Юрт тақдирига дахлдор муҳим тадбирда иштирок этиш сиёсий кучдан катта масъулият ва пухта тайёргарликни талаб этади

/
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
Йиғилиш аввалида иштирокчилар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, ўзбек халқининг буюк фарзанди Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасини ёд этиб, ҳурмат бажо келтиришди.
Мажлис иштирокчилари томонидан мамлакатимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган навбатдаги сайловда ҳам Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг муносиб иштирок этиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.

— Мамлакатимизда истиқлол йилларида эркин фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қурилиши туфайли собиқ тузумнинг марказлашган бошқарув тизими ва партиявий яккаҳокимлик барҳам топди ва кўппартиявийликка асос солинди, — деди мажлисда сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров. — Пировардида давлат бошқарувини демократлаштириш ва модернизациялаш ишларининг самарали кечиши, фуқаролик жамияти институтларининг жадал ривожланиши мамлакатимиз ҳаётида муҳим бурилишларга сабаб бўлмоқда ва бунда сиёсий партиялар демократик жараёнларнинг асосий иштирокчиси сифатида муҳим роль ўйнамоқда.
Бу Ўзбекистон фуқароларининг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқини, хусусан, сиёсий партиялар орқали амалга ошириш имкониятини кафолатлайди.
Шу мақсадда жамиятимизда кўппартиявийлик тизимини шакллантириш борасида изчил ишлар амалга оширилди. Сиёсий партиялар фаолиятининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, шунингдек, “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида мустаҳкамланди.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар сиёсий партияларнинг давлат ҳокимияти органларини шакллантириш ва лавозимларга сайлаш борасидаги ҳуқуқларини кенгайтириш билан биргаликда уларнинг масъулиятини ҳам оширди.
Сиёсий партиялар бугунги кунда давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий, сиёсий жиҳатдан юксалиб боришида ҳал қилувчи кучга айланиб бораётганлиги алоҳида эътиборга молик.
Жумладан, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасида сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Президенти, давлат ҳокимияти органлари сайловларида иштирок этиши кафолатланган.
Демак, “Адолат” социал-демократик партияси ҳам қонунчиликда белгиланган ушбу ваколатлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда жорий йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этиши лозим.
Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, партиямиз мафкуравий ва ташкилий жиҳатдан мустаҳкамланиб, омма орасида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Хусусан, бугунги кунда партия сафида 135 мингдан зиёд аъзо бўлиб, улар 3700 дан ортиқ бошланғич партия ташкилотларига бирлашган. Ўз навбатида, уларнинг фаолияти жойларда 194 та туман ва шаҳар, 14 та ҳудудий партия кенгаши томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда.
Бугунги кунда партиямиз аъзолари сафида ёшларнинг улуши 42 фоизни ташкил этиб, улар орасидан 30 дан ортиқ қизларимиз “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти совриндорларидир. “Ёш адолатчилар” сафида, шунингдек, халқаро фан олимпиадалари ва спорт мусобақалари ғолиблари борлигини алоҳида айтиб ўтиш лозим.
Аъзоларимизнинг 51 фоизидан ошиғини ташкил этувчи хотин-қизларимиз орасида ҳам давлат ҳокимият ва бошқаруви органларининг масъул лавозимларида фаолият юритаётган аёллар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ҳамда давлат мукофоти соҳибалари борлиги уларнинг жамиятимизда роли ошиб бораётганлигидан далолат беради.
Ўтган сайловлар натижасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида партия фракциясини тузишга, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда эса депутатларимиз сони икки баробар ошишига эришдик.
Партиянинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ва депутатлари партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижроси устидан депутатлик назоратини ўрнатишда алоҳида фаоллик кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96-, 117-моддалари ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддаси, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонуннинг 5- ва 9-моддаларига мувофиқ, 2016 йил 4 декабрь, якшанба кунини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни, деб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси жорий йилнинг 9 сентябридан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганини эълон қилди.
