Парламент назорати амалий натижалар бермоқда

/
Шу кунларда мамлакатимиз парламенти аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлари республикамизнинг бир қатор туманларида бўлиб, маҳаллалар, корхона ва муассасаларда фуқаролар, ишчи-хизматчилар билан очиқ мулоқотлар ўтказиб, жойларда мавжуд масалаларни ўрганиб, муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратишмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг назорат-таҳлил тартибидаги мазкур ўрганишларида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг парламентдаги фракцияси аъзолари ҳам ишчи гуруҳлар таркибида фаол иш олиб бормоқда. Таъкидлаш жоизки, маҳаллий Кенгаш депутатлари, мутасадди ташкилот ва муассасалар масъул ходимлари иштирокида ўтказилаётган ушбу ўрганишлар бир қатор муаммоларга ўз жойида ечим топишга, давлат бошқаруви ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг масъулиятини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
АНДИЖОН. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг ҳудудларда бўлиб, мавжуд муаммоларни ўрганиш билан бирга уларни ҳал этилишига кўмаклашаётгани кўпчиликни қувонтирмоқда. Жумладан, уларнинг Андижон туманига ташрифи сайловчилар учун қулай имконият бўлди. Чунки бошқа жойларда бўлгани каби бу ҳудудда ҳам ечимини кутаётган муаммолар йўқ эмас.
Куйганёр шаҳарчасидаги “Ойжамол” МФЙда яратувчилик ва ободонлаштириш ишлари кенг қулоч ёзган бир вақтда маҳалла аҳли айрим масалаларда депутатлар кўмагини кутаётгани бор гап.
2017 йилнинг ноябръ ойида “Навбаҳор” кўчасидаги 1260 метр масофадаги йўл таъмирталаблиги, ёғингарчилик кунларида бу ҳолат, айниқса, кексалар ва болалар учун қийинчилик туғдираётгани юзасидан Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадаходжаевага мурожаат қилишган эди. Албатта, халқ вакили бу масалада тегишли ташкилотларга депутат сўрови билан чиқди.
Эрта баҳорда маҳалла фаоллари маслаҳатни бир жойга қўйиб, кўмак кутиш билан чекланмасдан йўлларни текислаш ва сув йўлларини таъмирлаш ишларини амалга оширдилар. Уларнинг бу саъй-ҳаракати депутат аралашуви натижасида “Йўлсоз” масъулияти чекланган жамияти томонидан қўллаб-қувватланди ва йўлга тош ётқизишга киришилди.
Парламент аъзоларининг куйганёрлик сайловчилар билан айни кунлардаги мулоқоти эзгу иш билан бошланди, яъни таъмирлаш режалаштирилган кўчаларни асфальтлашга киришилди. Умумий қиймати 223 миллион сўм бўлган ушбу лойиҳа тезкор равишда самарали якунланди. Бу борада депутат М.Дадаходжаева томонидан қатъий назорат ўрнатилгани ишнинг сифатли бажарилиши ва сайловчиларнинг қувончига сабаб бўлди.
— Бугунги мулоқотларда бир жиҳат алоҳида диққатга сазовор, — дейди М.Дадаходжаева. — Сайловчилар томонидан қилинаётган мурожаатларнинг аксарияти кўпчиликнинг манфаатига қаратилган. Бу айни вақтда биз депутатларнинг зиммасига ҳам масъулият юкламоқда.
М.Дадаходжаева учрашувларда қонунчилигимизга киритилган ўзгартишлар юзасидан суҳбатлар ўтказди, хонадонларда бўлиб, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганди. Тиббиёт ходимлари билан учрашув соҳадаги ўзгаришлар билан боғлиқ савол-жавобларга бой бўлди. “Ойжамол” МФЙдаги хонадонларга кириб борилгани эса қатор муаммоларнинг ечимига йўл очди.
Бир мисол. 1980 йилда туғилган фуқаро Абдулло Рустамов кўзи ожизлиги, кам таъминланганлиги сабаб шифокор кўригига ҳам боришга қийналаётганди. М.Дадаходжаеванинг аралашувидан сўнг А.Рустамовни даволаш чоралари кўрилмоқда. Бундан унинг оила аъзолари ҳам хурсанд.
БУХОРО. Жойларда муаммоларни ҳал этиш, фуқароларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда уларга амалий кўмак бериш депутатлар олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир. Парламент аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи Когон туманида бўлиб, маҳаллаларда, хонадонларда аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилишмоқда, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир қилинаётган ишлар, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини ўрганишмоқда.
Мулоқотлар чоғида Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраевга фуқаролар ички йўлларнинг носозлиги, ичимлик суви танқислиги, бандлик масалалари, минглаб аҳоли фарзандлари учун мактабгача таълим муассасасига эҳтиёж борлиги ҳақида мурожаат қилишди.
Тумандаги “Ўртакент” қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Бекмурод Холмуродов қишлоқдан ҳудуддаги мактабгача бўлган 500 метрлик масофада пиёдалар йўлакчаси қуриш зарурлигини баён қилди. “Хўжа Салмонпок” қишлоғида истиқомат қилувчи Саъдулла Бозоров эса “Арабхона”, “Хўжа Салмонпок”, “Яғлов” қишлоқларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг фарзандлари 3-умумтаълим мактабига қарийб 7 километр йўл босиб қатнаётганлигини айтиб, ўша қишлоқлар яқинида жойлашган “Сурхиён” қишлоғида мавжуд 4 йиллик мактабни 9 йиллик умумтаълим мактаби сифатида ташкил этиш масаласида мурожаат этишди.
“Боқи Мирзо” қишлоғида яшовчи фуқаро Қаюм Саъдуллаев туманда деҳқончилик билан шуғулланувчи фуқаролар учун алоҳида минерал ўғитлар сотилишига мўлжалланган шохобча қуриш борасида таклиф билдирди. Шунингдек, “Шейхлар”, “Боқи Мирзо”, “Хўжакент” қишлоқларида 40 йил мобайнида фойдаланилиб келинаётган трансформаторни янгисига алмаштириш зарур бўлса-да, бу ишга лоқайдлик билан қаралаётганлиги, электр энергияси ўчиб қолган ҳолатларда туман электр энергия таъминоти ташкилоти ходимлари фуқароларнинг мурожаатларига жавоб беришни хоҳламасликлари ҳақида шикоят қилишди. Депутат шикоят юзасидан мутасаддаи ташкилот ходимлари билан боғланиб, муаммони ҳал этишда кўмаклашди. Яъни 2018 йил якунигача ушбу ҳудудлар қатори “Ўртакент”, “Найманча” қишлоқларида ҳам 2 та янги трансформатор ўрнатиладиган бўлди.
“Шейхлар” қишлоғида яшовчи Фозил Раҳмоновнинг ичимлик суви масаласидаги мурожаати юзасидан депутат мутасадди ташкилот раҳбарлари билан телефон орқали фикрлашди. Маълум бўлишича, 2018 йилнинг охиригача қишлоқда ичимлик суви таъминоти яхшиланиши, 2019 йилда эса “Сиёспоён” МФЙ “Метробод” қишлоғидан “Тунироқ” МФЙ “Элобод” қишлоғигача жами 34 километр масофагача бўлган ҳудудлар аҳолиси ичимлик суви билан таъминланиши белгиланган.
“Дегрез” қишлоғидан фуқаро Собир Атақулов 700 метрлик табиий газ тармоғининг узиб қўйилганлиги, суюлтирилган газнинг эса ҳар 47-48 кунда етказиб берилаётганлиги юзасидан мурожаат қилар экан, депутат ташкилот ходимлари билан боғланган ҳолда ушбу масалага аниқлик киритди ва муаммо ҳал этилди.
“Хўжа Якшанба” қишлоғида истиқомат қилувчи, 2-гуруҳ ногирони Мунаввара Ҳидоятова коллежни битирган келини ишга жойлаша олмаётганини баён қилди. Депутат муаммони ҳудуддаги мактабгача таълим муассасаларини ўрганган ҳолда ҳал этишга ваъда берди.
Фуқаролар билан учрашувларда депутат ҳар бир муаммо юзасидан ўз таклифлари, фикрларини ҳам билдириб ўтди.
Шунингдек, Қ.Жўраев тумандаги 3-умумтаълим мактабидаги шарт-шароитлар билан танишди. Мулоқот чоғида мактаб биносини капитал таъмирлаш, иситиш тизимини яхшилаш хусусида сўз юритилди. Чет тиллари ўқитувчилари ҳар бир ўқув адабиётларини ўз махсус электрон диски билан биргаликда нашр этиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида таклиф билдиришди.
Ҳудудда жойлашган 7-мактабгача таълим муассасасидаги учрашувда таълим-тарбия сифати, кадрлар салоҳиятига эътибор қаратилди. 90 ўринга мўлжалланган ушбу боғчада ютуқлар қатори камчиликлар борлиги аён бўлди. Хусусан, жами 85 нафар тарбияланувчи атиги 2 та гуруҳда таълим-тарбия олишмоқда. Бу ҳолат таълим-тарбия жараёнига таъсир қилади. МТМ раҳбар ва ходимлари қўшимча гуруҳ ташкил этилишида амалий ёрдам сўрашди.
Депутат Қ.Жўраев жойларда ушбу ўрганишлар жараёнида аниқланган барча муаммоларнинг қонуний ечимлари юзасидан амалий ишлар қилинишини таъкидлади.
ҚАШҚАДАРЁ. Парламент аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи таркибида Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров иштирокидаги “Юксалиш”, “Жизза”, “Хўжаҳайрон”, “Касби”, “Оққамиш” маҳаллаларидаги учрашувлар фойдали мулоқотларга бой бўлди. Абдуғани Умировга 38-умумтаълим мактаби жамоаси ёш авлодга замон талаби даражасида таълим-тарбия беришда баъзи муаммолар борлигини маълум қилишди. Хусусан, ленолеумлар яроқсизлиги, иситиш тизими ишламаётгани, спорт зали таъмирталаблиги ва жиҳозларнинг етишмаслиги кўпчиликни ўйлантирмоқда. Шунингдек, таълим масканида инглиз тили ҳамда ўзбек тили ва адабиёти фанлари бўйича ўқитувчилар етишмаяпти. Спорт залини таъмирлаш ишларини тез кунларда амалга оширишда ёрдам кўрсатиш маҳаллий Кенгаш депутати Н.Худойбердиевга юклатилди. Шунингдек, А.Умиров мактабда жисмоний тарбия ва спорт ишларини шу кун талаби асосида йўлга қўйиш ва зарур анжомлар билан таъминлаш хусусида туман молия бўлими мутасаддилари билан фикрлашди.
Ўрганишлар давомида “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Мўъжиза” спорт мажмуаси, маданият саройи ва дорихона, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ҳам ишламай турганлиги аниқланди. 6-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси навбатчи шифокор ва ҳамшира, тез тиббий ёрдам бўлими эса телефон билан таъминланмаган. Маҳалладаги ижтимоий дорихонада дорилар рўйхати йўқ. Депутат туман ҳокимлиги, “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғини ва туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда кадастр бўлими мутасаддилари билан мазкур муаммолар ечими бўйича чоралар кўриш ҳақида келишиб олди.
“Жизза” маҳалла фуқаролар йиғинида қишлоқ врачлик пункти ишламай турибди. Бунинг сабаблари МФЙ котиби Исмат Ихлосовдан сўралганида у елка қисишдан нарига ўтолмади. “Касби” маҳалласидаги 33-умумтаълим мактабида ўқитувчилар билан мулоқот уюштирган депутат А.Умировга мактабда иситиш тизими издан чиққанлиги айтилди. Мактаб жорий таъмирлашга муҳтож, турли тадбирлар ўтказиш учун алоҳида зал йўқ. Кимё-биология фанларидан машғулотлар ўтказиш учун лаборатория жиҳозлари йўқ. 20-умумтаълим мактабида дарслар янги ва эски биноларда олиб борилмоқда, афсуски, янги бинода ҳам машғулотларни намунали ўтказишда хоналар кичик экани сезилмоқда. 24 ўқувчига мўлжаллаб барпо этилган синф хонасида болалар ҳар партада 3 нафардан ўтириб таълим олишаяпти. Мактабнинг янги биносида ошхона ва фаоллар зали барпо этилмаган. 3 нафар чет тили ўқитувчиси етишмайди.
“Оққамиш” маҳалла фуқаролар йиғинидаги мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилишга муҳтож. Фуқаролар йиғинида фаолият олиб бораётган профилактика инстпектори эса уй билан ҳанузгача таъминланмаган. Ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан парламент аъзолари туман ҳокимлиги, мактабгача таълим бўлими, туман молия бўлими ва туман ички ишлар бўлими масъуллари билан фикрлашди, ижро назоратга олинди.
ЖИЗЗАХ. Зарбдор туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш юзасидан ўтказилаётган ўрганишлар ҳам самарали бўлмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Тўлқин Абдусатторов, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, мутасадди ташкилот ва муассасалар вакиллари билан биргаликда тумандаги “Тараққиёт”, “Равот”, “Янги ҳаёт”, “Навоий” МФЙлари ҳамда “Лалмикор” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаролар билан учрашди.
“Лалмикор” ҚФЙга қарашли “Булоқбоши” қишлоғида истиқомат қилувчи кам таъминланган фуқаро Г.Ашақова уйини таъмирлаш учун шифер ва ёғоч олишда амалий ёрдам сўради. “Лалмикор” ҚФЙ раиси О.Ражабов шу мақсадда фуқарога моддий ёрдам кўрсатилишини маълум қилди. Шунингдек, фуқаро Ф.Ўрозалиев Зарбдор қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежини тамомлагандан сўнг иш топишда қийналаётганини баён қилди. Кўрилган амалий чоралар натижасида Ф.Ўрозалиев “Тараққиёт” ҚФЙ ҳудудидаги “AkfaPlast” цехига ишга жойлаштирилди.
“Янги ҳаёт” маҳалласида яшовчи фуқароларнинг ички йўллар таъмирталаблиги ҳақидаги мурожаати туман “Йўлқурилиш пудрат” корхонаси билан биргаликда ўрганилиб, мазкур маҳалладаги “ўаллакор”, ”Файзобод”, “Нурафшон” кўчаларини таъмирлаш туманнинг 2018 йил III чорагига мўлжалланган “йўл харитаси”га киритилди.
Фуқаролар “Нурафшон” ва “Файзобод” кўчаларидаги хонадонларда тоза ичимлик суви йўқлигини баён этишди. Туман “Сув-оқава” ДУК мутасадди вакиллари мазкур кўчаларга ичимлик суви қувурлари ҳали ётқизилмаганлиги, бу муаммони ҳал этиш бироз вақт талаб этишини маълум қилишди. Ушбу вазифа туманнинг жорий йил IV чоракка мўлжалланган “йўл харитаси”да белгилаб қўйилди.
Қайд этилган масалалар ечими, белгиланган вазифалар ижроси юзасидан депутат назорати ўрнатилди.
ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи Тошкент туманида ўрганишлар олиб бормоқда.
Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Людмила Кошелапова “Аҳиллик” маҳалласи аҳли билан бўлган мулоқотда ижтимоий шароитлар билан яқиндан танишди, фуқаролар билан суҳбатлашди. Уларга бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар берди.
— Бир неча йилдан буён иш тополмай қийналаётган эдим. Бу борадаги ҳаракатларим бесамар кетаётганди, — дейди мазкур маҳаллада яшовчи Шерзод Жўраев. — Депутат Людмила Кошелапова билан бўлган суҳбатдан сўнг тез фурсат ичида муаммоимга ижобий ечим топилди. Ҳозирда Келес шаҳрида жойлашган “ФРОГАМ ТИГАРЕТ” МЧЖга ишга жойлашиш учун ҳужжатларимни тақдим этдим. Бунинг учун депутатга раҳмат, дейман.
Шу билан бирга, депутат “ФРОГАМ ТИГАРЕТ” МЧЖ раҳбари Нодир Мирниғметов билан суҳбатлашиб, маҳалладаги яна бир неча фуқаролар бандлигини таъминлаш чораларини кўрди.
Ўрганиш давомида маҳалла аҳли чиқиндиларни олиб чиқиб кетишга мутасадди идора ходимлари етарлича эътибор бермаётганлиги ҳақида баён қилишди. Ушбу масала хусусида депутат тумандаги “Тоза ҳудуд” корхонаси раҳбари билан фикрлашгач, чиқинди ташувчи машиналар график асосида маҳаллага хизмат кўрсатиши белгиланди.
НАМАНГАН. Парламент аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи Учқўрғон туманида ўрганишлар олиб бормоқда. Ишчи гуруҳга халқ депутатлари туман ва вилоят Кенгашларидаги депутатлар ҳам кўмаклашмоқдалар.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов ишчи гуруҳ таркибида аҳоли билан мулоқотни “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинидан бошлади. 140 нафар кичкинтой тарбияланаётган 9-мактабгача таълим муассасасида бўлиб ўтган учрашувда боғча жамоаси айрим муаммолар борлигини айтишди. Гап муассаса биносини тубдан таъмирлаш ҳақида кетмоқда. Чунки ўттиз икки йил аввал қурилган бино ҳозирги пайтга келиб ҳам маънавий, ҳам жисмоний жиҳатдан эскирган. Мактабгача таълимга қўйилаётган замонавий талабларга жавоб бериш учун бинонинг ҳолати тубдан яхшиланиб, янги замонавий жиҳозлар келтирилиши зарур.
Аҳоли билан мулоқотларда ҳам бир қатор муаммолар мавжудлиги ҳақида сўз юритилди.
— Турмуш ўртоғим бир неча йилдан буён оғир бемор, 400 минг сўм пенсия олади, — деди “Ал-Фарғоний” кўчасидаги хонадонда яшовчи Шаҳзода Жўраева. — Уни вақти-вақти билан даволатиб туришимиз керак. Бироқ маблағ етишмовчилиги бунга имкон бермаяпти.
Ишчи гуруҳ аъзолари дарҳол телефон орқали вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан боғланиб, уларга масаланинг моҳияти тушунтирилди ва ҳолатни ўрганиб, ёрдам бериш юзасидан ваъда олинди.
Фуқаролардан Розия Абдуллаева ва Шаҳзода Жўраева эса уй-жой билан боғлиқ муаммога ишчи гуруҳ эътиборини қаратишди. Маълум бўлишича, ҳар икки оила кўп болали бўлгани боис муаммо ечимини кутмоқда. МФЙ раиси Муҳаббат Абдураҳмонова бу масалани назоратга олиб, туман ҳокимлигига мурожаат этиладиган бўлди. Шунингдек, “Чорвадор” кўчасидаги ичимлик суви муаммоси ҳам депутатлик назорати остига олиниб, тегишли мутасаддилар эътиборига ҳавола этилди.
Парламент аъзоларининг ҳудудлардаги ўрганишлари давом этмоқда. Мазкур ўрганишлар натижалари тегишли маҳаллий Кенгашлар сессияларида муҳокама этилади.
“Adolat” мухбири Дилором МАТКАРИМОВА тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мактабгача таълим муассасаларида болажонлар учун яратилаётган шароитлар уларнинг соғлом ва зийрак, билимдон бўлиб улғайишларида катта аҳамиятга эга...
01 янв 1970
Юртимизда кексаларни ардоқлаш ва ўтганларнинг хотирасини ёд этиш билан боғлиқ қадрият асрлар давомида аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келмоқда.&...
01 янв 1970
Қарши шаҳридаги “Маҳаллот” маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган тадб...
01 янв 1970
Жойларда қонун устуворлиги таъминланиши халқнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларнинг муносиб фаолият олиб бориши билан ҳам белгиланади....