Наримон Умаровнинг Наманган, Андижон, Навоий, Бухоро вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашуви

/
Мамлакатимизда қизғин давом этаётган сайлов кампаниясининг муҳим босқичида партиялараро сиёсий рақобат янада кучаймоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ҳамда уларнинг дастурлари кенг тарғиб этилаётган шу кунларда бу рақобат жараёни ҳар бир сайловчини мамлакат ва халқ тақдирига дахлдор сиёсий тадбирга жиддий масъулият билан ёндашиш, янада фаол бўлишга ундамоқда.
Халқчил ғоялари, фуқаролар манфаатларини рўёбга чиқариш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир кўплаб амалий ишлари билан юртимиз аҳолисининг эътиборини қозониб келаётган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сайлов кампаниясини уюшқоқлик билан олиб бормоқда ва партия номзодига халқимизнинг ишончи, сайловчиларнинг хайрихоҳлигини оширишга эришмоқда. Президентликка номзод Наримон Умаров ва ишончли вакилларининг ҳудудларда сайловчилар билан фаоллик ва кўтаринки руҳда ўтказилаётган учрашувлари ҳам буни яққол кўрсатаяпти.
Таъкидлаш жоизки, партия номзодининг мазкур учрашувлари видеоконференция тарзида ташкил этилиб, ушбу ҳудудлардаги барча шаҳар ва туманлардан минглаб сайловчиларга номзод билан очиқ мулоқот қилиш имкони яратилди.
НАМАНГАН.
Президентликка номзод Наримон Умаров Наманган вилояти сайловчилари билан учрашди. Асосий учрашув зали ҳамда туман, шаҳарлардаги учрашув жойларидан жами 2800 нафарга яқин сайловчи иштирок этган ушбу тадбирни Наманган давлат университетининг катта ўқитувчиси Ш.Баннаев олиб борди.
Президентликка номзод Наримон Умаров мамлакатимиз дунёнинг тараққий этган давлатлари қаторидан ўрин эгаллаш сари дадил одимлаётгани, юртимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда бунёдкорлик ишларида наманганликларнинг ҳам алоҳида ҳиссаси борлигини таъкидлади.
— Бугун вилоятнинг қайси гўшасига борманг, ободончилик, бунёдкорлик ҳамда яратувчилик ишларига гувоҳ бўласиз, — деди Н.Умаров. — Пировардида шаҳар ва қишлоқлар инфратузилмаси замонавий қиёфа касб этиб, одамларнинг турмуш фаровонлиги юксалиб бормоқда. Ўтган йилларда ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда ишлаб чиқариш салоҳиятидан келиб чиқиб амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий дастурлар натижасида Наманган бугун индустриал вилоятга айланиб бораётгани қувонарлидир. Бунга биргина 2015 йилда вилоятдаги саноат корхоналари томонидан қарийб 2,7 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилганлиги яққол далил бўла олади.
Н.Умаров ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил сўзлаб берди, бунда ҳам номзод вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир ғоя ва таклифларини билдирди.
— Ўтган йилларда Наманган вилоятининг саноат тармоқларига мутлақо янги илғор технологиялар, ишлаб чиқаришга импорт ўрнини босувчи, рақобатдош маҳсулотлар кириб келганлиги, маҳаллийлаштириш дастурининг амалиётга самарали татбиқ этилиши натижасида юқори босимли газ баллонлари, қурилиш ашёси ҳисобланган шифер, республикамизга импорт сифатида келтирилган спорт жиҳозлари, автомобиль фаралари, дори воситалари сингари юздан ортиқ маҳсулотлар эндиликда вилоят корхоналарида ишлаб чиқарилаётганлигини алоҳида қайд этиш лозим, — деди Н.Умаров. — Айни пайтда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурларини амалга ошириш масалаларига, авваламбор, мамлакатимизда экспортга йўналтирилган иқтисодиётни ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон ва минтақавий бозорлардаги рақобатдошлигини ошириш, экспорт ва импорт миқдори орасидаги мувозанатни сақлаш нуқтаи назаридан ёндашиш зарур. Шу билан бирга, ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши, янгидан-янги ишлаб чиқариш корхоналарининг ишга туширилаётгани ҳамда аҳоли сони кўпайиб бораётгани ўз-ўзидан электр энергиясига бўлган талабнинг ортиб боришига сабаб бўлади. Бу борада энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантиришга қаратилган замонавий технологияларни кенг миқёсда жорий этиш, мавжуд муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш орқали рақобатдош энергия бозори яратилишини рағбатлантириш долзарб масалалар сирасига киради. Вилоятнинг Поп туманида ишга туширилган қуёш фотоэлектр станцияси ушбу соҳанинг истиқболи баланд эканини яққол кўрсатади. Шунингдек, мазкур соҳадаги қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни устувор вазифалардан бири, деб биламиз.
