ХИТОЙ САФАРИ: амалий мулоқот ва ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш йўлида

/
Жорий йилнинг 26 май — 3 июнь кунлари Хитой Халқ Республикасининг таклифига биноан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров бошчилигида парламент депутатлари ва сиёсий партиялар вакилларидан иборат делегация ушбу давлатда бўлди.
Мамлакатимиз делегацияси аъзолари 26-27 май кунлари Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар сиёсий партияларининг форумида иштирок этди.
Форум ШҲТга аъзо мамлакатлар парламентлари ва сиёсий партиялари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилди. Ушбу нуфузли анжуманда мезбонлар ва хорижий делегациялардан иборат жами 200 га яқин иштирокчи, жумладан, 20 та давлатдан 30 дан ортиқ сиёсий партиялар, шунингдек, ҳамкор ва кузатувчи мақомига эга мамлакатлар вакиллари қатнашди.
Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Ташқи алоқалар бўлими бошлиғи Сун Тао форумни очиб берар экан, ШҲТнинг ўтган 17 йиллик фаолияти давомида амалга оширган ишлари, мақсад ва вазифалари ҳамда ташкилот олдида турган истиқболли устувор йўналишларга тўхталди. Хусусан, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, таълим, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйиб келинаётганини таъкидлади.
Сун Тао минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши биргаликда курашиш масалаларида ташкилотнинг нуфузи йилдан-йилга ортиб бораётганлиги, ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатларни қўшиб ҳисоблаганда дунё аҳолисининг учдан бир қисми ташкилотга аъзо давлатлар ҳисобига тўғри келаётганини баён қилиб, бу билан ташкилотнинг нуфузига баҳо берди.
Шунингдек, ШҲТга аъзо мамлакатлар парламентлари ва сиёсий партиялари ҳамкорлигини янада кучайтириш, ташкилотнинг фаолият доирасини кенгайтириш, хусусан, қашшоқликка қарши курашиш, минтақадаги экологик муаммоларни бартараф этиш каби масалаларни кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, форумда ШҲТга аъзо давлатлар ва ташкилотнинг кузатувчи мақомидаги давлатлар вакилларининг маърузалари тингланди.
Жумладан, Ўзбекистон делегацияси номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров маъруза қилди.
Н.Умаров форум юксак даражада ташкил этилганлигини эътироф этиб, ушбу анжуман ШҲТ давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий, сиёсий, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий, гуманитар ва транспорт соҳаларида алоқаларни ривожлантиришда самарали механизм бўлиб хизмат қилишини қайд этди. Бунда Ўзбекистон — Хитой ҳамкорлиги кўп қиррали бўлиб, стратегик ҳамкорлик даражаси изчил ўсиб бораётганлилиги ва дўстлик, ўзаро ишонч тамойиллари икки мамлакат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари асосида жадал ривожланаётганлиги таъкидланди.
Ўзбекистонда 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стретегияси асосида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хусусан, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, жамоатчилик назорати механизмларини ривожлантириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бориши ҳақида тўхталди. ШҲТ доирасида ўзаро алоқаларни янада чуқурлаштириш, иқтисодий, сармоявий, маданий ва бошқа соҳалардаги муносабатларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, Н.Умаров Ўзбекистон “Адолат” СДП етакчиси сифатида партиянинг мамлакатимиз сиёсий майдонида тутган ўрни ва роли, олдига қўйган дастурий мақсад-вазифалари, амалга ошираётган ишлари ҳамда ташаббуслари ҳақида маълумот берди. ШҲТ давлатлари сиёсий партиялари ўртасида таълим, соғлиқни сақлаш ва илм-фан соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйишнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, форумда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакиллари ҳам чиқиш қилишди.
Мамлакатимиз делегацияси аъзолари ШҲТ доирасида ҳар томонлама шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашда партиялараро ҳамкорлик муҳим ўрин тутишини қайд этдилар. Шу жумладан, минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш, савдо, инвестицион ва маданий алоқаларни жадаллаштириш, тадбиркорлар ўртасида бевосита мулоқотни ташкил этиш, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг қадимий шаҳарларида сайёҳлар алмашувини ривожлантириш галдаги устувор вазифалардан эканлиги таъкидланди.
