“Адолат” СДП Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида

/
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги Пленуми бўлиб ўтди. Унда партия Сиёсий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, ҳудудий партия кенгашлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, партия экспертлари, фаоллар, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Анжуманда партиянинг барча даражадаги тузилмалари ва депутатлик корпусининг 2017 йилда амалга оширган ишлари, эришилган ютуқлар баробарида йўл қўйилган камчиликлар танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан кўриб чиқилиб, 2018 йилдаги фаолиятнинг асосий йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди.
— 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинганлиги ва унинг асосида тасдиқланган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури мамлакатимиз тарихида туб бурилиш ясади, — деди ҳисобот маърузасида партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров. — Бунда «Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун», «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган эзгу ғоялар Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида кўзда тутилган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишнинг асосини ташкил қилди.
Ўзбекистон “Адолат” cоциал-демократик партияси ҳам ўтган йилда ўз фаолиятини ушбу тамойиллар асосида олиб борди. Ҳисобот даврида партия Давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, электорат ва аҳолининг кенг қатлами билан мулоқот қилишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этди. Хусусан, йил бошида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида партия тизимида “Адолат қабулхоналари” ташкил қилинди. Партия расмий веб-сайтида Виртуал қабулхона ишга тушди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлда парламент ва сиёсий партиялар вакиллари билан учрашувидаги маърузасида белгилаб берилган устувор йўналишлар партия фаолиятига замонавий ёндашув ва янги мазмун олиб кирди. Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП ўз фаолияти ва дастурий вазифаларини танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиб, ижрога йўналтирди.
Ҳисобот даврида партия тизимидаги “Адолат қабулхоналари”га фуқаролар ва юридик шахслардан жами 1 минг 719 та мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 1 минг 189 таси партия депутатлик гуруҳлари ва партия фаоллари томонидан тегишли ижро органларига сўровлар чиқариш орқали ҳал этилган бўлса, 314 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Мурожаатларнинг 216 таси ҳозирда ижро жараёнида бўлиб, улар устидан депутатлик назорати ўрнатилган.
Ҳисобот даврида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш, илм-фан, таълим-тарбия соҳаларига эътибор қаратиш ҳамда ёш олимлар билан учрашиш, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва ечиш бўйича партия томонидан амалий чоралар кўрилди, Жумладан, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликлари, Фанлар академияси, Фан ва технологиялар агентлиги билан ўзаро ҳамкорлик Меморандумлари қабул қилиниб, улар доирасида бир қатор ишлар қилинди.
Партиявий лойиҳалар ижроси жараёнида партиянинг аҳоли орасига кириб бориши, халқ билан бевосита мулоқот ўрнатиши таъминланди ва тарғибот-ташвиқот тадбирларида қарийб уч миллион иштирокчи қамраб олинди. Хусусан, “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида партиянинг барча туман, шаҳар кенгашларида партия фаоллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари мунтазам равишда маҳаллаларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар қилинди.
Республика бўйича 5 минг 972 та маҳалладаги 116 минг 898 та хонадон ва 5 минг 673 та хўжалик юритувчи субъектда ана шундай очиқ мулоқотлар ўтказилди. Учрашувларда аҳоли томонидан билдирилган 15 минг 737 та мурожаат асосида мутасадди ташкилотларга 3 минг 676 та депутатлик сўрови юборилиб, 2140 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 12 минг 916 та мурожаат жойида ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали ҳал этилди. Аммо бу борадаги ишларимиз барча худудларда самарали ташкил этилди, деб айта олмаймиз.
Хусусан, Сирдарё вилояти ва Тошкент шаҳар партия кенгашларининг бу йўналишдаги фаолиятини қониқарли, деб бўлмайди, улар ҳудуддаги барча маҳаллаларни қамраб ололмадилар.
“Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, тиббий хизматнинг аҳволи, дори-дармонлар билан таъминланганлиги, манту синамасининг ўтказилиши ва тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатлари республика бўйича мавжуд боғчалардан 851 тасида ҳамда умумтаълим мактабларидан 1647 тасида жамоатчилик назорати тартибида ўрганилди. Ўрганилган мактаблардан 418 таси ва боғчалардан 35 тасида тиббиёт хоналари мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Шунингдек, 811 та мактабдаги ва 56 та боғчадаги тиббиёт хоналарида дори воситалари, 916 та мактабда ва 583 та боғчада тиббиёт анжомлари йўқлиги, 546 та умумтаълим мактабида ўқувчилар сони, 602 та боғчада тарбияланувчилар сони санитария-гигиена талаблари меъёридан ошганлиги аниқланди. Жойлардаги 364 та мактаб ва 118 та боғча тоза ичимлик суви билан таъминланмаганлиги қайд этилди.
Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида 2 та вилоят, 40 та туман ва шаҳар Кенгашлари сессиялари муҳокамасига масала киритилиб, қабул қилинган қарорлар ижроси депутатлар назоратига олинди.
“Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари юзасидан республикамиздаги давлат, нодавлат ва идоравий архивлар фаолияти жамоатчилик назорати тартибида ўрганилди. Натижада мутасадди ташкилотларга жами 528 та депутатлик сўрови киритилди, 5 та вилоят, 37 та туман (шаҳар) Кенгаши сессияларига ва 38 та доимий комиссиялар муҳокамасига масалалар киритилди.
Партиянинг дастурий вазифаларини амалга ошириш мақсадида 2017 йил мобайнида партия ташаббусига кўра ҳамкор ташкилотлар билан амалга оширилган ишлар кўлами кенгаймоқда. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда марказда ва ҳудудларда соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги ва “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган тадбирлар ташкил этилди. Шунингдек, Фан ва технологиялар агентлиги билан ҳамкорликда марказдаги ва ҳудудлардаги 20 га яқин олий ўқув юртларида “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбатлари бўлиб ўтди. Уларда партия экспертлари томонидан берилган таклифлар асосида илмий ва инновацион фаолиятни алоҳида қонунлар билан тартибга солиш ғояси илгари сурилиб, натижада “Инновацион фаолият тўғрисида” ва “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди ва 2018 йил Давлат дастурига киритилишига эришилди.
Фанлар академияси ва республикамиздаги 20 дан ортиқ олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ёш олимлар билан учрашувлар ташкил қилинди. Мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ёш олимларга амалий ёрдам кўрсатиш, уларнинг инновацион ғояларини амалиётга жорий этишда учраётган муаммо ва тўсиқларни аниқлаш, соҳага доир қонунчиликдаги бўшлиқларни ўрганиш бўйича 100 дан ортиқ таклифлар ишлаб чиқилди.
2017 йилда партиянинг ёшлар билан ишлашга доир фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, аниқ вазифалар белгиланди. Шу асосда ҳудудлардаги ёшлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари, ички ишлар органлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий Кенгашлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, улар иштирокида ёшлар билан иш олиб борилди. Хусусан, партиянинг Жиззах, Самарқанд, Навоий вилоят кенгашлари томонидан маҳаллалар кесимида ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган, турли сабабларга кўра чет элга чиқиб кетган ёшларнинг муаммолари ўрганилди. Бундай ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан фаоллар суҳбатлашдилар.
Амалий ишлар натижасида Жиззах вилоятида 1396 нафар уюшмаган ёшлар иш билан таъминланди, чет элдаги 1537 нафар ёшлар юртимизга қайтарилди, 8205 нафар ёшларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Самарқанд вилоятида 2159 нафар уюшмаган ёшлар бандлиги таъминланди, 346 нафар чет элдаги ёшлар ўз уйларига қайтарилди. Навоий вилоятида 21 нафар уюшмаган ёшлар ишга жойлаштирилди, 12 нафар хориждаги ёшлар ўз уйларига қайтарилди, 156 нафар ёшларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Навоий вилоятида партия депутатлари томонидан уюшмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида халқ депутатлари Навоий шаҳар ва Кармана туман Кенгашлари сессияларига масалалар киритилди ва зарур қарорлар қабул қилинди.
Сайловолди дастуримизда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва сайловчиларга берилган ваъдаларни бажаришда, шубҳасиз, вакиллик органларидаги депутатлик корпуси партиянинг асосий кучи саналади.
