Депутат сўрови – халқ сўрови эмасми?

/
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” тамойили ва “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғоя мужассам.
Парламент аъзоларининг ҳудудларда бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилаётгани, уларнинг дардини эшитиб, яшаш шароитлари билан танишиб, аниқланган муаммолар мутасаддилар билан биргаликда бартараф қилинаётгани натижасида юртимизда юз бераётган ижобий ўзгаришларни фуқаролар шахсий ҳаётида сезмоқда, ўз вакилларига бўлган ишончи ортиб бормоқда.
Шунга қарамай, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида билдирилган танқидий фикрлардан ижро ҳокимияти органларининг айрим мансабдор шахслари тегишли хулоса чиқармаётгани ёхуд халқ вакилларининг сўровларига ҳамон бефарқликлар учраб тургани ачинарлидир.
Жумладан, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг депутатлар сўровларига атрофлича жавоб қайтаришини таъминлаш борасидаги муаммолар, орадан бир йил ўтса-да, ҳамон тўлиқ бартараф этилмаяпти.
Мисол учун, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан фуқароларнинг мурожаатлари ва жойларда ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган муаммолар юзасидан мансабдор шахсларга жами 16 та депутатлик сўрови юборилган бўлиб, шундан 6 та сўровга умуман жавоб берилмаган...
Жумладан, депутат Қодир Жўраев томонидан йўлланган 4 та сўровдан 3 тасига мутасаддилардан умуман жавоб келмаган бўлса, битта сўровга номигагина жавоб қайтарилган.
Масалан, ўиждувон туманидаги “Биёсун” МФЙ ҳудудидаги экинзор ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида Сув хўжалиги вазирлигига, Бухоро вилояти ўиждувон тумани “Соктаре” МФЙ ҳудудида жойлашган С.Айний уй-музейини ривожлантириш истиқболлари юзасидан маданият вазири номига юборилгани депутатлик сўровларига деярли тўрт ой, Когон тумани ҳудудида жойлашган Хўжа Қаъбул Ахбор Вали зиёратгоҳи йўлларини таъмирлаш истиқболлари тўғрисида “Ўзавтойўл” компанияси бошқаруви раисига депутатлик сўрови юборилганига бир ойдан ошганига қарамасдан ҳамон мутасаддилар жавоб беришмаган.
Шу билан бирга, депутат Қ.Жўраевнинг жорий йил 30 май куни халқ таълими вазири номига Когон ва Бухоро туманларида янги мактаблар ташкил қилиш истиқболлари тўғрисида юборган депутатлик сўровига 4 июнь санасида халқ таълими вазирининг ўринбосари Ж.Сидиқов имзоси билан жавоб хати олинган.
Бироқ муаммони бартараф этиш ўрнига Халқ таълими вазирлиги томонидан “Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан Когон тумани “Сорғун” МФЙ, Сурхиён қишлоғи ҳудудида 220 ўринли ҳамда Бухоро туманидаги “Работиқалмоқ” МФЙ “Шайхон” қишлоғи ҳудудида 220 ўринли янги мактаблар қурилишини объектларнинг муҳимлигидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 декабрдаги қарори талаблари асосида келгуси йилларда “Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш дастури”га киритилиши юзасидан таклифлар берилса, ушбу масалани тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда кўриб чиқилишини маълум қиламиз”, қабилида ўта мужмал жавоб қайтарилган.
Депутат Шуҳрат Якубовнинг жорий йил 23 январда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига(ҳозирда Сув хўжалиги вазирлиги) Наманган вилояти Мингбулоқ тумани “Меҳнатобод” қишлоғининг “Тегирмон” маҳалласида жойлашган ер ости сувини тортиб, каналга ташлаб берадиган 1968 йилда ишга туширилган насос қарийб йигирма (1998) йилдан бери ишламаслиги натижасида аҳоли яшайдиган ҳудудда сизот сувлари кўтарилганлиги масаласида юборилган сўровига ҳам беш ойдан буён жавоб келмаганлиги кишини таажжубга солади?
