва “Адолат майдони” ташкил этилди. Партия ташаббуси билан мактабгача таълим муассасаларида ҳомийлар кўмагида ўлчами 3х3 метр бўлган жами 16 та шахмат-шашка майдончалари қуриб берилди.
Партиянинг “Йўл харитаси” асосида жорий йилнинг май-июнь ойлари мобайнида партия Марказий аппарати ҳамда ҳудудий кенгашлар томонидан жами 194 та тадбирлар ташкил этилиб, уларга 20 мингдан ортиқ иштирокчи жалб этилди. Жумладан, партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Депутат ёшлар даврасида” мавзусида партиянинг ҳудудий Кенгашлари томонидан 14 та амалий учрашувлар ўтказилди.
Шунингдек, май-июнь ойлари давомида партия Марказий аппарати ташаббуси билан “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” умумий шиори остида Хоразм, Наманган, Фарғона, Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий, Сирдарё, Тошкент, Бухоро вилоятларида кўргазмали сайёр амалий семинарлар бўлиб ўтди.
Тадбирларда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзолари, партия Марказий аппарати масъул ходимлари, партиянинг ҳудудий кенгашлари фаоллари, депутатлар, вилоят ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Ушбу тадбирларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан кенг жамоатчилик фикри, маҳалла фаоллари, ёшлар ва депутатлар таклифлари ҳам ўрганилди.
Ёшлар билан ишлашда ҳамкорлик зарур
Ўтган даврда партиянинг ёшлар билан ишлашга доир фаолияти алоҳида йўналиш сифатида танқидий таҳлил қилиниб, белгиланган вазифалар доирасида ёшлар билан ишлаш тубдан қайта кўрилди.
Партия тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар Дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди. Хусусан, жорий йилда Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларида ёшлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари, ички ишлар органлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашлари вакиллари билан биргаликда ҳар бир ҳудуд ва маҳалла кесимида турли сабабга кўра чет элга чиқиб кетган ҳамда ўқимайдиган, аниқ бир машғулотга эга бўлмаган ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан учрашувлар ўтказилди. Натижада Жиззах вилоятида 1542 нафар, Самарқандда 2185 нафар ва Навоийда эса 33 нафар уюшмаган ёшлар иш билан таъминланди. Чет элга чиқиб кетганлар орасидан 741 нафар ёшлар юртимизга қайтарилди.
Мазкур ўрганиш ишлари якунларига кўра халқ депутатлари Навоий вилоятининг Навоий шаҳар, Кармана, Жиззах вилоятининг Дўстлик, Зомин, ўаллаорол, Зарбдор ҳамда Самарқанд вилоятининг Нарпай, Пастдарғом туман Кенгашларининг сессияларига масала киритилиб, “Уюшмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва муаммолар тўғрисида” Кенгашларнинг тегишли қарорлари қабул қилинишига эришилди.
Сессия қарори муаммони ҳал қилишда биринчи қадам
Президентимиз маърузаларидан келиб чиқиб, алоҳида йўналиш сифатида депутатлик гуруҳларининг фаолияти самарадорлигини оширишга ҳам устувор аҳамият қаратиб келинмоқда. Ўтган даврда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлар учун амалий ўқув-семинарлар ўтказилиб, депутатлик гуруҳларининг иш режалари қайтадан кўриб чиқилди. Унга кўра, жойлардаги муаммолар Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ҳамкорлигида ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича ҳудудий Кенгашлар сессиялари ва доимий комиссияларга масалалар киритиш, мансабдор шахслар ахборотини эшитиш ва депутат сўрови юбориш орқали ҳал қилинмоқда.
Жорий йилнинг олти ойида маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳамда туман, шаҳар Кенгашлари сессияларига 145 та, доимий комиссияларга 225 та масала киритилиб, 317 та мансабдор шахслар эшитуви ўтказилди. Айни чоғда маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлари томонидан фуқаролар мурожаатлари асосида ижроия ҳокимияти органлари ва хўжалик юритувчи субъектларга 2 607 та депутатлик сўрови чиқарилди.
Қонун ижодкорлари жойлардаги муаммоларни ҳал қилишда ҳам фаол
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги маърузаси ҳамда 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар асосида амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 1-ярим йиллигида партия фракциясининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 17 та йиғилиши ўтказилиб, уларда 73 та қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб икки маротабага кўпайди.