Наримон Умаров иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар қайтарди.
Тадбирда Учқўрғон туман 6-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернатининг илмий бўлим мудири Н.Турсунов, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали директори А.Эрметов, Учқўрғон шаҳар “Саноат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси О.Набиев, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати Ш.Давронов ва бошқалар Президентликка номзоднинг дастурини қўллаб-қувватлаб сўзга чиқдилар ва вилоят аҳолисини бўлажак сайловда Наримон Умаровга овоз беришга чақирдилар.
Биз учрашувда қатнашган партия фаолларининг фикрлари билан қизиқдик.
— Маълумки, партиямиз олға сураётган ғоялар орасида мамлакатнинг келажакдаги тараққиёти инновацион иқтисодиётга боғлиқлиги кўп тилга олинади, — дейди Норин туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Абдували Мавлонов. — Чунки фан ва технологиялар жадаллик билан ривожланаётган ҳозирги даврда фақат янги технологияларга асосланган иқтисодиётгина давлат қудратини ошириб, халқимиз фаровонлиги ва жамиятимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилиши мумкин. Партия номзодининг дастурида бу мақсадларга эришишнинг йўллари ҳам кўрсатилган. Хусусан, махсус комплекс чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш зарурлиги қайд этилган. Мазкур ҳужжатда инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, Инновация жамғармасини тузиш каби устувор вазифалар кўзда тутилиши янада муҳим аҳамият касб этган.
— Партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг сайловолди дастурида кўпчиликнинг эътиборини тортадиган жиҳатлар жуда кўп, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Янгиқўрғон туман кенгаши раиси Дилафрўз Тўхтасинова. — Масалан, дастурдан ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари алоҳида ўрин эгаллагани кўплаб иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бунинг учун, энг аввало, мамлакатимизда экспортга йўналтирилган иқтисодиётни ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон ва минтақавий бозорлардаги рақобатдошлигини ошириш, экспорт ва импорт миқдори орасидаги мувозанатни сақлашга эришиш даркор.
Чекка ҳудудларни ва кичик шаҳарларни ривожлантиришни жадаллаштириш, улар билан пойтахт орасида кескин иқтисодий ва ижтимоий тафовутга йўл қўймаслик масаласи кўтарилганлиги ҳам айни муддаодир. Бу борада йирик компанияларнинг марказий бошқарув органларини кичик шаҳарларга кўчириш ҳамда кичик шаҳарларнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини республика бюджети ҳисобидан кенг кўламли реконструкция қилиш таклиф этилганки, бу иқтисодиётни ривожлантириш билан бирга бандлик, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш каби ижтимоий муаммоларнинг ечимини топишга ҳам кўмаклашади.
АНДИЖОН.
Бўз туманида Наримон Умаровнинг андижонлик сайловчилар билан бўлган учрашувида вилоятдаги ташкилот ва муассасалар вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия аъзолари ва ёшлар иштирок этдилар.
Очиқ ва жонли мулоқот тарзида ташкил этилган учрашувни Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси П.Асханов олиб борди. Президентликка номзод Н.Умаровнинг ишончли вакили, вилоят партия кенгаши матбуот котиби Акбаржон Назаров сайловчиларни Президентликка номзод Н.Умаровнинг таржимаи ҳоли, меҳнат фаолияти билан таништирди.
