Фаолиятга янгича ёндашув ўз-ўзини танқиддан бошланади

/
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган байрам тадбиридаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузаларида кенг кўламли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар йўлини оғишмасдан, қатъий ва изчил давом эттиришга қаратилган муҳим устувор вазифалар илгари сурилди. Уларни амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари қаторида сиёсий партиялар олдида турган долзарб вазифалар ҳам белгилаб берилди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва партия сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2016 йил 19 декабрдаги қўшма мажлисида Президентимиз маърузаларидан келиб чиқадиган депутатлик корпуси ҳамда партия олдида турган вазифалар белгилаб олинди. Уларнинг муваффақиятли равишда амалга оширилиши эса партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари, партиянинг вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари, бошланғич ташкилотлари ва аъзоларининг катта масъулияти, кенг кўламли фаол амалий ҳаракатларига боғлиқ.
Навоий шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган “Дастурий вазифаларни таъминлашда партия фаолларининг ўрни” мавзуидаги фаоллар йиғилишида ана шулар хусусида батафсил сўз юритилди.
Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Наримон Умаров қатнашди ва сўзга чиқди.
— 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланганлиги ва 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон қабул қилинганлиги ҳам зиммамизга катта масъулият юклайди, — деди Н.Умаров. — Зеро, фуқароларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Фармонга мувофиқ ташкил этилган Халқ қабулхоналари фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари қаторида Олий Мажлис, хусусан, депутатлар билан мулоқот қилишида ҳам муҳим воситага айланади. Шундай экан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг фаолиятини жонлантириш, барча бўғиндаги ижро этувчи тузилмаларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир амалий вазифаларни ҳал этиш ишига партиянинг, унинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг таъсирини кучайтиришимиз зарур.
Партия раҳбари ўз сўзида халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг бу йўналишда 2016 йилда олиб борган фаолиятига танқидий баҳо бериб, таҳлиллар асосида фикр юритди. Қайд этилганидек, партия гуруҳидаги саккиз нафар депутат томонидан 2016 йилда мутасадди ташкилотларга атиги 27 та депутатлик сўрови чиқарилган. Бу кўрсаткич партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари аъзолари томонидан чиқарилган депутатлик сўровлари умумий сонининг 3,3 фоизини ташкил этади, холос. Шунингдек, депутатлик гуруҳи томонидан муайян масалалар юзасидан мансабдор шахсларнинг ҳисоботи эшитилмаганлиги, доимий комиссиялар йиғилишлари ва Кенгаш сессияларига бирор-бир масала киритилмаганини қандай изоҳлаш мумкин?! Партиянинг халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлари фаолияти ҳам талаб даражасида эмас.
Н.Умаров партиянинг вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларига ўз фаолиятларини қайта кўриб чиқиш ва ўз-ўзини танқид руҳида аниқ таҳлиллар юритиш, ўз фаолиятини бугунги талаблар даражасида муносиб йўлга қўйиш юзасидан аниқ вазифаларни кўрсатиб ўтди.
Шундан сўнг сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати аъзоси, халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати Гулчеҳра Сатторова, вилоят партия кенгаши раиси Рустам Ҳайитов, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Юсуф Маликовлар йиғилиш қатнашчиларини вилоятда депутатлик гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги иштирокини кенгайтириш юзасидан белгиланган амалий ишлар режалари билан таништирдилар.
Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмоновнинг “Партиявий-дастурий вазифалар, партия лойиҳаларини амалга оширишда Навоий вилояти партия фаолларининг ўрни” мавзуидаги маърузаси тингланди ва атрофлича муҳокама этилди.
Вилоят партия кенгашининг йиғилишида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Олим ХЎЖАЕВ,
“Аdolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Марказий сайлов комиссиясининг 2020 йил 8 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари сайлови бўйича Қорақалпоғистон ...
01 янв 1970
Парламентга “Адолат” СДПдан кўрсатилиб такрорий сайловга қолган депутатлар рўйхати ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди....
01 янв 1970
Шаҳрисабз туманидаги Мираки шаҳарчаси маданият уйида Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ўтказиб келинаётган “Адолатли қайнона&rdqu...