Фақат қарорлар қабул қилинишида эмас, уларнинг ижросида ҳам фаол иштирок этишимиз зарур

/
Кенг жамоатчилигимиз ҳамда халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномаси шу кунларда давлат ва жамоат ташкилотларида, таълим муассасаларида, маҳаллаларда чуқур ўрганилиб, ундан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинмоқда.
Ўтган вақт мобайнида Президент Мурожаатномаси партиянинг барча даражадаги ташкилотларида фаоллар ва электорат вакиллари иштирокида ўрганилиб, ундан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан таклифлар олинди. Партия Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги қўшма йиғилишида мазкур таклифлар асосида Мурожаатномадан келиб чиқувчи чора-тадбирлар дастурини такомиллаштириш ҳамда аниқ “йўл харитаси”ни белгилаб олиш масалалари муҳокама қилинди.
— Ушбу тарихий Мурожаатномада белгилаб берилган мамлакатимизни 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ижросини таъминлашда парламентимиз ва сиёсий партиялар зиммасига бир қатор вазифалар юкланади, — деди Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Наримон Умаров. — Биз, аввало, парламентимиз ва депутатлар фаолиятига берилган танқидий баҳодан тегишли хулоса чиқарган ҳолда халқ билан, сайловчиларимиз билан мулоқотни изчил давом эттириш, жойларда аниқланаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича ижро ҳокимияти олдига масалани қатъий қўйиб, унинг ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати самарадорлигини оширмоғимиз лозим.
Шу мақсадда партиямизнинг барча бўғинларида Мурожаатнома муҳокама қилиниб, унда белгиланган вазифалар асосида 2018 йилга мўлжалланган режалар ишлаб чиқилди.
Айниқса, парламентдаги фракциямизнинг худудий партия кенгашлари билан мулоқотини тубдан кучайтиришимиз талаб этилади. Ҳақиқатан ҳам бугун қабул қилаётган қонунларимизнинг барчаси амалда тўла ишлаяпти, уларнинг натижасини халқимиз ўз ҳаётида сезаяпти, деб айта олмаймиз. Шу боис, қонунларни ишлаб чиқишда энг қуйидан, яъни оддий аҳолидан фикр, таклифлар олишимиз, бу борада замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланишимиз, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик корпусимизни ушбу жараёнга фаол жалб этишимиз зарур. Бу борада партиямиз тизимида жорий қилинган “Фракция-марказ-вилоят-туман” механизмининг ишлаш самарадорлигини янада оширишимиз лозим. Бунда ҳар бир қонуннинг асл муаллифи айнан халқнинг ўзи бўлишига эришишимиз зарур.
Шунингдек, йиғилишда электоратимиз манфаатидан келиб чиққан ҳолда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, жойлардаги янгиланишлар устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда “Адолат” СДП фракцияси ва унинг маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг вазифалари белгилаб олинди.
Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида партиямизнинг энг асосий йўналишларидан бири бўлган соғлиқни сақлаш тизими бугунги кунда аҳоли учун талаб даражасида хизмат кўрсатмаётганини танқидий таҳлил қилиб, Қонунчилик палатаси фаолиятида асосий эътиборни тизимдаги муаммоларни, айниқса, жойларда ҳал қилиниши мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлаган эди.
Президентимиз ташаббуси билан жорий йилнинг 4 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ташкил этилди. Ушбу янги қўмитанинг аъзоси сифатида айтишим мумкинки, биз асосан ҳудудларда фаолият кўрсатиб, аҳолини ўйлантираётган, қийнаётган масалалар юзасидан иш олиб бориб, масалани жойида ҳал қилиш, тиббиёт тизимини аҳолига яқинлаштириш борасида аниқ таклифлар тайёрлаш, уларнинг натижаларига эътибор қаратиш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб олдик.
Шу билан бирга, қонун ижодкорлигини фаоллаштиришга, энг асосийси, тиббиёт соҳасида қабул қилинадиган қонунлар халқимиз манфаатларини қамраб олиши ва оддий одамлар буни ўз ҳаётларида тўла ҳис қилишлари учун алоҳида эътибор қаратамиз.
Шунингдек, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш, парламент ва депутатлар назоратини амалга ошириш мақсадида янги қўмита аъзолари ҳудудларга бириктирилди. Жойларда иш олиб бориш бўйича аниқ тизимни жорий этишга келишиб олинди.
Таъкидлаш ўринлики, давлатимиз раҳбарининг соҳани янада такомиллаштириш юзасидан қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Ушбу муҳим ҳужжатларнинг жойлардаги ижросини ўрганиш, аниқланган муаммо ва камчиликлар юзасидан ижро ҳокимияти олдига масалани қатъий қўйиш орқали уларни ҳал этиш қўмита назорат-таҳлил фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлади.
Умуман, Президентимиз Мурожаатномаси аниқ йўналишларни қамраб олгани билан ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга. Ушбу дастуриламал ҳужжатнинг асосий ғояси — фуқароларимиз катта ўзгаришларни ўз ҳаётларида ҳис қилишлари, давлат ҳокимияти тизимида, ҳақиқатан ҳам, уларнинг вакиллари, яъни биз, депутатлар борлигини сезишлари лозим.
Улуғбек САМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Президентимиз томонидан Олий Мажлисни ҳақиқий демократия мактабига, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочисига айлантириш бўйича бундан бир неча ой олдин тасдиқланган амалий чора-тадбирлар дастури тўлиқ ижро этилмаётгани танқид остига олиниши жуда ҳам ўринли. Ушбу танқидий баҳо биз, депутатлардан ўз функционал вазифаларимизга нисбатан муносабатни ўзгартиришни, фаолиятимизда таъсирчан чораларни ишга солишни, қонунчиликда, хусусан, “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунда белгиланган парламент назоратининг барча шакл ва усулларидан унумли фойдаланишни талаб этади.