Учрашувда Наримон Умаров, аввало, Андижоннинг ҳар бир ҳудуди ўзига хос экани, жумладан, бугун автомобиль саноатида мактаб яратган асакаликлар, енгил саноатда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан бирга экспорт майдони кенгайиб бораётган Хўжаобод тумани, тадбиркорликда барчага ўрнак бўлаётган вилоят маркази ҳамда чегара ҳудудлардаги Андижон ва Шаҳрихон туманлари ҳақида республикамиз аҳли яхши билишини эътироф этди.
Андижоннинг ташаббускор халқи замон билан ҳамнафас яшаб, республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларда олдинги сафларда бораётганлиги ҳақида Президентликка номзод томонидан билдирилган илиқ фикрларни сайловчилар кўтаринки кайфиятда қабул қилдилар.
Наримон Умаров сайловчилар эътиборини Андижон вилояти республикамизнинг майдони энг кичик ва аҳоли зич яшайдиган ҳудуди эканлигига қаратар экан, вилоятда бугунги кунда 2,9 миллиондан ортиқ киши истиқомат қилаётгани ҳамда шундай шароитда, табиийки, вилоят аҳолисининг уй-жойга бўлган талаб ва эҳтиёжлари жуда юқорилигини таъкидлади. Шуни назарда тутиб, бу борада олдинда турган вазифалар хақида ўз фикр ва таклифларини билдирди.
Номзод ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари, ўз олдига қўйган мақсад-вазифалари ҳақида атрофлича сўз юритди. Демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш, қонун устуворлигига эришиш, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳамлаш, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, мамлакатни модернизация қилиш каби энг муҳим вазифалардан келиб чиққан ҳолда, янги авлод кадрларини тайёрлаш, миллий манфаатлар устувор бўлган тинчликсевар, прогрессив ташқи сиёсатни олиб бориш борасида ўз фикрларини билдирди.
Партия номзоди ўз дастурида мамлакатимиз аҳолиси сони йилдан-йилга кўпайиб, уларнинг турмуш сифати ва даражаси юксалиб бораётганини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, номзод фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган талабини қондиришнинг мақбул йўлларини таклиф этгани иштирокчиларнинг қизиқишини орттирди. Бинобарин, инсоннинг яшаш шароити, оилаларнинг уй-жой билан таъминланганлик даражаси фаровонликнинг муҳим белгиси бўлиши билан бирга фуқароларнинг мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиши, жамият ҳаётида фаол иштирок этишининг асосий омилларидан биридир.
— Уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ажратилаётган ипотека кредитлаш жараёнини такомиллаштириш ва фоизларини оптималлаштириш, уй-жой бозоридаги фирибгарликлар учун жавобгарлик ва назоратни кучайтириш, уй-жой-коммунал комплекси ишини янада яхшилаш, аҳоли учун белгиланаётган коммунал тўловлар миқдорини доимий назоратда тутиш, бу соҳаларда аҳолига хизмат кўрсатадиган муқобил ташкилотлар ўртасидаги рақобатни оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни амалга оширишни мақсад қилганмиз, — деди Н.Умаров.
Шунингдек, партия номзоди ўз сўзида хотин-қизларнинг жамият сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалаларига сайловчилар эътиборини қаратиб, хотин-қизларнинг янада чуқур билим ва касб маҳоратига эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратиш, меҳнат бозорида уларга имтиёзлар бериш, иқтидорли ҳамда юқори малакали, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлганларини давлат бошқаруви органларининг барча соҳаларига ва бўғинларига жалб қилиш масалаларига устувор вазифалар сифатида қараймиз, дея таъкидлади.
Очиқ мулоқот, фикр алмашув тарзида бўлиб ўтган тадбирда сайловчилар томонидан берилган саволларга Н.Умаров атрофлича жавоб берди.
Учрашувда партия фаолларидан “ASR Фаровонлик сари” масъулияти чекланган жамияти раиси Б.Комилов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Асака туман кенгаши раиси М.Каримова, халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати З.Комилова, Асака туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиника шифокори А.Султонов ва бошқалар Президентликка номзоднинг сайловолди дастурида мамлакатимизнинг келгусидаги ривожланиш йўллари белгиланганлигини таъкидлаб, сайловчиларни 2016 йил 4 декабрь куни бўладиган сиёсий тадбирда фаол иштирок этишга ва Н.Умаров номзодини қўллаб-қувватлашга чақирдилар.
НАВОИЙ.
