АМАЛИЙ ЁРДАМГА АСОСЛАНГАН ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ

/
муаммоларни ҳал этиш тартиби сессия қарори билан мустаҳкамланди
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 13-20 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлари мамлакатимизнинг бир қатор туманларида бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқот қилишди, жойларда аниқланган муаммоларнинг маълум қисми ўз жойида ечим топди. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳам мазкур ишчи гуруҳлари таркибида фаол иштирок этишди.
ФАРҒОНА.
Қўштепа, Ёзёвон, Олтиариқ туманларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умид Сулаймоновнинг фуқаролар билан мулоқотлари давомида уларни ўйлантираётган бир қатор муаммолар ўртага ташланиб, улардан бир нечаси ўз жойида ҳал этилди.
Олтиариқ туманининг “Файзобод” маҳалласида яшовчи Раҳимахон опа Мамажонова анчадан буён ногиронлик аравачасига муҳтож эди. Унинг тумандаги мутасадди ташкилотларга қилган мурожаатларидан наф чиқмади. Депутат У.Сулаймонов аралашувидан сўнг муаммо ечим топди. У.Сулаймонов туман ҳокимлиги вакиллари, “Файзобод” МФЙ раиси билан биргаликда масалани ҳал этиб, Р.Мамажоновага ногиронлик аравачаси топширилди.
Уй-жой таъминоти масаласида мурожаат қилган, тумандаги “Мустақиллик” кўчаси 5-уйда вақтинча яшаб келаётган З.Равиловга жорий йилда қурилиши режалаштирилаётган арзон нархдаги уйлар лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Кредит асосида уй-жой олиш тўғрисида У.Сулаймоновдан ҳуқуқий маслаҳат олиб, шу куннинг ўзида З.Равилов туман ҳокимлигининг уй-жой масалалари комиссиясига лойиҳа бўйича қурилиши режалаштирилган уйлардан бирини олиш учун ариза берди.
Қўштепа туманидаги учрашувларда “Лангар”, “Қумтепа”, “Болтакўл”, “Оқтепа” қишлоқлари аҳолиси томонидан билдирилган таклиф ва аниқланган муаммолар юзасидан У.Сулаймонов “Лангар” қишлоғидаги туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида бўлди. Бу ерда навбат кутаётган одамлар учун яратилган қулайликлар билан яқиндан танишди.
Бўлимда аҳолига хизмат кўрсатиш ишлари яхши йўлга қўйилган, аммо кутиш залининг торлиги кўпчилик учун ноқулайлик туғдираётгани аён бўлди. У.Сулаймонов туман ички ишлар бўлимига депутатлик сўрови киритгач, кўп вақт ўтмай ушбу масканда кутиш залини ташкил этиш ишлари ички ишлар бўлими томонидан бошлаб юборилди.
Шунингдек, “Лангар” қишлоғида фаолият юритаётган бу бўлим туман марказидан 8-10 километр узоқ эканлиги туфайли, айниқса, “Қумтепа”, “Болтакўл”, “Оқтепа” қишлоқлари аҳолиси учун ортиқча оворагарчиликлар келтириб чиқараётгани маълум бўлди.
Умид Сулаймонов туман ички ишлар бўлимига юқоридаги муаммони бартараф этиш бўйича “Қумтепа” қишлоғи ҳудудида жойлашган милиция таянч пункти қошида фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг шохобчасини ташкил этиш ҳақида ўз таклифини билдирди. Таклиф инобатга олинди ва ҳозирда ушбу шохобчани ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.
ТОШКЕНТ ШАҲАР.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Улуғбек Саматов ишчи гуруҳи таркибида Чилонзор туманидаги маҳаллаларда аҳоли билан мулоқотлар олиб борди.