Сайловда иштирок этиш партиянинг дастурий ғоя ва вазифаларини амалга ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва кучли фуқаролик жамиятининг ривожланишига ҳисса қўшиш, яна бир бор партиямизнинг халқимиз орасида танилувчанлигини оширишга асос бўлиб хизмат қилади.
Навбатдаги сайловда иштирок этар эканмиз, 2015 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови даврида йўл қўйилган камчиликларни чуқур таҳлил этган ҳолда уларни бартараф этиш чора-тадбирларини белгилаб олишимиз зарур.
Таъкидлаш жоизки, партиямиз республикамиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимизга янада фаровон турмуш шароитларини яратиш, мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий, маънавий соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этишни ўзининг асосий мақсади, деб билади. Шундан келиб чиққан ҳолда, партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган бир қатор вазифаларни ҳаётга татбиқ қилишимиз, ўзимизнинг амалий ишларимиз билан халқимиз орасидаги нуфузимизни янада юксалтиришимиз муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилнинг 14 сентябрида бўлиб ўтган партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг мажлисида бўлажак сайловда партиянинг муносиб иштироки муҳокама этилиб, сайлов кампаниясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, сайлов жараёнида мафкуравий ва ташкилий-партиявий фаолиятни мувофиқлаштириш мақсадида партиянинг Марказий сайлов штаби тузилди ҳамда сайлов кампаниясини юқори даражада ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тегишли йўналишларда ишчи гуруҳлар ташкил этилди.
Шунингдек, Ижроқўм қарори билан “Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси” қабул қилинди ва ижро учун партиянинг ҳудудий Кенгашларига юборилди.
Унда партиянинг ҳудудий ва маҳаллий кенгашлари раисларига бир қатор вазифалар белгиланди. Хусусан, ҳудудий ва маҳаллий кенгашлар ҳузурида сайлов штабларини тузиш, штабнинг чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда уларни керакли тарғибот материаллари билан таъминлаш бўйича ишларни самарали ташкил этиш вазифалари юклатилди.
Шу билан бирга, партиямиздан Президентликка кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурини мукаммал шаклда, сайловолди дастуримизнинг устувор мақсад ва вазифаларини тўлиқ сингдирган ҳолда тайёрлашимиз, бунинг учун партиямиз фаоллари, мутахассисларидан иборат экспертлар гуруҳини шакллантиришимиз, шунингдек, бўлажак номзодимизнинг тарғибот-ташвиқот ишларини республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказишимиз лозим. Бунинг учун партиянинг барча бўғинларидаги ходимлар сидқидилдан хизмат қилиши талаб этилади.
Олдимизда турган муҳим вазифаларни инобатга олиб, ҳар биримиз бўлғуси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муносиб иштирок этишимиз, сайловга тайёргарлик ишларини юқори даражада ташкил қилишимиз даркор. Бунинг учун режалаштирилган ҳудудий ва маҳаллий партия ташкилотларининг конференциялари ҳамда Қурултойни кўтаринки руҳда, юксак савияда ўтказишимиз, тарғибот-ташвиқот ишларини рисоладагидек ташкил қилишимиз зарур.
Кун тартибидаги масала юзасидан партия Сиёсий Кенгаши аъзолари фикр билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятининг муҳим белгиси, халқнинг хоҳиш-иродаси эркин ифодаланиши, жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқаролар иштирокининг асосий шакли эканлигини қайд этишди. Ўз навбатида, “Адолат” СДПнинг дастурий мақсад ва вазифалари ўзида аҳоли манфаатларини ифода этиши ҳамда бўлажак сайлов партия ғояларини яна бир бор сайловчилар орасида кенг тарғиб қилиш, партиядан кўрсатиладиган Президентликка номзоднинг сайловолди дастури орқали электорат манфаатларини янада чуқурроқ ифодалаш имконини беришини, шу боис, миллий сайлов қонунчилигида сиёсий партияларга берилган ушбу имкониятдан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Муҳокамалар давомида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши мақсадга мувофиқ, деб топилди.