Йил давомида депутатлик гуруҳларимиз томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларига 15 та, туман, шаҳар Кенгашлари сессияларига эса 107 та масала киритилишига эришилди.
Партиянинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари томонидан йил мобайнида аҳолидан, сайловчилардан келиб тушган мурожаатлар асосида мутасадди ташкилотларга 3500 дан ортиқ депутатлик сўровлари чиқарилди. Бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 1,5 баробар кўпдир.
Шунга қарамай, 2017 йил давомида партиянинг баъзи вилоят ва туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари сессиялар ва доимий комиссияларга бирорта масала ёки таклиф кирита олмаганлиги Пленумда кескин танқид қилинди. Шу билан бирга, аксарият ҳолларда ҳудудларда тегишли масалалар юзасидан мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш ёки депутатлик сўровлари чиқаришдаги фаолиятимиз ҳам етарли даражада эмаслиги афсусланарли ҳол саналади.
Таъкидланганидек, 2017 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари 15 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлдилар. Шунингдек, 2 та алоҳида қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди ва қабул қилинди.
Парламентдаги мухолиф сифатида фракция ташаббуси билан Ҳукумат томонидан тақдим этилган қонун лойиҳасининг муқобил таҳрири сифатида ишлаб чиқилиб, қуйи палата муҳокамасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 338-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси қабул қилинишига эришилди.
Назорат-таҳлил фаолияти доирасида партия фракцияси ташаббуси билан Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳамда халқ таълими вазирининг “Мамлакатимизни барқарор ривожлантириш ва модернизация қилиш шароитларида кадрлар тайёрлашнинг жорий ҳолатини таҳлил этиш, шу жумладан, 11 йиллик таълимни жорий этиш, касб-ҳунар коллежларида таълимни ислоҳ қилиш, борасидаги долзарб муаммолар тўғрисида”ги қўмита эшитуви ташкил этилди.
Шу билан бирга, ўтган йилда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, биринчи навбатда, ҚВПлар, оилавий поликлиникалардаги ўзгариш ва янгиликларнинг ҳаётга татбиқ этилиши партия депутатлик корпуси томонидан назоратга олинди. Хусусан, жойлардаги тиббиёт муассасаларининг фаолиятини самарали ташкил этишда тўсиқ бўлаётган муаммолар, шу жумладан, тор соҳа шифокорларнинг ва дори-дармонларнинг етишмаслиги, моддий-техника базасининг талаб даражасида эмаслиги ҳамда тез тиббий ёрдам хизматидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни ички имкониятлардан келиб чиқиб ҳал этишда ҳамда тиббиёт муассасаларининг биноларини таъмирлаш ишларини ташкил этишда амалий кўмак берилди.
Албатта, ўтган йилда партия фракцияси фаолиятида айрим камчиликларга йўл қўйилганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Хусусан, Президентимизнинг бир қатор маърузаларида ҳамда фармонларида суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида мавжуд камчиликлар қайд этилиб, зарур ислоҳотлар белгилаб берилганига қарамай, депутатлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта таҳлил қилинганда, ушбу камчиликлар аниқланмаган ва қонун ижодкорлиги бўйича таклифлар берилмаган. Қолаверса, депутатларнинг қонун ташаббускорлиги йўналишида тайёрланган қонун лойиҳаларини охирига етказиш ва Қонунчилик палатасига киритишга етарли эътибор қаратилмади.
Ҳудудларга чиқишлар давомида аниқланган камчиликларнинг барчасини ҳам тизимли ҳал этиш бўйича ишлар якунига етказилмай қолмоқда. Бу йўналишда фракциямиз аъзолари парламент сўрови ва депутатлар сўрови каби институтлардан ҳам унумли фойдаланди, деб айта олмаймиз. Келгусидаги фаолиятимизда ушбу камчиликлардан тегишли хулоса чиқариш зарурдир.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов партиямизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар Дастурининг ижроси ҳақида танқидий-таҳлилий ёндашув асосида сўз юритди.