“Хирмонтепа”, “Шуҳрат” маҳаллалари ҳудудида жойлашган 536-сонли мактабгача таълим муассасаси 170 ўринга мўлжалланган. Бироқ “Хирмонтепа” ва “Шуҳрат” маҳаллаларида 500 нафарга яқин 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар истиқомат қилиши аниқланган. Боғчадаги ўринлар сони камлиги боис ҳудуддаги кичик ёшли болаларни етарлича қамраб олишнинг имкони йўқ. Учрашувда аҳоли томонидан мазкур боғча ёнида жойлашган майдонда яна бир мактабгача таълим муассасаси барпо этиш ҳақида таклиф билдирилди. Фуқароларнинг таклифи мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганилиб, амалий чора-тадбирлар кўрилиши таъкидланди.
Тумандаги 19-мавзеда яшовчи, 2001 йилда туғилган Ж.Тошмуҳамедов каратэ бўйича Осиё чемпиони. Ёш спортчининг ота-онаси уни чет элда ўтказиладиган мусобақаларга бориши учун маблағ топишда қийналаётгани ҳақида баён этишди. Ишчи гуруҳи томонидан ушбу муаммо юзасидан Республика болалар спортини ривожлантириш жамғармасига мурожаат этилди.
Ўрганишлар давомида аҳоли томонидан уларни ўйлантираётган 190 та масала кўтарилган бўлса, улар юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида 41 та муаммо ўз жойида бартараф этилди. Шунингдек, республика даражасида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар юзасидан ҳам зарур маълумотлар тўпланди.
ЖИЗЗАХ.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Тўлқин Абдусатторов Мирзачўл туманида бўлиб, мулоқотлар чоғида одамларни ўйлантираётган масалаларни ўрганди.
Туманда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини манзилли қўллаб-қувватлаш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳолати, коммунал хизмат кўрсатиш, тоза ичимлик суви, иссиқлик, газ, электр энергияси билан таъминланганлик даражаси очиқ мулоқотларнинг асосий мавзусига айланди.
Ҳудудларда йўл инфратузилмаси, транспорт қатнови аҳволи каби яна бир қатор масалалар ҳам ўрганилиб, тааллуқли сектор вакиллари билан бу борада вазифалар белгилаб олинди.
Ишчи гуруҳ аъзолари “Ипак йўли” ҚФЙдаги аҳоли манфаатлари учун хизмат қилувчи янги қурилаётган ижтимоий объектлар ва яратилаётган шарт-шароитлар билан танишди. Ушбу МФЙ ҳудудидаги 4-, 12-умумтаълим мактаблари қишки мавсумга етарли даражада тайёр эмаслиги, иситиш учун олиб келинган кўмир сифатсизлиги натижасида синф хоналарининг совуқлиги аниқланди. Айни дамда бу биргина муаммо эмаслиги, 12-умумтаълим мактабида ҳали ҳам компьютер жамланмаси, 4-умумтаълим мактаби фаоллар залида ўриндиқ курсиларининг йўқлиги аниқланди.
Депутатларнинг ташрифи давомидаги мулоқотларда аҳолини қийнаётган муаммолар ўрганилди ва уларнинг ечими юзасидан ижро органларига тегишли вазифа ва топшириқлар юкланди.
ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ.
Қибрай туманида Қонунчилик палатаси депутати Людмила Кошелапова “Ўткир”, “Чинобод”, “Байтқўрғон”, “Бўстон” маҳаллаларидаги хонадонларга кириб, аҳоли билан мулоқот қилди.
Ўрганиш давомида мазкур маҳаллаларда аниқланган 92 та муаммонинг 62 таси тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ўз жойида ижобий ҳал этилди. Қолган 30 та муаммо юзасидан аниқ вазифалар туман манзилли дастурига киритилди. Жумладан, Л.Кошелапова бошчилигида электр энергияси бўйича 6 та, табиий газ босими пастлиги бўйича 7 та, ичимлик суви танқислиги ва сув қувурларини таъмирлаш юзасидан 11 та муаммо бартараф этилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, Олий Мажлис палаталари томонидан тузилган ишчи гуруҳларининг мазкур ўрганишлари натижалари умумлаштирилди ва халқ депутатлари туман Кенгашларида муҳокама этилди ҳамда аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, уларнинг ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилди.