Бундан ташқари, фракциянинг яна бир аъзоси Даврон Тангиров ҳам жорий йилнинг 11 май куни Сурхондарё вилояти Музработ туманидаги хўжаликлараро «Занг» каналининг 0.5 қисмини бетонлаш ва 12 дона гидротехник иншоотларини таъмирлаш билан боғлиқ масала юзасидан юборган сўровга ҳам Сув хўжалиги вазирлиги мутасаддилари ҳамон эътибор қаратишмаяпти.
Депутат Жамшид Пирматовнинг халқ таълими вазири номига Қашқадарё вилояти Миришкор туманидаги қатор умумтаълим мактабларида ўқувчилар белгиланган меъёрдан ортиқ таълим олаётганликлари, уларнинг бинолари таъмирталаблиги, етарли даражада ўқув жиҳозлари билан таъминланмаганлиги, айримларида спорт заллари мавжуд эмаслиги, мактабларда педагог кадрларга бўлган эҳтиёжнинг мавжудлиги ва бошқа масалалар хусусида ахборот бериш юзасидан йўллаган сўрови ҳам беш ойдирки жавобсиз қолмоқда.
Халқ вакилларининг жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш юзасидан йўллаётган бу каби сўровларига масъул вазирлик ва идора мансабдор шахсларининг бефарқлик билан қараётгани ислоҳотлар самарадорлигини оширишга салбий таъсир ўтказмай қолмайди, албатта.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири
 
ТАҲРИРИЯТДАН: Президентимизнинг “Депутатга беписандлик – халққа беписандлик деб баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради”, деган сўзларига айрим вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамон панжа орасидан қарашаётгани кишини таажжубга солади.
Ваҳоланки, депутатлик сўровини кўриб чиқмагани ёки унга жавоб бермагани, кўриш муддатини бузгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда жавобгарлик назарда тутилган. Амалда деярли ишламаётган ушбу механизмни бугунги кунда ҳаётга самарали татбиқ этиш ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари парламент вакиллари билан видеоселектор йиғилишида, “Одатда, парламент вазирларнинг ҳисоботини эшитади. Лекин пастдаги бўғинда бу йўналишда ким ҳисобот беради? Фақат марказ ёки вилоятда эмас, ҳудудларда ҳам ўзгариш бўлиши зарур”, дея алоҳида таъкидлаган эди.
Халқимизда “Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр” деган нақл бор. Шу маънода, мутасаддилар ҳамонки парламент депутатлари сўровига беписандлик билан қараётган экан, жойларда туман, шаҳар Кенгашлари депутатларининг сўровига қандай жавоб бўлаётганини тасаввур қилиш мумкин. Шу боис, биз кейинги мақолаларимизда, албатта, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатларининг сўровларига жойлардаги ижро ҳокимияти идоралари қай даражада жавоб бераётганини атрофлича таҳлил қиламиз.
Тўғри, бугун жамиятимизнинг барча соҳаларида олиб борилаётган туб янгиланишлар, изчил ислоҳотлар шароитида ижро ҳокимиятининг барча органлари зиммасига ҳам улкан вазифалар юкланган. Бугун юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига ўзини дахлдор, деб билган ҳар бир фуқаро, у мансабдор шахс бўладими ёки оддий хизматчими, “фавқулодда сафарбарлик” ҳолатида ишламоқда. Ана шундай шароитда халқимизни ўйлантираётган муаммолар юзасидан йўлланган депутат сўровига жавоб бермаслик ёки уни эътиборсиз қолдириш олдимизга қўйилган мақсадларни амалга оширишга халал беради. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Миробод туман кенгаши ҳамкорлигида “Ўзбекистон темир й...
01 янв 1970
2016 йил 15 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг VIII Қурултойи бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Узун туманидаги “Узунқишлоқ” маҳалласи аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш яхшиланганлиги ана шундай хайрли ишлардан бири бўлди...
01 янв 1970
Ҳар бир хонадон оила мустаҳкамлигини таъминлашида, айниқса, катта ёшдагиларнинг алоҳида ўрни бор....