Озод ва обод яшаш саодати

/
Маълумки, мустақиллик — эркин ва бахтли яшаш ҳуқуқи, шахсий, иқтисодий-ижтимоий ҳамда сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлар рўёби, ҳар бир инсоннинг қонуний манфаатлари инъикосидир.
Биз собиқ тузум даврида ким эдик?
Муаллим-устозларимиз, ота-оналаримиздан ўтган асрнинг ўрталарида инсонларга бўлган ўта шафқатсиз муносабатлар ҳақида, одамлар нон ўрнида кунжара, овқат ўрнида ўт-ўлан истеъмол қилганликлари, хотин-қизлар, айниқса, болалар оғир меҳнатларга мажбуран жалб қилинганлиги хусусида кўп эшитганмиз. Саксонинчи йилларда ҳам нонга муҳтожлик кўплаб оилаларда яққол сезилиб турганига ўзимиз гувоҳ бўлганмиз.
Ҳар сафар “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи ва у ердаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига борганимда, унинг остонасига қадам қўйишим билан бутун вужудимни титроқ босади. Ўша мудҳиш кунлар, қадр-қиммати топталган эркпарвар, маърифатпарвар ота-боболаримизнинг таслим бўлмаган нигоҳи кўз ўнгимда гавдаланади.
Музей атрофидаги гуллар Ватан озодлиги йўлида тик туриб жон берган аждодларимиз учун қўйилган гулчамбарни эслатади. Ичкарида эса халқимиз бошига ёғдирилган бало-қазолардан нишоналар, бир сўз билан айтганда, истибдод зулмидан умри хазон бўлган, қатағон жабрини чеккан улуғ алломалар, арбоблар, маърифатпарвар зиёлилар, ҳунармандлар, оддий деҳқон ва ишчи ватандошларимизнинг шўро даврида кўрган-кечинмалари, азоб-уқубатлари ўз ифодасини топган.
1991 йил 31 август. Тарих ўзани миллий тақдиримизда туб бурилиш ясади. Ўша муаззам кун халқимиз, мамлакатимиз ҳаётида энг улуғ, энг азиз кун сифатида мангуга муҳрланиб қолди. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам ўзбек халқи буюк маънавий жасорат кўрсатди. Ўзбекистон дунё харитасида ўз ўрнини эгаллади.
Мустақиллик йилларида ким бўлдик? Озодлик учун жон фидо қилган аждодларимиз руҳи шод бўлди. Халқимизнинг асрий орзулари рўёбга чиқди. Миллатнинг ғурури, ор-номуси, шаъни тикланди. Тилимиз, миллий урф-одат, маънавий қадриятларимиз ўзимизга қайтди.
Биринчидан, ҳамма иш инсон ҳуқуқларини тиклашдан, шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашдан бошланди. Бутун мазмуни-ю моҳиятига инсонийлик ва эзгулик тамойиллари сингдирилган Асосий қонунимиз — Конституциямиз қабул қилинди ва унда инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати олий қадрият, деб эътироф этилди.
Ўзбекистон беш тамойилли “Ўзбек модели” асосида қисқа вақт ичида ва бениҳоя мураккаб шароитда миллий тараққиёт ва ривожланиш йўлидан одимлаб, халқимизнинг буюк истеъдоди ва омилкорлиги асосида иш тутиб, моҳият эътибори билан неча ўн йилликларга тенг келадиган юксалиш йўлини босиб ўтди, жаҳон ҳамжамияти сафларидан мустаҳкам ўрин олди, ривожланган мамлакатларнинг тўлақонли сафдошига айланди. Бундай муваффақиятларнинг бош омили, аввало, давлатимиз сиёсатининг инсонийлик ва эзгулик тамойиллари билан уйғунлигидадир.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда истиқлол йилларида мустақил тараққиётимизнинг асосий мақсади ва моҳиятини очиб берувчи “Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон”, “Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари — энг олий қадрият”, “Инсон манфаати — ҳар нарсадан улуғ”, “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун”, “Ҳамма нарса — инсон учун, унинг келажаги учун” каби тамойиллар остида олиб борилаётган ислоҳотлар инсонни эъзозлашга, қадр-қимматини оширишга, инсон манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилди. Айниқса, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тўла-тўкис мазмун-моҳияти инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи орган — судлов тизими мустақил ва бошқа тармоқларга боғлиқ бўлмаган ҳокимият сифатида эътироф этилди. Суд ҳокимиятининг янги тузилмалари вужудга келди. Давлатчилигимиз тарихида биринчи марта Конституциявий суд ташкил топди. Суд ҳокимиятининг таркибий қисми сифатида Олий хўжалик суди ва унинг қуйи бўғинлари шакллантирилди. Судлар ихтисослаштирилди ва жиноий жазолар либераллаштирилди.