СУРХОНДАРЁ.
Халқ депутатлари Олтинсой туман Кенгаши сессиясида мамлакатимиз парламенти аъзолари ўтказган ўрганишлар натижалари, аҳоли билан мулоқотларда аниқланган масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирок этди ва сўзга чиқди.
Анжуманда таъкидланганидек, ўрганиш давомида депутатлар ва сенаторлар маҳаллалар, корхона ва муассасаларда бўлишди, тумандаги 752 та хонадонда аҳолининг яшаш шарт-шароитлари билан танишиб, мулоқот қилишди. Ўтказилган учрашув ва мулоқотларда 4 минг 100 нафарга яқин фуқаро, шу жумладан, 238 та тадбиркорлик субъектлари қамраб олинди ҳамда уларни ўйлантираётган муаммо ва камчиликлар юзасидан фикрлар эшитилди.
Мулоқотларда аҳоли томонидан 154 та масала қайд этилди. Уларни таҳлил этар эканмиз, 21 таси уй-жой, коммунал хизмати, 15 таси аҳоли бандлиги бўйича, 18 таси соғлиқни сақлаш, 21 таси банкдан кредит олиш, 15 таси транспорт ва йўл қурилиши, 15 таси таълимга оид, шунингдек, экология ва атроф-муҳитга доир, савдо ва маиший хизмат, тадбиркорлик ва бошқа ижтимоий соҳаларга доир масалалар эканини таъкидлаш мумкин. Ишчи гуруҳи аъзолари мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда мазкур муаммолардан 48 тасини жойида ҳал этишди.
Тадбиркорларга кредит ажратишда тижорат банкларининг фаолияти, улар томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати қониқарли эмаслиги маълум бўлди. Хусусан, тижорат банклари томонидан 2018 йил 1 январь ҳолатига 1213 кишига 7,2 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилган. Бу тадбиркорлик қилиш учун тижорат банкларига мурожаат қилган 4530 нафар фуқароларнинг 37 фоизини ташкил этади.
Туманда савдо ва маиший хизмат кўрсатишнинг ҳолати ҳам қониқарли эмас. Туман “Деҳқон бозори”нинг санитария ҳолати талабга тўлиқ жавоб бермаслиги, сотувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтмаганлиги, бозор ҳудуди ободонлаштирилмаганлиги, сотувчи ва харидорлар учун етарли шароитлар яратилмаганлиги, бозорлар атрофида автомобиллар учун турар жойлар мавжуд эмаслиги кузатилди.
Туманнинг “Вахшивор-2”, “Хайрандара”, “Чеп”, “Шакарқамиш”, “Ипоқ”, “Қорлиқ”, “Янгиариқ”, “Жилибулоқ”, “Жобу”, “Жиянбобо”, “Мустақиллик 10 йиллиги”, “Миршоди” маҳаллаларида мактабгача таълим муассасалари йўқлиги аниқланди. Ушбу ҳудудларда янги МТМлар барпо этиш вазифаси тегишли инвестиция дастурига киритилиши зарур. Шунингдек, ҳудудда капитал таъмирлаш лозим бўлган 9 та мактабгача таълим муассасаси биноси 2020 йилгача таъмирланиши режага киритилган бўлиб, яна 9 та умумтаълим мактаби ва 4 та таъмирталаб МТМлар мавжуд. 54 та умумтаълим мактаб замонавий биноларда фаолият кўрсатаётган бўлса-да, 17 та мактаб хом ғиштдан қурилган биноларда жойлашган бўлиб, ҳаммаси реконструкция қилишга муҳтож эканлиги ҳам таъкидлаб ўтилди. Тумандаги умумий ўрта таълим мактабларида 107 нафар ўқитувчи етишмайди. Жумладан, физика, кимё, биология, тарих, хорижий тилларни ўқитишга доир фанлар бўйича мутахассисларга эҳтиёж бор.