— Амалий ҳаракатлар дастурининг “Иқтисодиётнинг барқарор суръатларда ривожланиши — аҳоли турмуш фаровонлиги ўсишининг кафолати” йўналиши бўйича “Инновацион фаолият — тараққиёт гарови”, “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси”, “Тозалик йўлида бирлашайлик!”, “Жамоатчилик назорати — қонун устуворлигининг гарови” лойиҳалари амалиётга татбиқ этиб келинмоқда, — деди А.Раҳмонов. — Республикамиз ҳудудларидаги ички йўлларни янгилаш ҳамда таъмирлаш масаласини ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига босқичма-босқич киритиб бориш мақсадида ишлаб чиқилган “Жамоатчилик назорати — қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида партиянинг ҳудудий ва маҳаллий ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик корпуслари ҳамкорлигида “Йўлларни асрайлик” мавзусида давра суҳбатлари ўтказилиб, жойларда мавжуд муаммолар аниқланди. Ушбу лойиҳа доирасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида соҳага дахлдор масъул шахсларнинг эшитувлари ташкил этилиб, сессиялар муҳокамасига масалалар киритилмоқда. Жумладан, ўтган давр мобайнидаги ўрганишлар натижасида ушбу соҳага доир масалалар юзасидан тегишли ташкилотларга 747 та депутатлик сўровлари киритилиб, маҳаллалардаги бир қатор ички йўллар таъмирланди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссиялар йиғилишлари муҳокамасига 24 та, сессияларга 5 та масала киритилиб, бу борада тегишли қарорлар қабул қилинди.
“Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида жойлардаги ишчи гуруҳлари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда шаҳар ва қишлоқларимиз кўчалари ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш, юрт ободлиги йўлида аҳолини бирлаштириш ҳамда ёшлар тарбиясида тиббий маданиятни шакллантиришга қаратилган туркум тадбирлар ҳамда кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Дастурга мувофиқ, аҳоли учун, биринчи навбатда, ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш бўйича олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг қизиқиш ва қобилиятини инобатга олган ҳолда маълум соҳаларда касбга йўналтириш ҳамда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагидаги битирувчиларга банк кредитларини олишда кўмаклашиш мақсадида ўтган даврда партия томонидан Марказий банк, “Асака” банк АТБ, “Микрокредитбанк” АТБ ва “Туронбанк” АТБ билан ҳамкорликда “Хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлашда сиёсий партиялар ва тижорат банклари ҳамкорлиги истиқболлари” мавзусида учрашувлар ўтказилиб, ўз бизнесини йўлга қўйишни истаган 600 нафарга яқин коллеж битирувчилари ҳамда хотин-қизларга 2 миллиард сўмга яқин миқдорда имтиёзли банк кредитлари олишларига амалий ёрдам берилди.
Хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги мақомини янада ошириш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқарувида ижтимоий-сиёсий жараёнларга фаол жалб этиш мақсадида Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Оила” илмий-амалий маркази, бир қатор жамоат фондлари, “Олима” аёллар ушмаси, Республика репродуктив саломатлик маркази билан ҳамкорликда ўтган давр мобайнида юзлаб тарғибот тадбирлари ўтказилди. “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли”, “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловлари ҳамда ёшлар ва хотин-қизларни сиёсий-ҳуқуқий билимлари ва тиббий маданиятини оширишга қаратилган туркум семинар-тренинглар, онлайн видеоконференциялар, танловлар ташкил этилди.
Амалий ҳаракатлар Дастуримизда кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш жараёнида камчиликларга йўл қўйилаётгани ҳам таҳлилларда аён бўлмоқда. Дастурий вазифаларимиз ижроси доирасида доимий комиссиялар ва сессиялар кун тартибига масала киритишда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик корпусларимизнинг барчаси бирдек фаол эмаслиги сезилиб қолмоқда. Айниқса, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этишда айрим депутатларимиз етарлича ташаббус кўрсатмаяпти.
Мазкур ҳаракатлар Дастуридаги вазифаларни бажаришда янгича усуллардан фойдаланиш борасида партиянинг қуйи бўғинларидан ҳеч қандай таклиф ва ташаббуслар чиқмаганлиги ачинарли ҳолдир. Янгича ташаббус ва ғояларни марказдан кутиб, ҳудудий ва маҳаллий Кенгашларнинг фақатгина ижрочи сифатида қолаётганлиги ҳам партиямизнинг ривожига сезиларли равишда салбий таъсир кўрсатади.