Ушбу даврда фракция аъзолари томонидан Қонунчилик палатасининг ялпи мажлислари кун тартибига киритилган барча қонун лойиҳалари бўйича қизғин муҳокамаларда зарур ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш бўйича 153 маротаба таклифлар ҳамда 49 маротаба партиянинг Сайловолди дастури нуқтаи назаридан келиб чиқадиган муносабатлар билдирилди.
Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳалари ва Қонунчилик палатаси қарорлари лойиҳалари юзасидан партиянинг қуйи тизимидан таклифлар олиш ва умумий позицияни шакллантириш йўлга қўйилди. Қонун лойиҳалари бўйича “Фракция — марказ — вилоят — туман — бошланғич партия ташкилоти” тизими орқали фракцияга тақдим этилган фикр ва таклифлар фракция йиғилишларида муҳокама қилиниши амалиёти жорий этилди. Натижада ҳисобот даврида 22 та қонун лойиҳалари бўйича 103 та таклиф фракцияга тақдим этилди.
Шунингдек, фракция аъзолари жорий йилнинг олти ойи мобайнида 5 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлдилар.
Қонун ижодкорлиги жараёнида партия фракцияси томонидан иш олиб борилаётган бир қатор қонун лойиҳалари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди. Хусусан, “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзоси Д.Тангиров ва бошқа депутатлар билан биргаликда ташаббус сифатида киритилган бўлса, партия фракцияси томонидан 30 дан ортиқ муассасаларда муҳокамаси ташкил этилган “Инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилди ва Қонунчилик палатаси томонидан 1-ўқишда маъқулланди.
Фракция аъзолари назорат-таҳлил йўналишида партия электорати манфаатларига жавоб берадиган долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича партия Сиёсий Кенгаши ва жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда пухта ва тизимли иш олиб борди.
Хусусан, жорий йилда ўтказилган ўрганишларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва ундан оқилона фойдаланиш ҳамда соғлиқни сақлаш йўналишида арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш каби муаммолар кўп кўтарилган эди. Ушбу масалалар Қонунчилик палатасида илк бор ташкил этилган “Ҳукумат соати” кун тартибига фракция ташаббуси билан киритилиб, жорий йилнинг 1 май куни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарларининг ахбороти эшитилди.
Бундан ташқари, депутатлар томонидан амалга оширилган ўрганишлар натижасида аниқланган умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларнинг овқатланиши билан боғлиқ муаммолар ва уни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар тўғрисида фракция ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирига парламент сўрови юборилди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи йиғилишида муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
“Адолат” СДП фракцияси парламентдаги мухолифат сифатида ҳам қонун ижодкорлиги жараёнида ўзининг позицион таклифлари билан фаол иштирок этмоқда. Фракция таклифи билан “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига экстремизм соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш, яъни профилактикасига эътибор бериш ва уларга чек қўйишга доир нормалар киритилди.
Ер ости сувидан фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эса фракция таклифи билан қайта кўрилиб, жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиёжлари учун ер ости сувларидан фойдаланишга мўлжалланган қудуқларни қазиш жавобгарликдан мустасно эканлигига доир норма билан тўлдирилди. “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилишда ҳам фракция аъзоларининг харидларни амалга ошириш чоғида шаффофлик ва рақобатни таъминлашга оид таклифлари инобатга олинди.
Шу билан бирга, суд ҳокимияти органларининг аҳоли билан жойларда очиқ мулоқотлар ўтказиши ва уларнинг ҳисобдорлигини таъминлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасига халқ депутатлари Кенгашлари томонидан судьялар фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитишнинг аниқ муддатларини белгилаш ва унинг натижаларига оид қарорнинг Судьялар олий кенгашига юборилишини белгилаш каби таклифлар лойиҳада ўз ифодасини топди.
Бундан ташқари, фракция аъзолари жорий йилнинг ўтган даврида 10 га яқин қонунларни ишлаб чиқишда ташаббускорлик кўрсатди.