Йиғилиш иштирокчилари ушбу сайловда “Адолат” социал-демократик партиясидан илгари суриладиган номзод хусусидаги масалани ҳам атрофлича кўриб чиқдилар.
— Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуни 24-моддасига мувофиқ, сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкинлигини назарда тутиб, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатига олинганлигига жорий йилда 21 йил тўлганлигини эътиборга олиб қараганда, ушбу сайловда биз ҳам ўз номзодимиз билан иштирок этишимиз учун барча асослар мавжуд, — деди ушбу масала юзасидан сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Раҳмонов. — Шу боисдан партия Қурултойида кўриб чиқиш учун мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётининг турли жабҳаларида катта билим ва кўникмаларга, ҳаётий тажрибага эга бўлган давлат ва жамоат арбоби, партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаровнинг номзодини Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод сифатида илгари суриш биз учун энг оқилона қарор, деб ҳисоблаймиз.
А.Раҳмонов партиямиздан кўрсатилаётган номзоднинг таржимаи ҳоли, ўзига хос фазилатлари, кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида жамиятимиз ривожига қўшиб келаётган ҳиссаси ҳақида батафсил сўз юритиб, партия электорати ва тарафдорларининг хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, бўлажак сайловда партиядан кўрсатиладиган номзод сифатида партиянинг навбатдаги VIII Қурултойига тавсия этиш учун Сиёсий Кенгаш раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Наримон Умаров номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Ушбу масала юзасидан сўзга чиққан партия Сиёсий Кенгаши аъзолари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзоди Н.Умаров етарли ҳаётий тажрибага эга эканлиги, сафдошлари орасида обрў-эътибор қозонганлиги ҳамда бўлажак сайловда иштирок этиш учун муносиб номзод эканлигини қайд этиб ўтишди.
Партиянинг ушбу сайловда иштироки билан боғлиқ масалалар унинг олий органи – Қурултойида ҳал қилинишидан келиб чиққан ҳолда мажлис қатнашчилари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг навбатдаги VIII Қурултойини 2016 йилнинг 15 октябрь куни Тошкент шаҳрида чақирилишини белгилаб олдилар.
Муҳокама якунида партия Сиёсий Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қатнашиш мақсадида тайёргарлик ишларини кучайтириш, миллий қонунчилигимизда белгиланган муддатларда Марказий сайлов комиссиясига партиянинг сайловдаги иштироки билан боғлиқ ҳужжатларни ўз вақтида тақдим қилиш ва бошқа зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзоси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Олдимизда барчамиз учун ғоятда муҳим саналган сиёсий тадбир турибди. Жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида “Адолат” социал-демократик партияси муносиб иштирок этиши зарур, деб ўйлайман. Зеро, ўзини ҳурмат қилган бирор-бир партия ушбу жараёндан четда туриши мумкин эмас.
Албатта, Президент сайловида партиямизнинг ўз номзоди билан иштирок этиши учун барча асослар бор. Чунки, “Адолат” СДП ўтган 21 йил ичида республикамиздаги энг етук сиёсий кучлардан бирига айланишга улгурди. Партия ўз Сайловолди дастуридаги вазифаларни бажаришда, ўзининг эзгу ғояларини халқ фаровонлиги ва юрт ободлиги йўлида амалга оширишда астойдил фаолият юритиб келаяпти.
Қолаверса, «Адолат» СДПнинг дастурий мақсад ва вазифалари анча халқчил бўлиб, бўлажак сайлов ўз ғояларимизни яна бир бор сайловчиларимиз орасида кенг тарғиб қилиш, партиямиздан кўрсатиладиган Президентликка номзоднинг сайловолди дастури орқали электоратимиз манфаатларини янада чуқурроқ ифодалаш имконини беради. Шу боис, миллий сайлов қонунчилигида сиёсий партияларга берилган ушбу имкониятдан фойдаланиш биз учун муҳим аҳамият касб этади.