Шиддат билан ривожланаётган даврда ўз фаолиятимизни, дастурларимизни қайтадан кўриб чиқиб, янги вазифаларни белгилаб олиш долзарб масала саналади. А.Раҳмонов ана шу мақсадда партия сайловолди дастурини амалга ошириш юзасидан 2018-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар Дастурининг лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги ва Пленум муҳокамасига қўйилганини таъкидлади.
Мажлисда жорий йилда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси, партия ташкилотлари ва депутатлар олдида турган долзарб вазифалар атрофлича кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури асосида фракция томонидан 2018 йилга мўлжалланган алоҳида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Унда соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, хусусан, партия ташаббуси билан кўп йиллик тажриба ва изланишлар асосида ишлаб чиқилган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва “Фан тўғрисида”га қонун лойиҳаларини Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда тезроқ такомилига етказиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш вазифаси белгиланган.
Жорий йилда партия фракцияси ташаббуси билан адвокатларнинг консалтинг хизмати кўрсатиш борасидаги фаолиятини кенгайтиришга қаратилган “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, Пленумда партиянинг барча даражадаги бўғинлари ва депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликда 2018 йилда бир қатор лойиҳаларимиз доирасида болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ҳолатини, умумтаълим мактабларида 11 йиллик таълимнинг ташкил этилиши ҳолати ва ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиши, дарсликларнинг сифати, педагог кадрлар билан таъминланиш даражасини, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизимидаги муаммолар ҳамда дорихоналар фаолиятини ҳамда олий таълим муассасаларида илмий изланишлар олиб бораётган ёш олимлар фаолиятидаги муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш каби масалаларга партия доимий эътибор қаратиши таъкидланди.
Анжуманда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижросида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг иштироки масаласи ҳам атрофлича муҳокама этилиб, ушбу мақсадда партиянинг барча тузилмалари, депутатлик гуруҳлари ва фаолларининг куч ва имкониятларини сафарбар қилишга доир таклифлар илгари сурилди.
Пленум якунида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг 2018 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланди. Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан партия Сиёсий Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Дилором МАТКАРИМОВА,
“Adolat” мухбири

Сўз — Пленум иштирокчиларига
Ерназар КУННАЗАРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси:
— Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 июлда ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси барчамизга, шу жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон ҳудудий кенгаши олдига ҳам юксак масъулиятли вазифаларни белгилаб берди.
Тан олиб айтиш керак, ҳисобот йилида партиявий лойиҳаларимиз доирасида ўрганиш ишлари анча самарали ташкил этилган бўлса-да, уларни маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари ва сессиялари кун тартибига киритишда етарлича фаоллик кўрсата олмадик.
Биргина мисол. Қорақалпоғистонда ўтган йил давомида партиямиз шаҳар ва туман кенгашлари томонидан “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида жами 65 та мактабгача таълим муассасалари ҳамда 130 та умумтаълим мактабларида тиббий хизмат ҳолати ўрганилган бўлса-да, уларда аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этишда доимий комиссия йиғилишларига 8 та, маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига атиги 3 та масала киритишга эришилди, холос.
Партия лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган ишларимизни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишда ҳам эътиборсизликка йўл қўйилди.
Эндиликда бу каби салбий ҳолатлардан тўғри хулоса чиқариб, фаолиятимизни тубдан ўзгартиришимиз, янгича ёндашувлар ва жиддий талабчанлик руҳида ишлашимиз зарур.
Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— 2017 йилда парламент аъзолари томонидан ҳудудларни комплекс ўрганиш ҳамда халқ билан мулоқот қилиш бўйича жорий қилинган янги тизим жойлардаги ҳақиқий аҳвол билан танишиш, мавжуд муаммоларни жойида бартараф этишда яхши самара берди. Ушбу жараёнда фракциямиз аъзолари асосан ижтимоий соҳага, яъни соғлиқни сақлаш, таълим тизимидаги масалаларга асосий эътибор қаратишди ва қатор камчиликлар аниқланди.