Мамлакатда ўлим жазоси бекор қилинди. Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди. Мол-мулкни мусодара қилиш, бадарға, сургун каби жазолар жиноят қонунчилигидан бутунлай чиқариб ташланди. Одил судлов жараёнида халқимиз фазилатига мос бўлган кечиримлилик, тантилик, мардлик, бағрикенглик сифатларини қамраб олган ярашув институти жорий этилди.
Иккинчидан, ватандошларимизнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилди. Фуқароларга хусусий мулк ҳуқуқи берилди. Пировардида тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандлик ривожланди. Халқимизнинг улкан яратувчилик куч-қудрати, мислсиз бунёдкорлик салоҳияти тикланди. Одамларнинг яшаш шароити тубдан яхшиланди.
Дунёнинг ривожланган, иқтисоди бақувват мамлакатларида молиявий-иқтисодий инқироз боис, ишчи ўринлари, ижтимоий ҳимоя дастурлари қисқараётган, бунинг оқибатида кўплаб муаммолар, норозилик кайфиятлари юзага келаётган бир пайтда, мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати йил сайин юксалиб, ялпи ички маҳсулотнинг барқарор ўсиши, одамларнинг даромади, харид қуввати тобора ошиб бораётгани кўпчилик мамлакатлар учун ҳавас қиладиган даражада десак, муболаға бўлмайди.
Ўтган йигирма беш йиллик тараққиётимиз даврида мамлакатимиз иқтисодиёти 6 баробар ўсганлигини, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда муттасил 8 фоизни ташкил этаётганлигини, аҳолининг реал ялпи даромадлари жон бошига 9 баробардан ошганлигини бугун ким инкор эта олади.
Мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати юксалган сайин, албатта, халқимизнинг фаровонлиги ҳам ошиб бормоқда. Очиғини айтиш керак, ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Ўзбекистон мустақилликка эришиб, ҳар томонлама тараққий этган бир мамлакатга айланади, унда турли русумдаги автомобиллар ва бошқа саноат маҳсуотлари ишлаб чиқарилади ва хорижга экспорт қилинади деса, кўпчилик ишонмасди. Бугун аҳолининг ҳар учтасидан биттаси енгил автомашинага эга эканлиги бор ҳақиқат.
Ҳа, Ўзбекистон чорак аср ичида иқтисодиёти мустаҳкам ва барқарор мамлакатлар қаторидан ўрин эгаллади. Саноати ривожланди. Автомобиль саноати ривожланган давлатлар сафига қўшилди. Пировардида, автомобилсозлик ва уларга бутловчи қисмлар тайёрлайдиган янги соҳалар, нефть ва газни қайта ишлайдиган, фармацевтика маҳсулотлари, замонавий телевизор ва компьютерлар, мобиль телефонлар ва бошқа турли товарлар ишлаб чиқарадиган ва экспорт қиладиган янги саноат тармоқлари вужудга келди.
Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Давлат бюджети харажатлари таркибида ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар юқори даражада сақланиб қолинаётганлиги ва бу харажатлар умумий харажатларнинг қарийб 60 фоизини ташкил этаётганлиги мамлакатда ижтимоий адолат тамойиллари нақадар устуворлигидан далолат беради.
Айниқса, аҳолининг соғлиғини сақлаш, малакали ва замонавий тиббий хизмат турларини кенгайтириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, бажарилган ишлар кўлами нақадар катта эканлигини, унинг туб моҳиятини бундан йигирма беш йил олдинги тиббий хизмат билан солиштирганимиздагина чуқурроқ англаб оламиз. Бугунги тиббий муассасалар, улардаги асбоб-ускуналар, лаборатория ва диагностика марказлари, малакали ва сифатли хизмат ҳеч кимдан кам эмаслигимизнинг яна бир карра исботидир.
Айниқса, таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар кенг кўламли ислоҳотларнинг бош ўзанига айланди ва бу борадаги ютуқлар нафақат бизни, хорижий мамлакатлар жамоатчилигини ҳам лол қолдирмоқда.