Биз сайлов кампанияси даврида барча йўналишлар билан бир қаторда ижтимоий соҳага оид ғояларимиз сайловчиларнинг кенг қатламини қизиқтиришини инобатга олган ҳолда, ўзимизни анъанавий социал-демократиянинг ижтимоий адолат тамойили ва кенг кўламли ижтимоий дастурларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган кучли давлат ғоясини қўллаб-қувватлашга қодир куч сифатида намоён этишимиз лозим.
Бунда, айниқса, партиямизнинг таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ғоялари устувор аҳамият касб этади. Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси сифатли ва бепул умумий таълим олиш ва замонавий тиббий хизматдан кенг фойдаланиш имкониятига эга бўлиши лозим.
Шу билан бирга, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеини юксалтириш, иқтидор ва қобилиятларини рўёбга чиқариш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш партиямизнинг доимий диққат-марказида бўлиб келаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз, деб биламан. Бугунги кунда партиянинг “Аёллар қаноти” томонидан бир қатор саъй-ҳаракатлар амалга ошириб келинмоқда. Ҳозирги кунда партиямиз аъзоларининг 50 фоиздан ортиғини айнан хотин-қизлар ташкил этаётгани ҳам бизнинг ютуғимиздир.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзоси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ҳаётида ғоят муҳим сиёсий воқелик бўлиб, у мустақил Ватанимиз тараққиётида улкан аҳамиятга эгадир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг янги босқичида ўтаётгани билан аҳамиятлидир. Бинобарин, республикамизда кўппартиявийлик тизими тобора ривожланиб бормоқда. Бунга биз 2014 йилда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловда ҳамда 2015 йилги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ҳам гувоҳ бўлдик.
Ўзбекистон “Адолат” СДП республикамиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимиз учун фаровон турмуш шароитларини яратиш, мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий, маънавий соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этишни ўзининг асосий мақсади деб билар экан, бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ҳам бошқа сиёсий партиялар билан бир қаторда муносиб иштирок этмоғи лозим.
Сайловда иштирок этиш орқали биз партиямизнинг халқимиз орасидаги нуфузини янада мустаҳкамлаш имконига эга бўлиш билан бирга, дастурий мақсад ва вазифаларимизни ҳаётга татбиқ қилишда муҳим қадам ташлаган бўламиз.
Партиямиз Сайловолди дастурида илгари сурилган ғояларда Ўзбекистонимизни ҳар соҳада ривожлантириш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, халқимиз учун тинч ва фаровон турмуш шароитини яратиш мужассам. Айниқса, дунё сиёсий амалиётида кенг қўлланиладиган ва тан олинган социал-демократик ғояларнинг ўзбекона қадриятларимиз, миллий ўзига хослигимиз, халқимизнинг менталитетига уйғунлашган ҳолда ифода этилганлигини алоҳида қайд этиш ўринли.
Ўтган давр мобайнида партиямиз ғоявий жиҳатдан жипслашиб, ташкилий жиҳатдан мустаҳкамланди. Аъзоларимиз сони кун сайин ортиб бормоқда. Жумладан, 2015 йил бошида партия аъзолари сони 107 мингга яқин бўлган бўлса, жорий йилнинг бугунги ҳолатига эса уларнинг сони 135 мингдан ошди.
Маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз сони ўтган сайлов натижаларига нисбатан 2 баробар ошганлиги ҳам партиямизнинг халқимиз орасида танилиб бораётганлигидан далолат беради.
Мажлисда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадларини рўёбга чиқариш ҳамда ўз электорати манфаатларидан келиб чиқиб, партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши мақсадга мувофиқ, деб топилгани ҳам “Адолат” СДП мамлакатимиз сиёсий ҳаётида ўзига хос ўринга эга эканлигини кўрсатмоқда.