Наримон Умаровнинг Навоий вилояти сайловчилари билан учрашуви ҳам юқори савияда бўлиб ўтди.
Нурота тумани ҳокимияти мажлислар залида онлайн видеоконференция тарзида ўтказилган учрашувда туман, шаҳарлардаги учрашув жойларидан жами 2500 нафарга яқин сайловчи — давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, ёшлар, партия аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Наримон Умаровнинг ишончли вакили, Алишер Навоий номидаги нашриёт давлат корхонаси директори С.Мансурова сайловчиларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Н.Умаров даставвал Навоий вилояти аҳли қадимдан Қизилқумдек саҳро бағрида ўзининг заҳматли меҳнати, фидокорлиги ҳамда бунёдкорлик салоҳияти билан мана шундай обод ва гўзал диёрни ярата олган халқ эканлигини эътироф этди.
Бугунги кунда Навоий вилояти катта иқтисодий салоҳияти билан мамлакатимиз тараққиётида ўзига хос ўрин тутаётганини Н.Умаров алоҳида қайд этиб ўтди.
Президентликка номзод сайловчиларга “Адолат” социал-демократик партияси мақсад ва вазифалари асосида ишлаб чиқилган сайловолди дастурининг асосий йўналишларини баён қилди. Дастурда илгари сурилган ғоялар халқчиллиги, ҳудудлардаги аниқ ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳамда уларнинг ечими юзасидан механизмлар белгилангани билан сайловчиларга манзур бўлди.
Жумладан, Н.Умаров мамлакатимиз келажаги – инновацион иқтисодиётда эканлиги, бутун дунёда фан ва технологиялар жадаллик билан ривожланаётган ҳозирги даврда фақат янги технологияларга асосланган иқтисодиётгина давлат қудратини ошириб, халқимиз фаровонлиги ва жамиятимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилишига ишонч билдирди.
—Бу борадаги мақсадларни амалга ошириш учун махсус комплекс чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш лозим, — деди Н.Умаров. — Мазкур ҳужжатда инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, Инновация жамғармасини тузиш каби устувор вазифаларни амалга оширишни мақсад қилганмиз.
Партия номзоди сайловчилар эътиборини Навоий шаҳри республикамиздаги саноатлашган ҳудуд эканлигига қаратар экан, йирик саноат корхоналарининг шаҳар экологияси ва атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш юзасидан ўз таклифларини илгари сурди.
— Хусусан, экология соҳасини комплекс ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиб, уни ҳаётга татбиқ этиш асосий вазифаларимиздан бири саналади, — деди Наримон Умаров. — Ушбу дастурда, хусусан, табиатнинг саноат корхоналари томонидан ифлосланишини камайтириш, чанг ва заҳарли моддаларни кўп ютувчи дарахтлар сони ва турини ошириш, шаҳарлар ва саноат корхоналари атрофида яшил зоналар барпо этиш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга қаратилган аниқ механизмлар белгиланади.
Бу каби ҳаётий вазифаларни амалиётга йўналтириш айнан Навоий шаҳри ҳавосининг мусаффолигини таъминлаш ҳамда фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишда долзарб аҳамият касб этиши хусусидаги фикрлар учрашув иштирокчилари томонидан тўла қўллаб-қувватланди.
Наримон Умаров иштирокчиларнинг саволларига жавоб қайтариб, мазкур учрашувлар аҳолининг реал эҳтиёжларини аниқлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг самарали ҳамда манзилли чора-тадбирларини ишлаб чиқишда айни муддао эканлигини таъкидлади.
