Устувор вазифалар ижроси

/
Устувор вазифалар ижроси партиянинг ҳар бир депутати ва фаолидан қатъий интизом, масъулият ва ташаббускорликни талаб этади
Пойтахтимизда ”Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, фаоллар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги “Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак” номли маърузасидан келиб чиқадиган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди.
Эътироф этилганидек, ҳукуматимизнинг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши видеоконференцалоқа шаклида, барча ҳудудий бирликларидаги давлат бошқаруви органлари раҳбарлари иштирокини қамраган ҳолда, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида, танқидий руҳда ўтказилди. Унда барча соҳалардаги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — инсон манфаатларини таъминлаш ҳамда қонун устуворлиги, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик масалаларини бош мезонга айлантиришдан иборат эканлиги яна бир бор эътироф этилди. Энг муҳими, мажлисда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизни янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар оддий усулда, халқчил тилда қайд этилиб, жамиятдаги мавжуд муаммоларга жиддий эътибор қаратилди ва уларни бартараф этиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Тадбирда сўзга чиққан партия депутатлари ва фаоллари Президентимиз томонидан тилга олинган очиқ, конструктив, аниқ рақам ва далилларга асосланган танқидий мулоҳазалар, 2017 йил ва ундан кейинги йилларда мамлакатимизни янада тараққий эттиришга қаратилган, чуқур ўйланган устувор вазифалар нафақат давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, балки фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, сиёсий партиялар фаоллари ва депутатлари, қолаверса, ҳар бир фуқарони ўз вазифасига сидқидилдан, қатъий интизом ва шахсий жавобгарлик ҳисси билан ёндашишга чорлаганлигини таъкидладилар.
Тадбирда Президентимиз маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқадиган Ўзбекистон “Адолат” СДП ва унинг депутатлик корпуси олдида турган асосий йўналишлар юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди.
Алишер ШОДМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Президентимиз танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар — бу Бош вазир ёки унинг ўринбосарлари бўладими, ҳукумат аъзоси ёки ҳудудлар ҳокими бўладими, улар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиб қолиши кераклигига алоҳида урғу берди. Чиндан ҳам, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ҳамда сифатини таъминлашдек олижаноб мақсадни рўёбга чиқариш, ушбу жараёнда дуч келинаётган камчиликлардан кўз юммай, уларни самарали ҳал қилиш бўйича пухта таклифлар устида ишлаш ва амалга ошириш бугун ҳар бир раҳбар шахс олдидаги асосий вазифа бўлмоғи шарт.
Ушбу маъруза ўз мазмун-моҳияти ва қамрови билан Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча ислоҳотларда очиқлик ва ошкораликка эришиш, қонун устуворлиги, мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш каби дастурий мақсад ва вазифаларига тўла мос эканлиги билан ҳам биз учун аҳамиятлидир.
Мен ушбу йиғилишда иштирок этиш асносида, давлатимиз раҳбарининг ўзи жамиятимизнинг барча соҳаларидаги муаммоларни чуқур ўрганиб, дадил ўртага ташлагани, давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва мансабдор шахслар олдига аниқ вазифаларни белгилаб берганлигини шахсий ибрат сифатида қабул қилдим.
Йиғилишда аввалгилардан фарқли равишда ютуқ ва муваффақиятлар тилга олинмади, балки ўз ечимини кутаётган масалалар кўтарилди, аниқ далиллар асосида реал ҳолатга холис баҳо берилди. Айниқса, ижтимоий соҳада олдимизда турган вазифалар аниқ белгилаб берилгани бизни ўз фаолиятимизга янада масъулият билан ёндашишга ундайди.
Хусусан, Президентимиз мактабгача таълим тизимидан тортиб, умумтаълим мактаблари, лицей ва касб-ҳунар коллежлари, шунингдек, олий ўқув юртларидаги таълим-тарбия ва ўқитиш сифати билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратди.
Айниқса, таълим муассасаларини, энг аввало, касб-ҳунар коллежларини оқилона жойлаштиришни, шунингдек, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва ҳар бир ҳудуднинг зарур мутахассисларга бўлган талабини тўғри аниқлашни танқидий таҳлил қилиш зарурлиги таъкидланди. Бу, албатта, партиямиз дастурий мақсадларига тўла мос равишда депутатлик корпусимиз олдига ҳудудлардаги кадрларга бўлган зарур эҳтиёжни аниқлаш ҳамда мутахассисларни тайёрлаш квоталари бўйича тегишли вазирликларга асосланган таклифларни киритиш вазифасини қўяди.
Шу билан бирга, нафақат академик илм-фанни, балки олий ўқув юртларидаги илм-фанни янада ривожлантириш, илмий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, академикларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш таклифи ҳам илгари сурилдики, бу ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз ҳамда биз масъул бўлган Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси олдига ушбу масалаларга эътиборни янада кучайтириш вазифасини қўймоқда.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш соҳасидаги камчиликларга яна бир бор эътибор қаратиб, бу борада ҳам аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Умуман, ушбу маърузадан келиб чиқиб, фракциямизнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқиш, бандлик дастурини тайёрлаш ва ижросини таъминлаш, назорат этишда раҳбарларни рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларининг ҳуқуқий асосларини яратиш, Иқтисодиёт вазирлиги фаолиятига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш каби масалаларга эътибор қаратишимиз талаб этилади.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Президентимизнинг маърузасида ислоҳотларнинг қай даражада самара бераётганини кўрсатадиган мақсадли дастурларни амалга ошириш натижадорлиги, булар қаторида саноат ва бошқа тармоқларни ривожлантиришнинг асосий иқтисодий ва молиявий кўрсаткичлари белгилаб берилди.
Бунда ишлаб чиқариш қувватларининг аҳволи, харажатларни ва таннархни пасайтириш, маҳаллийлаштириш ва рентабеллик даражасини, маҳсулот рақобатдошлигини сўзсиз ошириш кераклиги таъкидланди. Тармоқлар бўйича таннарх ўртача 10 фоизга қисқартирилган бўлса-да, кимё ва енгил саноат, автомобилсозлик, қурилиш материаллари ва бошқа бир қатор тармоқларнинг айрим маҳсулотлари қимматлиги сабабли ташқи бозорларда рақобатдош бўла олмаётгани, айрим корхоналар зарар билан ишлаётгани ҳам айтиб ўтилди.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари ҳажмини аниқлашда асосан ички бозор эҳтиёжини таъминлаш масаласига асосий эътибор қаратилаётганлиги, яъни импорт маҳсулотлари ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқаришга имтиёзлар мавжудлиги бир тарафдан экспорт масаласининг жозибадорлигини ҳам камайтирмоқда.
Маърузада келтирилган бу танқидий фикрлар партиямиз Сайловолди дастуридаги инновация туридаги иқтисодиётни ташкил этиш ва уни ривожлантиришда мамлакатимизнинг илмий, илмий-техник салоҳиятини янада тўлиқ рўёбга чиқариш, иқтисодиётни таркибий қайта қуриш, уни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлаш ҳамда энергия ҳажмини камайтириш, қатъий тежаш тартиби, ишлаб чиқариш харажатлари ва маҳсулот таннархини камайтириш механизмларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва татбиқ этиш вазифаларига тўла мос келиши билан аҳамиятлидир. Шундай экан, давлатимиз раҳбари томонидан куюнчаклик билан билдирилган мулоҳазалардан биз ҳам тўғри хулоса чиқарган ҳолда, белгилаб берилган устувор вазифалар ҳамда дастурий ғояларимизнинг самарали ижро этилишига интилишимиз талаб этилади.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси:

— Давлатимиз раҳбари томонидан энг асосий устувор вазифа – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга ошириш, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишдан иборат эканлиги белгиланди.
Бунда, биринчи навбатда, фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усул ва механизмларини татбиқ қилиш, жумладан, барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги, ҳар бир туман ва шаҳардаги Халқ қабулхоналари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш энг устувор вазифа эканлиги қайд этилди.
Ушбу вазифалар кўлами ва аҳамияти жиҳатдан “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!” деган қатъий тамойил ҳаётимизга чуқур кириб бораётганидан далолат беради.
Давлатимиз раҳбарининг маърузасидан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари, айниқса, қонун ижодкорлиги фаолиятига доир устувор йўналишларга, асосан халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиши биринчи галдаги вазифа саналади.
Жумладан, парламент назорати доирасида илм-фан ва таълим соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишдаги камчиликлар, тиббиёт соҳасидаги, аҳолига сифатли дори воситаларини етказиб беришдаги муаммолар, пластик карточкалардан фойдаланиш ва “Электрон ҳукумат” тизими самарали ишлашига тўсқинлик қилаётган омилларни ҳисобга олиш даркор.
Халқ билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш, жойларга чиқиб, ҳудудларни ўрганиш асносида аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммоларни чуқур таҳлил қилиш ва жойида бартараф этилишига эришиш, ижро ҳокимияти томонидан қонунлар ижроси ўз вақтида ва сифатли таъминланишига эътибор қаратиш ҳам парламентдаги партия депутатларининг асосий вазифаларидандир.
Бундан ташқари, партиямизнинг марказий ва ҳудудий ташкилотлари ҳам дастурий мақсадлар ва электоратимиз манфаатларига таянган ҳолда ижтимоий соҳадаги вазифаларнинг ижросида бевосита ва билвосита иштирок этиши, аҳоли билан мулоқотнинг самарали механизмларини жорий қилиши, партиянинг ҳар бир фаоли ўз фаолиятини жиддий қайта кўриб чиқиши ва масъулиятини янада кучайтириши лозим.
Қолаверса, партия депутатлик корпусининг биргаликдаги ҳаракатини таъминлаш, яъни Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш, маърузада белгиланган вазифалар ижроси устидан таъсирчан жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш талаб этилади.
Зарифа ЭРАЛИЕВА,
халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати:

— Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан барча соҳаларни ислоҳ этиш, тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф қилиш борасида билдирилган танқидий-таҳлилий фикр ва таклифлар, илгари сурилган устувор вазифалар нафақат давлат идоралари раҳбарлари, балки шу заминда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқарони бирдек масъулият, уйғоқ виждон, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарик билан ишлашга ундайди. Биз Тошкент вилояти депутатлари ҳам ушбу йиғилишда бевосита видеомулоқот тарзида иштирок этиб, буни чуқур ҳис қилдик.
Айниқса, жорий йилда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга ошириш, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш энг асосий устувор вазифа сифатида белгилангани халқ вакиллари сифатида биз, маҳаллий Кенгаш депутатлари зиммасига катта масъулият юклайди.
Жойларда аҳоли билан учрашувларда шунга амин бўлганмизки, халқимиз депутатга ёки мансабдор шахсларга камдан-кам ҳолларда ўзининг шахсий муаммосини айтади, балки кўпинча маҳалласи, ҳудуди ёки умумжамият ҳаётига доир муаммо ва таклифлар билан мурожаат қилишади. Шундай экан, биз, депутатлар халқимиз билан янада яқинроқ мулоқот қилишимиз, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганишимиз, фуқароларнинг қонуний мурожаатларини кўриб чиқишимиз, буни шунчаки қоғозда рақамлар ва ҳисоботлар билан эмас, амалий ишларимиз билан кўрсатишимиз талаб этилади. Бинобарин, фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усул ва механизмларини татбиқ қилиш, жумладан, барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш вазифаси ҳар бир депутатнинг аҳоли энг муҳим эҳтиёжларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича масъулиятини оширади. Бунда биз фуқароларнинг мурожаат этишларини кутиб ўтирмасдан, балки ўзимиз аҳоли орасига хонадонма-хонадон кириб бориб, улар билан учрашмоғимиз, сайёр қабулхоналар ташкил этмоғимиз лозим бўлади.
Аҳолининг барча ижтимоий қатламлари сифатли тиббий хизматдан фойдаланишининг аҳволи, скрининг ва перинатал марказлари, гинекология ва патронаж хизматларининг бугунги ҳолатини таҳлил этиш мақсадида соғлиқни сақлаш бошқармалари мансабдор шахсларининг эшитувини ташкил қилиш маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг диққат марказида бўлмоғи зарур. Шу билан бир қаторда, маҳаллий Кенгашлар сессияси кун тартибига аҳолининг арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминланиш ҳолатини ўрганиш масаласини олиб чиқиш бугунги кун талаби ҳисобланади.
Қизғин фикр-мулоҳазалар ва таклифлар асосида Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилишидаги Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг маърузасидан келиб чиқадиган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси олдида турган асосий вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 5 январь куни соғлиқни сақлаш тизимининг ҳолати ва истиқболларига бағишланган йиғилишда ушбу тизимдаги мавжуд аҳволни рўйирост баён этганлигига эътибор қаратдилар. Қайд этилдики, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини, энг аввало, қишлоқ врачлик пунктларини ислоҳ қилиш, уларни олий маълумотли кадрлар ҳамда энг илғор ускуналар, дори воситалари билан таъминлаш, тез тиббий ёрдамнинг барча тузилмасида тартиб ўрнатиш, қолаверса, дорихоналар тармоғидаги жиддий камчиликларга барҳам бериш каби йўналишларда ислоҳотлар самарадорлигини кафолатлайди.
Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси:

— 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганида катта маъно мужассам. Зеро, инсон манфаатлари деганда, аввало, инсоннинг саломатлиги, замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши ҳам назарда тутилади. Тизимдаги ислоҳотларни чуқурлаштиришда, аввало, қонунлар мукаммаллиги ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этиш механизмларини такомиллаштириш, аҳоли кенг қатламларига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш масалалари “Адолат” социал-демократик партиясининг устувор вазифаларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Шу маънода Президентимизнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувда соҳани янада ривожлантириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш, ёш мутахассисларни тарбиялаш жараёнига илғор таълим технологияларини кенг жорий этиш, дунёнинг етакчи тиббиёт марказлари ва ўқув муассасалари, таниқли олимлар ва мутахассислар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан мутасаддилар олдига аниқ вазифаларни қўйганлиги бизни ҳам бефарқ қолдирмади. Чунки бу жараёнда нафақат тиббиёт ходимлари, балки қонун ижодкорлари ҳам бирдек масъулият ва ташаббус кўрсатишлари лозим, деб ҳисоблаймиз. Шундан келиб чиқиб, “Адолат” СДП фракцияси ҳам ўз олдига аниқ вазифаларни белгилаб олмоғи зарур, албатта.
Биринчидан, Президентимиз томонидан баён этилган фикрларни ҳар ойнинг охирида вилоят, туман ва шаҳарларда олиб борадиган фаолиятимиз давомида танқидий, таҳлилий кўриб чиқиб, муаммоларни бартараф этиш бўйича аҳолидан, ўша жойда хизмат қилаётган тиббиёт ходимларидан зарур таклифларни олишимиз даркор.
Иккинчидан, олинган таклифлар асосида айнан тиббиётга дахлдор қонунларни қайта инвентаризациядан ўтказиш тақозо этилмоқда. Шу кунга қадар бу иш қисман амалга оширилган, аммо давр ўзгарди, йўналишлар ва халқнинг талаби ўзгарди. Шуларни инобатга олиб, махсус режа асосида қонунларни қайта хатловдан ўтказишимиз лозим.
Учинчидан, қабул қилинаётган Президент қарорларидаги ўзгаришларни қонун ҳужжатларида ҳам акс эттириш бўйича депутатлик ташаббусларини илгари суриш ва унинг амалга ошириш механизмларини аниқ белгилаш талаб этилади.
Тўртинчидан, халқ билан мулоқот чоғида тиббиётга оид мурожаатларни ўрганиш, масалага жиддий ёндашган ҳолда янги таклиф ва ғояларни илгари суриш, бизга яна қандай янги қонунлар кераклиги хусусида кўпроқ бош қотиришимиз зарур. Чунки партиямиз электорати аъзолари асосан тиббиёт ходимлари эканлигини инобатга олиб, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, зарур шароит ва имкониятларини назарда тутувчи янги қонун лойиҳалари бўйича ҳам ўз ташаббусларимизни кўрсатишимиз керак.
Бешинчидан, хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан мулоқот чоғида одамларнинг соғлиқни сақлаш тизимига бўлган муносабатини холис ўрганиш, ҳудудлардаги соғлиқни сақлаш бошқармалари ишига баҳо бериш масалаларини халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари муҳокамасида кўриб чиқишни самарали ташкил этиш, бунда парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатларини кучайтиришимиз мақсадга мувофиқдир.
Албатта, ушбу устувор вазифаларни бажаришда, соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ижросида ҳеч қандай сусткашлик ва кўзбўямачиликка йўл қўйилмаслиги учун “Адолат” СДП депутатлари ва фаоллари ҳам янада жонбозлик, фидойилик кўрсатмоғи даркор. Тегишли қонунлар, давлат дастурлари ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан парламент назоратини олиб бориш баробарида жойларда фуқаролар билан доимийлик ва очиқликка асосланган мулоқотларни ташкил этиш, шу аснода уларнинг соғлиқни сақлаш тизимида қилинаётган саъй-ҳаракатларга доир фикр-мулоҳазаларини, таклифларини ўрганиш ҳамда уларни қонун ижодкорлиги жараёнида инобатга олиш депутатлар фаолиятининг негизи ҳисобланади. Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ҳар бир фуқаро қабул қилинаётган қарорлар реал фойда бераётганини сезиши керак.
Шунингдек, йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг 2016 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда 2017 йилга мўлжалланган фаолиятининг асосий йўналишлари тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Наримон Умаровнинг маърузаси тингланди.
Таъкидланганидек, 2016 йилда қонун ижодкорлиги йўналишида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан жами 41 йиғилиш ўтказилиб, унда 141 масала, жумладан, 62 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Шу билан бирга, қонун ижодкорлиги фаолиятида фракция аъзолари 26 та қонун лойиҳалари бўйича масъул бўлган ҳолда бошқа депутатлар билан биргаликда 6 қонун лойиҳаси бўйича ташаббус билан чиқишди.
Партиямизнинг Сайловолди дастурида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққий этишида, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилинишида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, қолаверса, ҳар ишда адолат мезонини жорий эттириш мақсадида “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги ва “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган эди. Таъкидлаш лозимки, ўтган йил мобайнида партиямиз дастурида белгилаб олинган ушбу тадбирлар қанчалик ҳаётий ва зарурлигини вақтнинг ўзи кўрсатди ва мазкур қонунлар лойиҳалари ўтган йили парламентимиз томонидан кўриб чиқилиб, қабул қилинди.
Ўтган йилда фракция назорат-таҳлил фаолиятида асосий эътиборни парламент назорати орқали ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича қабул қилинган қонунлар ижросини давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан сўзсиз ва тўлиқ бажарилиши таъминланишига қаратди.
Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Икрамовнинг “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан ахбороти эшитилди. Парламент эшитувида Давлат дастурини амалга ошириш натижасида эришилган ютуқлар, ижобий кўрсаткичлар, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди ҳамда Қонунчилик палатасининг тегишли қарори орқали мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар, тавсиялар берилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси қонунларни муҳокама қилиш жараёнида парламентдаги Демократик кучлар блокига нисбатан мухолифат сифатида берилган ҳуқуқ ва ваколатлардан тўлиқ фойдаланиб келмоқда. Хусусан, 2016 йилда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан фракциянинг ўз қараши ва ёндашуви мавжуд бўлганлиги боис ушбу қонуннинг муқобил таҳрири тайёрланиб, Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилди.
Бундан ташқари, фракция ҳисобот йилида бир қатор қонун лойиҳалари бўйича ўз позицияларидан келиб чиққан ҳолда алоҳида таклифлар киритди. Хусусан, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Бухгалтерия ҳисоботи тўғрисида”, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида” ва “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳрирлари ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари юзасидан ҳам фракциянинг алоҳида муносабатлари билдирилди.
Ўтган йилда фракция аъзолари томонидан сайлов округларида ҳам самарали иш олиб борилиб, сайловчилар билан ҳар бир учрашув таҳлили бўйича фракция йиғилишлари ўтказилди ҳамда уларда тегишли ижро ҳокимияти органларининг вакилларини жалб қилган ҳолда сайловчилар томонидан кўтарилган масалалар муҳокама қилинди ва сайловчиларни қизиқтираётган ва безовта қилаётган муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниб, ижрога йўналтирилди.
Шунингдек, Н.Умаров “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг фуқаролар қабули ва мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда масъул қўмитадаги фаолиятига доир маълумотларга ҳам тўхталиб, ўз навбатида, фракция фаолиятида йўл қўйилган мавжуд камчиликларга ҳам эътибор қаратди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор маърузаларида ҳамда фармонларида суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида мавжуд камчиликлар қайд этилиб, зарур ислоҳотлар белгилаб берилганига қарамай, депутатлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта таҳлил қилинганда, ушбу камчиликлар аниқланмаган ва қонун ижодкорлиги бўйича таклифлар берилмаганини фракция раҳбари келтириб ўтди. Қолаверса, депутатларнинг қонун ташаббускорлиги йўналишида тайёрланган қонун лойиҳаларини охирига етказиш ва Қонунчилик палатасига киритишга етарли эътибор қаратилмагани ҳамда парламент сўрови ва депутатлар сўрови каби институтлардан унумли фойдаланилмагани ҳам танқид остига олинди. Ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциянинг 2017 йилга мўлжалланган иш режасида Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, халқ билан мулоқот қилишга, жойларга чиқиб бугунги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни, ижро органлари фаолиятини ўрганиш ва таҳлил қилиш, сайловчилар томонидан қайд этилаётган муаммоларни ижобий ҳал қилиш ҳамда бу масалада маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан узвий алоқада ишлашга асосий эътибор қаратилганлиги айтиб ўтилди.
Қўшма йиғилиш якунида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан Тошкент темир йўл муҳандислари институтида давра суҳбати ўтказилди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилояти кенгаши ташаббуси билан Қарши давлат университетида “Қайта тикланувчи энергия манбалари...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар кенгашларининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. ...