Людмила КОШЕЛАПОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзоси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Кўп миллатли мамлакатимизда барча юртдошларимиз аҳил-иноқликда, бағрикенглик фазилатларини намоён этиб, яратувчилик меҳнати билан мустақил Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар, меҳр-оқибат ришталари мустаҳкам қарор топганлиги дунё аҳлининг ҳавасини келтиради, десак янглишмаймиз. Асосий қонунимизда белгиланганидек, республикамизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одати ва анъаналари ҳурмат қилиниши таъминланмоқда, уларнинг ривожланишига шароит яратиб берилган.
Миллий қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйилган бу муҳим мезонлар тинч ва фаровон ҳаётимизда, республикамиз тараққиёти учун амалга ошираётган эзгу саъй-ҳаракатларимизда ёрқин акс этиб келмоқда. Зеро, мустақилликнинг дастлабки йилларидаги мураккаб синовларда кўп миллатли халқимизнинг жипслиги, Ўзбекистон ягона оиладек мустаҳкамлиги ўз қудратини, тарихий аҳамиятини амалда исботлаган, мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир миллат ва элат вакиллари ўзаро ҳамжиҳат ва собитқадам эканини баралла намоён этганлиги айни ҳақиқат.
Миллатлараро тотувлик партиямиз инсонпарвар ғояларининг ўзагини ташкил этувчи тушунчалардан биридир. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўз ҳаёти ва яқинлари ҳаёти учун масъулиятни зиммасига олишга тайёр, машғулоти, этник келиб чиқиши ва эътиқоди, мулкий имкониятидан қатъи назар, социал-демократиянинг энг муҳим қадриятлари бўлган ҳаққонийлик ва ижтимоий адолат, эркинлик, бирдамлик ва имкониятлар тенглиги, шунингдек, бошқалар олдида масъулият ғояларига ўз қарашларини ҳамоҳанг деб биладиган жамиятнинг турли қатламларига мансуб фаол фуқароларга таянади. Партиямизнинг Сайловолди дастурида “Бирдамлик” социал-демократиянинг шиорларидан бири экани, Ўзбекистондаги турли фуқаролик институтлари бир томондан мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига, иккинчи томондан эса барча ижтимоий гуруҳларнинг миллий жипслиги ва тотувлигига хизмат қилаётганлиги алоҳида таъкидланган. Бизнинг мақсадимиз — уларнинг хилма-хиллигини муштарак ҳолда сақлаш ва ривожлантиришдан иборат. Бош қомусимиз ва миллий қонунчилигимизда белгиланган устувор мезонларга ҳамоҳанг ушбу дастурий мақсадларимизни рўёбга чиқаришда “Адолат” СДПнинг барча бўғиндаги тузилмалари, партия депутатлари, ҳар бир сафдошимиз фаол иштирок этиб, қатор муваффақиятларга эришиб келмоқда.
Ишонамизки, келгусида ҳам партиямиз мамлакатимиздаги миллий маданий марказлар билан фаол ҳамкорликни давом эттирган ҳолда турли миллат ва элат вакилларининг иқтисодиётимиз тармоқларидаги фаол иштирокини таъминлаш орқали Ватанмиз мустақиллигини мустаҳкамлаш ва унинг янада тараққий этиши, жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеи ошиши ҳамда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятини кучайтиришда муносиб ҳисса қўшади.
Қонунчилигимизда белгиланган ваколатлардан фойдаланган ҳолда “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ўз номзоди билан иштирок этиши дастурий мақсадларимизни рўёбга чиқариш ҳамда электорат манфаатларини ифода этишда биз учун муҳим имконият саналади.
Алишер ШАДМАНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзоси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси:

— Миллий қонунчилигимизда белгиланган ваколатдан фойдаланган ҳолда мамлакатимиз сиёсий майдонида 21 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Адолат” социал-демократик партияси ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун ўз номзодини илгари сурмоқда.