2018 йилнинг ўтган даврида фракция аъзоларига сайловчилар томонидан 564 та ёзма, 1 205 та оғзаки мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг аксарияти тегишли вазирлик ва маҳаллий ҳокимликларга юборилиб, ижобий ҳал этишга эришилди.
Қолаверса, ҳудудлардаги ўрганишлар жараёнида аниқланаётган масалаларни ҳам маҳаллий ижроия ҳокимияти билан ҳамкорликда жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, сувдан ҳар томонлама омилкорлик билан тежаб-тергаб фойдаланишнинг Қашқадарё вилоятидаги ҳақиқий аҳволини ўрганиш ва муаммоларни ўз жойида бартараф этиш юзасидан фракциямиз аъзолари ушбу ҳудудда бўлиб, фермер хўжаликларини оби-ҳаёт билан таъминлайдиган сув қурилмалари иш фаолияти билан яқиндан танишдилар. Жумладан, Қарши магистрал каналининг бугунги ҳолати билан яқиндан танишганимизда мутахассислар каналнинг қўшни Туркманистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи қувурлари аллақачон таъмирталаб бўлиб қолганлигини маълум қилиб, бу муаммони бартараф этишда ёрдам сўрашган эди. Партия депутатлари саъй-ҳаракати билан ушбу масала ҳар томонлама ўрганиб чиқилди ҳамда мутасадди вазирликлар билан мулоқот олиб борилиб, бу йилги сув танқислиги шароитида мазкур объектни мукаммал ва тезкор таъмирлаш учун зарур бўлган 12 миллиард сўм маблағ ажратилиши жойида ҳал этиб берилди.
Шунингдек, фракция аъзоларининг ҳудудларда уйма-уй юриб, оддий аҳолининг дарди-ташвишини тинглаб, уларга имкон қадар ёрдам беришаётгани халқимизда депутатларга бўлган муносабатни ижобий томонга ўзгартирди. Буни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига келаётган миннатдорлик хатлари сони ортганида ҳам кўришимиз мумкин.
Масалан, Фарғона вилояти Қўштепа тумани “ўиштмон” МФЙ ҳудудидан бир гуруҳ фуқаролар фракция аъзоси У.Сулаймонов маҳаллани ичимлик суви билан таъминлаш ва электр энергиясидаги узилишларни бартараф этиш бўйича амалий ишларига миннатдорлик билдирган бўлса, Хоразм вилояти Янгибозор тумани Юқорибошқир маҳалласида истиқомат қилувчи 3-гуруҳ ногирони Р.Раҳимов ўзига имтиёзли ордер олишда ва Тошкент шаҳридаги Неврология ва хирургия илмий амалий марказида операция қилдиришгача бўлган жараёнда фракция аъзоси М.Қурбонбоев кўрсатган амалий ёрдам учун миннатдорлик хати йўллаган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг сайловчилар билан мулоқотини ҳамда уларнинг фаолиятидан аҳолининг хабардорлигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларнинг роли ошиб бораётганини ҳам алоҳида айтиб ўтиш жоиз. Бунинг натижасида депутатларимизнинг ОАВда чиқишлари сони 2 баробарга ўсди.
Жорий йилнинг ўтган даврида барча йўналишлар бўйича партия фаолияти жонланди, аҳоли орасидаги нуфузи ошди. Ўтган бир йилда партия аъзолари 80 минг нафардан зиёдга ўсиб, бугунги кунда қарийб 276 минг нафарга етгани, жойлардаги бошланғич ташкилотлар сони 5 200 дан ошгани шундан далолат беради.
Матбуот анжуманида, шунингдек, ҳали партиявий фаолиятда бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар ҳам мавжуд эканлиги, ушбу камчиликларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланганлиги қайд этилди.
Тадбир сўнггида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга партия депутатлари ва фаолларидан батафсил жавоб олдилар.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. ...
01 янв 1970
Ўтганларни хотирлаш, биз билан ёнма-ён умргузаронлик қилаётган ёши улуғ инсонларни эъзозлаш ва қадрига етиш элимизга хос эзгу фазилатлар сирасига к...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига 2019 йилнинг 11 январида жойлаштирилган “Ўқитувчи мақоми т...
01 янв 1970
Тўрақўрғон — Наманган вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ҳар соҳада ўзига яраша мавқега эга бўлган т...