Ечимини кутаётган муаммо

/
2017 йилнинг мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганлиги, шунинг баробарида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқнинг дардини тинглаш, муаммоларини ҳал этиш барча даражадаги раҳбарларнинг бош вазифаси этиб белгиланганлиги, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси фаолияти йўлга қуйилгани кўплаб юртдошларимиз, жумладан, Ойсафар Нурмаматованинг ҳам қалбидаги умид учқунларини аланга олдирди.
У баъзилар учун бир қарашда жуда оддий кўринадиган, “ечими икки карра икки—тўрт” сингари жўн туюладиган, аммо ўзи ва оиласи аъзоларини ўн беш йилдан буён қийнаб келаётган, тинчлик-хотиржамлигини, ҳузур-ҳаловатини ўғирлаган муаммонинг ниҳоят ечими топилишига, ҳақиқат тантана қилишига ишонганди. Лекин ҳаммаси у ўйлаганчалик осон эмас экан. Чорвадор аёлнинг 2016 йил декабрь ойида Президент Виртуал қабулхонасига мурожаати юзасидан Хатирчи туман ҳокимлиги томонидан бажарилиши зарур бўлган чора-тадбирлар тумандаги айрим мутасаддиларнинг айби билан охиригача етказилмади. Бундан ранжиган О.Нурмаматова адолат истаб, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасига мурожаат қилди. Ҳурматли газетхонларимизга муаммо мазмун-моҳиятини имкон қадар тўлиқ етказиш мақсадида уни тўлалигича келтиришни лозим топдик.
— Биз турмуш ўртоғим М.Нурмаматов билан ўзимиз туғилиб ўсган “Олтинсой ” ширкат хўжалиги ҳудудидаги “Ангидон” маҳалласида яшаб, ота-боболаримизнинг чорвадорлик касбини давом эттириб келаяпмиз. 1995 йилда хўжаликнинг ўзимиз меҳнат қилаётган “Сассиқ” массивида ўз кучимиз билан 26 сотих ерда уй-жой ҳамда қўра тикладик.
2000 йилнинг 14 апрель куни “Олтинсой” ширкат хўжалиги бошқаруви йиғилишининг 6-сонли қарори билан менга массивнинг 656-контуридан чорва боқиш учун 500 гектар яйлов ер ажратилиб, унинг уй-жой биноларимиз ҳам кўрсатилган харитаси яратилди ва ширкат раиси томонидан тасдиқланди. Бу “Пўлкан шоир” қишлоқ фуқаролар йиғинининг 2001 йил 9 январдаги ва ширкат хўжалигининг 1 мартдаги қарорларида ҳам қайд этилди. Ўшандан буён турмуш ўртоғим М.Нурмаматов ўша уйимизда рўйхатда туради ва бу унинг фуқаролик паспортида ҳам қайд этилган. Лекин хўжалик раиси Т.Тожимуродов туман ҳокимлиги юристи О.Хайдаров ёрдамида “Олтинсой” ширкат хўжалиги умумий йиғилишининг (аслида сохта) 5/6-сонли қарори билан туманимизнинг “Боғчакалон ” фермерлар уюшмасида яшовчи ака-ука Ўриновларнинг “Орзу” ширкатига контури кўрсатилмасдан 500 гектар ер ажратиб берилган. Шунга кўра улар бизга тегишли яйлов ва уйларимиздан ноқонуний равишда фойдаланиб келишмоқда. Ўриновлар бизнинг уйимизга хўжайиним М.Нурмаматовни вақтинча турамиз деб ишонтириш йўли билан кириб, доимий равишда эгаллаб олишди. Ўриновларнинг чўпонлари Э.Нурматов, А.Тилавов ва А.Абдиевларнинг тушунтириш хатларида бу ўз исботини топган.