Ўрганишлар давомида ҳудудда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳам талаб даражасида эмаслиги маълум бўлди. Туман тиббиёт бирлашмаси таркибидаги кўп тармоқли марказий поликлиникасида мажбурий равишда бўлиши белгиланган 28 хилдаги дори-дармонлардан 18 таси мавжудлиги аниқланди. “Каттабоғ” маҳалласидаги 86-қишлоқ оилавий поликлиникасининг 6 нафар патронаж ҳамширасининг икки нафаридагина тиббий хизмат кўрсатиш сумкаси мавжудлиги, уларнинг кундалик журналларни ва оила паспортларини тўлдириш ҳолатлари талабга жавоб бермаслиги ёки фуқароларнинг соғлигини тавсифловчи маълумотлар билан тўлдирилиши зарур бўлган устунларнинг 55-65 фоизи тўлдирилмасдан қолаётганлиги, муолажа ва эмлаш хоналарида тутиладиган мукаммал ҳамда жорий тозалаш дафтарлари юритилмаслиги аниқланди.
“Чорбоғ” маҳалласидаги тез тиббий ёрдам бўлими автомашинасида ёнилғи йўқлиги ва таъмирталаблиги сабабли ишламасдан турганлиги, 4 та ўтказилган чақирувларга ҳамшира ва фельдшер ходимлари пиёда бориб келганлиги жиддий муаммолардан саналади. Бундан ташқари, тез ёрдамга бириктирилган 95 501-12-03 рақамли алоқа воситаси 10 кундан буён ишламайди.
81-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида хоналар етишмайди, иситиш тизими таъмирталаб бўлиб қолган. 21 та патронаж ҳамширасидан 7 нафарида тиббиёт сумкаси йўқ. Биринчи ёрдам учун белгиланган дорилардан 12 турдагиси мавжуд эмас. Тиббий жиҳозлар Давлат стандартидан ўтказилмаган, мувофиқлик сертификати йўқ. Асбоб-анжомларнинг стерелизациядан ўтганлиги ҳақида журнал юритилмаган.
87-сонли ҚОПда қаттиқ ва юмшоқ инвентарлар етишмайди, лаборатория хонаси кварц билан зарарсизлантирилмаган. Дори воситаларидан 7 тури мавжуд.
Туманда эндокринолог, реаниматолог, аллерголог, болалар кардиологи, жарроҳ, окулист, неврапотолог, УЗИ врачи, уролог ва шу каби бир қатор мутахассислар етишмайди. Тумандаги аксарият тиббий муассасаларда зарур бўлган дори воситаларининг барчаси етарлича мавжуд эмаслиги, биноларда иситиш тизимининг ишламаслиги, тоза ичимлик суви йўқлиги, тиббий жиҳозларнинг давлат стандартидан ўтказилмаганлиги аниқланди.
Сессияда шу каби долзарб масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди. Қарорда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ва ижрога масъул шахслар белгиланиб, депутатлик назорати ўрнатилди.
САМАРҚАНД.
Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашининг сессиясида таъкидланганидек, ўрганишлар давомида парламент аъзолари тумандаги 526 хонадонда бўлиб, фуқаролар ва тадбиркорлар билан мулоқот ўтказдилар. Мулоқотлар жараёнида аҳоли томонидан 259 та масала долзарб муаммо сифатида тилга олинганлиги, шунинг 37 таси жойида ҳал этилганлиги ўрганишлар сезиларли самара берганини кўрсатади.

Аниқландики, туманда 2017 йилда Давлат даcтури асосида 36 миллиард 572 миллион сўмлик 127 та лойиҳа амалга оширилиб, 533 та янги иш ўринлари яратилган. 2018 йилда эса 224,706 миллион сўмлик 64 та лойиҳа дастурга киритилган. Бу қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида илдам тараққиётни таъминлаши билан эътиборлидир.
Бироқ тижорат банклари томонидан истиқболли лойиҳаларни кредитлаш масаласида белгиланган муддатларга амал қилинмаяпти. Хусусан, дастурга киритилган объектга ажратилиши лозим бўлган кредит маблағлари бўйича тармоқ жадвали муддати бузилган. Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Нуробод филиали мижози “Самиржон Нур Агро сервис” МЧЖ томонидан интенсив боғ (ёнғоқзор) ташкил этишни кредитлаш бўйича мурожаати ўз вақтида қондирилмаган.
