Чорак асрлик тарих акс этган кўргазма

/
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижодиёти саройида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган фотокўргазма ташкил этилди.
Мазкур тадбир Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилди.
Кўргазманинг очилиш маросимида вазирликлар, ҳокимликлар, давлат идоралари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, “Камолот” ЁИҲ, партиянинг ҳудудий кенгашлари, сиёсий партиялар ва Экологик ҳаракат, бошқа ҳамкор ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Халқимиз ўртасида миллий қонунчилигимизни кенг тарғиб қилиш, фуқароларда ватанпарварлик туйғусини юксалтириш, партия Сайловолди дастурининг устувор вазифаларини тарғиб қилиш, “Адолат” СДПнинг амалий ишларини кенг жамоатчилик кўз ўнгида акс эттириш фотокўргазманинг асосий йўналишларидан иборат. Унда мустақиллик манзаралари, истиқлол йилларида амалга ошириб келинаётган туб ислоҳотлар, мамлакатимизда эришилаётган ютуқлар борасидаги халқаро эътироф, партиянинг амалий ишлари фотосуратлар, ҳунармандчилик намуналари ҳамда ижодий ишлар орқали намойиш қилинди.
Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров сўзга чиқиб, йиғилганларни яқинлашиб келаётган энг элуғ, энг азиз байрам — Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги билан қизғин муборакбод этди. Истиқлол йилларида халқимизнинг эришган ютуқлари, партиямизнинг сиёсий майдонда муносиб ўрин топгани борасида сўз юритди.
Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳар жиҳатдан гуллаб-яшнади, инсон манфаатларига хизмат қилувчи ислоҳотлар ўтказилди, сиёсий партиялар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Шу ўринда “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастуридаги ғоя ва вазифалар халқимиз орзу-ниятларига ҳамоҳанглигини таъкидлаш жоиз. Ушбу кўргазмани ўтказишдан бош мақсад кенг жамоатчиликда истиқлол шукронаси туйғусини орттириш, таъсирчан ва сифатли фотосуратлар орқали юртдошларимизда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришдан иборатдир.
Кўргазма экспонатларида 25 йил давомида Ўзбекистондаги ўзгаришлар, асосий ва муҳим ислоҳотлар, жумладан, бинолар қурилиши, йўллар таъмирланиши, сайлов, таълим, соғлиқни сақлаш тизимидаги ютуқлар акс эттирилди.
Кўргазмада партиянинг барча тузилмалари фаолияти кенг қамраб олинганлиги билан аҳамиятлидир. Фотосуратлар ва ижодий ишларда партиямиз тарихи ва бугуни, мустақиллигимизни мустаҳкамлашдаги ўрни, Сиёсий Кенгаши, қуйи палатадаги фракцияси, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти, бошланғич партия ташкилотлари фаолияти, партиянинг сайловлардаги иштироки, дастурий вазифаларига мувофиқ олиб бораётган амалий ишлари акс этган. Унда “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари алоҳида бўлимларга ажралган ҳолда қатнашиб, ҳар бир ҳудудий кенгаш соғлом рақобат асосида ўз фаолиятини намойиш этди. Ҳудудий кенгашлар вакиллари иштирокчиларга ҳар бир ҳудуд мисолидаги бунёдкорлик намуналари, амалий ишлар акс этган фотосуратлар ва партиявий ташаббусларини тақдим этди.
Кўргазма залини айланар экансиз, ҳар бир ҳудудга аталган бўлимларда байрам шукуҳи баланд эканига гувоҳ бўласиз. Вилоятлар ўз имконият ва салоҳиятларидан келиб чиққан ҳолда, нафақат партиявий фаолият, балки мустақил юрт манзараларини миллийликка асосланган ҳолда тақдим этдилар. Масалан, партиянинг Самарқанд вилоят кенгашига тегишли бурчакда “Адолат” СДП рамзи туширилган гилам, худди шундай касаначилик маҳсулотлари, истиқлол ёшини ифодаловчи 25 рақами тасвирланган кашталар, соат, кўза, чойнак-пиёла, лаган ва ликопчалар иштирокчиларнинг эътиборини тортди. Дунёга донғи кетган Самарқанд нонига “Ўзбекистон”, “Мустақиллик”, “Адолат” сўзлари ила нақш берилгани ҳам диққатга молик. Кўргазмадан вилоят кенгаши қўлга киритган диплом ва сертификатлар ҳам ўрин олган.
