Партия ташаббускорлигидаги қонун лойиҳалари муҳокамада

/
Аввал хабар қилганимиздек, шу кунларда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси депутатлари, экспертлари ва мутасадди ташкилотлар мутахассислари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ҳамда “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳавола этишдан олдин электорат ва кенг жамоатчилик иштирокида чуқур муҳокамалардан ўтказилмоқда.
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида ташкил этилган тадбирда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Фан ва технологиялар агентлиги мутахассислари, университет профессор-ўқитувчилари ва ёш олимлар жам бўлишди. Инновацион фаолиятни янада жадаллаштириш йўлидаги муаммолар ва уларнинг ечимини аниқлаш, миллий инновация тизимининг шаклланиш жараёнини таҳлил қилиш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди.
— Илм-фан вакилларини моддий рағбатлантириш бўйича жорий этилган механизмлар улар фаолиятининг самарадорлиги ошишига хизмат қилмоқда, — деди Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Раҳмонов. — Айни пайтда давлат қудратини оширишга, халқимиз фаровонлигини яхшилашга хизмат қилувчи инновацион технология ва ишланмаларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилиши, уларнинг муаллифлари ва буюртмачиларига оид муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Шу боис партиямиз Сайловолди дастурида инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, давлат бюджети, корхона ва ташкилотларнинг молиявий қўйилмалари, ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобидан Инновация жамғармасини тузиш, қолаверса, иқтисодиёт соҳаларида хусусий бизнес иштирокида унча катта бўлмаган ва қисқа муддатда ўзини оқлайдиган инновацион лойиҳаларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Ушбу дастурий вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида партиянинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракатлар дастурида “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, қабул қилинишига эришиш вазифаси белгиланган эди. Мазкур қонун лойиҳаси партия депутатлари, экспертлари ҳамда Фан ва технологиялар агентлиги кўмагида ишлаб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритишдан олдин, аввало, партия электорати бўлган илмий жамоатчилик, олимлар, экспертлар ва фаоллар иштирокида кенг муҳокама қилинмоқда.
Ўтган давр мобайнида олинган аксарият таклифларда илмий ва инновациявий фаолиятнинг қамрови жуда кенглигини инобатга олган ҳолда ушбу икки соҳани алоҳида қонунлар асосида тартибга солиш зарурлиги илгари сурилди. Шу асосда мазкур ҳужжат соҳаларга ажратилган ҳолда қайта муҳокамага қўйилди.
Шундан келиб чиқиб, давра суҳбатида “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иштирокчилар томонидан муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси соҳага доир атамаларни бир хил талқин қилишга имкон берадиган тушунчалар ва меъёрларни ўз ичига олган. Унинг муҳим жиҳатларидан бири – бу инновацион фаолият соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари акс эттирилаётганидир.
Шунингдек, қонун лойиҳасида инновациялар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича органлар ҳамда уларнинг ваколатлари, илмий ва инновациявий фаолият субъектлари ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ баён этилмоқда.
— Мамлакатимизни янада тараққий эттириш ва иқтисодиёти ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллашимизда инновацияларнинг аҳамияти жуда муҳим, — дейди Тошкент давлат техника университети талабаси, Президент стипендияси соҳиби Анвар Музаффаров. — Шу боис сўнгги йилларда ушбу соҳага давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Университетимизда ҳам ёш олимлар ва талабаларнинг илмий тадқиқотларини жаҳон амалиёти ва халқаро меъёрларга мос равишда замонавий, илғор усул ва технологиялар воситасида ўтказишлари учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, Япониянинг бир қатор нуфузли университетлари билан ҳамкорликда ташкил этилган ёшлар инновация маркази бугунги кунда ёш олим ва талабаларнинг илмий кашфиётлари ва техник ғояларини ишлаб чиқариш намуналари, технологик жараён ва ечимларга айлантиришга хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, мазкур соҳани ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор қарор ва фармонлари мавжуд бўлса-да, яхлит қонуннинг йўқлиги амалиётда бир қатор ноаниқликларни келтириб чиқараётган эди. “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, университетимиз профессор-ўқитувчилари, амалиётчилар ҳамда ёш олимларнинг ҳам фикр ва таклифлари олинаётгани бизнинг келажакка бўлган ишончимизни оширмоқда.
Тадбир давомида амалиётчилар, мутахассислар, олимлар ҳамда талабаларнинг қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга доир таклифлари тингланди.
Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланди.
Тадбирда сўз олган партия депутатлари ва фаоллари Ўзбекистон “Адолат” СДП аҳолининг барча ижтимоий қатламлари ўз вақтида, мунтазам, сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш тарафдори эканлигига иштирокчилар эътиборини қаратишди.
Қайд этилганидек, партия мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини эътироф этган ҳолда бугунги кунда ушбу соҳани янада ривожлантириш, бу борада ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни илгари суриб келмоқда. Хусусан, партия томонидан аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган тиббиёт муолажаларига, жумладан, трансплантология тиббий хизматига рухсат беришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан имзоланган меморандум асосида “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқилганлиги фикримизнинг далилидир.
Қонун лойиҳасининг мақсади — замонавий фан ва тиббиёт амалиёти ютуқларини ҳисобга олган ҳолда инсон органлари, тўқима ва ҳужайраларини трансплантация қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ушбу соҳадаги хорижий тажриба ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари инобатга олинган.
— Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси қабул қилинса, ҳамюртларимиз зарурат туғилган пайтда чет элга бормасдан, шу ернинг ўзида инсон органлари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш орқали ўз саломатлигини қайта тиклашига шароит яратилади, — дейди Тошкент давлат юридик университети профессори Гулчеҳра Тўлаганова. — Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда миллий менталитетимиз инобатга олингани аҳамиятлидир. Мисол учун, донор сифатида фақатгина яқин қариндошлар ўз органи ва тўқималарини беришлари мумкинлиги, шахснинг мурдасидаги орган ва тўқималарни олиш фақатгина унинг тириклигидаги нотариал тасдиқланган ёзма равишда берган розилиги ёки яқин қариндошларининг розилиги асосида амалга оширилиши мумкинлиги каби нормаларни қонун лойиҳасининг ютуғи сифатида эътироф этиш мумкин.
Шунга қарамай, ҳали қонун лойиҳасини мукаммал деб бўлмайди. Айниқса, ундаги нормаларни оддий халқ тушунадиган тилда ифодалаш зарур. Қонун лойиҳасининг юристлар иштирокида муҳокамадан ўтказилаётгани ҳам уни қонунчилик техникаси қоидалари асосида такомиллаштириш, яъни Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига ва бошқа қонун ҳужжатларига тўла мувофиқлиги, ҳар томонлама мукаммаллигини таъминлашга хизмат қилади.
Давра суҳбати якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қи...
01 янв 1970
Сиёсий партиянинг жойларда дастурий ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқаришда асосий механизмлардан бири саналган депутатлик гуруҳларининг ташаббускорли...
01 янв 1970
“Дастурий вазифаларни таъминлашда партия фаолларининг ўрни” мавзуида батафсил сўз юритилди....
01 янв 1970
Маълумки, маҳаллий Кенгаш депутатининг фаолияти серқирра бўлиб, қатор йўналишларни ўз ичига олади....