Бунда туман ҳокимининг 2002 йил 12 сентябрдаги қарорига асосан ер майдони Ўриновларга 10 йил муддатга берилганлиги, бу муддат 2012 йилда тугаганлигига ҳам эътибор берилмаяпти. Менинг уй-жойга эгалик ҳуқуқимни тиклашга қаратилган ҳаракатларим туман ҳокимлигининг муаммога масъулиятсизлик билан ёндашуви натижасида ҳал этилмасдан қолмоқда. Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг менинг даъво аризам юзасидан 2004 йил 21 октябрь куни чиқарган “Олтинсой” ширкат хўжалиги умумий йиғилишнинг 2002 йил 12 февралдаги 5/6 сонли ва Хатирчи туман ҳокимлигининг 2002 йил 12 сентябрдаги К-789-сонли Хатирчи туман “Олтинсой” ширкат хўжалигидан “Орзу” ширкатига ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида”ги қарори ҳам бажарилмади. Шундан буён ўтган даврда бу масалада турли идоралар ҳамда ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига мурожаатларим ҳеч қандай самара бермади. Яхши ҳамки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ташкил этилганлиги мен сингари жабрдийдаларга янги имконият эшикларини очди. Мурожаатим изсиз кетмади. Унга асосан Хатирчи тумани ҳокими томонидан тузилган комиссия муаммони атрофлича ўрганиб чиқди. Комиссия хулосасида мурожаатимдаги мулкка эгалик ҳуқуқимни тиклаш борасидаги келтирган далилларим ўз тасдиғини топганлиги қайд этилди. Аммо шундан кейин ҳам қандайдир “сирли” кучларнинг таъсири остида ҳақиқатнинг юзига тик боқиш, йўл қўйилган хато ва камчиликлар, қонунбузилишлар, адолатсизликларга чек қўйиш ортга сурилмоқда.
Ҳурматли “Адолат”чилар! Сизлардан илтимос, вазият билан яна бир бор таншиб, менинг 15 йил давомида поймол этилган ҳақ-ҳуқуқимни тиклашда матбуотнинг кучи, ошкоралик тамойили орқали ёрдам кўрсатишингизни сўрайман”.
О.Нурмаматованинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига мурожаати бўйича Хатирчи тумани ҳокимининг фармойишига кўра тузилган комиссия унинг таҳририятга аризасида баён этилган ҳолатлар билан бир қаторда: Нурмаматовлар оиласи томонидан қурилган уй “Ангидон” МФЙ хўжалик дафтарида 430-сон билан рўйхатга олиниб, унда М.Нурмаматов қайдда туриши; “Ангидон” МФЙ раиси ва қишлоқ оқсоқоллари туман ҳокимига ёзган тушунтириш хатларида О.Нурмаматовага тегишли уй-жойни қурган усталарнинг номлари кўрсатилганлиги; 2002 йил 12 февралда “Олтинсой” шикат хўжалиги вакиллари йиғилишнинг 5/6-сонли қарори билан “Боғчакалон” фермерлар уюшмасида яшовчи С.Ўриновга 500 гектар ер ажратилиб, йиғилишда бош ҳосилот Р.Фармонов, ферма мудири А.Омонтошев, бош чўпон Ш.Қодировлар сўзга чиқди деб кўрсатилганлиги, аммо уларнинг ҳар учаласи ҳам ўзларининг юқори раҳбар органлар ва туман ҳокимига тушунтириш хатлари ҳамда комиссия аъзоларига кўрсатмаларида ширкат хўжалигида умуман бундай йиғилиш ўтказилмаганлиги, ўзлари эса сўзга чиқмаганлигини қайд этганлиги; Хатирчи туман ҳокимининг 2002 йил 12 сентябрдаги Қ-789-сонли қарори 10 йил муддатга чиқарилганлиги ва бу муддат 2012 йилда тугаганлиги; “Олтинсой” ширкат хўжалигидан “Орзу” ширкатига ажратилган ер майдони далолатномаси Чилаш аҳоли пунктида тузилган деб кўрсатилгани, лекин ўшанда у ерга ҳеч ким бормаганлиги; туман “Ермулккадастр” давлат корхонаси бошлиғи Н.Ойдинов, бош меъмор Ш.Тожиев, “Орзу” ширкати вакили М.Мамадиёровлар туман ҳокими номига ёзган тушунтириш хатларида ер ажратишда иштирок этмаганликларини, олдиндан тайёрланган ҳужжатга имзо чекканларини баён қилганлиги; “Олтинсой” ширкат хўжалигидан “Орзу” ширкатига ажратилган ер майдони харитасини туман “Ермулккадастр” давлат корхонасида ишлаб келаётган К.Қўлдошев С.Ўриновнинг кўрсатмаси асосида чизиб берганлигини туман ҳокимига тушунтириш хатида келтирганлиги; “Олтинсой” ширкат хўжалиги тафтиш комиссияси раиси С.Фармонов, ферма мудирлари А.Омонтошев, М.Ширинов, бош чўпон Ш.Қодиров ва бош ҳисобчи Н.Тўрақуловлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва туман ҳокими номига ёзган тушунтириш хатларида аслида “Олтинсой” ширкат ҳўжалигида “Орзу” ширкатига ер ажратиш масаласида умуман йиғилиш бўлмаганлигини баён қилганликлари; “Олтинсой” ширкат хўжалиги ҳудудидан “Орзу” ширкатига ер ажратишда туман тегишли ташкилоти мутахассислари ва ширкат хўжалиги аъзолари уни ўлчаб бермаганлиги аниқланди.
