“Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаровга овоз беринг!

/
Жорий йилнинг 4 декабрь куни мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Унда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган тўртта сиёсий партиянинг барчаси ўз номзодлари билан иштирок этади. Мамлакатимиз сиёсий майдонида 21 йилдан буён фаолият юритиб, ўз ғояларини, дастурий мақсад ва вазифаларини амалиётга татбиқ этиб, халқимиз муайян қатламининг сиёсий иродасини, манфаатларини ҳимоя этиб келаётган, ўз электоратига, хайрихоҳларига эга бўлган Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам мазкур муҳим сиёсий тадбирда ўз номзоди билан иштирок этмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Мажитович Умаров 1952 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1974 йилда Тошкент политехника институтини тамомлаган. Мутахассислиги — муҳандис-гидрогеолог. Геология-минералогия фанлари номзоди.
Наримон Умаров меҳнат фаолиятини 1974 йилда “Гидроингео” илмий текшириш институтида катта техник ходим лавозимидан бошлаб, илмий ишлар бўйича директор муовини лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди.
У мазкур муассасадаги 23 йиллик фаолияти давомида суғорилаётган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ гидрогеологик прогнозларни ишлаб чиқиш, ер ости сувларидан иқтисодиётда оқилона фойдаланиш йўналишларида тадқиқотлар олиб борди.
Президентликка номзод Наримон Умаровнинг ҳамкасблари ва партиядошларимизнинг номзодимиз ҳақидаги фикрлари билан қуйида танишасиз.
Ботир АБДУЛЛАЕВ,
“Гидроингео” илмий текшириш институти директори:

— Наримон Умаров Ўзбекистонда муҳим аҳамиятга эга бўлган долзарб муаммоларни ҳал этишга, жумладан, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги янги ўзлаштирилган ерларнинг ҳосилдорлигини ошириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга қаратилган илмий изланишлар олиб борган. Ушбу илмий изланишлар натижалари лойиҳа институтлари томонидан кенг фойдаланилган ва ушбу ҳудудларда ер ости сувлари салбий таъсирининг олди олинган.
Устозимизнинг олим сифатидаги илмий қирраларидан яна бири, бу — республика ҳудудида ер ости сувларидан унумли фойдаланиш бўйича амалга оширган илмий изланишларидир. Бу йўналишда Наримон Умаров мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоқлари ривожланиши учун жуда зарур бўлган сув ресурсларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалаларига муҳим эътибор қаратган.
Ўша даврда Ўзбекистонда мавжуд ер ости сув захиралари аниқланган бўлиб, ушбу сув захираларини ифлосланишдан асраш ва беҳуда ишлатишнинг олдини олиш асосий муаммо, долзарб масала эди.
Наримон Умаров мазкур илмий йўналиш раҳбари сифатида ер ости сувларининг сифатини доимий кузатиш ва назорат қилиш тизимини яратишда катта ҳисса қўшди.
Қолаверса, ўтган асрнинг 70-йиллари Орол денгизи қуриши бошланиб, ушбу экологик ҳалокат оқибатларининг иложи борича атроф-муҳит ва инсонларга салбий таъсирининг олдини олиш масалалари юзага келган давр эди.
Шу даврда мазкур масалада бизнинг институтимизда йирик илмий бўлимлар жалб этилиб, ушбу долзарб муаммони ҳар тарафлама ўрганиш устида иш олиб борган ва айнан Наримон Умаров бу борадаги йирик лойиҳага илмий раҳбарлик қилган.
Натижада ушбу экологик носоз ҳудудда ўта зарур бўлган масала, яъни аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича комплекс дастурлар ишлаб чиқилиб, аниқ амалий муҳандислик-коммуникация тадбирлари амалга оширилди ва ҳудуд аҳолиси ичимлик суви билан таъминланди.
Наримон Умаров изланувчан тадқиқотчи сифатида илмий натижаларни амалиётга татбиқ этиш соҳасида муассасамизда танилди. Мамлакатимиз ривожланиши учун ўта зарур бўлган масала – ер ости чучук сувларидан иқтисодиётнинг барча тармоқларида унумли ва тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича илмий ишларга узоқ йиллар мобайнида раҳбарлик қилди.
Наримон Умаров ўз соҳасининг чуқур билимдони ва етук олими сифатида кўплаб шогирдлар тайёрлади. Яъни, у кишининг раҳбарлигида институтимизда ёш илмий ходимлар шаклланди ва бугунги кунда улар институтимизнинг асосий ходимлари сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Мажитович Умаров 1997-2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Аналитик назоратга ихтисослашган давлат инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаб, атроф табиий муҳит ҳолатини мониторинг қилишда ягона давлат тизимини ишлаб чиқиш бўйича ишларни бошқарган.
Камолиддин СОДИҚОВ,
Аналитик назоратга ихтисослашган давлат инспекцияси собиқ ходими:

— Наримон Умаровнинг бевосита иштирокида республикамизда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, ифлосланишининг олдини олиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича Давлат мониторинги тизими яратилди ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланди. Ушбу тизим ҳозирги кунга қадар самарали ишлаб келмоқда.
Бунда республикамизда ушбу соҳадаги ваколатли вазирликларнинг ишини доимий мувофиқлаштириш ва режалаштиришда Наримон Умаровнинг ҳиссаси жуда катта бўлган. У кишинининг саъй-ҳаракати билан атроф-муҳитнинг мониторинги бўйича 5 йиллик давлат дастурлари ишлаб чиқилди ва қўмита қошида ягона Ахборот-ресурслар маркази ташкил этилди. Унда республикамизнинг барча ҳудудларида экологик ҳолат бўйича маълумотлар мажмуаси жамланган ва ҳозирда ундан соҳалардаги мутахассислар ва илмий ходимлар фойдаланиб келишмоқда.
Наримон Умаров экология соҳасида йирик лойиҳаларни амалга оширишда ҳам раҳбарлик қилган ва бу борадаги кўпгина ишларга бош-қош бўлган.
Хусусан, Орол денгизининг қуриган майдонларида нефть-газ қидирув ишлари ўтказилиши муносабати билан у кишининг бевосита раҳбарлигида ушбу ҳудудларда ҳали одам оёғи етмаган, қуш учса қаноти куядиган жойларда биринчи бўлиб экологик тадқиқотлар ўтказилди. Натижада геология соҳаси мутахассисларининг кенг қамровли ишларни ўтказишига замин яратилди ва ҳозирги кунда ушбу ҳудудларда топилган конлардан газ қазиб олинмоқда.
Ушбу лойиҳани амалга оширишда Наримон Умаров кўпқиррали илмий ходим ва олим сифатида ўзини кўрсата олди. Чунки ушбу изланишларда 10 дан ортиқ соҳаларнинг малакали мутахассислари иш олиб борди. Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш, ўтказиш, қолаверса, уларнинг натижаларини кўзланган мақсадга йўналтириш осон иш эмас эди.
Бунда Наримон Умаров чуқур билимли, ташкилотчи раҳбар ва истиқболни олдинда аниқ кўра оладиган инсон сифатида намоён бўлди.
Мухтасар айтганда, Наримон Умаров нафақат ўз соҳасини, қолаверса, турдош соҳаларни ҳам чуқур биладиган, йирик жамоани ҳам самарали бошқара оладиган инсон сифатида танилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Мажитович Умаров 2009-2013 йилларда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида кўплаб лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда бевосита иштирок этган.
Нўмонжон ШОКИРОВ,
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходими:

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган 2013-2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастурининг бажарилиши натижасида Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларида 600 мингдан ортиқ аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Термиз ва Қўқон шаҳарлари оқава сув тозалаш иншоотлари реконструкция қилиниб, уларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирининг олди олинди.
Н.Умаров раҳбарлигида, айниқса, йирик саноат корхоналарида экологик тоза технологиялар жорий этилишига катта эътибор берилди. Хусусан, “Олмалиқ КМК” АЖ ишлаб чиқаришида янги ва кам чиқитли технологияларни жорий этиш асосида янги олтингугурт кислотаси цехини қуриш ишлари якунланиб, атроф-муҳитга зарарли ташланмалар камайишига эришилди.
Шунингдек, Наримон Умаров раҳбарлигида давлат дастурларини бажаришда бир қатор вазирликлар, йирик саноат корхоналари билан ҳамкорлик кучайди ва натижада белгиланган чора-тадбирлар самарали амалга оширилди.
Ушбу мураккаб ишларни амалга оширишда Наримон Умаровнинг тажрибаси, қўйилган мақсадга эришишига ишонч ва профессионал маҳорати, фаолиятни доимий равишда мувофиқлаштириб боришдаги раҳбарлик салоҳияти муҳим роль ўйнаган десак, муболаға бўлмайди. Жумладан, у кишининг кўрсатмалари асосида ушбу дастурдаги тадбирларни амалга оширишда бир қатор халқаро ташкилотларни жалб қилишга ва уларнинг маблағлари мазкур мақсадлар учун йўналтирилишига эришилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, шундай хулосага келиш мумкинки, Наримон Умаров раҳбар сифатида олдига қўйилган вазифаларни бажаришда қатъиятли, мақсадга эришишда барча имкониятлардан тўла фойдаланадиган инсондир.
Зулфия СУЛАЙМОНОВА,
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Аналитик назоратга ихтисослаштирилган давлат инспекцияси собиқ ходими:

— Наримон Умаров Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раислиги даврида Ўзбекистонда соҳага доир долзарб муаммоларни ечишда кўпгина халқаро ташкилотлар билан унумли ҳамкорлик ўрнатилди. Бу борада Ўзбекистонда БМТнинг Тараққиёт дастури билан биргаликда узоқ муддатли лойиҳалар самарали амалга оширилди.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикасида Кимёвий моддаларни халқаро бошқаришда стратегик ёндашувни амалга ошириш” лойиҳаси муваффақиятли бажарилди.
Ушбу лойиҳа даврида Наримон Умаров бошчилигида ва бевосита иштирокида қишлоқ хўжалигида ишлатилган ва эскирган пестицидлар, таркибида симоб мавжуд бўлган чиқиндиларни йўқотиш ёки зарарсизлантириш бўйича Ҳаракат дастури ишлаб чиқилди.
Ушбу жараёнда бир қатор идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг вазифаларини белгилашда лойиҳа раҳбари сифатида Наримон Умаровнинг ҳиссаси катта бўлди.
Муҳими, республикада кимёвий моддаларни бошқариш, яъни ишлаб чиқариш, ишлатиш, чиқиндиларни зарарсизлантириш ёки йўқотиш масалалари бўйича миллий Дастур ишлаб чиқилди. Бунда у киши бошқарувчилик маҳоратини намоён қилиб, вазирликлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришда тажрибали раҳбар сифатида танилди.
Ушбу лойиҳа натижалари Ҳукумат томонидан маъқулланиб, амалиётга жорий этиш вазифаси белгиланди.
Наримон Умаров 2009 йилдан ҳозирги кунга қадар “ЭКОСАН” экология ва саломатлик халқаро хайрия жамоат фондини жамоатчилик асосида бошқариб келмоқда.
Мазкур фонднинг асосий мақсади салбий экологик омилларнинг табиат ва атроф-муҳитга, инсонга ва умуман, экосистемага таъсирини камайтириш борасида олиб борилаётган ишларга кўмаклашишдир.

Комилжон ЖЎРАЕВ,
“ЭКОСАН” экология ва саломатлик халқаро хайрия жамоат фонди раиси ўринбосари:

— Наримон Умаров раҳбарлигида “ЭКОСАН” фонди фаолиятининг асосий йўналишлари қайтадан кўриб чиқилиб, давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик янада кучайтирилди.
Фонд томонидан аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, атроф табиий муҳит билан уйғунликда муносабатда бўлиш, экологик номақбул ҳудудлардаги гигиеник ва экологик шароитларни яхшилаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, муқобил энергия манбаларини тиббиёт муассасаларига ўрнатиш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига хайрия ёрдами кўрсатиш каби масалаларга эътибор қаратиб келинмоқда.
Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, 2010-2013 йилларда Туркиянинг ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (TIKA) билан ҳамкорликда сув таъминоти бўйича 8 та лойиҳа амалга оширилди, Франциянинг техникавий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ACTED) билан ҳамкорликда “Андижон ва Сурхондарё вилоятлари иштирокига асосланган Барқарор соғлиқни сақлаш” лойиҳаси амалга оширилиб, бир қатор семинар-тренинг машғулотлари ўтказилди, маҳаллий аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи бўйича кенг тарғибот ишлари олиб борилди ҳамда 7 та қишлоқ врачлик пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари якунига етказилди.
У кишининг бевосита раҳбарлигида “Сувдан фойдаланиш, истеъмол қилиш ва муҳофазаси ҳуқуқи”, “Экология” каби китоблар тайёрланиб, нашр эттирилди.
Фонднинг фаолиятини бошқаришда Наримон Умаров ташкилотчи, долзарб муаммоларга ечим топишда узоқни кўзлайдиган раҳбар, қўл остидаги ходимлар ва халқаро ташкилотлар масъулларини асосий мақсад сари жипслаштирадиган ҳамда аниқ йўл кўрсата оладиган етакчи сифатида намоён бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Мажитович Умаров 2013 йилдан Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси этиб сайланган. Эгаллаб турган лавозимида давлат ҳокимияти вакиллик органларидаги «Адолат» социал-демократик партияси депутатлик гуруҳларининг фаолиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиб келмоқда.
Асрор ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши раиси:

— Наримон Умаров раҳбарлигида ўтган йилларда партия фаолияти такомиллаштирилиб, бу борада партиянинг йирик кўламдаги лойиҳалари, акциялар ва тадбирлари амалга оширилди. Биз Наримон Умаровни ходимларга партиянинг вазифаларидан келиб чиққан ҳолда аниқ вазифаларни белгилаб берадиган, уларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини назоратга оладиган масъулиятли раҳбар, фидойи инсон сифатида яхши биламиз.
Айниқса, охирги икки йил давомида партиямиз аъзолари сони 30 фоизга кўпайганининг ўзи кўп нарсани англатади. У кишининг раҳбарлигида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида жойлардаги муаммолардан келиб чиқиб масалалар киритиш, депутатлар сўровларининг ошиб бораётганлиги, ҳудудий ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижросини ташкил қилишда партия фаолларининг иштирокига эътибор берилаётганлиги диққатга сазовор.
Шу билан бирга, ўтган йиллар мобайнида партиямиз мафкуравий ва ташкилий жиҳатдан сезиларли равишда мустаҳкамланди. Айниқса, партия тизимида фаолият юритаётган кадрларга бўлган эътибор кучаймоқда. Биргина, жорий йилнинг ўзида партиянинг 30 дан ортиқ ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган махсус ўқув курсларида малакаларини оширгани юқоридаги фикримизнинг далили бўла олади.
Партия тизимида замон талабларига мос юқори салоҳиятли, ўз сиёсий позициясига эга раҳбар ва масъул ходимларнинг фаолият юритишига эришиш мақсадида ўтган йил охири ҳамда жорий йилнинг бошларида аттестациялар ўтказилди. Бунинг натижасида партиямиз тизимида кадрлар қўнимсизлигининг олдини олишга эришилмоқда. Наримон Умаровни бу каби амалий ишларнинг бевосита ташаббускори сифатида биламиз.
Наримон Умаров Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси раҳбарлигига сайланган дастлабки кунларданоқ, биринчи навбатда, партиянинг марказий органларидан тортиб энг қуйи тузилмаларигача ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлашга эътибор қаратди. Бунинг натижасида ўтган йилларда партиянинг барча туман ва шаҳар кенгашларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди.
Яъни ҳар бир кенгаш ўз офисига эга бўлди, компьютер ва бошқа техник воситалар, тарғибот материаллари билан тўлиқ жиҳозланди. Бир сўз билан айтганда, партиянинг қуйи ташкилотларини кучайтириш орқали партиянинг қуйи бўғинлари республикамиздаги ҳар бир қишлоқ, овул, маҳалла ва хонадонларгача кириб бориш, аҳолининг барча ижтимоий қатламлари билан мулоқотга киришиш имкониятига эга бўлди.

Олимжон МАҚСУДОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раиси:

— Наримон Умаров раҳбарлигидаги ўзгаришларни биргина Наманган вилояти мисолида оладиган бўлсак, вилоятимизда Наримон Мажитович ташаббуси ва кўрсатмалари асосида нафақат барча туман, шаҳарлар офислари намунали ҳолга келтирилди, балки ҳар битта туманда камида 3 тадан партиянинг энг қуйи бўғинлари ҳисобланган бошланғич партия ташкилотлари ҳам бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берадиган, ҳақиқий маънодаги партиянинг асоси, ўзагига айланди.
Яратилган кенг шароитлар партия томонидан аҳоли орасида ўтказилаётган тадбирларнинг таъсирчанлиги ва самарадорлиги ошишига ҳам хизмат қилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, партиянинг аҳоли кенг қатламлари орасида танилувчанлиги, обрўси ва нуфузи ортишига, аъзолар ва хайрихоҳлар сони изчил ошиб боришига хизмат қилмоқда.
Шунингдек, Наримон Умаровнинг ташаббуси ва жамоани жипслаштира олиши самараси ўлароқ, партиямизнинг ҳудудий ва қуйи тузилмалари ўртасида ўзаро алоқалар ривожланди. Партия ташкилотлариаро республика ва ҳудудий семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар ўтказиш, ўзаро тажриба алмашиш анъана тусини олди.
Албатта, бу каби яратилган шароитларни кўриб халқимизнинг ҳам партиямизга бўлган ишончи янада яхшиланиб, сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиш ташаббусини билдиришмоқда.
Наримон Умаров 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди. 2015 йилдан парламент қуйи палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси раҳбари сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Ёрмамат ХОЛИЁРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Наримон Умаров жонкуяр раҳбар сифатида партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган ғоя ва мақсадларни ҳаётга кенг жорий қилишга қаратилган ташаббуслари ҳамда ёшу қари ва барча фуқаролар билан уларга хос бўлган оддий тилда сўзлаша олиши ҳисобига электоратимиз ва сайловчилар орасида ҳурмат, эътиборга сазовор бўлиб келмоқда.
Номзодимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямизнинг раҳбари сифатида қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил жараёнларида чуқур билим ва ҳаётий тажрибаси, ташкилотчилик ва ташаббускорлик қобилиятларини намоён қилиб келмоқда. У кишига хос бу каби хусусиятлар партиямиз дастурида белгиланган устувор вазифалар доирасида қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишида яққол намоён бўлмоқда.
Наримон Умаров раҳбарга хос шижоат ва барча масалаларга ўз вақтида ҳамда ишонч билан ёндашиш қобилиятига эга раҳбар. Н.Умаров мамлакатимизнинг узоқ тоғли ҳудуди Олтинсой тумани сайловчиларининг электр таъминоти масаласидаги мурожаатларини Вазирлар Маҳкамаси билан ҳамкорликда биринчилардан бўлиб инновацион ечим қўллаш орқали ҳал этилишига эришди. Яъни қуёш энергиясидан электр энергияси ишлаб чиқариш қурилмасини Халқ банки истеъмол кредити ҳисобига ўрнатиш, муаммони ҳал этиш механизмини ишлаб чиқди ва бугунги кунда мазкур амалиёт ҳаётга татбиқ қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Наримон Умаров ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил — Омбудсман фаолиятига масъул сифатида самарали иш олиб бораётгани ҳам у кишининг серқирра раҳбар эканлигидан далолат беради.
Кенг жамоатчилик Наримон Умаровни сиёсий етакчи, технократ, ўз мутахассислигининг чуқур билимдони, Ўзбекистоннинг табиий иқлим шароитини, экологиясини, қишлоқ хўжалиги ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларни чуқур биладиган, ушбу йўналишлардаги долзарб масалалар ечимида мақбул таклиф ва ташаббусларни илгари сурган етук олим сифатида яхши билади.
Шуҳрат ПОЛВОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Фракциямиз таркиби бошқа партиялар фракцияларига нисбатан кам сонли бўлишига қарамасдан, Наримон Умаровнинг тажрибали раҳбар сифатида ташкилотчилиги, талабчанлиги ҳамда бир жамоа бўлиб жипслаштира олиши натижасида фракциямиз фаолияти бугунги кунда сифат жиҳатдан янада яхшиланиб, қонун ижодкорлиги жараёнидаги фракциялараро рақобатда ўзини тўлақонли намоён этмоқда.
Хусусан, парламентдаги “Демократик кучлар блоки”га нисбатан ўзини мухолифат, деб эълон қилган фракциямиз “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий ғоя ва вазифаларини рўёбга чиқариш мақсадида қонун лойиҳалари муҳокамаси ва парламент эшитувларида ўзининг позицион таклифларини дадил олға суриб келмоқда.
Агар буни рақамларда ифода этадиган бўлсак, Наримон Мажитович раҳбарлигида ўтган қисқа даврда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари 60 га яқин қонун лойиҳаларига масъул, 10 дан ортиқ қонун лойиҳаларига ташаббускор бўлди.
Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида бир нечта қонунлар қатори илк маротаба парламентдаги мухолифат саналган Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритишга муваффақ бўлди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида мавжуд норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар матнидан фойдаланувчиларнинг, шу жумладан, ижрочилар ва аҳолининг тезкор ва сифатли фойдаланишини таъминлашга қаратилганлиги билан эътиборлидир.
Бундан ташқари, ушбу даврда фракциямиз назорат-таҳлил фаолияти ҳам кучайди. Хусусан, фракциямиз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарининг, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири ҳамда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг тегишли масалалар бўйича ахборотига оид парламент эшитувлари ўтказилди ва ижро органларига тегишли топшириқлар берилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг ана шундай ижобий натижаларга эришишида, шубҳасиз, партия Сиёсий Кенгаши раиси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Наримон Умаровнинг хизматлари беқиёсдир.
Умид ШОУМАРОВ,
халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати:

—Наримон Умаров раҳбарлигида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг депутатлик корпуси ҳам сон, ҳам сифат жиҳатдан ўсишга эришганлигини алоҳида айтиб ўтиш лозим.
Сўзимизнинг далили сифатида 2014 йилда давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз депутатлари сони деярли икки баробарга кўпайганлигини эътироф этиш мумкин.
У кишининг партия раҳбари сифатида депутатлик гуруҳлари фаолиятига доимо эътибор ва талабчанлик билан ёндашишлари натижасида маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимизнинг иш самарадорлиги ҳам ошиб бормоқда.
Масалан, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз томонидан ўтган икки йил мобайнида электоратимиз манфаатлари ва Сайловолди дастуримиздан келиб чиқиб, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши сессияларига 13 та, доимий комиссиялар йиғилишларига 27 та масала киритган бўлсак, 24 маротаба мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини тинглашга эришдик.
Уларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастуридан тортиб, уй-жой-коммунал хўжалиги соҳаси, йўл-транспорт инфратузилмаси, муқобил энергетика ҳамда ижтимоий соҳага доир ечимини кутаётган масалалар юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Сайловчиларнинг мурожаатларидан келиб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан ижроия ҳокимияти органлари ва мансабдор шахсларга 110 тадан ортиқ депутатлик сўровлари юборилиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал қилинишига эришилди.
Буларнинг барчасида партиямиз раҳбари Наримон Умаровнинг ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни депутатлик корпуси ваколатларидан фойдаланган ҳолда ҳал этишдаги ташкилотчилиги, жонкуярлиги ва халқ манфаатлари йўлидаги фидойилиги бор десак, муболаға бўлмайди.
Адолат ЯҲЁЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Мирзо Улуғбек туман кенгаши раиси:

— Наримон Мажитович партиямиз етакчиси сифатида Сайловолди дастуримизда илгари сурилган мақсад-вазифаларни амалиётга татбиқ этиш, дастурий ғоя ва мақсадларимизни аҳолининг кенг қатлами орасида тарғиб қилишда ҳам бизга асосий йўлбошчи бўлиб келмоқда. У кишининг жонкуярлиги, ҳар бир масалага кўп йиллик ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб ижодий ёндашуви, партия ташкилотлари ва ходимларига дастурий вазифаларни аниқ белгилаб бериши натижасида партиямизнинг аҳоли ўртасида обрўсини янада оширишгда эришиб келмоқдамиз.
Биргина Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида олиб борилаётган фаолиятимизни атрофлича таҳлил қиладиган бўлсак, жойларда партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини амалиётга самарали татбиқ этишимиз натижасида аъзоларимиз сони сўнгги йилларда сезиларли даражада кўпайиб бормоқда. Аъзоларимиз сафининг кенгайишида кенгашимиз томонидан тарғибот-ташвиқот ишларининг тизимли олиб борилиши катта аҳамият касб этмоқда. Жумладан, партиянинг амалий ҳаракатлар Дастури асосида ишлаб чиқилган партиявий лойиҳалар доирасида туркум тадбирлар, кўрик-танловлар ва акциялар ўтказиб келинмоқда.
Шу билан бирга, туманимиз аҳолиси, айниқса, ёшлар ва аёлларнинг сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида ҳам бирмунча амалий ишларни олиб бормоқдамиз. Хусусан, туманимиздаги “Ёш адолатчилар” қаноти кенгаши томонидан тарғибот-ташвиқот гуруҳлари ташкил этилиб, улар томонидан ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, фаол фуқаролик позицияларини шакллантириш мақсадида турли мавзуларда мутахассислар, эксперт ва депутатлар иштирокида давра суҳбатлари, учрашув ва мулоқотлар ўтказиб келинмоқда.
Бунинг натижасида партиямизнинг ижтимоий лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишда ёшлар қатлами ҳам ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан фаол иштирок этмоқдалар. Жумладан, “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасидаги иншолар танловида туманимиздан 500 га яқин ёшлар иштирок этганлиги, энг долзарб муаммоларни илгари сурган ёшларимизнинг ғоялари мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан партия томонидан чоп этилган “Истиқлол шукуҳи” номли иншолар тўпламидан жой олгани бизни қувонтирди.
Дониёр ҚОСИМОВ,
Республика Онкология илмий текшириш маркази қошидаги бошланғич партия ташкилоти раиси:

— Бошланғич партия ташкилоти партиянинг ўзаги ҳисобланади. Ўзакнинг мустаҳкам бўлиши келгусида партиянинг мамлакат миқёсида ўз нуфузини янада оширишда, фаолият сифатини кучайтиришда зарур, шундагина БПТ партиянинг чинакам таянчи бўла олади. Наримон Умаров партия раҳбарлигига келган илк кунлариданоқ айнан шу фикрни партия ҳаётига кенг татбиқ этишдан бошлади. Бу йўлда бошланғич партия ташкилотларининг ҳам моддий-техник ҳолатини, ҳам мафкуравий фаолиятини жонлантириш бўйича бир қатор амалий ишлар олиб борилди. Айнан шу саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда партия тизимидаги БПТлар фақатгина маълум бир аъзоларни ўзида бирлаштириб турувчи қуйи партия ташкилоти эмас, балки мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида бевосита иштирок этувчи фаол сиёсий бирлашмага айланди.
Буни биз 2014 йилдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайловларда БПТлар бевосита партиянинг барча тарғибот-ташвиқот ва ташкилий тадбирларида самарали иштирок этганида ҳам яққол ҳис этдик. Хусусан, кузатувчи, ишончли вакил ва ваколатли вакиллар асосан БПТ аъзолари таркибидан шакллантирилгани шулар жумласидандир.
Сиёсий куч ўз олдига қўйган мақсадларини рўёбга чиқариши, аввало, уни амалга оширувчи мустаҳкам тизим шаклланган бўлишини талаб этади. Чунки изчил ишлаётган тизим орқали ҳар бир вазифа муваффақиятли бажарилади. Наримон Умаров партиянинг барча бўғиндаги тузилмаларини давр талаби даражасида шакллантириш жараёнида шу муҳим жиҳатни кўп таъкидлаб, амалга ошириб келаётган партия раҳбаридир. Бунда, айниқса, партиянинг таянчи бўлган БПТлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, сафдошларимизнинг сиёсий билимларини ошириш чора-тадбирларига катта эътибор ва амалий кўмак берилганини қайд этиш жоиз. Бу долзарб масалалар ҳудудий партия ташкилотларининг асосий вазифаларига айланган.
Бошланғич партия ташкилотларининг ташаббусларини рағбатлантириш, уларнинг аҳолининг барча қатламлари билан яқин алоқада иш олиб бориши, партиянинг юқори ташкилотлари, маҳаллий вакиллик органларида фаолият юритаётган депутатлари билан ҳамжиҳатликда фаолият юритиши доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Негаки, бу омиллар орқали жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантиришга эришилади, тараққиётга тўсиқ бўладиган мавжуд камчилик ва муаммоларни ўрганиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқароларнинг таклифлари ҳамда мурожаатларида келтирилган масалалар юзасидан аниқ ишлар йўлга қўйилади. Бу борада амалий тажрибаларга эгамиз, тизимдаги ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказиладиган амалий тадбирлар таҳлилига таяниб, ҳар бир БПТ фаолиятида ҳам ана шундай аниқ ишларга етарли мисоллар келтириш мумкинлигини қайд этиш жоиз.
Вилоят АКРОМОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” кенгаши раиси:

— Маълумки, “Адолат” социал-демократик партияси ҳамиша жамиятда хотин-қизларнинг манфаатлари ҳимоясига алоҳида эътибор қаратиб келган. Хусусан, партиямиз жамиятда гендер тенглиги масаласини ёқлаб, хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятлар учун интилишини қўллаб-қувватлайди. Бу борада хотин-қизларнинг таълим олиши, касбий тайёргарлик ва мослашувини таъминлайдиган дастурларни қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш, хотин-қизларнинг давлат органларининг барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кафолатлаш каби вазифалар партиямиз учун энг устувор йўналишлар саналади.
Бу ҳақда гап кетганда, партиямиз Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров партиямизнинг хотин-қизларга қаратилган сиёсатини, бу борадаги лойиҳа ва тадбирларни ҳамиша қўллаб-қувватлаб, партиянинг “Аёллар қаноти” кенгаши ташаббусларига хайрихоҳлик билдириб келаётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Бунинг самараси ўлароқ, партиямиз аъзолари таркибида хотин-қизларнинг улуши ҳозирда 51 фоизга яқин, яъни 72 минг нафардан ортгани эътирофга лойиқ.
Наримон Умаровнинг партиямизга раҳбарлиги даврида “Аёллар қаноти” ташкилий жиҳатдан янада мустаҳкамланди. “Аёллар қаноти” аъзоларини иш фаолиятида партиявий ишларда ташаббускорлик ва изланувчанлиги ортди, ўз мавқеини кўтаришга бўлган интилиш, мамлакат сиёсий маконида ўз салоҳиятини кўрсатишга бўлган иштиёқ кучайди. Партиянинг “Аёллар қаноти” аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларида ўз вакилларига эга бўлдилар.
Айниқса, давлат ва жамиятни бошқаришда хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтириш мақсадида миллий сайлов қонунчилигимизда сиёсий партиялар томонидан ҳокимият вакиллик органларига сайловларда депутатликка номзодларни кўрсатишда хотин-қизлар учун 30 фоизлик квота белгиланиши Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси учун ҳам бу борада янги имконлар яратди.
Хусусан, 2014 йил декабрь ойида ўтказилган сайлов натижасига кўра, партиядан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 2 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига 26 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига 197 нафар аёл депутат сайланишига эришилди.
Айнан Наримон Мажитовичнинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлиги остида партия амалий ҳаракатлар Дастурининг ижросини таъминлаш, партия сафидаги аёллар фаоллигини янада ошириш, уларнинг ташаббускорлик ва ижодкорлик қобилиятларини рағбатлантириб бориш, партия тизимида ташаббускор ва фаол аёллар сонини кўпайтириш мақсадида “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танлови таъсис этилиб, анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.
Шу билан бирга, “Аёллар қаноти” томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, оиладаги маънавий муҳитни янада яхшилаш, хотин-қизларнинг тиббий маданиятини ошириш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашига ёрдам бериш, эрта никоҳларнинг олдини олишга йўналтирилган лойиҳалар амалга оширилишида партиямиз раҳбарининг кўрсатма ва таклифлари муҳим омил бўлиб келмоқда.
Бундан ташқари, Наримон Умаровнинг бевосита ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда бир қатор тижорат банклари билан ҳамкорликда партия Сиёсий Кенгаши ва “Аёллар қаноти” томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, айниқса, таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш, хотин-қизлар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳа амалиётга татбиқ этиб келинмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида ўтган икки йил мобайнида республикамизнинг ҳудудларида ўтказилган тадбирларда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган коллеж битирувчилари ва хотин-қизларнинг ташаббуслари ва бизнес лойиҳалари қўллаб-қувватланиб, уларга банкдан имтиёзли кредит олишлари учун сертификатлар топширилди.
Умуман, буларнинг барчасига Наримон Умаровнинг ғамхўр раҳбар сифатида ташаббускорлиги, меҳнатсеварлиги, талабчанлиги ва бой ҳаётий тажрибага эга эканлиги туфайли эришдик десак, муболаға бўлмайди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП “Ёш адолатчилар” қаноти кенгаши фаоли:

— Юртимизда айни вақтда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини, яъни кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлат қуришдек эзгу мақсадимизни аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи ёшлар иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида ва узоқ муддатли амалий харакат Дастурида ёшларга қаратилган алоҳида сиёсий фаолияти билан ажралиб туради.
“Ёш адолатчилар” қанотининг бугунги кунда сезиларли даражада мавқеи ошганлигини айтиш ўринлидир. Н.Умаров ёш сафдошларимизга жамиятнинг муҳим қатлами ва келажаги сифатида қараб, уларнинг мустақил фикр ва кенг дунёқарашга эгалиги, шунингдек, ҳаракатчанлиги ва интилувчанлигини, замонавий ахборот-коммуникацион технологиялардан фойдаланишдаги кенг имкониятларини инобатга олган ҳолда ўз фаолиятини олиб боради. Бундан кўзланган асосий мақсад мамлакатда янги инновацион иқтисодиёт юзага келаётган, таълим тизими тараққий топаётган, бандлик даражаси ўсаётган, соғлом турмуш тарзининг кенг имкониятлари яратилаётган шароитда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг мафкураси ва дастурий ғояларига садоқатли ёш йигит-қизларни ягона эзгу мақсад йўлида сафарбар этишдан иборатдир.
Н.Умаровнинг оқилона олиб бораётган фаолияти натижаси сифатида маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, сўнгги йилларда партиямиз сафларида ёшларнинг иштироки сезиларли даражада ошганлиги ҳам партиямизнинг халқимиз орасида танилиб бораётганлигидан далолат беради. Бугунги кунда партиямиз умумий аъзолари сонининг 42 фоизини ёшлар ташкил этиши ҳам бизнинг нақадар катта кучга эга эканлигимизни билдиради.
Ҳозирда партиямиз сафларида ўзининг фаоллиги, интеллектуал салоҳияти, ижодий қобилияти билан юксак муваффақиятларга эришиб келаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Жумладан, бугун “Ёш адолатчилар” қаноти сафларида 20 дан ортиқ давлат стипендиатлари ҳамда ўндан ортиқ Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиблари, спортнинг бир неча турлари бўйича Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионлари 40 дан ортиқ, илм-фаннинг турли йўналишлари бўйича республика ва халқаро фан олимпиадаларининг 20 га яқин совриндорлари ҳамда санъат турлари бўйича халқаро фестиваллар лауреатлари ва бошқа кўплаб ютуқларга эришган ёшларимиз борки, улар ўз билим ва қобилиятлари билан нафақат мамлакатимиз тараққиётига, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришга хизмат қилмоқдалар, балки партиямиз дастурий ғояларини кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилишда ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Н.Умаров раҳбарлигида парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловда “Ёш адолатчилар” қаноти сафларидан кўрсатилган номзодларимизнинг кўпчилиги депутатликка сайланишга муваффақ бўлганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Наримон Умаровнинг бевосита ташаббуси билан бугунги кунда партиямиз дастурий мақсад ва вазифаларини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Фикр-ғоя-ҳаракат”, “Биргаликда юксак ҳуқуқий маданият сари”, “Конституция – адолат мезони”, “Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт”, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” каби лойиҳалар доирасида кўплаб сиёсий-ҳуқуқий ва тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси жорий йилнинг 4 декабрь куни мамлакатимиз келажаги учун ўтказиладиган муҳим сиёсий тадбирда ўз номзоди билан иштирок этар экан, ҳар доим ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосидаги ҳуқуқий-демократик давлат, маънавий жипслашган адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш тарафдори бўлиб қолади. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аввал хабар қилганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари жорий йилнинг 1-10 апрель кунлари ҳудудларда аҳоли билан о...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Учқудуқ туман кенгаши Навоий вилоятидаги партия тузилмалари ичида пешқадам ташкилотлардан саналади. ...
01 янв 1970
...Бундан уч йил аввал бир йигитга Фарғона вилояти Тошлоқ туман ҳокимлиги томонидан сиз тадбиркорлик фаолиятини бошлаб аҳолимизни иш-жойли қилинг, ...
01 янв 1970
“Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” шиори остида ташкил этилган сайловларни партиялар билан биргаликда халқимиз ҳам бутунлай бошқа...