Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш аҳолининг ишончини оширади

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП илгари сураётган ғояларга кенг жамоатчиликда хайрихоҳликни ошириш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида аниқ натижаларга эришиш кўп жиҳатдан партиянинг қуйи ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари зиммасига масъулият юклайди. Шу боис бугунги кунда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнлари партиянинг ҳудудий ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада кучайтириш, замон талабига мос ёндашувлар билан ишлашни тақозо этмоқда.
Халқ депутатлари Ховос туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам партиямизнинг дастурий ғояларини, электорат манфаатларини рўёбга чиқариш борасида муайян ишларни амалга оширмоқда. Аҳоли орасига чуқурроқ кириб бориб, электоратимизни ўйлантираётган масалаларни аниқлаш ва уларга қонуний тартибда ечим топишга ҳаракат қилмоқда.
Жумладан, “Тинчлик” маҳалласи аҳолиси билан ўтказилган очиқ мулоқот чоғида эҳтиёжманд оилада яшовчи нафақахўр Николай Маковский асаб тизими касалликлари бўйича маслаҳат олиш, тиббий кўрикдан ўтиш, даволанишда муаммолар юзага келаётгани ҳақида баён қилди. Янгиер шаҳридаги “Астронейромед” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жамшид Жабборовга мазкур масалага доир депутатлик сўрови юборилиб, фуқаро Николай Маковскийни тиббий кўрикдан ўтказиш сўралди. Тез кунда фуқаро Н.Маковский бепул тиббий текширувдан ўтказилиб, мурожаат ўз ижобий ечимини топди.
Маълумки, кейинги йилларда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида кадрлар тайёрлаш сифати ва самарадорлигини ошириш, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлашга бўлган эътибор янада ортди. Бу борада депутатлар ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Жумладан, “Дўстлик” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Ҳурматой Усмонова Ховос транспорт касб-ҳунар коллежини чилангарлик йўналиши бўйича тамомлаган, 1992 йилда туғилган ўғли Умиджон Усмоновни ишга жойлаштириш масаласида амалий ёрдам сўраб мурожаат этди. Масала юзасидан туман бандликка кўмаклашиш маркази директори Аслиддин Холбоевга депутатлик сўрови юборилди ва фуқаро У.Усмонов ўзи таълим олган Ховос транспорт касб-ҳунар коллежида ишлаб чиқариш таълими устаси лавозимида иш бошлади.
“Ховособод” маҳалласида яшовчи фуқаро Гулбаҳор Жумабоеванинг 2001 йилда туғилган ўғли 2-гуруҳ ногирони Умиджон Жумабоевни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш юзасидан қилган мурожаати Ховос туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Ҳайдар Акрамовга киритилган депутатлик сўрови орқали ҳал этилди. Тиббий хулосалар асосида кўрилган чоралар натижасида фуқаро Умиджон Жумабоев вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказининг неврология бўлимида стационар шароитда даволанди. “Пахтакор” маҳалласи аҳли билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида 19-умумтаълим мактаби директори Аброр Эгамназаров ҳамда маҳалла раиси Камолиддин Холбўтаев томонидан аҳолини ўйлантираётган муаммо қайд этилди. Яъни 19-умумтаълим мактаби биноси 1992 йилда қурилганлиги, бугунги кунда бинонинг том қисми яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги, айниқса, куз-қиш мавсумида ёғингарчилик оқибатида синф хоналарига сув ўтиб, хоналар захлаб кетиши, бу ҳолат таълим-тарбия жараёнига салбий таъсир кўрсатаётганини айтиб, бу борада амалий ёрдам сўрашди. Муаммо юзасидан вилоят халқ таълими бошқармасига депутатлик сўрови юборилди. Депутатлар фаоллиги туфайли мактаб биносининг том қисмини таъмирлаш учун керакли бўлган шифер ажратилди ва мактабда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 2007 йилдан буён “Сирдарё ИЭС” акциядорлик жамиятида фаолият юритиб келган Мавлуда Юлдашева 2017 йилдан ёлғиз она эканлиги, турмуш ўртоғи алимент тўловини ўз вақтида амалга оширмаётгани, иш ўрни қисқаргани сабабли 0,5 ставкада ишлаётгани, моддий жиҳатдан қийналиб қолгани хусусида мурожаат қилди. “Сирдарё ИЭС” АЖга халқ депутатлари Ховос туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи томонидан сўров юборилиб, фуқаронинг иш ставкаси 0,5 ставкадан тўлиқ ставкага ўтказилди.
Депутатлик гуруҳимизнинг ҳар бир аъзоси фаолиятида депутатлик сўровлари асосида қилинган ишларга доир мисолларни яна давом эттириш мумкин. Шунга қарамай, депутат ваколатлари доирасидан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, фаолиятимизга танқидий ёндашиш лозимлигини англаймиз. Хусусан, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан ҳудудий дастурлар ижросини бажариш юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, маҳаллий Кенгаш сессиялари муҳокамасига долзарб масалаларни киритишда сусткашликларга ҳам йўл қўйилаётганидан кўз юммаслигимиз керак.
Депутатлик гуруҳимизнинг яқинда ўтказилган йиғилишида шу каби камчиликлар ўртага ташланиб, зарур вазифалар белгилаб олинди. Партиянинг қуйи бўғинлари билан яқин алоқада амалий фаолиятимизни такомиллаштириш чораларини кўриш хусусида ҳам фикрлашиб олдик.
Ғойибназар РАЙИМНАЗАРОВ,
халқ депутатлари Ховос туман Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизнинг ҳар жабҳада ривожланиб бораётганлиги, яратилаётган шароитлар ҳамда имкониятлар кўламининг кенглиги бугун фуқаролар эркин ва фарово...
01 янв 1970
Сайлов ҳар бир фуқаро ўз конституциявий ҳуқуқини амалга оширувчи имконият ҳисобланади....
01 янв 1970
Партиявий ишларни тизимли равишда олиб бориш сиёсий кучнинг қуйи бўғинлари фаолиятини такомиллаштириш, ушбу таянч тузилмалар сони кўпайишига эришиш...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан давра суҳбати ўтказилди....