Ҳисоботларда мавжуд 7 та касб-ҳунар коллежини 2017 йилда битирган 1643 нафар ёшлардан 1290 нафар битирувчининг (78,5 фоиз) бандлиги таъминлангани кўрсатилган. Ўтказилган таҳлил эса ҳисобот нотўғри тақдим этилганини кўрсатмоқда. Мисол учун, Нуробод саноат коллежидан — С.Зоирова, О.Ибодуллаева, Н.Исмоилов, Ж.Исмоилов, Р.Қиличов, Э.Утанов, Г.Ирназарова, Қ.Ўктамовга ҳозирги кунга қадар иш берувчилар томонидан уларни ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқлар расмийлаштирилмаган, меҳнат дафтарчалари, ИНН рақами ва жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари очилмаган. Ёки Нуробод мактабгача таълим касб-ҳунар коллежидан Д.Алиқулова, М.Омонованинг ҳам ишга жойлашиш масаласи ҳал этилмаган.
Туманда 11 та умумтаълим мактаби бинолари капитал таьмирлашга муҳтож. Иситиш тизими ишламайди, электр тармоғи талаб даражасида эмас, мактаб мебеллари эскирган, ўқув дастгоҳлари, кўргазмали қуроллар, спорт инвентарлари ҳамда ўқув дарсликлари етишмайди. Физика, кимё, биология лабораториялари жиҳозланмаган.
Аҳоли сонининг табиий ўсиши ҳамда барча умумтаълим мактабларида 10, 11-синфларнинг ташкил этилганлиги боис 22 та умумтаълим мактабида қўшимча синфхоналарни барпо этиш керак. 10 та мактабда чет тили, математика, кимё, биология, география, физика фанлари бўйича ўқитувчилар етишмайди.
Ҳудудда хонадонларни суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш хизматини янада яхшилаш мақсадида 5000 донадан ортиқ газ баллонлари ва айрим қишлоқлар туман марказидан 120 километр масофада жойлашгани сабабли газ баллонлари ташиш учун 2 дона “ISUZU” русумли автотранспорт воситаси ажратишга эҳтиёж бор.
Яна бир эътиборталаб масала — туманда мавжуд 4 та нимстанция, 1350 километрлик юқори кучланишли, 1063 километрлик (0,4 кВа) электр тармоқларининг 80 фоизи маънавий эскирган. Туман электр тармоқлари корхонаси балансидаги транспорт воситаларининг биттаси носоз, “Кечкелдик” МФЙ ҳудудида 15 километрлик электр симлари линиялари яроқсиз бўлиб қолган.
Бугунги кунда туманда мавжуд ичимлик сув тармоғининг 24,5 километр қисми таъмирталаб ҳолга келиб қолган. “Халқобод”, “Аработа” МФЙлари ҳудудида эътибордан четда қолган сув иншоотлари мавжуд бўлиб, унинг таъмирланиши 1440 та хонадонни тоза ичимлик суви билан таъминлаш имкониятини беради. “Дюкер” қишлоғи аҳолисига янги сув иншооти ва 3 километр ичимлик сув тармоғи, “Янгигузар” қишлоғи аҳолиси учун янги сув иншооти ва 5 километрлик ичимлик сув тармоғи тортиш зарурлиги учрашувларда аҳоли томонидан баён этилди.
Тумандаги йўлларнинг 85 фоизи таъмирга муҳтожлиги аниқланди.