Учрашувда партия фаоллари Президентликка номзод Н.Умаровнинг дастуридаги ҳар бир йўналиш замонавий тараққиёт талабларига мослиги, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишга хизмат қилишини таъкидладилар. — Соҳалар тараққиётининг муҳим омиллари билан бир қаторда номзод дастуридан ўрин олган кучли ижтимоий ҳимоя йўналишида белгиланган мақсад ва вазифалар ҳам сайловчиларни бефарқ қолдирмайди, — деди Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилоят филиали директори Юсуф Маликов. — Айниқса, аҳолининг барча ижтимоий қатламлари сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида тиббий хизматлар тизимини кучайтириш, маҳаллий фармацевтика корхоналарини қўллаб-қувватлаш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини такомиллаштириш каби муҳим масалалар кўпчиликнинг диққатини ўзига жалб этишига ишонамиз.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техник базасини тубдан яхшилаш, соҳага оид давлат дастурларини қабул қилиш каби ҳаётий ғоялар мавжудлиги партия номзодининг тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, халқимиз саломатлигини асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратганини кўрсатади.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулчеҳра Саттарова, Навоий кончилик касб-ҳунар коллежи директори Шуҳрат Норов, “Spark-advokatus” адвокатлик фирмаси юристи Шоира Фозилова ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, сайловчиларни Наримон Умаровга овоз беришга чақирдилар.
БУХОРО.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров сайловолди ташвиқоти доирасида 9 ноябрь куни Бухоро вилояти сайловчилари билан учрашди.
Кенг жамоатчилик вакиллари, корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари, маҳаллалар фаоллари, партия аъзолари ҳамда журналистлар иштирок этган ушбу тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилояти кенгаши раиси ўринбосари Дилбар Ҳамдамова олиб борди.
Наримон Умаров бухоролик сайловчиларга мурожаат қилар экан, бу табаррук замин муқаддас ислом дини қувват олган, Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбандийдек улуғ алломалар, Абу Али ибн Синодек етук мутафаккир ва олимларни етиштириб берган юрт сифатида бутун дунёга машҳур эканлигини эътироф этди. Истиқлол йилларида навқирон Бухоро шаҳрининг кўрки ва гўзаллиги янада ортгани, бугунги кунда шаҳар нафақат ўзининг бетакрор обидалари, минг йилларга бориб тақаладиган маданияти билан, балки замонавий меҳмонхоналари, таълим муассасалари, спорт комплекслари, театр ва маданият саройлари, гўзал боғлари-ю, фавворалари билан бу ерга ташриф буюрган сайёҳларни маҳлиё этаётгани ҳақида илиқ фикрлар билдирди.
Сайловчилар партия номзодининг ўз сайловолди дастурида белгилаган устувор ғоя ва вазифалар ҳақидаги маърузасини катта қизиқиш билан тингладилар.
— “Ижтимоий тенглик — тенг ҳуқуқ ва тенг масъулият демакдир” деган тамойилга таянган ҳолда фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий тенглиги, ҳар бир фуқаро қобилияти ва малакасидан келиб чиққан ҳолда меҳнат қилиши кафолатланадиган, меҳнатининг миқдори ва сифатидан келиб чиққан ҳолда муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг ва тенг имкониятлар яратилган ижтимоий давлат қуриш учун курашиш энг муҳим мақсадларимиздан саналади, — деди Н.Умаров.
Партия номзоди жамиятда ижтимоий ҳаётимизни қонунлар бошқариши, улар қанчалик мукаммал ва ҳаётий бўлса, ҳуқуқ ва эркинликларимиз ишончли ҳимоя қилиниши, шу сабабдан, асосий ижтимоий-иқтисодий муносабатларни фақат қонунчилик йўли билан мувофиқлаштиришга, шунингдек, қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш ҳамда қонун ижодкорлиги жараёнида адолат ғояси асосий мезон бўлиши зарурлигини қайд этиб ўтди.
Президентликка номзод Бухоро вилоятининг табиий иқлим шароитини, ер ва сув ресурсларининг шўрланиш даражаси юқорилигини инобатга олган ҳолда ҳудудда тиббий хизмат даражаси ва сифатини янада ошириш зарурлигига сайловчилар эътиборини қаратди. Шунингдек, юртимиз фарзандларининг соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш тизимини кучайтириш юзасидан аниқ таклифларни баён қилди.
Президентликка номзод учрашув иштирокчиларининг ўз сайловолди дастури, ҳудудни ва умуман, республикани ривожлантиришга доир кўплаб саволларига жавоб қайтарди.
Учрашувда сўзга чиққан партиямиз фаоллари Президентликка номзоднинг дастуридан ўрин олган асосий йўналишлар, ғоя ва таклифлар Ватанимиз тараққиёти, юртимиз аҳолисининг барча қатламлари манфаатларини таъминлашда мустаҳкам омил бўлишини эътироф этишди.