Мустақиллик шарофати билан 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умуммажбурий бепул таълим тизими жорий этилиши, бугунги кунда фарзандларимиз ўзининг меъморий қиёфаси ва техник таъминотига кўра олий ўқув юртларидан қолишмайдиган замонавий касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар биноларида таҳсил олаётганлиги, хорижнинг энг илғор олий ўқув юртларидан кам бўлмаган олий таълим муассасалари фаолият кўрсатаётганлиги, мамлакатимиз аҳолисининг саводхонлик даражаси 99,34 фоиздан ошганлиги дунёдаги энг юқори кўрсатгичлардан биридир.
Учинчидан, мамлакатда сиёсий барқарорлик таъминланди. Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ собиқ тузумнинг партиявий яккаҳокимлигига, зўравон компартия тизимига барҳам берилиб, демократик қадриятларга асосланган кўппартиявийлик тизими яратилди ва партиялараро соғлом рақобат учун кенг ва тенг шароитлар эшиги очилди.
Ҳуқуқий демократик давлат қуриш, адолатли ва эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш, жамиятни ҳар томонлама либераллаштириш, давлат қурилишини демократлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди.
Сиёсий партиялар фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилди. Ўзбекистон фуқароларининг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқи айнан сиёсий партиялар орқали амалга оширилиши кафолатланди.
Жамиятимизда кўппартиявийлик тизими ривожланиши ва тобора мустаҳкамланиши натижасида жамиятни демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнларининг жадал ривожланиши кузатилмоқда.
Айниқса, Конституциямизга киритилган кейинги ўзгартиш ва қўшимчалар барқарор ривожланиб бораётган мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ислоҳотларни чуқурлаштириш, мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ўрнини янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги, Бош вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш ҳақидаги, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини эгаллаган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган сиёсий партиялар томонидан таклиф этилиши ҳақидаги конституциявий меъёрлар сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлади.
Шу ўринда ғурур билан айтиш мумкинки, қонунчиликнинг такомиллашиши ва мамлакатимизда тинчлик-тотувлик, аҳил-иноқлик ҳукм сураётгани, бунёдкорлик ишлари изчиллик билан давом этаётгани, баркамол авлоднинг ижтимоий фаоллиги, буларнинг барча-барчаси Мустақиллик шарофатидир. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида нотинчлик юз бераётган, қонли можаролар авж олаётган, бунинг натижасида тинч аҳоли жабр кўраётган, уй-жойидан, мол-мулкидан айрилиб, бошпанасиз, ҳимоясиз қолаётган айни замонда, мамлакатимизда янги-янги корхоналар, катта-катта ишлаб чиқариш иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда, муҳташам таълим-тарбия ва спорт саройлари, маданият ва санъат кошоналари қад ростламоқда, шаҳар ва қишлоқларимиз обод, йўлларимиз равон бўлиб, жаннатмонанд диёримиз кун сайин гуллаб-яшнамоқда.
Мамлакатимизга ташриф буюраётган меҳмонларни кўп кузатаман. Улар таниқли сиёсатдонлар, давлат ва жамоат арбоблари, олим ва мутахассислар, оддий, аммо кўпни кўрган сайёҳлар. Юртимиз меҳмонлари мамлакатимиздаги ютуқларни ҳайрат ва ҳавас билан кўриб, кеча ким эдигу бугун ким бўлганлигимизга қойил қолиб, ижобий хулосалар чиқармоқда. Бу хулосалар замирида “Ўзбек модели”, “Ўзбекистон тажрибаси”, “Ўзбекистоннинг ўзига хос тараққиёт йўли” каби ҳаққоний тушунчалар ётади.
Албатта, Мустақиллик – миллат ҳаётидаги энг буюк воқелик, асрий орзуларимиз рўёби. Уни мустаҳкамлаш, асраб-авайлаш, иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий асосларини такомиллаштириш, жамият ҳаётини доимий равишда ривожлантириб бориш, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилиш барчамизнинг фарзандлик ва фуқаролик бурчимиздир.
