Сарҳисоб: Фаолиятга танқидий ёндашув шахсий жавобгарликни кучайтиришни тақозо этмоқда

/
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар кенгашларининг навбатдаги пленумлари бўлиб ўтди. Мазкур анжуманларда ҳудудий партия ташкилотларининг 2017 йилги фаолияти танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан кўриб чиқилди ҳамда партия Сиёсий Кенгашининг шу йил 8 февраль кунги Пленумида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, жорий йилда амалга ошириладиган вазифалар муҳокама этилди.
СУРХОНДАРЁ. Термиз шаҳрида бўлиб ўтган Сурхондарё вилоят кенгашининг навбатдаги пленумида партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, вилоят кенгаши фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳамкор ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Йиғилишда вилоят партия кенгашининг 2017 йилдаги фаолияти ҳамда жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 2017 йилда партиямизнинг амалий ҳаракатлар Дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган лойиҳалар доирасида амалий ишларга эътибор қаратилди. Хусусан, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида вилоятдаги барча туман, шаҳар партия кенгашларида партия фаоллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, ҳар ҳафтанинг чоршанба куни маҳаллаларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилди.
Ҳисобот даврида 433 та маҳалладаги 6 минг 778 та хонадон ва 368 та хўжалик юритувчи субъектда ана шундай учрашув ва суҳбатлар ўтказилиб, учрашувлар чоғида аҳоли томонидан 1 минг 403 та мурожаат келиб тушди.
Мурожаатларда баён этилган масалалар юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилиб, сўровларнинг 221 таси ижобий ечим топди. Кўплаб мурожаатлар юзасидан фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Айрим масалалар бўйича ҳамкорликдаги ишлар давом этмоқда.
Маълумки, депутатлик бирлашмалари дастурий мақсадларимизни, партия ташаббусларини рўёбга чиқаришда, ҳудудларда мавжуд муаммоларга ечим топишда ҳал қилувчи куч саналади. Бунда, айниқса, тегишли маҳаллий Кенгаш сессияси, доимий комиссиялар муҳокамасига долзарб масалаларни олиб чиқиш алоҳида ўрин тутади. Хўш, бу борада депутатларимиз етарлича ташаббус кўрсатишдими? Шу маънода, партия депутатлари фаолиятида бир қатор амалий натижалар ҳамда камчиликлар борлигига эътибор бериш зарур. Халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашлари сессияларига депутатлик гуруҳларимиз жами 13 та масала киритганлиги қаноатланарли эмас, албатта. Афсуски, уларга бу борада халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳимиз ибрат кўрсатиши лозим бўлгани ҳолда мазкур депутатлик бирлашмаси томонидан йил давомида сессияга бирор масала киритилмаганлиги жиддий камчилик ҳисобланади. Жарқўрғонлик депутатларимиз сессияга 4 та масала киритишга эришган, ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар асосида Термиз шаҳри, Узун, Олтинсой туманларидаги депутатлик гуруҳларимиз 2 тадан, Сариосиё, деновлик депутатлар биттадан сессиялар мажлисларига масала олиб чиқишди ва тегишли қарорлар амалиётга йўналтирилди. Бойсун, Қизириқ, Шўрчи, Термиз туманидаги партия депутатлари бу борада халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партиядошларимиздан “ибрат” олганлиги афсусланарли ҳол, албатта.
Муҳокама учун сўзга чиққан иштирокчилар ҳам маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар фаолиятида самарали саъй-ҳаракатлар сезилмаётганини қайд этишди. Бойсун туман партия кенгаши раиси Тоҳир Имомқулов бу каби масъулиятсизлик, беписандлик билан ёндашгани учун халқ депутатлари туман Кенгашидан 2 нафар депутат муддатидан олдин чақириб олинганини таъкидлади.
Негаки, депутатларнинг масъулиятсизлиги ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир дастурлар ижроси таъминланиши, тараққиёт кўрсаткичларига ўз салбий таъсирини кўрсатади.
Пленум иштирокчилари вилоят партия кенгаши тизимида 2017 йилда йўл қўйилган хато ва камчиликлардан хулоса чиқарган ҳолда, 2018 йилда амалга ошириладиган вазифаларни атрофлича муҳокама қилишди.
Анжуманда партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров иштирок этди ва сўзга чиқди.
— Соғлиқни сақлаш ва халқ таълими тизимида кечаётган ислоҳотларни мунтазам ўрганиб бориш, назорат қилиш сиёсий партиямиз зиммасидаги муҳим вазифа эканидан барчангиз хабардорсиз, — деди Н.Умаров. — Вилоятдаги партия ташкилотлари ва депутатларнинг бу борадаги фаолиятини қониқарли, деб бўлмайди. Партиямизнинг бир қатор лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳам бугунги кун талабига жавоб бермаяпти. Буларнинг барчаси фаолиятга тубдан танқидий қараб, аниқ чора-тадбирлар кўришни тақозо этади.