Жумладан, аҳоли билан ўтказилган бевосита мулоқотлар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳолати масалаларини ўрганиш давомида ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмларнинг белгиланган нархларига айрим ҳолатларда риоя этилмасдан ўз нархидан юқорироқ нархларда сотиш ҳолатлари мавжудлиги кузатилмоқда. Бундай ҳолатни республикамизнинг деярли барча вилоятларида фаолият кўрсатаётган дорихоналар мисолида кузатиш мумкин.
Шундан келиб чиққан ҳолда, фракциямизнинг 2018 йилга мўлжалланган иш режасида соғлиқни сақлаш вазирининг ушбу масала юзасидан эшитувини ташкил этишни режалаштирганмиз. Шу мақсадда энг аввало, ҳудудий партия ташкилотлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида барча вилоятларда соҳадаги муаммо ва камчиликларни ўрганиб, мутасаддилар олдига аниқ масалалар қўйиш орқали ушбу йўналишдаги муаммолар самарали ҳал этилишига эришамиз.
Шунингдек, жорий йилда жойлардаги бирламчи тиббий-санитария ҳолатини, чекка-чекка ҳудудларда патронаж хизмати сифатини, бирламчи тиббий муассасаларнинг кадрлар билан таъминланиши ва уларга ажратилган штат бирликларининг меъёрларга қанчалик мослиги каби масалалар ҳам диққат марказимизда бўлади.
Албатта, маҳаллий Кенгаш депутати ва Қонунчилик палатаси депутатининг ўзаро ҳамжиҳатликда олиб бораётган фаолиятини эътироф этган ҳолда, ҳамма ҳудудий кенгашларимизда ҳам бу тизим самарали йўлга қўйилган, дея олмаймиз. Бу узвийликни таъминлашда ҳудудий ва туман, шаҳар партия кенгаши раисларининг фаоллигини янада оширсаккина аниқланган муаммоларни жойида ҳал этишга, ислоҳотларнинг кузатувчиси эмас, ижросига айланишимиз ва бу орқали халқимиз, сайловчиларимиз ишончига сазовор бўлишимиз мумкин.
Умиджон ШОУМАРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи:

— Айтиш жоиз, партиявий иш жараёнида бир қатор муҳим жиҳатлар эътиборимиздан четда қол-ганини бугун вақтнинг ўзи кўрсатиб турибди. Пленумда фаолиятимиздаги айрим камчиликларни ўз ўрнида тезкорлик билан бартараф этиш бўйича тегишли хулосалар чиқариб олдик.
Дарҳақиқат, ўтган сайловларда партиямиз томонидан сайловчиларга берган ваъдаларимиз сайловолди дастуримизда аниқ вазифалар сифатида белгилаб қўйилган. Ушбу вазифаларни амалга оширишда партиядан сайланган депутатларнинг, айниқса, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимизнинг самарали фаолияти, ташаббуси муҳим аҳамиятга эга. Лекин, афсуски, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимизнинг фаолиятида самарали саъй-ҳаракатлар сезилмаяпти.
Бу каби масъулиятсизлик, беписандлик билан ёндашган халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатларидан 1 нафарини, шаҳар, туман Кенгашларидан 3 нафар депутатни муддатидан олдин чақириб олдик.
Ўтган йил мобайнида вилоятда бўшаб қолган депутатлик ўринларига ўтказилган сайловда 1 та депутатлик ўрнини эгалладик.
Бироқ 9 та туман, шаҳар маҳаллий Кенгашларида депутатлик гуруҳларини ташкил эта олмаганимиз, айниқса, Бўка туманида умуман депутатлик ўринга эга эмаслигимиз, ўтган сайловларда фаол иштирок эта олмаганимиздан далолат беради.
Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида келгуси сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда бўшаб қолган депутатлик ўринларига ўтказилаётган сайловларда фаоллик кўрсатиш мақсадида алоҳида чора-тадбирларни белгилаб олганмиз.
Ўтган йил давомида вилоятда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига масалалар киритишда партия депутатларининг ташаббускорлиги етишмаганлиги, афсуски, вилоятимиз кўрсаткичларига ўз салбий таъсирини кўрсатди, дейиш мумкин. Негаки, вилоят маҳаллий Кенгашларидаги 83 нафар депутатимизнинг ҳар бири фаоллик кўрсатганида ҳудудда бир қатор муаммолар ечим топган бўларди.
Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши сессияси муҳокамасига депутатлик гуруҳимиз томонидан 2017 йилда атиги 1 та масала киритилди. Бундай салбий ҳолатларда қуйи партия ташкилотларининг ҳам айби бор, албатта. Улар томонидан партия депутатларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, улар билан яқин алоқада фаолият олиб боришда сусткашликларга йўл қўйилди. Партиянинг маҳаллий кенгашларида ижрочи котиблар фаолият бошлаганлиги бу каби камчиликлар бартараф этилишига имкон яратади.
Муҳиба БОБОБЕКОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Cамарқанд вилоят кенгаши раиси:

— 2017 йилнинг августида бўлиб ўтган Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сиёсий форумидаги топшириқлардан келиб чиқиб, ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари фаолиятини қайтадан таҳлилий-танқидий кўриб чиқдик. Бунда ҳақиқатдан ҳам сиёсий партияларга, депутатларимизга ўз фаолиятини самарали олиб бориш учун кўплаб ваколатлар берилган бўлишига қарамай, ундан самарали фойдалана олмаганимиз, фаолиятимиз давомида кўплаб соҳаларда эътиборсизлик, сусткашликка йўл қўйганимизга амин бўлдик.
Шу муносабат билан партиянинг вилоятдаги ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг иш услубини тубдан ўзгартиришни, жумладан, аҳоли билан доимий мулоқотлар олиб бориш, аҳолини ўйлантираётган ҳаётий долзарб муаммоларни бартараф қилишда фаол иштирок этиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор масалаларни ҳал қилиш борасидаги ташаббускорликни оширишни кун тартибимиздаги энг устувор вазифа этиб белгилаб олдик.
Хусусан, фақатгина партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари қошида ташкил этилган “Адолат қабулхоналари” Каттақўрғон шаҳар кенгаши ташаббуси билан маҳаллалар қошида ҳам ташкил этилиб, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Маҳаллаларда ўтказилган сайёр қабуллар, аҳоли билан олиб борилган юзма-юз мулоқотлар чоғида 526 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 11567 та хонадонларга ишчи гуруҳларимиз томонидан ташриф буюрилди. Ушбу жараёнда сайловчилар ва аҳоли томонидан бўлган мурожаатларнинг 312 тасига амалий ёрдам кўрсатилди. 150 таси юзасидан депутатлик сўровлари юбориш орқали ижобий ечим топди.
Шунингдек, 2017 йилда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳларимиз ташаббуси билан 19 та масала халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари сессияларида, 19 та масала доимий комиссияларда муҳокама этилиб, уларда 25 нафар мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Аммо ушбу ишларда барча маҳаллий партия кенгашларимиз ҳамда депутатлар бирдай жонбозлик кўрсата олишмади. Самарқанд, Пахтачи, Нарпай туман партия кенгашлари томонидан депутатлар фаолиятига етарли даражада аҳамият берилмади, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар, депутатлик гуруҳларининг фаолияти талаб даражасида ташкил этилмади. Ваҳоланки, ушбу туманларда бир қатор долзарб масалалар, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар мавжуд, депутатлик гуруҳларимиз томонидан сессияларда ушбу соҳаларга доир масалаларни кўтариб чиқиш, муаммоларни ҳал этиш юзасидан бирор-бир ижобий таклифлар киритилмаганлиги жиддий камчилик саналади. Ўз-ўзини танқид руҳида иш олиб борсак, бундай камчиликлар барҳам топишига эришамиз.  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси, партиянинг “Аёллар қаноти” Кенгаши ҳамда Қонунчилик па...
01 янв 1970
Депутат — халқнинг ишончли вакили, партия депутатлари ҳар доим ана шу ишончни оқлаши шарт....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Чироқчи туман Кенгаши ва “Камолот” ЁИҲ ҳамкорлигида тумандаги 15-сонли мусиқа ва санъат мактабида &...