Ҳудудда чиқиндиларни ташиб чиқариш, жойлаштириш ва зарарсизлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан биргаликда бу борада ечим топиши зарур бўлган масалалар бор. Жумладан, чиқинди полигонларини тартибга келтириш, атрофларини ўраш, чиқиндихонага борувчи йўлларни таъмирлаш, зарурий техника воситалари билан таъминлаш, чиқиндиларни зарарсизлантириш, кўмиб ташлаш ва утилизация қилиш борасида муаммолар мавжуд. Янги марказий чиқиндихона ташкил этиш борасида туман ҳокимининг 2017 йил 10 августдаги қарори билан 5 гектар ер майдони ажратилган бўлса-да, шу кунга қадар чиқиндихонани қуриш ишлари бошланмаган.
Туманнинг “Сазағон” қишлоғи ҳудудида майдони 2 гектардан иборат заҳарли кимёвий моддалар кўмилган полигон жойлашган. Ушбу полигонда 1980 йилларга қадар қишлоқ хўжалигида фойдаланилган ва кейинчалик фойдаланиш тақиқланган ўта заҳарли кимёвий воситалар ва улардан бўшаган идишлар кўмилган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан мазкур полигон ҳудуди 2017 йилга қадар усти бетон қопламаси билан қопланиб, атрофи бетон девор билан ўралиши, заҳарли моддаларнинг ер ости сувларига таъсирини мунтазам ўрганиб туриш учун ҳудудда кузатув қудуқларини ишга тушириш ва қоровул хизматини ташкил этиш ишлари белгиланган эди. Аммо назарда тутилган ишлар шу кунга қадар амалга оширилмаганлиги оқибатида уларнинг табиий омиллар, масалан, шамол таъсирида атроф-муҳитга, ер ва ер ости сувларига тарқалиши хавфи юқорилигича қолмоқда.
Ҳудуддаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник ҳолати ўрганилганда тизимда бир қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди. Жумладан, барча тиббий муассасаларда ичимлик суви таъминотидаги муаммолар тўлиқ ҳал этилмаган, тиббиёт бирлашмасининг стационар қисми реконструкцияси бугунга қадар тўлиқ тугамаганлиги изоҳталаб ҳолатдир. “Нурбулоқ” қишлоқ оилавий поликлиникасига қўшимча бино қуриш кечиктирилмоқда, “Жом” маҳалласидаги ҚВП ҳамда “Жарқудуқ” маҳалласидаги ҚВП бинолари, “Янгиобод”, “Нурдум”, “Тутли” маҳаллаларидаги тез тиббий ёрдам шохобчалари таъмирга муҳтож.
Деярли барча тиббиёт муассасаларида иситиш тизимлари ишламайди.
Туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 10 та тез тиббий ёрдам машинасининг 3 таси таъмирталаб. Бугунги кунда тез тиббий ёрдам бўлимлари учун дори-дармон, махсус сумкалар етишмаслиги афсусланарли ҳол.
Патронаж ҳамшираларига 153 дона патронаж сумкалари етишмаслиги, мавжудларида эса керакли жиҳозларнинг аксарияти йўқлиги маълум бўлди. Календар режага биноан туманнинг чекка қишлоқларида эмлаш ишларини амалга ошириш ва узлуксизлигини таъминлаш учун ҚВПлар музлатгичлар ва музлатгич сумкалар билан етарлича таъминланмаган. Тиббиёт муассасаларида кувез, оператив-диагностик лапароскоп, электрокоагулятор, эхокардиограф, CIPAP кислород бериш аппарати, чақалоқлар учун фототерапия аппарати, рентгеноскопия учун рақамли рентген аппарати, VELLA сунъий нафас бериш, шунингдек, қишлоқ оилавий поликлиникалари учун эса УТТ аппаратлари етишмаслиги ҳам қайд этилди.
Сессияда яна бир қатор камчилик ва нуқсонлар, муаммолар хусусида сўз юритилиб, муҳокама этилган масалалар юзасидан қарор қабул қилинди.
ҚАШҚАДАРЁ.
Халқ депутатлари Миришкор туман Кенгашининг сессиясида ишчи гуруҳнинг ўрганиш натижалари бўйича ахбороти тингланди. Қайд этилишича, депутатлар ва сенаторлар 819 та хонадонга ташриф буюриб, жами 4100 нафарга яқин фуқаролар билан мулоқот олиб борган. Фуқаролар томонидан 186 та масала кўтарилиб, ишчи гуруҳи томонидан 40 нафар фуқаро қабул қилинди. 4 та ёзма мурожаат кўриб чиқилди.