Пленумда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, аниқ вазифалар белгилаб олинди.
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН. Нукус шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Унда кенгаш аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, шаҳар ва туман партия кенгашлари раислари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, фаоллар, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Анжуманда партиянинг Қорақалпоғистон ҳудудий кенгаши ва шаҳар, туман кенгашлари томонидан 2017 йилда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан кўриб чиқилиб, 2018 йилдаги фаолиятнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Ерназар Кунназаров таъкидлаганидек, 2017 йилда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва унинг асосида тасдиқланган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури, партия сайловолди дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, партиямизнинг Қорақалпоғистон ҳудудий кенгаши ўз фаолиятини аниқ мақсадларга йўналтирди.
Ҳудудда шаҳар ва туман маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлари томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларига 13 та, доимий комиссиялари муҳокамасига 20 та масала киритилиб, аниқ вазифалар ўрин олган қарорлар қабул қилинди.
Хусусан, халқ депутатлари Амударё, Кегейли, Тахтакўпир, Қанликўл, Қораўзак туман Кенгашларига партиямизнинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида сессияларга 3 та, доимий комиссиялар йиғилишига 8 та, “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида сессияларга 6 та, доимий комиссиялар мажлисларига 6 та, “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида сессияга 3 та, доимий комиссияларга 4 та масала киритилиб, қабул қилинган қарорлар ижроси устидан депутатлар назорати ўрнатилди.
Бироқ айрим лойиҳалар доирасида ўрганиш ишлари тўғри ташкил этилган бўлса-да, уларни маҳаллий Кенгашлар сессиялари ва тегишли доимий комиссиялар муҳокамасига киритишда сусткашликка йўл қўйилганини ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди. Жумладан, “Жамоатчилик назорати — қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида доимий комиссия мажлисига 1 та, “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида эса депутатларимиз ташаббуси билан сессия ва доимий комиссия мажлисларига биттадан масала киритишга эришилган, холос.
Анжуманда қайд этилганидек, ўтган йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан сессияларга 2 та, қўмита мажлисларига 2 та масала киритилди.
— Депутатлик гуруҳимиз томонидан ўтган йил давомида мутасадди ташкилотларга фуқаролар мурожатларини ҳал этиш тартибида 49 та ва қонунлар ижросини таъминлаш ва назорат қилиш тартибида 14 та депутатлик сўровлари юборилди, — деди партия депутатлик гуруҳи аъзоси Нурлибек Мирзамуратов. — Депутатлик сўровлари натижаларини таҳлил қиладиган бўлсак, аксарият муаммоларнинг ижобий ҳал этилишига эришилган. Масалан, Беруний туманида яшовчи фуқаро Ҳалима Матсапаеванинг “Навоий” ва “Саркоп” овул фуқаролар йиғинидан Беруний қурилиш ва транспорт коллежига қатнаб ўқийдиган ўқувчилар учун автобус қатновини йўлга қўйишга доир мурожаати асосида Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бўлимига депутатлик сўрови киритилгач, масала ижобий ечим топди, айни пайтда ушбу йўналишда автобус қатнамоқда.
Пленумда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон ҳудудий кенгашининг 2018 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланиб, муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлари қабул қилинди.
СИРДАРЁ. Гулистон шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят кенгашининг навбатдаги пленуми ҳам ўз-ўзини танқид руҳида ўтди. Унда партия фаоллари, депутатлари, экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Анжуманда қайд этилганидек, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида партиянинг барча тузилмалари, депутатлар аҳолининг барча қатламлари билан бевосита мулоқот қилишнинг янги механизмларидан унумли фойдаланишга эътибор қаратишди. Юртимизда фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортиб бораётганини назарда тутсак, юзаки учрашувлар, қуруқ тадбирлар уларни қизиқтирмаслиги, одамлар биздан аниқ амалий ишларни кутаётганини англаш қийин эмас. Шунингдек, депутатлар берган ваъдаларини бажариши, доим халқ билан ҳамнафас бўлиш, одамларни рози қилиш орқалигина уларнинг депутатга ва пировардида партия ишончини мустаҳкамлаш имконига эга.
— Жумладан, “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида туман, шаҳар кенгашларида партия фаоллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари томонидан ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари маҳаллалар аҳли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилди, — деди вилоят партия кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева. — Ҳисобот даврида вилоят бўйича 222 та маҳалладаги 6730 та хонадонга ташриф буюрилди. Ушбу учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан 872 та мурожаат келиб тушди. Аксариятида электр энергияси, газ, ичимлик суви таъминоти, ички йўлларни таъмирлаш, бандлик, уй-жой ва бошқа ижтимоий масалалар акс этган мазкур мурожаатлар юзасидан мутасадди ташкилотларга 236 та депутатлик сўровлари юборилиб, ўтган давр мобайнида 200 дан ортиқ муаммолар ҳал этилишига эришилди. Айрим мурожааатлар бўйича фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Ҳисобот даврида вилоят бўйича “Адолат қабулхоналари”га фуқаролар ва юридик шахслардан жами 69 та мурожаат келган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 52 таси ижобий ҳал этилди. 14 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Қолганлари юзасидан депутатлар ҳамкорликда иш олиб боришмоқда. Аммо Оқолтин ва Сардоба туманларида “Адолат қабулхоналари”га атиги 1 нафардан фуқаро мурожаат қилгани мазкур қабулхоналар ҳақида аҳоли деярли хабардор этилмаганидан далолат беради.
Вилоятда “Ёш адолатчилар” қаноти фаолиятини ҳам қониқарли, деб бўлмайди. Ўтган йил давомида жойларда “Ёш адолатчилар” қаноти атиги 41 та тарғибот тадбири ўтказганини қандай изоҳлаш мумкин?
Анжуманда жорий йилда туман ва шаҳар партия кенгашлари, БПТлар уюшмаган ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор беришлари зурурлиги таъкидланди.
Муҳокамаларда сўзга чиққан фаоллар мавжуд камчиликлардан хулоса чиқариш, партия ходимларининг масъулияти ва шахсий жавобгарлигини кучайтириш, ҳар бир сафдошимиз фаоллигини оширишга доир фикр ва таклифларини баён этишди.
Анжуманда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов иштирок этди ва сўзга чиқди.
ТОШКЕНТ ШАҲАР. Ўзбекистон "Адолат" СДП Тошкент шаҳар кенгашининг навбатдаги пленумида таҳлил ва хулосалардан келиб чиқиб, фаолиятни бугунги кун талаблари асосида кучайтириш ва демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнида шаҳар партия кенгаши олдида турган долзарб вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
— 2017 йилда ҳудудда партиянинг аҳоли орасига кириб бориши, халқ билан бевосита мулоқот ўрнатиши ва тарғибот-ташвиқот тадбирларида қарийб 400 мингдан ортиқ иштирокчи қамраб олинди, бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 2,5 мартага ошди, — деди шаҳар партия кенгаши раиси Равшан Толибов. — Хусусан, партиямизнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида белгиланган вазифалари ижросига қаратилган "Адолат — қонун устуворлигида" лойиҳаси доирасида пойтахтимиздаги ташкилотларимизда тузилган партия фаоллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари маҳаллаларда фуқаролар билан юзма-юз мулоқотлар қилишди. "Тозалик йўлида бирлашайлик" лойиҳаси доирасида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда жамоатчилик назорати тартибида шаҳар кўчалари ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш, юрт ободлиги йўлида аҳолини бирлаштириш ҳамда ёшлар тарбиясида тиббий, экологик маданиятни шакллантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.
Фаолиятимизда ижобий натижалар билан бирга шаҳар партия ташкилоти ҳали мавжуд имкониятлардан тўлалигича фойдалана олмаганини айтиш жоиз.
Халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари ўтган йил давомида аҳолининг мурожаатлари асосида масъул ташкилотларга депутатлик сўрови киритиш ваколатидан унумли фойдаланган бўлса-да, маҳаллий Кенгаш сессиясига атиги битта масала киритганлиги депутатларимизда ташаббускорлик етишмаганини кўрсатади
Пленумда 2017 йил 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига ўтказилган сайловда партиямиздан пойтахт туманлари маҳаллий Кенгашларига атиги 37 нафар депутат сайланишига эришилганлиги партия тузилмалари сайлов кампаниясида аҳоли билан етарлича мулоқот олиб бормаганлиги, тарғибот-ташвиқот ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги натижаси сифатида танқидий баҳоланди.
Айрим ҳудудларда аҳоли ўртасида ўтказилган тадбирлар сони ва сифати талаб даражасида эмаслиги аён бўлмоқда. Хусусан, Мирзо Улуғбек, Бектемир, "Ёшлик" талабалар шаҳарчаси, Яшнобод, Сергели туман кенгашларининг бу борадаги фаолияти қониқарли эмас.
Натижада Мирзо Улуғбек туман ва "Ёшлик" талабалар шаҳарчасида бошланғич партия ташкилотлари сони ва аъзолар сафини кенгайтириш, уларнинг имкониятидан фойдаланиб қилинадиган партиявий ишларда сусткашликларга йўл қўйилди.
Анжуманда бу каби хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, тизимда кадрлар салоҳиятини ошириш, партия ходимларининг масъулиятини кучайтириш ҳақида сўз юритилди ҳамда ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Пленумда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция депутатлари, парт...
01 янв 1970
Шу кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий кенгашларининг навбатдаги пленумлари бўлиб ўтмоқда. ...
01 янв 1970
2017 йил – Халқ билан мулоқотва инсон манфаатлари йили
01 янв 1970
Ўрганишларда аниқланган ҳар бир муаммонинг ечим топиши одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилади. Шу мақсадда халқ депутатлари Бухоро ша...