Она соғлом бўлса жамият соғлом бўлади

/
Жорий йилнинг республикамизда “Соғлом она ва бола йили” деб номланиши аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш билан бир вақтда зиммамизга катта вазифаларни юклади. Чунки аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббий хизмат сифатини яхшилаш тиббиёт ходимларининггина иши эмас, бу борада бошқа қатор ташкилот ва муассасалар, кенг жамоатчиликнинг биргаликда иш олиб бориши мақсадга мувофиқдир. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида бу йўналиш энг долзарб вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Шулардан келиб чиқиб, халқ депутатлари Марҳамат туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари бу вазифага алоҳида эътибор қаратиб келмокда. Аввало, йил бошидаги биринчи йиғилишимизда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди. Хусусан, жойлардаги қишлоқ врачлик пунктлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ҳар бир депутатнинг ўз сайлов округи ҳудудида тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва мавжуд муаммоларни ҳал этишда фаоллик кўрсатиши, тегишли ташкилотларга қонуний тартибда депутатлик сўровлари киритиши назарда тутилди. Фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш ҳам энг долзарб вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Депутатлик гуруҳимиз аъзолари томонидан тумандаги мавжуд 27 та қишлоқ врачлик пунктларининг фаолияти ўрганиб чиқилди. Ушбу муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий тиббий анжомлар билан жиҳозлаш ва кадрлар малакасини оширишга эътибор қаратилди. Айниқса, “Ибн Сино”, “Т.Мирзаев”, “Қовунчи” ва “Истиқлол” қишлоқ врачлик пунктларида олиб борилган ишлар натижасида тиббий хизмат янада яхшиланиб, аҳолининг мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган ишончи ортиб бормоқда.
Тиббий хизмат борасида сўз борганда, жойлардаги патронаж ҳамширалар фаолиятини жонлантириш энг долзарб вазифалардан бири эканини айтиб ўтиш ўринлидир. Чунки улар орқали ҳар бир оилага кириб бориш, ҳар бир фуқаро соғлиғидан хабардор бўлиш имконияти бор. Айниқса, она ва бола саломатлигини назорат қилиш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш орқали касалликларнинг олдини олиш мумкин. Шу сабаб бу борада маҳаллалардаги маслаҳатчиларнинг масъулияти оширилди. Она ва бола саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган давра суҳбатлари, тарғибот тадбирларида, биринчи навбатда, уй бекалари билан иш олиб борилди. “Соғлом она, соғлом фарзанд — жамият асоси”, “Оилада тиббий маданият”, “Шифокор билан бир кун” каби мавзуларда тайёрланган тарқатма материаллар кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Туман партия кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилган мониторинг давомида бу яққол кўзга ташланди.
Депутатлик гуруҳимиз ташаббуси билан ўтказилган “Саломатлигингиз ўз қўлингизда” акцияси доирасида тумандаги туғиш ёшидаги хотин-қизлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Бунда айниқса, “Марҳамат”, “Қорабоғиш”, “Шукурмерган” қишлоқларидаги ҚВПлар ходимлари фаол иштирок этишди. Тиббий кўрик давомида оилада соғлом турмуш тарзига риоя этиш касалликнинг олдини олишнинг асосий омилларидан бири эканлиги, шифокор қабули хусусида тушунчалар берилди. Тиббий кўрикда касаллик борлиги аниқланган 165 нафар туғиш ёшидаги аёллар соғломлаштирилди.
Айни вақтда сайловчиларнинг мурожаатлари асосида жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, фуқароларнинг манфаатларини рўёбга чиқаришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, “Қорабоғиш” қишлоғида болалар учун бокс зали қурилиши ва “Шукурмерган” қишлоғида янги мактабгача таълим муассасаси барпо этишга кўмаклашишни режалаштирдик. Бу масалаларни ҳал этиш орқали ҳам сайловчиларнинг бизга бўлган ишончини оқлаймиз.
Сабина МАРАСУЛОВА,
халқ депутатлари Марҳамат туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сиёсий партиянинг дастурий ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқаришда халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатларининг ташаббускорлиги, сайловчилар олдид...
01 янв 1970
Куни кеча Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг VII Пленуми бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Партиянинг сиёсий майдонда муносиб ўрин эгаллаши ва кенг омма ўртасида нуфузи ошишида маҳаллий Кенгаш депутатларнинг фаоллиги алоҳида аҳамият касб ...
01 янв 1970
Партиямиз ғояларининг жойларда кенг тарғиб этилиши билан бирга халқ манфаатларини рўёбга чиқариш борасидаги амалий ишлар ҳудудларда ўз ижобий самар...