— Ҳар бир соҳани ривожлантириш, келажак истиқболимиз мамлакатда илм-фаннинг тараққиёт даражаси, илм-фан ютуқларининг амалиётга йўналтирилишини тақозо қилади. Бу эса, ўз навбатида, ёшларнинг олий таълим олиш имкониятлари кенгайтирилиши билан боғлиқ жараён саналади, — деди Бухоро давлат тиббиёт институти кафедра мудири И.Абдулҳақов. — Н.Умаровнинг сайловолди дастурида илгари сурилган олий таълим муассасаларининг инновацион инфратузилмасини ҳамда илм-фан, саноат ва иқтисодиёт билан алоқасини кучайтириш, ўқитувчилар ва ходимларнинг инновацион фаоллигини оширишга доир таклифлар, хусусан, таълим соҳаси ходимларини асло бефарқ қолдирмайди. Шунингдек, келажакда мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, “инновацион ва билим иқтисодиёти”га ўтиш эҳтиёжлари ҳамда аҳолининг демографик ўсиши ва бошқа жараёнларни инобатга олиб, меҳнатга лаёқатли аҳолининг олий таълим билан қамранганлигини босқичма-босқич ошириб бориш, олий таълим муассасаларига қабул қилишдаги квоталар тизимини қайта кўриш, барча талабгорларга олий таълим олиш ҳуқуқини бериш орқали иқтидорли ёшларни танлаб олиш сифатини ошириш, хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган олий маълумотга эга фуқароларимиз дипломларини нострификациядан ўтказиш тизимини соддалаштириш каби илғор ташаббус ва ғоялар сайловчилар, ота-оналар ва ёшлар ҳамда ўқитувчиларнинг диққатини ўзига тортиши табиийдир.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев, вилоят статистика бошқармаси бошлиғи Баҳодир Гиясов, Бухоро шаҳар 39-сон умумтаълим мактаби ўқитувчиси Шаҳноза Мадиева, Ўзбекистон “Адолат” СДП Вобкент туман кенгаши раиси М.Ҳомидов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муносиб номзод Наримон Умаровни қўллаб-қувватлашга, тобора яқинлашиб келаётган сайлов кунида унга овоз беришга чақирдилар.
ТОШКЕНТ ШАҲАР.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаровнинг 10 ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашуви ҳам бошқа ҳудудлардаги сингари сайловчиларнинг юқори даражадаги фаоллиги остида бўлиб ўтди. Унда депутатлар, шаҳардаги корхона ва ташкилотлар ходимлари, маҳаллалар фаоллари, талаба-ёшлар, “Адолат” СДП аъзолари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Учрашувни Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти директори А.Саидов олиб борди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили — Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази директори Н.Мухаммедов пойтахтликларни Наримон Умаровнинг таржимаи ҳоли, меҳнат фаолияти билан яқиндан таништирди.
Тадбирда партия номзоди Наримон Умаров нутқ сўзлади. У, жумладан, пойтахтимиз бугунги кунда нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақамизнинг юксак тараққий этган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-молиявий ва маънавий-маърифий маркази эканлиги, айниқса, истиқлол йилларида Тошкент шаҳри қудратли саноат ва транспорт-коммуникация тармоқлари, замонавий ижтимоий инфратузилмаларни ўзида мужассам этган йирик мегаполисга айланганини эътироф этди.
Наримон Умаров сайловчиларга ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида сўз юритар экан, халқимиз учун муносиб ҳаёт шароити яратишга қаратилган янги вазифаларни, марраларни белгилаш ва уларга эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларни сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтариш асосий мақсади эканлигини билдирди.
— Давлат ва жамият бошқарувида аҳолининг муносиб иштирокини таъминлаш, сиёсий ислоҳотларнинг янада чуқурлаштирилиши, жамиятда демократик қадриятларнинг мустаҳкамланиши ва ривожланиши, адолат, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги таъминланиши учун бор кучимизни сафарбар этамиз, — деди Н.Умаров.