Форумда иштирок этган бошқа давлатлар вакиллари томонидан ҳам ташкилот фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда унинг нуфузини ошириш юзасидан бир қатор фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.
Хусусан, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик расмий бўлиб қолмасдан, фуқаролар учун ҳам фойдали бўлишига эътибор қаратиш, парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши курашиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш, диний оқимларга қарши курашиш бўйича ташкилотнинг 2019 йилга мўлжалланган Дастурини ишлаб чиқиш, илм-фан ва кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорлигини йўлга қўйиш, экологик муаммоларни биргаликда ҳал қилиш, ёшлар ва аёллар форумини ташкил этиш каби таклифлар илгари сурилди.
Қолаверса, форум иштирокчилари Афғонистонда тинчликни таъминлаш юзасидан ШҲТ томонидан белгилаб олинган вазифаларни тўлиқ бажариш зарурлигини қайд этган ҳолда, жорий йилнинг 23 март куни “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида ўтказилган Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференциясини қўллаб-қувватлашини билдириб ўтди.
Форум иштирокчилари хулосасига кўра, тадбир ШҲТ ва унинг тузилмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни изчил ривожлантириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш жараёнларини янада жадаллаштиришга хизмат қилиши эътироф этилди.
Шунингдек, форум иштирокчилари 27 май куни Шэньчжэнь шаҳридаги ислоҳотларнинг 40 йиллигига бағишланган илмий-техникавий ва инновацион кўргазмада ҳам иштирок этишди.
Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад Хитойда олиб борилаётган сиёсат ҳамда ислоҳотлар билан дунё ҳамжамиятини кенгроқ таништириш ва ўзаро тажриба алмашишга қаратилди. Кўргазма давомида Гуандун провинциясининг сўнгги 29 йиллик даврдаги ривожланиш тарихи, иқтисодий-ижтимоий ҳолати намойиш этилиб, ушбу ҳудудда ўз тадбиркорлигини бошлаб, ҳозирги кунда муваффақиятга эришган турли соҳадаги ишбилармонлар ўз фаолиятлари билан тадбир иштирокчиларини яқиндан таништирдилар.
Шу билан бирга, форум иштирокчилари Хитой Коммунистик партияси томонидан ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ 28 май — 3 июнь кунлари Гуанчжоу ва Ухань шаҳарларидаги маданий ва тарихий обидалар, аҳолининг турмуш тарзи, инновацион ишлаб чиқариш ва саноат корхоналари ҳамда мамлакатда тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишиш мақсадида бир қатор масканларга ташриф буюришди.
Хусусан, бутун дунёга машҳур “Mindray” “Huawei”, “Guangqi Honda” компанияларининг технологик имкониятлари, бу ерда ишлаб чиқарилаётган замонавий телекоммуникация воситалари ва автомобиллар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, делегация аъзолари Хуанган районидаги Лицзяван қишлоғига ташриф буюриб, ҳудуд аҳолисининг яшаш тарзи ва бу ерда аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Ўз навбатида, делегация аъзолари Хитой Коммунистик партиясининг бошланғич ташкилоти фаолияти билан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси аъзолари Гуанчжоу, Ухань ва Урумчи шаҳарларига ташриф давомида бир қатор ҳудудий вакиллар йиғилиши доимий қўмитаси вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказдилар. Мулоқотлар давомида ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, икки томонлама расмий ташрифларни кўпайтириш, Ўзбекистоннинг вилоят ва шаҳарлари билан Хитойнинг ривожланган провинциялари ўртасида бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон делегациясининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар сиёсий партияларининг форуми доирасида Хитой Халқ Республикасига амалга оширган расмий ташрифи ҳар жиҳатдан самарали бўлди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Албатта, қишлоқ хўжалигидаги долзарб масалалар ечими, сув манбаларидан тежамкорлик билан фойдаланиш пировардида халқимиз фаровонлигини таъминлашга ...
01 янв 1970
Маълумки, фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги улар фаолиятининг янада самарали бўлишини таъминлайди....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ҳудудларда аҳоли билан учрашиб, очиқ мулоқотлар ўтказишди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Ватан келажаги — ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Адолат билимдони” республ...