Мулоқотлар жараёнида аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган муаммолар ўрганилди ва жойида ҳал этилиши мумкин бўлган бир қатор масалалар ўз вақтида ечимини топди. Хусусан, 12 та кам таъминланган хонадонга газ баллонлари ва мактаб синф хоналарига 5 дона синф доскаси етказилди. Шунингдек, 5 нафар имконияти чекланган шахсга тиббий хулоса бериш юзасидан кўрсатма берилди. Бундан ташқари, 5 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди.
Тумандаги барча тез тиббий ёрдам бўлими ва шохобчаларига 8 та “Damas” ва битта “Nissan” русумли автомашиналар ажратилган. Аммо аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда яна иккита тез тиббий ёрдам машинасига эҳтиёж мавжуд. Ҳозирги кунда марказий шифохона, юқумли касалликлар бўлими ва маъмурий бино капитал таъмирга муҳтож. Шунингдек, марказий шифохонанинг ички йўлларини таъмирлаш даркор. Тумандаги айрим янги ташкил этилган қишлоқ оилавий поликлиникалари тиббий жиҳоз билан таъминланиши лозим. Энг ачинарлиси, Миришкорда баъзи тиббиёт муассасаларида ҳалигача ичимлик суви ташиб келтирилади.
Ўрганишлар жараёнида айрим ҳудудларда патронаж хизмати етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги кузатилди. Шу билан бирга, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли даволаш профилактика муассасаларида 67 нафар шифокор етишмайди. Хусусан, қабул жараёнини тезлаштириш ва соддалаштириш мақсадида замонавий АКТ имкониятларидан фойдаланиш йўлга қўйилмаганлиги аниқланди.
Туманда аҳолига сифатли тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини йўлга қўйиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш борасидаги ишлар етарли даражада эмаслиги қайд этилиб, туман тиббиёт бирлашмасига бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириш ҳамда биринчи чорак якунлари бўйича унинг ижроси юзасидан тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг ҳисоботини эшитиш зарурлиги таъкидланди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди ва аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирок этди ва сўзга чиқди.
Ҳа, парламент назорати жараёнида аниқланган муаммоларнинг ҳал этилиши туманлар, вилоятлар иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаёти учун долзарб аҳамият касб этади. Шу боис муҳокама этилган масалаларнинг аксарияти сессия қарори билан белгиланган тартибда ҳал этилиши айни муддао бўлди. Энди парламент назоратининг таъсирчанлигини амалда намоён этиш учун маҳаллий ҳокимият ва давлат бошқаруви идоралари, депутатлик корпуслари, жамоат ташкилотлари қўлни қўлга бериб ҳамжиҳатлик билан ишлаши, фуқароларда ислоҳотларга нисбатан ишонч ва дахлдорлик муносабатини кучайтиришлари талаб этилмоқда.
Г.ТУРСОАТОВА, З.ЧЎЛПОНОВА, К.ИСРОИЛОВА, Д.ЗОКИРОВ,
Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Жиззах вилоят кенгашлари матбуот котиблари.
Ф.ЖЎРАЕВ, З.ТЎРАҚУЛОВ, К.САХАТОВ, “Adolat” мухбирлари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда умумтаълим мактабларида болалар соғлиғини сақлаш билан боғлиқ долзарб вазифалар нафақат мутахассислар, балки ота-оналар, кенг жамоатч...
01 янв 1970
2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллий маданиятни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ўзбе...
01 янв 1970
Ҳар бир хонадон оила мустаҳкамлигини таъминлашида, айниқса, катта ёшдагиларнинг алоҳида ўрни бор....
01 янв 1970
Тиббий кўрик давомида айрим касалликлар аниқланиб, уларни даволаш, касалликлар кучайиб кетишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда....