Амалий ишлар, аниқ натижалар сайловчилар ишончининг гарови

/
Кейинги йилларда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган депутатларнинг фаоллиги сезиларли равишда ортаётгани уларнинг электорат билан ҳамнафаслиги, ташаббускорлиги ҳамда ҳудудий ва қуйи партия ташкилотлари бу борада қатор амалий ишлар олиб бораётганини ҳам англатади.
Депутат — халқнинг ишончли вакили, партия депутатлари ҳар доим ана шу ишончни оқлаши шарт. Шу билан бирга, уларнинг ҳар бир ташаббуси, амалий ишлари фуқаролар ўртасида партиямизга хайрихоҳликни кучайтиришга хизмат қилиши зарур. Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари бу муҳим жиҳатларни назарда тутиб, электорат манфаатларини рўёбга чиқариш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим масалаларини ҳал этишга ҳаракат қилмоқда.
Албатта, фуқароларнинг манфаатлари уларнинг ўз ишончли вакилига қилган мурожаатларида аниқ акс этади. Таъкидлаш жоизки, уларнинг депутатлик гуруҳи аъзоларига қилган ҳар бир мурожаати жиддий ўрганилиб, баён этилган масалалар мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўз ечимини топмоқда.
Хусусан, депутатлик гуруҳи аъзоси Айша Абдреймовага сайловчилар Нукус шаҳар 21-кичик туман ҳудудидаги кўп қаватли уй-жой биноларини қайта таъмирлаш зарурлиги ҳақида таклиф билдиришди. Ушбу таклиф ҳамда фуқароларнинг “А.Досназаров” кўчаси бўйидаги пиёдалар юрадиган йўлакларни, “Ақ ўтов” маҳалласи ҳудудидаги 48-умумтаълим мактабига борадиган йўлни обод этиш, таъмирлаш хусусидаги мурожаатлари асосида Айша Абдреймова Нукус шаҳар ҳокимлигига депутатлик сўрови киритди. Шаҳар ҳокимлиги томонидан олиб борилган ўрганишлар таҳлил этилиб, амалий чора-тадбирлар белгиланди. Айни пайтда 21-кичик тумандаги кўп қаватли уй-жой иморатларини ҳамда 48-умумтаълим мактаби атрофидаги йўлларни таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.
Партия гуруҳининг яна бир фаол аъзоси Рахмет Ибрагимовнинг электорат билан учрашувида сайловчилар “Нукус” кўчасида йўловчиларга қулайлик яратиш, кўчани маҳаллага кўрк бағишлайдиган даражада обод этиш, таъмирлаш лозимлигини айтиб, шу масалада депутатдан ёрдам сўрашди. Шу мақсадда Рахмет Ибрагимовнинг Нукус шаҳар ҳокимлигига киритган депутатлик сўрови натижасида маҳалла фаровонлигини таъминлашга доир ушбу масала манзилли дастурга киритилди. Албатта, бу вазифанинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши депутат назоратида бўлади.
Депутатлик гуруҳига шаҳардаги “Алланияз Қаҳрамон” маҳалласида яшовчи фуқаро Қ.Ережепов унинг хонадонига жуда яқин жойдан электр тармоғи ўтганлиги сабабли уни бироз узоқликка кўчиришда ёрдам сўраганди. Ушбу мурожаат асосида Нукус шаҳар электр тармоқлари корхонаси раҳбарига киритилган депутатлик сўровига мувофиқ корхона томонидан бу масала ижобий ҳал этилди. Депутатлик гуруҳига сайловчиларнинг Нукус шаҳар 22-кичик тумандаги кўп қаватли 15-уйни таъмирлашга доир мурожаати ҳам киритилган депутатлик сўрови натижасида ушбу ҳудуддаги уй-жой ширкатлари томонидан ижобий ҳал этилди.
Депутатларнинг сайлов округларида ўтказиб келинаётган учрашувлар, юзма-юз мулоқотларда фуқароларни ўйлантираётган масалаларни аниқлаб, муаммоларни ҳал этишда партия фаоллари ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамжиҳатликда иш олиб бораётгани яхши самара бермоқда.
Шарипа ТОРЕШОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқимизда “Бойликнинг боши соғлиқ” деган мақол бежиз айтилмаган. Негаки, саломатликни ҳар қанча моддий бойлик ва маблағ эвазига сотиб ...
01 янв 1970
Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров иштирок этди ва сўзга чиқди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Тараққиётимизнинг янги даврида халқ билан мулоқот қилиш ҳар бир идора ва ташкилотнинг устувор вазифасига айланди. Шу боис айни пайтгача  парти...