Йиғилишда мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётининг турли жабҳаларида катта билим ва кўникмаларга, ҳаётий тажрибага эга бўлган давлат ва жамоат арбоби, партиямиз Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаровнинг номзоди Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод сифатида партиямизнинг VIII Қурултойида кўриб чиқиш учун тавсия этилди.
Номзодимизнинг ўтган даврдаги фаолиятига назар ташласак, унинг раҳбарлигида партиямизнинг барча даражадаги ташкилотлари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз фаолияти жуда самарали ташкил этиб келинаётганлигига гувоҳ бўламиз.
Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси таркиби бошқа партиялар фракцияларига нисбатан кам сонли бўлишига қарамасдан, у кишининг тажрибали раҳбар сифатида ташкилотчилиги, талабчанлиги ҳамда бир жамоа бўлиб жисплаштира олиши натижасида фракциямиз фаолияти бугунги кунда сифат жиҳатдан бошқа фракциялардан ҳеч ҳам қолишмайди.
Хусусан, парламентдаги “Демократик кучлар блоки”га нисбатан ўзини мухолифат, деб эълон қилган фракциямиз “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий ғоя ва вазифаларини рўёбга чиқариш мақсадида қонун лойиҳалари муҳокамаси ва парламент эшитувларида ўзининг позицион таклифларини дадил олға суриб келмоқда.
Агар буни рақамларда ифода этадиган бўлсак, 2015 йилдан шу кунга қадар номзодимиз раҳбарлигида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари 60 га яқин қонун лойиҳаларига масъул, 10 дан ортиқ қонун лойиҳаларига ташаббускор бўлган бўлса, парламент тажрибасида биринчи маротаба, оппозицион фракция сифатида битта қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни ишлаб чиқиб, Қонунчилик палатаси ялпи мажлиси муҳокамасига киритишга муваффақ бўлди.
Шу билан бирга, ўтган қисқа даврда фракциямиз назорат-таҳлил фаолияти кучайди. Хусусан, фракциямиз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарининг, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг тегишли масалалар бўйича ахборотига оид парламент эшитувлари ўтказилди ва ижро органларига тегишли топшириқлар берилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг ана шундай ижобий натижаларга эришишида, шубҳасиз, партия Сиёсий Кенгаши раиси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбарининг хизматлари беқиёсдир.
Шу боисдан Наримон Умаров Президентлик сайловида Ўзбекистон “Адолат” СДПдан кўрсатиладиган бўлажак номзод сифатида навбатдаги Қурултойда кўриб чиқиш учун тавсия этилди.
Вилоят АКРАМОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзоси:

— Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун партиямиз Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаровнинг номзоди иштирокчилар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватлангани бежиз эмас.
Унинг меҳнат фаолиятидаги оддий илмий ходимдан то раҳбарликкача босиб ўтган йўли, инсоний фазилатлари ҳамда бой ҳаётий тажрибаси, билими ва салоҳияти ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод сифатида тўғри танланганлигидан далолат беради.
Бундан ташқари, номзодимиз қайси соҳада ишламасин, инсонпарварлиги, жамиятда кечаётган барча жараёнларга холисона баҳо бериши, ўзининг шахсий позициясига эга эканлиги, ҳалоллиги, тўғрисўзлиги ҳамда ташкилотчилик ва етакчилик қобилияти билан меҳнат жамоаларида, шунингдек, халқимиз орасида ўзига хос обрў-эътиборга эга бўлиб келмоқда.
Раҳбарлик фаолиятида Наримон Умаров партиянинг ташкилий тузилишига катта эътибор берди. Бунинг натижасида партиянинг марказий органларидан тортиб, барча туман ва шаҳар кенгашларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, малакали кадрлар билан таъминланди. Ҳар бир туман ва шаҳар кенгаши ўз офисига эга бўлди, компьютер ва бошқа техник воситалар, тарғибот материаллари билан тўлиқ жиҳозланди.