Шундай экан, биз теварак-атрофимизда терроризм, диний экстремизм, сепаратизм каби иллатлар таъсирида кечаётган хунрезликлар ҳамда тарихнинг аччиқ сабоғидан зарур хулосалар чиқариб, давлатимиз раҳбарининг огоҳлик ва ҳушёрликка чорловчи даъватларига дахлдор бўлиб, мустақилликни, мамлакатдаги тинч-тотув ҳаётни, миллатлараро аҳил-иноқликни сақлаш учун масъуллигимизни унутмайлик. Зеро, мамлакат тинчлиги энг олий саодатдир.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари
 
Томчида қуёш акс этганидек
Мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллиги арафасида ортга назар ташлаган ҳар бир фуқаро орадан ўтган қисқа давр улкан ютуқлар даври бўлганлигига гувоҳ бўлади. Чунки қайси бир соҳага қараманг, ўзгариш, янгиланиш. Бу буюк ҳодиса туфайли миллий ўзлигимизга, ҳуқуқ ва эркинликларимизга, миллий армиямизга ва, энг асосийси, ўз тараққиёт йўлимизга эга бўлдик.
Қишлоқда туғилиб ўсганман. Илгари туманимизда катта майдонга пахта экиларди. Болалар боғчасининг гулзорига қадар чигит қадалган. ўўзага сув бериш учун ариқлардаги ҳар қатра сув ҳисобда эди. Энг ачинарлиси, ўзимиз етиштирган неъматдан ўзимиз бебаҳра эдик. Фақат хомашё тайёрлайдиган юртда барака бўлмаслигини мана энди тушуниб етдик.
Истиқлол шарофати билан мева ва сабзавотчиликка ихтисослашган туманлар ташкил этилди. Олтин қуёш тафтидан яшнаган боғларимизни, хилма-хил сабзавотларга бой экин майдонларимизни кўриб, кўнглимиз тоғдек кўтарилади. Мана, шундоқ яшаса, шундоқ меҳнат қилса бўлар экан-ку, дейман ҳаяжонимни босолмай. Айниқса, Ангрен—Поп электрлаштирилган темир йўлининг қурилиши ҳамюртларимизга катта имконият эшикларини очди. Эндиликда етиштирган меваю сабзавот маҳсулотларини хорижга қулай, арзон ва сифати бузилмасдан экспорт қилишга киришамиз.
Халқимиз эркин ва фаровон хаёт кечириб, янги-янги бунёдкорликларни амалга ошириш йўлидан бормоқда. Юртдошларимизнинг даромади ортгани уларнинг моддий таъминотига, кундалик турмуш тарзига ижобий таъсир кўрсатаяпти. Бугунги кунда мамлакатимиздаги оилаларнинг деярли барчаси музлаткичлар, 84 фоизи турли ошхона электр жиҳозлари, 63 фоизи кир ювиш машиналари, ярмидан кўпи компьютер, чангютгич, микротўлқинли печларга эгалиги, учдан бир қисми эса кондиционерлардан фойдаланаётганлиги тўкинчиликнинг яққол тасдиғи эмасми?!
Ўзингиз ўйланг, бундан 25 йил аввал мобиль телефон, ноутбук, кабелли телевидение, сув иситиш бойлери, духовкали электрпеч деган ашёлар ҳақида билмасдик. Ҳозир уларсиз рўзғоримизни тасаввур қилолмаймиз. Мени қувонтирган нарса эса — мана шу ашёларнинг аксарияти ўзимиздаги корхоналарда ишлаб чиқарилаяпти. Истиқлол шарофати хонадонларда, томчида қуёш акс этганидек, кўриниб турибди.
Бугун қишлоқда фермер янги мулкдорга айланди. Шийпонининг атрофини гулзорга айлантираяпти. Паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик дейсизми, барчасини уддалаяпти. Ҳеч қандай ғов, тўсиқ йўқ. Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган ва барча соҳада кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишга йўналтирилган «ўзбек модели» тараққиётимизнинг энг тўғри йўли эканлигини ҳар бир юртдошимиз дилдан ҳис қилмоқда.
Бунга сайловчилар билан учрашувларда ҳам кўп бора гувоҳ бўламиз. Фуқароларни юрт тараққиёти ва истиқлол берган имкониятларга жавобан фаоллик, ташаббускорлик ҳисси билан яшаётганидан қувонамиз. Улар билан мустақилликнинг асл мазмуни ва порлоқ келажагимиз ҳақида суҳбатлашиш янада хушнудлик бағишлайди. Зеро, бундай юртда яшашнинг ўзи бир бахт.
