Дастурдаги таклифлар маъқул бўлмоқда

/
Мамлакатимизда қизғин давом этаётган сайлов кампаниясида республикамизнинг барча ҳудудлари қатори пойтахтликлар ҳам фаоллик билан иштирок этишмоқда.
Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Наримон Умаровнинг сайловолди дастурида адолатли фуқаролик жамияти қуриш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, мамлакатда экспортга йўналтирилган иқтисодиётни ривожлантириш, ёшлар ва аёллар, коллеж битирувчилари учун янги иш ўринлари яратиш, "рақобат — мумкин қадар, давлат бошқаруви — зарурат қадар" каби мамлакат келажагини белгиловчи муҳим тамойил ҳамда масалалар қамраб олинганлиги сайловчиларни бефарқ қолдирмаяпти.
Президентликка номзод Наримон Умаровнинг ишончли вакили, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази директори Неъматилла Мухамедовнинг Учтепа, Миробод, Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Юнусобод ҳамда Олмазор туманларида сайловчилар билан учрашувлари самимий ва очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтди.
Хусусан, Мирзо Улуғбек туманидаги 2-шаҳар болалар жарроҳлик шифохонасида бўлган учрашувда ишончли вакилга берилган саволлар ва уларнинг жавоблари барча иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
— Номзод дастурида ижтимоий йўналишда белгиланган вазифалар менга жуда маъқул бўлди, — деди Тошкент ирригация ва мелиорация институти талабаси Фаёз Тошев. — Айниқса, олий маълумотли кадрлар тайёрлаш, бу борада квоталар тизимини қайта кўриб чиқиш масаласида илгари сурилаётган таклифлар ота-оналарга ҳам, ёшларга ҳам бирдек манзур бўлишига ишонаман. Шу ўринда айтиш жоизки, бугунги кунда республикамиздаги олий ўқув юртларининг ярмидан кўпи пойтахтимизда жойлашган. Республиканинг узоқ вилоятларидан келиб пойтахтда ўқишга эса ҳамманинг ҳам имкони йўқ. Бу масала хусусида партия номзодининг дастурида қайд этилган. Ушбу масаланинг аниқ ечимлари юзасидан қандай таклифлар билдирилмоқда?
— Мазкур масалани ижобий ҳал этиш юзасидан биз ҳудудларнинг муайян иқтисодий устунликларидан келиб чиққан ҳолда пойтахтда жойлашган олий таълим муассасаларини тегишли ҳудудларга босқичма-босқич кўчиришни таклиф қилаяпмиз, — деди номзоднинг ишончли вакили Н.Мухамедов. — Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда интернет тизимидан аҳолининг фойдаланиш имкониятлари кенгайиб бораётганидан келиб чиқиб, масофадан туриб таълим беришнинг замонавий шаклларини жадал суръатлар билан ривожлантириш таклифини илгари сураяпмиз. Чунки, ривожланган давлатларда ушбу тизимдан самарали фойдаланилмоқда.
Бундан ташқари, меҳнат ресурсларидан фойдаланишда иш берувчининг бозор талабларига тезроқ мослашишига кўмаклашиш мақсадида қисқа муддатли ўқув курсларини ташкиллаштирувчи давлат ва нодавлат касб таълими тизимини янада ривожлантиришни мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Чунки ушбу турдаги таълим ёшларга ҳам тезкор, ҳам ишдан узилмаган ҳолда касб-ҳунар эгаллашга, меҳнат бозори эҳтиёжига қараб касбга қайта йўналтиришга ёрдам беради.
Шунингдек, Тошкент тиббиёт академиясида Олмазор тумани сайловчилари билан учрашув ҳам қизғин руҳда ўтди.
— Партиямизнинг дастурий ғояларидан келиб чиққан ҳолда, энг аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити яратишни мақсад қилар эканмиз, бу вазифани иқтисодий ислоҳотларни навбатдаги босқичга кўтариш ҳамда замонавий билимга, кенг дунёқарашга эга малакали кадрларни кўпроқ тайёрлашга орқали уддалаш мумкинлигини яхши англаймиз,—деди Н.Мухамедов. — Шунингдек, мамлакатимизни янада модернизация қилишда инновацияга асосланган иқтисодиётни барпо этиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада жадаллаштириш, аҳолининг барча ижтимоий қатлами сифатли тиббий хизматдан фойдаланишига имкон яратиш, жамиятда адолат, айниқса, қонун, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш республикамиз тараққиётининг долзарб масалалари сифатида биз учун бирламчи вазифа ҳисобланади.
Президентликка номзоднинг ишончли вакили учрашув иштирокчиларининг кўплаб саволларига жавоб қайтарди. Жумладан, жамиятимизда ҳали ҳануз учраб турадиган адолатсизлик, коррупция ва бюрократия каби иллатларга қарши айнан қандай усул ва воситалар орқали курашиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш борасидаги чора-тадбирлар, экология ва атроф-муҳит ҳимоясига доир режалар ҳақида берилган саволлар ҳамда уларга ишончли вакилнинг батафсил жавоблари барчанинг диққатини ўзига жалб этди.
Учрашувда партия фаоллари фикр-мулоҳаза билдириб, пойтахтимиз сайловчиларини шу йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга ҳамда Наримон Умаровга овоз беришга чақирдилар.
Феруз ЖЎРАЕВ,
Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Куни кеча Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг VII Пленуми бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳар бир партия ходими ва депутат олдида турган муҳим вазифадир....
01 янв 1970
Шу кунларда ҳаваскор жамоалар ўртасида “Адолат“ кубоги учун ҳудудларда ўтказилаётган мини-футбол мусобақасининг минтақавий босқичи бошл...
01 янв 1970
Бу йилги Халқаро хотин-қизлар куни байрами андижонлик сафдошимиз, Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали талабаси Гавҳарой Усмонхўжаева ...