Атроф-муҳитни ифлослантирган тўлаши ва кўп пул тўлаши лозим

/
“Адолат” СДП ташкил этган янги лойиҳа ана шу тамойилни илгари суради
Тозалик, покизалик ва озодалик халқимизга хос гўзал қадриятлардан биридир. Бобо-момоларимиз ҳамиша уйи ва унинг атрофи, теварак-атрофни покиза сақлагани, саранжом-саришта яшаганини барчамиз яхши биламиз. Бироқ бу гўзал анъанага ҳар доим ҳам амал қилмаслигимиз, айрим юртдошларимиз турли чиқиндиларни дуч келган жойга улоқтиришни одат қилгани бугун, таассуфки, аччиқ ҳақиқатга айланган.
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши партия Сайловолди дастурида белгиланган мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, бу борада муҳим ташаббус билан чиқди. “Тозалик йўлида бирлашайлик” деб номланган лойиҳа айни шу эзгу қадрият — хонадон, маҳалла, қишлоқ ва шаҳарларимизни тоза ва озода сақлашни кўзда тутади.
26 октябрь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида ўтказилган лойиҳанинг тақдимот маросимида ҳам бу жиҳатлар алоҳида таъкидланди. Унда иштирок этган партия Сиёсий Кенгаши масъул вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда журналистлар мазкур лойиҳа ниҳоятда муҳим ва долзарб аҳамиятга эга эканини қайд этдилар.
Тадбирни партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов кириш сўзи билан очди ва йиғилганларни лойиҳанинг мазмун-моҳияти билан таништирди.
— Бугун мамлакатимиз кундан-кун чирой очиб, шаҳар ва қишлоқларимиз обод бўлиб, замонавий уй-жойлар, кўплаб хиёбон ва дам олиш масканлари бунёд этилмоқда, — деди А.Рахмонов. — Шу билан бирга, ҳудудларни боғловчи транспорт-логистика тизимлари, автомобиль ва темир йўллари, кўприкларнинг қурилиши аҳолига қулайликлар яратиб, халқимизнинг турмуш фаровонлиги юксалишига хизмат қилмоқда. Шундай бир шароитда, афсуски, айрим фуқаролар ва мансабдор шахслар яратилаётган имкониятларга муносиб бўлиш, муқаддас Ватанимизнинг ободлиги йўлида ҳисса қўшиш ўрнига, умумжамият ишларига эътиборсизлик билан ёндашаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Айрим фуқаролар томонидан маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ёки сувга оқизиш, барг-хазонларни ёқиш каби хатти-ҳаракатлар тез-тез учраб турибди. Бу эса яшаб турган маконимизнинг софлиги, тозалиги ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда ўтган йиллар мобайнида ушбу соҳаларни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий база яратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасида фуқароларнинг атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунларида фуқаролар томонидан атроф-муҳитни асраб-авайлаш, жойларда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлашга қаратилган ҳуқуқий меъёрлар мустаҳкамланган. Мазкур қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида муайян жавобгарлик чоралари назарда тутилган. Бироқ, шунга қарамасдан, қонунчилигимизда белгиланган мазкур нормалар амалиётда тўлақонли ижро этилаяпти, деб бўлмайди.
Шу боис Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши партия Сайловолди дастурида кўзда тутилган мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш ҳамда “Ифлослантирувчи тўлаши ва кўп пул тўлаши лозим”, деган тамойилни илгари сурмоқда. Мазкур лойиҳа фуқароларда шаҳар-қишлоқларимизни тоза сақлашга бўлган дахлдорлик ҳиссини ошириш, хусусан, уларни кўнгилли равишда, ҳашар йўли билан атроф-муҳитнинг тозалигини таъминлашга сафарбар этиш, юрт ободлиги йўлида ёшларни бирлаштириш, уларнинг тарбиясида тозалик орқали тиббий маданиятни шакллантиришга хизмат қилади.
— Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад — аҳолининг тиббий маданиятини оширишда ҳар бир фуқаронинг иштирокини таъминлаш, хонадонлар, маҳаллаларнинг озодалигига эришиш, айниқса, ёш авлод онгида атроф-муҳитнинг тозалигини сақлаш кўникмасини шакллантиришдан иборат, — деди “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бўлим мудири Муҳаммаджон Жўраев. — Бундан ташқари, ҳар бир ташкилот ва муассасаларнинг ўз ҳудудларини тоза сақлашда мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, кўчалар ва сув ҳавзалари, жумладан, ариқлар, каналлар, зовурларни тоза тутишга эришиш, уларга маиший чиқиндилар ташлашнинг олдини олиш, аҳолининг яшаш маданиятини ошириш, атроф-муҳит муҳофазаси ва тозалиги, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишга доир қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, аҳоли саломатлигини сақлаш ҳамда санитария-эпидемиологик ҳолатни яхшилашни мақсад қилганмиз.
Лойиҳани амалга ошириш учун жойларда махсус ишчи гуруҳлари тузилади, аҳолининг санитария-гигиена ва тиббий маданиятини оширишда кенг жамаотчилик иштирокида маҳаллаларда сайёр учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этилади, шаҳар ва қишлоқларни покиза сақлашга қаратилган тарғибот акциялари уюштирилади. Шунингдек, лойиҳа доирасида “Энг покиза оила”, “Энг покиза кўча” ва “Энг покиза маҳалла” номинациялари бўйича танловлар ўтказиш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, аҳоли яшаш пунктлари ва унга яқин ҳудудларда тўпланиб қолган турли чиқиндиларни чиқариб ташлашда мутасадди ташкилотлар фаолияти устидан самарали жамоатчилик ва депутатлик назорати ўрнатиш, бу борада тегишли қонунларга риоя қилиниши юзасидан жамоатчилик назорати ташкил этиш каби вазифалар белгиланган.
Тақдимотда университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари фаол иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф-тавсияларини билдирдилар.
Ахтам КАМОЛОВ,
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети талабаси:

— Партиянинг мазкур лойиҳаси фуқароларнинг атроф-муҳит тозалигига масъулиятини ошириш, уларда табиатни асраб-авайлаш, уни покиза ҳолда сақлаш маданиятини шакллантириш, ёш авлод тарбиясида ўз юртини севиш ва уни покиза сақлаш, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳамда тиббий маданиятни янада юксалтиришда муҳит аҳамиятга касб этиши шубҳасиз. Шу боис бу борада барчамиз, айниқса, ёшлар фаол иштирок этишимиз жуда муҳим. Энг муҳими, бу борада самарали жамоатчилик назорати ўрнатилса, ўйлайманки, кўзланган натижага эришилади. Бундан ташқари, тегишли қонунларга ўзгартиришлар киритиш, атроф-муҳит ва экология хавфсизлигига риоя этмаганлик учун жавобгарликни кучайтириш, лозим бўлса, бу борада янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқишни таклиф этаман. Қачонки, қонунчилик ва унга нисбатан жавобгарлик кучайтирилса ҳамда унинг ижроси қатъий назорат қилинса, натижа ҳам шунга яраша бўлади.
Бунёд КАБИРОВ,
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети талабаси:

— “Адолат” СДП томонидан илгари сурилаётган “Ифлослантирувчи тўлаши ва кўп пул тўлаши лозим” тамойили нақадар тўғри эканини ҳеч ким инкор этмаса керак. Бу борада чиқинди ташлаган фуқароларга нисбатан жарималар миқдорини ошириш, жарима ундирувчи ташкилотларни қўшимча рағбатлантириш ҳам самара беради. Бундан ташқари, чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасини ҳам ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш лозим. Бунинг самарасини хорижий давлатлар мисолида барчамиз яхши биламиз. Ушбу йўналишдаги ишлар қамровини янада кенгайтириб, атроф-муҳит муҳофазаси, чиқиндиларни қайта ишлашга кенг жамоатчилик, кўнгиллилар, тадбиркорларни жалб этса, керакли натижага эришиш мумкин бўлади.
Тадбир сўнггида иштирокчиларнинг лойиҳа ҳақидаги саволларига атрофлича жавоб қайтарилди. Университетнинг бир гуруҳ ўқитувчи ва талабалари партия сафига қабул қилинди.
Дилором ОДИЛОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати сектор мудири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳаётда шундай одамлар бўладики, улар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан эл орасида обрў-эътибор топади. Абдуқаҳҳор Аҳмедовни воҳада ҳамма т...
01 янв 1970
Маълумотларда келтирилишича, бугунги кунда дунёда 1,5 миллиард аҳоли тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга эмас....
01 янв 1970
Таъкидланганидек, мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлиги, баркамол авлод тарбияси давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. ...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП гуруҳи фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш йўналишида ҳам сама...