— Сўнгги йилларда партиянинг Самарқанд вилоят кенгаши фаолиятида сезиларли ўсишлар кузатилди, — дейди Тайлоқ туман партия кенгаши раиси Нилуфар Акрамова. — Сафдошларимиз сони ошди, депутатларимиз, айниқса, маҳаллий Кенгашда ёш ва истеъдодли депутатларимиз кўпайди. Жойларда кенг жамоатчилик билан иш олиб борар эканмиз, “Адолат” СДПнинг нуфузи борган сари юксалаётганига амин бўламиз. Самарқанд вилоят партия кенгашининг мустақиллигимизнинг 25 йиллик тантанасига тайёргарлиги катта. Жумладан, Тайлоқ туманида истеъдодли ёшлар, спортчилар, санъаткорлардан иборат тарғибот гуруҳи тузилган бўлиб, аҳолининг турли қатламлари иштирокида учрашувлар ўтказяпмиз. Ўқув йили аввалида академик лицей ва коллежларда “Адолат” соатлари” ташкиллаштиришни режалаштириб қўйдик.
Фотокўргазмада Бухоро вилоят партия кенгашининг иштироки ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ топилди. Махсус бўлимдан ўрин олган мис кандакорлиги буюмлари, зардўзлик, каштадўзлик, ҳунармандчилик маҳсулотлари, Бухорода тайёрланадиган ўзига хос ширинликлар иштирокчиларни хушнуд этди.
— Юртимиз бўйлаб байрамона кайфият кезиб юрган айни паллада бизнинг партия ташкилотимиз ҳам айёмни муносиб кутиб олиш ниятида, — дейди Бухоро вилоят партия кенгаши раиси ўринбосари Зуҳро Мирзоҳамдамова. — Масалан, байрам арафасида сайл уюштириб, халқимизни турли спорт ўйинлари ўтказиш, миллий урф-одатларни тараннум этиш, болажонлар учун ўйингоҳлар ташкил этиш орқали шод этиш ниятидамиз.
Тошкент вилоят партия кенгашининг тақдимоти ҳам кўргазма меҳмонларини бефарқ қолдирмади. Унда партия ташкилоти томонидан чоп этилган китоблар, кўргазмали қуроллар, маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан ҳар олти ойда бериладиган ҳисоботлар жамланган альбом ўрин олган. Карвинг санъати асосида тарвузларга “Мустақиллик” ва “Адолат” ёзувлари, “25” рақами ҳамда партия рамзи — атиргул тасвири туширилгани, атиргул шаклида тайёрланган қандолат маҳсулотлари иштирокчиларнинг қизиқишини уйғотди.
Умуман олганда, кўргазмада ҳар бир ҳудудий кенгаш муносиб иштирок этди. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари кенгашларининг тақдимотлари юксак савияда, сермашаққат меҳнат, ижодий ёндашув эвазига ташкил этилгани иштирокчилар томонидан эътироф этилди.
Ушбу кўргазма доирасида мухлислар даврасида қизиқарли ўйинлар, викторина саволларидан иборат беллашувлар уюштирилди, ғолиблар тақдирланди. Айниқса, Хоразм вилояти кенгашининг махсус совғалари – “Адолат” дўпписи” учун, партиянинг “Адолат” билимдони” вимпели учун ўтказилган танловлар жуда қизиқарли ўтди. Шу ернинг ўзида танлов ғолиблари партияга аъзо бўлиш истагини билдириб, ариза топширишди.
Кўргазмадан ўрин олган фотосуратлар профессионализм ва ғоявий жиҳатдан сифатли эканлиги мутахассислар, экспертлар ва меҳмонлар томонидан қайд этилди.
Дурдона АЛИМОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП матбуот хизмати ходими 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2017 йил 24 декабрь, якшанба кунини Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов куни деб белгиланди. ...
01 янв 1970
Шўрчи тумани Маданият саройида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини ёшларга атрофлича тушунтириш юзаси...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 2 август куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳам...
01 янв 1970
Сайловлар демократия кўзгуси ҳисобланиб, унинг очиқ-ошкора ва шаффоф тарзда ўтишида ҳуқуқий асосларнинг ҳаётий ва халқчил тарзда ишлаб чиқилиши муҳ...