Президентликка номзод Н.Умаров пойтахт уй-жой бозорида олди-сотди ва ижара муносабатларининг фаоллиги, бу борада турли қонунбузилиш ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари учраб туриши, қолаверса, уй-жой фондининг катталиги, кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳолининг коммунал тўловларга доир мавжуд масалалари каби Тошкент шаҳрига хос айрим ижтимоий масалаларга сайловчилар эътиборини қаратиб, уларнинг ечими юзасидан ўз дастурий таклифларини илгари сурди.
Жумладан, пойтахтимизда бунёд этилаётган замонавий уй-жойларнинг лойиҳасини ишлаб чиқишда уларга инновацион, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланишга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Н.Умаров ўз нутқида тиббиёт соҳасини жаҳон андозаларига мос, замонавий тараққиёт билан мутаносиб равишда ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Партия номзодининг бугунги кунда аҳоли ўртасида талаб ошиб бораётган тиббий муолажаларга, хусусан, трансплантологияга, экстракорпорал уруғлантириш ва бошқа замонавий тиббий хизматларга рухсат бериш тарафдори эканлиги, қолаверса, хорижнинг етук тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик ўрнатиш, чет эл врачларининг Ўзбекистон тиббий муассасаларида жарроҳлик операциялари ўтказиш амалиётини кенгайтириш, уларни доимий асосда ишга таклиф қилиш орқали миллий мутахассисларимизнинг малакасини оширишга доир таклифлари сайловчиларнинг диққатини янада жалб этди.
Учрашувда номзод сайловчиларни қизиқтирган кўплаб саволларга батафсил жавоб берди.
Президентликка номзод ва унинг дастуридаги энг муҳим йўналишлар ҳақида партия фаолларининг асосли фикр-мулоҳазалари ҳам сайловчиларнинг хайрихоҳлигини оширди.
— Номзоднинг дастурий ғояларида барча соҳаларни изчил ривожлантириш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, халқимиз учун тинч ва фаровон турмуш шароитини яратиш мақсадлари мужассам, — деди Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Чилонзор туман бўлими бошлиғи Г.Муродова. — Айниқса, дунё сиёсий амалиётида кенг қўлланиладиган ва тан олинган социал-демократик ғояларнинг ўзбекона қадриятларимиз, миллий ўзига хослигимиз, халқимизнинг менталитетига уйғунлашган ҳолда ифода этилганлиги диққатга сазовор.
Дастурда тараққиёт ғоялари аниқ кўрсатилиб, мақсадларга эришишнинг муайян механизмлари акс этган.
Партия номзоди тақдим этган дастурда ҳар бир фуқарога жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг имкониятлар тақдим этиш, ижтимоий адолат тамойиллари, фуқаролар конституциявий ҳуқуқлари, қонуний манфаат ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳокимиятнинг барча тармоқлари, энг аввало, давлат бошқарув органларининг ва айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг биринчи даражали вазифаси деб белгилангани барчани эътиборини тортмай қўймайди, деб биламиз.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У.Саматов, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати О.Абдуллаева, Тошкент молия институти декани У.Раджабов, Тошкент шаҳар врачлар малакасини ошириш институти офтальмология кафедраси ассистенти Л.Мақсудова ва бошқалар Наримон Умаровнинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлаб сўзга чиқдилар. Партия фаоллари пойтахтимиз сайловчиларини шу йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда фаол иштирок этишга ҳамда Президентликка муносиб номзод Наримон Умаровга овоз беришга чақирдилар.
Президентликка номзод Наримон Умаров ва ишончли вакилларининг ҳудудларда сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.
Моҳигул АБДУЛЛАЕВА, Феруз ЖЎРАЕВ,
Бухоро вилояти, Тошкент шаҳар кенгашлари матбуот котиблари.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Олим ХЎЖАЕВ,
“Adolat” мухбирлари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида дастурий вазифаларимизнинг халқчил аҳамияти янада яққолроқ намоён бўлмоқда....
01 янв 1970
Қаранг, ҳаммамиз ҳам “алгебра” атамаси ал-Хоразмий фанга киритган “ал-жабр” тушунчасидан келиб чиққанлигини, умуман олганда...
01 янв 1970
Партиямиз мақсад ва ғояларининг кенг жамоатчилик орасига чуқурроқ кириб бориши, электорат манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги...
01 янв 1970
Маълумки, ҳозирги кунда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доираси...