Айниқса, кенг аҳоли қатламлари, хусусан, “Адолат” СДП электорати бўлган педагоглар, шифокорлар, инженер-техник зиёлилар, олимлар, бюджет соҳаси ходимлари ва ўрта қатлам вакилларини ташвишга солаётган муаммоларни аниқлаб, уларга ўз вақтида ечим топиш бирламчи вазифамиз ҳисобланади.
Хусусан, депутатлар томонидан ҳудудларни комплекс ўрганиш давомида аниқланган камчиликлар, фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилган долзарб масалалар, шунингдек, қуйи палата қўмиталари томонидан ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирлари давомида аниқланган тизимли камчиликлардан келиб чиққан ҳолда амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш, вазирлик ва идораларнинг раҳбарларига депутатлик сўрови билан чиқиш, қолаверса, парламент эшитувлари ташкил қилиш биз учун принципиал аҳамият касб этади.
Мурожаатномадан келиб чиқадиган “йўл харита”мизда жойларда аҳолининг дори воситалари билан таъминланганлик ҳолати, уларнинг белгиланган нархларда сотилишини ўрганиш ва таҳлил қилиш ҳамда ушбу масала юзасидан парламент эшитувини ўтказиш, мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш давлат дастурларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таҳлил қилиш, умумий ўрта таълим тизимидаги тузилмавий ўзгаришлардан келиб чиқиб, таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, шу билан бирга, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш, давлат мактабгача таълим, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимда аттестация ва аккредитация қилиш жараёнларини янада такомиллаштириш борасида олиб борилган ишлар юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Давлат тест марказига парламент сўрови юборишга доир аниқ вазифаларни белгилаб олдик.
Шуҳрат ПОЛВОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:
— Фракциямизнинг назорат-таҳлил фаолиятида ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим омилларидан бири саналган солиқ маъмурчилигини ислоҳ этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Зеро, давлатимиз раҳбари қайси ҳудудга бормасин ушбу тизимдаги камчилик ва муаммоларга тўхталиб ўтмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларида режали иқтисодиётдан воз кечилиб, бозор иқтисодиётига ўтилди ва ўтган даврда кучли солиқ тизими шакллантирилди. Аммо бугун тараққиётнинг янги босқичида, инновацион ривожланиш йўлига ўтиш даврида солиқ тизимини ҳам либераллаштириш зарурлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Бугун солиқ идоралари тадбиркорлик субъектларини назорат қиладиган эмас, уларни қўллаб-қувватлайдиган тизимга айланиши лозимлиги Президентимиз томонидан кун тартибига такрор-такрор қўйилаётгани ҳам бежиз эмас.
Шу боис ҳудудларга чиққанда тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, бу борада уларни ўйлантираётган масалаларни ўргансак ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига сўров юборсак мақсадга мувофиқ бўлар эди. Қолаверса, солиқ соҳасига доир қонунлар ва норматив ҳужжатлардаги бўшлиқларни аниқлаб, уларни бартараф этиш, умуман, ушбу тизимда қонун устуворлигини таъминлашда парламент назорати механизмидан самарали фойдаланишимиз зарур.
Умид СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:
— Олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири умумхалқ муҳокамасига қўйилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасига тайёрлаган таклифларимизни партиямизнинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, фаолларимиз, экспертларимиз ҳамда электоратимиз вакилларининг фикр, таклифлари асосида янада такомиллаштириб, Давлат дастурига киритилишига эришишдан иборат.
Маълумки, 2017 йилда фракциямиз аъзолари иккита қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишида бевосита ташаббускор бўлдилар. 2018 йилда ҳам Давлат дастурида кўзда тутилаётган қонун лойиҳаларининг қабул қилинишида фаол иштирок этишимиз талаб этилади.
Бу ўринда, айниқса, мамлакатимиз сиёсий майдонида бир неча йиллардан буён инновацион иқтисодиётга ўтиш ғоясини илгари суриб келаётган партия депутатлари сифатида кўп йиллик изланишларимиз асосида ишлаб чиқилган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини янги ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда такомилига етказиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш бирламчи вазифамиз саналади.
Бундан ташқари, “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида”ги қонуни лойиҳаларини ишлаб чиқишда ташаббускор бўлишимиз, шу билан бирга, “Давлат хизмати тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳамда давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизими, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ҳам фаол иштирок этишимиз зарур, албатта.
Муҳокамалар жараёнида, шунингдек, фракция аъзолари томонидан жорий йилнинг 13-22 январь кунлари сайлов округларида бўлиб ўтадиган бевосита учрашув ва мулоқотлар давомида Президент Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини оддий фуқароларга чуқур тушунтиришга, умумхалқ муҳокамасига қўйилган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурига аҳолидан ҳам фикр, таклифлар олишга эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Йўл харитаси” қабул қилинди.

Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
...Бундан уч йил аввал бир йигитга Фарғона вилояти Тошлоқ туман ҳокимлиги томонидан сиз тадбиркорлик фаолиятини бошлаб аҳолимизни иш-жойли қилинг, ...
01 янв 1970
Айни шу тарзда ёндашув халқ депутатлари Тайлоқ туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг депутатлик гуруҳи фаолияти учун асосий мез...
01 янв 1970
Шу кунларда ҳаваскор жамоалар ўртасида “Адолат“ кубоги учун ҳудудларда ўтказилаётган мини-футбол мусобақасининг минтақавий босқичи бошл...
01 янв 1970
Ҳозирги кунда Навоий шаҳрида фаолият кўрсатаётган жами 73 та хусусий клиниканинг 71 таси амбулатор, иккитаси стационар тиббий муассасалардан иборат...