Туман ҳокимлиги коммиссияси юқоридагиларга, шунингдек, “Олтинсой” ширкат хўжалигининг 2016 йил 12 апрелдаги умумий йиғилишида ҳам “Орзу” ширкатига ер ажратиш тўғрисида қарор қонунга зид равишда қабул қилинганлиги, қалбаки эканлиги, ҳақиқий эмас деб топилганлиги ва Хатирчи туман ҳокимининг шу қарорга асосланиб чиқарган 2002 йил 12 сентябрдаги қарорини бекор қилиш туман ҳокимидан сўралганлигига асосланиб, ўз хулосасини чиқарди. Унда О.Нурмаматованинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига йўллаган мурожаати тўлиғича ўрганилганлиги, мурожаатда келтирилган важлар ўз исботини топганлиги қайд этилди. Бундан ташқари, “Олтинсой” ширкат хўжалиги бошқаруви раиси Т.Тожимуродов 2002 йил 12 февралда хўжалик вакиллари йиғилиши ўтганлиги тўғрисида қарор чиқириб, қалбаки ҳужжатлар асосида “Орзу” ширкатига ажратилган 500 гектар ер майдони туман ҳокимининг ер захирасига қайтарилиши мақсадга мувофиқ, деб топилди.
Юқоридагилардан келиб чиқадиган бўлсак, мурожаатдаги муаммо ўз ечимини топгандек таассурот пайдо бўлади. Аммо бу иш охиригача етказилган эмас. О.Нурмаматова оиласи маблағи ҳисобига тикланган уй-жой биноси бўшатиб берилмас, “Орзу” фермер хўжалигига 10 йил муддатга ноқонуний ажратилган ер майдони туман ҳокими захирасига қайтарилмас экан, муаммо муаммолигича қолаверади, деб ҳисоблайди.
Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида тараққиётнинг 5 йилга мўлжалланган стратегик вазифалари белгиланиб, жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Бунда халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи муҳим аҳамиятга эга. Аҳоли мурожаатлари барча даражадаги раҳбарлар томонидан қисқа муддатларда ўрганилиб, қонуний тарзда ҳал этилиши давр талаби, шароит тақозосидир.
Ўйлаймизки, Хатирчи тумани ҳокимлиги, тумандаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари бундан тегишли хулосани чиқарган, масъулиятни теран англаган ҳолда масалага охирги, адолатли нуқтани қўйишади.
Олим ХЎЖАЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят ва Шўрчи туман кенгашлари томонидан туман маданият саройида “Биз адолат тарафдоримиз!&r...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари бир қатор ишларни амалга оширмоқда....
01 янв 1970
Мамлакатимизда  олий таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниши зарур. Соҳага бўлган эътибор ҳам ҳар қачонгидан юқори эканлиги бежиз эмас....
01 янв 1970
Мамлакатимизда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратишга доимий эътибор қаратиб келинмоқда....