Бир сўз билан айтганда, партиянинг салоҳияти юксалди. Бу эса бизга сайлов кампанияси даврида мамлакатимизнинг энг чекка қишлоқ, овул ва маҳаллаларига, аҳолининг барча ижтимоий қатламлари орасига чуқур кириб бориш имконини беради.
Умиджон СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши раиси:

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясида партиямизнинг қуйи бўғинларидан тортиб юқори органларида ҳам фаолият юритаётган ёшларнинг иштироки жуда муҳим ҳисобланади. Чунки, Ўзбекистон “Адолат” СДП эртанги кун эгалари бўлмиш ёшларга жамиятнинг муҳим қатлами ва келажаги сифатида қарайди. Бугунги кунда партиямизнинг Сайловолди дастурини амалга ошириш бўйича 5 йиллик Ҳаракат дастури асосида ёшларнинг орзу-истакларини, қизиқиш ва қобилиятларини рўёбга чиқариш, тадбиркорлик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, уларни глобаллашув жараёнларининг салбий таъсирларидан ҳимоя қилишга қаратилган 10 дан ортиқ партиявий лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиямиздан бўлажак номзод сифатида тавсия этилаётган Наримон Умаров партиямизнинг айнан ёшлар сиёсатига доир саъй-ҳаракатларига алоҳида эътибор билан ёндашиб, бу борадаги барча ташаббусларимизни ҳамиша қўллаб-қувватлаб, амалий ёрдам бериб келмоқда.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, ўтган даврда биз ёшлар орасига янада чуқурроқ кириб боришга муваффақ бўлиб, уларнинг сиёсий фаолигини ошириш, маънавий дунёқарашини бойитиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида бир қатор ютуқларга эришдик, деб бемалол айта оламиз. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши фаоллари томонидан турли мазмунда мингдан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Хусусан, партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ёшларда мафкуравий иммунитетни ошириш ва интернет манбаларидан оқилона фойдаланиш мақсадида “Биз вайронкор ғояларга қаршимиз” мавзусида 300 дан ортиқ давра суҳбатлари, Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик арафасида ёшлар ўртасида мини-футбол мусобақалари ўтказилди ҳамда республика миқёсидаги иншолар танловининг натижаси бўйича “Истиқлол шукуҳи” тўплами нашр этилди.
Бунинг натижасида партия сафида ёшлар кўпайди. Ҳозирда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий вакиллик органларидаги депутатларининг 20 фоизини, партия Марказий аппарати, ҳудудий ва маҳаллий партия ташкилотларида фаолият юритаётган партия ходимларининг 45 фоизини 35 ёшгача бўлган кадрлар ташкил этаётганлигини кўриш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, сўнгги йилларда партиямиз аъзолари таркибида ёшларнинг сафи кўпайганлиги партиямизнинг ёш авлод орасида танилувчанлиги ошганлигидан далолат беради. Бугунги кунда партиямиз умумий аъзолари сонининг 42 фоизини ёшлар ташкил этиши ҳам бизнинг нақадар катта кучга эга эканлигимизни англатади.
Айни шу жиҳатдан ҳам ўз сафларида мустақил фикр ва кенг дунёқарашга эга, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдалана оладиган, мустаҳкам фуқаролик позициясига эга бўлган сиёсий фаол ёшларни бирлаштирган “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши аъзолари 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муносиб иштирок этадилар, деб ишонч билдирамиз.
Қўш саҳифани “Adolat” мухбири Илёс САХАТОВ тайёрлади. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг 7 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб...
01 янв 1970
Мустақиллик йилларида юртимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги мавқеини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли иш...
01 янв 1970
Башарти, БПТ сиёсий мавқега қайси йўллар билан эришаяпти ва бу ўз натижасини бераяптими, деб сўраладиган бўлса, лўнда қилиб шундай жавоб бериш мумк...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Учқудуқ туман кенгаши Навоий вилоятидаги партия тузилмалари ичида пешқадам ташкилотлардан саналади. ...