Зуҳрахон КОМИЛОВА,
халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари
 
Гулларга бурканаётган шаҳар
Иш юзасидан ва шаҳарда яшовчи фуқаро сифатида Қорақалпоғистон пойтахти — Нукус шаҳрининг обод кўчалари бўйлаб ҳар гал сайр қилар эканман, ҳар қадамда истиқлол мевалари саналган улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларининг гувоҳи бўлиб, қалбим чексиз фахр ва ифтихорга тўлади.
Нукус бугун меҳридарё, қалби уммон, меҳнаткаш ва меҳмондўст халқимизнинг тинчлик ва тараққиёт йўлидаги интилиш ва изланишлари натижасида кундан-кунга замонавий қиёфа касб этаётган кўркам ва обод, ҳар бир инсон қалбига гўзаллик туйғуларини ҳадя қилаётган, гулларга бурканган гўзал кўчаларни бағрига жойлаган шаҳарга айланмоқда.
Айниқса, сўнгги икки-уч йил ичида жонажон Ўзбекистонимизнинг қадимий ва навқирон шаҳарлари қаторида Нукус шаҳрида ҳам замонавий шаҳарсозлик асосида катта қурилиш, архитектура ишлари амалга оширилди.
Шаҳар марказидан оқиб ўтувчи “Дўстлик” каналининг салкам 3 километрдан иборат иккала соҳилининг обод қилиниши натижасида хиёбонлар ва боғлар, дам олиш масканлари барпо этилди, мусиқали фавворалар аҳолининг ёзнинг иссиқ кунларида дам олиши учун хизмат қилмоқда. Бу сўлим масканлар — истиқлолнинг обод манзилларида юртдошларимиз, бахтиёр ёшларнинг фаровон ҳаётимиздан мамнун эканликларини чуқур ҳис этиш қалбингизга қувонч бағишлайди.
Шаҳримиз кўркига яна ҳусн қўшиб турган “Камолот” уйлари ёшларга беқиёс эътибор ва ғамхўрлик ифодаси бўлиб, навқирон авлоднинг Ватан равнақи учун билим ва куч-ғайратини сафарбар этишга, юксак орзу-мақсадларини рўёбга чиқаришга рағбатлантирмоқда.
Бугун Нукус шаҳрининг “Қорақалпоғистон”, “Амир Темур”, “Тўлапберган Қайипберганов” кўчаларида олиб борилаётган улкан яратувчилик ишлари, айниқса, 30 га яқин 3-4 қаватли замонавий турар жойларнинг қуриб битказилиши, кўча бўйларига ўрнатилган тунги ёритқичлар, иморатлар олдида бунёд этилаётган гулзорлар, қорақалпоқ халқининг порлоқ келажак йўлидаги эзгу орзу-интилишларини ўзида ёрқин ифода этган, ёшлар қалбига истиқлолни асраб-авайлаш, унинг қадр-қимматига етиш туйғуларини сингдиришга хизмат қиладиган қалб бунёдкорлиги намунасига айланмоқда.
Қўли гул қурувчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан қайта таъмирдан чиққан “Тошкент” меҳмонхонаси олдида Ёшлар марказининг барпо этилиши қорақалпоғистонлик ёшлар учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.
Айни кунда шаҳарнинг экотизимини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳсинга сазовор.
Бир пайтлар шаҳарда ер ости сувларининг юқорилиги, тупроқ шўрланиши натижасида дарахт кўкартириш ва гул ўстириш анча қийин кечган бўлса, сўнгги 20-25 йил ичида шаҳарда ушбу муаммоларни маҳаллий аҳоли билан ҳамжиҳатликда ечиш йўллари кўриб чиқилди.
Шаҳарда ер ости дренаж тизими ишга тушиши, ер юзасидаги тупроқни алмаштириш, оқова сув йўлларини таъмирлаш натижасида бугун гулларга бурканган гўзал хиёбонларни, кўча бўйларида ва замонавий бинолар атрофида, уй-ҳовлиларда турли мевали ва манзарали дарахтлар ва гулларни учратиш мумкин.
Амударё бўйида қад ростлаган навқирон Нукусни бугунгидек гўзал ва обод, кўркам шаҳарга айлантириш йўлида хизмат қилаётган ватандошларимизнинг меҳнати ана шу тарзда ўз самарасини бермоқда.
Рахмет ИБРАГИМОВ,
халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати
 
Қўшработнинг янгиланаётган қиёфаси
Юртимиз ёшларининг замонавий билимларни эгаллаши, соғлом ва юксак маънавиятли бўлиб вояга етиши, спорт билан шуғулланишлари мақсадида барпо этилган таълим муассасалари, спорт иншоотлари ҳамда улардаги зарур шарт-шароитларга бугун дунё жамоатчилиги катта қизиқиш билан қарамоқда.
