Мамлакат тараққиёти ва аҳоли фаровонлиги йўлидаги улуғвор мақсадлар ижроси барчамиздан якдиллик ва фаоллик талаб этади

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ва партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали тадбирдаги ҳамда Ўзбeкистон Рeспубликаси Прeзидeнти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузаларидан келиб чиқадиган партия ва унинг депутатлик корпуси олдидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Н.Умаров олиб борди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг ҳар иккала маърузасида Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов бошлаб берган кенг кўламли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар йўлини оғишмасдан, қатъий ва изчил давом эттиришга қаратилган кенг қамровли ва муҳим устувор вазифалар илгари сурилганлиги ҳамда уни амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари қаторида сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этишлари зарурлиги эътироф этилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиққан фракция аъзолари Президентимиз маърузасида алоҳида қайд этилган қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларини яратиш борасида ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар, қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсири етарлича сезилмаётгани, уларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги роли пастлигича қолаётгани ҳақидаги танқидий фикрларидан тегишли хулоса чиқариш ва ушбу масалага жиддий ёндашиш зарурлигига эътибор қаратишди. Айниқса, қабул қилинаётган қонунларни халққа, ижрочиларга етказиш, уларнинг ижросини таъминлаш механизмларини янада кучайтириш, жумладан, “Парламент назорати тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунларда белгиланган ваколатлардан фойдаланиб, парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда тегишли масалалар юзасидан мансабдор шахслар эшитувини тизимли равишда ташкил этиш, амалга оширилган ишларни партия нашрларида ёритиб бориш лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Фракция аъзолари Президентимизнинг шаҳар ва туманлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш, таҳлил этиш ҳамда халқ депутатлари кенгашларида тегишли раҳбарларнинг ҳисоботларини эшитиш тизимини жорий этиш борасидаги таклифлари ҳам парламентнинг халқ билан янада яқинлашишга, самаралироқ мулоқотга киришишга, одамларнинг дардини эшитишга, жойлардаги ижро ҳокимиятининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилишини эътироф этдилар. Бу жойлардаги ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни чуқурроқ ўрганиш, муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, қабул қилинган қонунларнинг ижро этилиш самарадорлигини оширишига хизмат қилишини эътироф этишди.
2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш назарда тутилаётгани ҳам Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланган давлат бошқаруви органлари, назорат этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши устидан назоратни кучайтириш, амалиётда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш тартибини жорий қилишга доир устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим роль ўйнайди. Зеро, партия дастурида илгари сурилганидек, бундай тартиб инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг, суд-ҳуқуқ соҳасида расмиятчиликка ва коррупцияга қарши кураш олиб боришнинг муҳим кафолати ва зарур шартидир.
Акмал БУРХАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришишга бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган, яъни мамлакатимизни замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшиш, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини бунданда юксалтириш йўлидаги муҳим стратегик мақсадлар ва вазифалар белгилаб берилди.
Партиямиз дастурий мақсадларига ҳамоҳанг бўлган мазкур вазифалар электоратимиз манфаатларига хизмат қилиши билан уларнинг босқичма-босқич амалга оширилишида барчамизни фаол иштирок этишга ундайди.
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг биринчи даражали вазифамиз адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш деб ҳисоблаймиз, дея таъкидлагани партиямизнинг ҳам энг устувор ғояси эканлиги алоҳида диққатга сазовордир.
Шунингдек, “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг куч ва имкониятларига таяниш борасида илгари сурилган ғоялар ҳам партиямиз дастурларида белгиланган вазифаларни янада самарали ҳаётга татбиқ этиб боришимизни тақозо этади.
Иқтисодиётни жадал ривожлантиришда тармоқлар ва ҳудудларни модернизация қилиш, бунинг учун илғор технологияларни ҳамда ахборот-коммуникация тизимларини барча соҳаларга янада фаол жалб этишимиз зарурлигининг таъкидлангани партиянинг иқтисодиётга замонавий инновацион ва юқори технологияларни жорий этиш каби вазифаларини амалга оширишни янада жадаллаштиришга ундайди.
Шу ўринда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари олдига ҳам келгусида қонун ижодкорлиги фаолиятини янада кучайтириш, бунда асосий эътиборни олиб борилаётган ислоҳотларга самара берадиган қонунлар ишлаб чиқиш борасида бир қатор вазифаларнинг қўйилганлиги биз, депутатларни бу борада ҳар бир масалага чуқур ёндашган ҳолда фаолликни тубдан оширишимизни тақозо этади.
Президентимизнинг мазкур маърузасида белгилаб берилган вазифалар ва тавсиялар асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямизнинг келгусида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишда бир қатор долзарб масалалар ва йўналишларга муҳим эътибор қаратиш зарур.
Хусусан, фракция аъзолари томонидан амалиётчилар, экспертлар билан биргаликда қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш мақсадида давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этиш ҳамда фракциянинг назорат-таҳлил ишларини тубдан кучайтириш лозим.
Шу билан бирга, Президентимизнинг суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган таклифларидан келиб чиқиб, соҳага оид қонунларни қайта инвентаризациядан ўтказиш ва бу орқали Маъмурий ва Жиноят кодексларининг тегишли моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаларини тайёрлаш ҳам фракциямиз олдида турган муҳим вазифалардан саналади. Жумладан, Ўзбекистон адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда адвокатура институтининг ўрни ва ролини янада ошириш, унинг ваколатларини кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ва адвокатурага оид қонун ва қонуности нормаларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга эришиш ҳам Сайловолди дастуримизда илгари сурган ғояларимизни ҳаётга татбиқ этишда биз учун амалий натижа бўлади.
Ушбу вазифаларни ҳаётга самарали жорий этишда фракциямиз партия марказий кенгаши ва жойлардаги депутатлик гуруҳлари билан биргаликда фаол ҳамда якдиллик билан иш олиб боради.
Қўшма йиғилишда сўзга чиққан партия фаоллари Президентимиз маърузасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва ҳудудий кенгашларида доимий асосда фаолият олиб борадиган “Халқ қабулхоналари” ҳамда партия расмий веб-сайтида виртуал қабулхона ташкил этилиши лозимлигини таъкидлаб, ушбу механизм аҳолининг кенг қатлами ва электорат билан алоқаларни янада яқинлаштиришини қайд этишди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг маърузаларида соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида илгари сурилган таклифлар ҳам барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг дастурий вазифалар ижросини таъминлашдаги масъулиятини янада оширишга ундайди.
Шунингдек, 2017 йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берилиши муносабати билан партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг келгуси йилга мўлжалланган иш режаларини тузишда эътибор қаратилиши зарур бўлган йўналишлар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Равшан ТОЛИПОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши раиси:

— Давлатимиз раҳбари ҳар бир туман ва шаҳарларда давлат ва жамоат ташкилотларининг “Халқ қабулхоналари”ни ташкил этиш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш зарурлигини қайд этар экан, бундай қабулхоналар сиёсий партиялар тизимида ҳам фаолият кўрсатиши мақсадга мувофиқ эканлиги, сабаби сиёсий партия фуқароларнинг мақсад ва манфаатларини рўёбга чиқарадиган куч сифатида кишилар ҳаётидаги муаммолардан доимо хабардор бўлиши зарурлигини таъкидлаб, бу яқин келажакда жамиятимизда ижобий туб ўзгаришлар ясашига ишонч билдирди.
Зеро, фуқароларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш, аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу маънода ушбу маърузалардан келиб чиқадиган партиямиз олдида турган устувор вазифаларни белгилаб берувчи чора-тадбирлар режасига асосан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва ҳудудий кенгашларида доимий асосда фаолият олиб борадиган “Халқ қабулхоналари” ташкил этиш, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатларининг фуқароларнинг қабул қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда партия расмий веб-сайтида виртуал қабулхона ташкил этиш режалаштирилаётгани айни муддаодир.
Шунингдек, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш ва мавжуд муаммоларнинг қонунда белгиланган муддатларда ҳал этилиши юзасидан мутасадди ташкилотлар билан иш олиб боришнинг механизмларини такомиллаштириш, жойларда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича ижроия ҳокимиятлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда эришилган натижаларни оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб боришни кенг йўлга қўйишимиз керак. Бу орқали фуқароларимизни қийнаётган масалаларни бартараф этишга ва электоратимизнинг давлатга бўлган ишончини оширишга эришишимиз ҳамда халқимиз орасига чуқурроқ кириб бориш имкониятига эга бўламиз.
Холиджон КАМИЛОВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, шифокор:

— Президентимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталиб, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида олиб борилган ишларга баҳо берди.
Айниқса, биз учун бебаҳо бойлик бўлган инсон саломатлигини асраш мақсадида соғлиқни сақлаш соҳасини, энг аввало, унинг бирламчи бўғинидаги бўлинмалари ва қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, тез тиббий ёрдам ва юқори технологиялар асосида хизмат кўрсатадиган, ихтисослашган махсус марказларни янада ривожлантириш юзасидан чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш Ҳукуматнинг доимий эътибор марказида бўлиши лозимлиги ҳақидаги таклифлар тиббиёт соҳасини янада кучайтиришга, соҳадаги кадрлар сифатини яхшилашга замин яратишига хизмат қилади.
Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўз дастурларида тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратиб, инсоннинг ижтимоий ҳуқуқлари, уларнинг ичида энг муҳимларидан бири – малакали тиббий хизматга бўлган ҳуқуқи ҳимоя қилинишининг ишончли кафолати айнан давлат бўлиши зарурлигини белгилаган.
Шу боис аҳолининг кенг қатламига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш, дори воситалари ва тиббий буюмлардан ҳамма фойдаланиши мумкинлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизими бошқарувини такомиллаштириш бўйича қонунчилик ташаббусларини илгари суришда барча имкониятларимизни сафарбар этишимиз, депутатлик корпусларимиз ваколатларидан самарали фойдаланишимиз мақсадга мувофиқдир.
Айниқса, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари доирасида тиббий хизматлар тизимини кучайтириш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини такомиллаштириш борасида партиямизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар дастурида белгиланган чора-тадбирларимизни амалиётга изчил татбиқ этишимиз зарур.
Бунда, айниқса, депутатлик корпусимиздан, қолаверса, партиямизнинг ҳар бир фаолидан ташаббускорлик ва фидойилик талаб этилади.
Шу билан бирга, Сайловолди дастуримизда соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техник базасини тубдан яхшилаш, соҳага оид давлат дастурларини қабул қилишда иштирок этиш каби ҳаётий ғоялар мавжудлиги бу соҳада ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда фаол иштирок этишимизга асос бўлади.
Насиба МУХИТДИНОВА,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси масъул ходими, партия эксперти:

— Давлатимиз раҳбари ўз маърузаларида халқимизнинг улкан интеллектуал ва маънавий салоҳиятини янада юксалтиришда зиёлиларимизнинг фидокорона меҳнатларини эътироф этиб, уларнинг илмий ва ижодий изланишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратилиши ҳамда шу мақсадда ҳукуматимиз томонидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши борасида илгари сурган таклифлари партиямиз электорати саналган илм-фан вакиллари ва педагогларни хурсанд қилди.
Албатта, бу йўналишдаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўз ҳиссасини қўшмоғи, айни шу борада Сайловолди дастуримизда белгиланган ғояларни ҳаётга янада изчил татбиқ этишда фаоллик кўрсатмоғи зарур.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари таълим-тарбия бўйича қабул қилинган умуммиллий дастурларимизни мантиқий якунига етказиш зарурлиги ҳақида тўхталиб, шу мақсадда Ҳукуматнинг, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда бутун таълим тизимининг, профессор-ўқитувчиларнинг энг муҳим вазифаси – ёш авлодга пухта таълим бериш, уларни жисмоний ва маънавий етук инсонлар этиб тарбиялашдан иборат эканлигига алоҳида эътибор қаратди.
Мамлакатимиз Президентининг бугун олдимизга қўяётган юксак мақсадларни, она юртимиз тараққиёти йўлида белгилаётган улуғвор режаларни амалга оширишга қодир бўлган кадрлар масаласи биз учун ҳамон долзарб бўлиб қолаётгани ҳақида куюнчаклик билан билдирган фикрлари ҳам ҳар биримизни бу борада чуқурроқ мушоҳада қилишга ундайди, албатта.
Бу борада партиямизнинг замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократик жамият қуриш йўлидаги мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган, юртимиз ва халқимиз манфаатларига садоқатли янги авлод кадрларини тайёрлашга доир ғояларини амалиётга татбиқ этиш принципиал ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтганда, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида илгари сурилган устувор ғоя ва вазифалар, биринчи навбатда, партиямиз электорати саналган педагоглар ва илм-фан вакилларини ўз хизмат вазифаларига янада масъулият билан ёндашишга ундайди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон “Адолат” СДП ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маърузаларида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси юзасидан чора-тадбирлар режаси қабул қилинди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 25 июнидан 5 июлига қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияс...
01 янв 1970
Ўз олдига халқчил ва ҳаётий ғояларни амалга оширишни мақсад қилиб қўйган Ўзбекистон “Адолат” СДП бугун фуқароларнинг манфаатлари йўлида...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 9 ойида республика иқтисодиётида ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,8 фоизга ўсди....
01 янв 1970
Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳар бир спортчининг энг катта орзуларидан бири саналади....