Биргина туманимизда 6 та умумтаълим мактаби биноси янгидан қурилган бўлса, 51 та умумтаълим мактаби биноси капитал реконструкция қилиниб, яна бир қанчаси капитал таъмирланди. Бундан ташқари, Баркамол авлод болалар маркази, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, санъат мактаби замонавий типда қад ростлаб, болалар ва ўсмирлар ихтиёрига топширилди.
Бир пайтлар фақат чорва учун мўлжалланган туманимизда бугун шаҳарлардагидан қолишмайдиган намунавий лойиҳалардаги уй-жойлар қад ростлади, бозор расталари тўкин, тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар талаб ва таклифларга мутаносиблиги ҳам аҳоли фаровонлигига хизмат қилаяпти.
Бир пайтлар халқимиз бирор жойга бориш учун ярим кунни йўл транспорт машинасини кутиш билан ўтказган бўлса, бугун ҳар бир хонадонда енгил автомобиль, шунингдек, ҳар бир хонадонда замонавий телевизор, DVD, видео, компьютерлар бор. Тоғ ёнбағридаги чўпон кулбалари электр чироқларидан нурафшон, оёқ етадиган манзилларимиз обод. Бу мустақиллик бизга инъом этган эркинлик, фаровонлик, хотиржамликнинг меваси эмасми?!
Ота-боболаримиз қишда совуқ, зах, бунинг устига синиқ-ёрилган парталарда битта китобдан 3-4 киши бўлиб фойдаланиб дарс ўтган бўлса, бугун фарзандларимиз замонавий хоналарда замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда илм сирларини ўрганишмоқда. Дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида таҳсил олиб, малака оширмоқда. Фарзандларимиз 9 йиллик мактаб таълимидан сўнг коллежларда турли касб-ҳунар сирларини ўрганиб, ҳаётга татбиқ этишмоқда.
Мустақиллик берган энг катта ютуқ, имконият нималардан иборат деганда мен ҳеч иккиланмай истиқлол одамларга бугунги ва эртанги кунга нисбатан ишончни, кўнгил хотиржамлигини қайтариб берди, деб айтган бўлур эдим. Чунки ишонч ва хотиржамлик бор юртда эркин меҳнат ва ташаббуслар қанот ёзади. Ерга, мулкка, касбу корига ва ниҳоят Ватанига нисбатан эгалик туйғуси кучаяди.
Қўшработда бугун шундай кўтаринки ҳолатни яққол ҳис этиш мумкин. 2 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти ўз мулкини эркин тасарруф этмоқда ва иқтисодиётнинг янги тармоқларини вужудга келтиришга ҳамда амалиётга жорий этишга интилмоқда. Шу туфайли туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва табиий хомашё захираларини қайта ишлаш, жаҳон бозори учун рақобатбардош товарлар ишлаб чиқариш деярли 2 бараварга кўпайди.
Истиқлол йилларида туманимизда қурилиш, ободончиликлар кўлами бениҳоя кенгайди. Марказий истироҳат боғи тубдан қайта қурилиб, чинакам дам олиш масканига айлантирилди. Туман ФҲДЁ бўлими, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг туман бўлими янги, замонавий бинога кўчиб ўтди. Аҳоли ўртасида янгича турмуш маданиятини кенг тарғиб этиш мақсадида намунали лойиҳа асосида кўркам уй-жойлар барпо этилди, Туман марказида йирик супермаркет қад ростлади. Ўнлаб километр масофадаги йўллар қайта таъмирланди. Сойлар устига янги, замонавий кўприклар қурилди.
Буларнинг барчаси одамларнинг фаровон турмуши, бахту иқболини ўйлаб қилинаётган ишлардир.
Абдуҳамид ТЎХТАРОВ,
“Адолат” СДП Қўшработ туман кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Танловнинг вилоят босқичи ғолибларига партия кенгаши томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг куни кеча бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ўнга яқин қонунларни қабул қилдик....
01 янв 1970
“Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш чор...
01 янв 1970
“Қишлоқ хўжалигида зараркунанда ҳашаротларга қарши кураш олиб боришнинг ҳолати ва уни янада такомиллаштириш юзасидан вазифалар” муҳокам...