Коррупцияга қарши кураш — давлат ва жамият хавфсизлиги гарови

/
Коррупция дунё миқёсидаги глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, долзарб масалалар қаторидан ўрин эгаллаган.
Мамлакатимизда ҳам мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, унинг олдини олишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси ва аниқ тизими яратилган.
Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимидаги Коррупцияга қарши кураш комиссияси томонидан партия Марказий назорат-тафтиш комиссияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгаши раислари, бош ҳисобчилари ҳамда Марказий аппарат масъул ходимлари иштирокида ташкил этилган йиғилишда ҳам шу ҳақда батафсил сўз юритилди.
Таъкидланганидек, ҳозирда кўплаб давлатларда терроризм, айирмачилик, сепаратизм, уюшган жиноятчилик, шу жумладан, коррупция авж олаётгани дунё жамоатчилигини ташвишга солмоқда. Ана шундай бир шароитда мансабдор шахсларнинг жиноятчилар билан тил бириктириши натижасида жамият сиёсий ва иқтисодий инқирозга юз тутиши мумкинлиги коррупциянинг ижтимоий хавфи нечоғли юқори эканлигидан далолат беради. Бундай хавфли қилмиш охир-оқибат уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиши учун шароит яратиб беради.
Қолаверса, коррупция фуқаролар, айниқса, ёш авлодда ижтимоий адолатга, ҳақиқатга, давлат органлари ва мансабдор шахсларга бўлган ишончни сусайтиради. Шу нуқтаи назардан ўсиб келаётган ёш авлодни, айниқса, коллеж ва олий таълим муассасаларини битириб, касбий фаолият бошлаш остонасида турган ёшларга коррупциянинг нечоғли хавфли иллат экани ҳақида доимий тушунча бериб бориш зарур. Негаки, бугунги кун битирувчиси эртанги мутахассис, жамият ва давлат бошқарувининг иштирокчисидир.
Шунингдек, тадбирда коррупция демократик институтларни заифлаштирувчи, ижтимоий тартибни бузувчи ва жамият ишончини поймол этувчи иллат сифатида қайд этилиб, унинг олдини олиш ва унга барҳам беришда давлатлар, ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги қайд этиб ўтилди.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Хусусан, 1997 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик концепциясида коррупция мамлакатнинг миллий хавфсизлигига таҳдидлардан бири, дея эътироф этилди. “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастури”да ҳам коррупцияга қарши курашга доир чора-тадбирлар белгиланган. Мамлакатимиз 2008 йил 7 июлда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига қўшилди. Ўзбекистон минтақамизда биринчилардан бўлиб “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида” қонун қабул қилди.
Алоҳида таъкидлаш керакки, коррупциянинг олдини олишга қаратилган институционал механизмларни ислоҳ қилишда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон «Адолат» СДП Сайловолди дастурининг асосий йўналишларидан бири «Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари — энг олий қадрият!» деб номланган. Мазкур шиор остида партия ҳамма вақт ижтимоий адолат, қонун устуворлигига асосланган, барча фуқаролар қонун олдида тенг бўлган ва ўз конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини бемалол амалга ошира оладиган ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш ғоясини илгари суриб келмоқда. Шу мақсадда жойларда партия ташкилотлари томонидан давлат ва жамият бошқарувида, жумладан, партия тизимида ушбу иллатга йўл қўймаслик, ёш авлод онгида коррупциянинг салбий оқибатлари ҳақида зарур тушунчаларни шакллантиришга қаратилган учрашувлар, давра суҳбатлари мунтазам ташкил қилиб келинмоқда.
Шу билан бирга, партия коррупцияга қарши кураш соҳасидаги фаолиятни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштиришни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири этиб белгилаган.
Шунингдек, йиғилишда партия тизимида ҳам қонунбузилиш ва коррупциянинг олдини олиш, жумладан, партиянинг молиявий фаолиятида ошкоралик, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда очиқлик, шаффофликни таъминлаш, партия мулкига нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада партия тизимидаги Коррупцияга қарши кураш комиссияси, Кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича комиссия ҳамда Одоб-ахлоқ комиссиясининг фаолияти самарадорлигини таъминлаш, партия раҳбар кадрлари ҳамда бош ҳисобчиларининг масъулиятини ошириш лозимлиги қайд этилди.
Йиғилишда коррупцияга қарши қабул қилинган меъёрий ҳужжатларнинг амалиётда қўлланишини ҳар томонлама ўрганиш, уларни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш партиянинг барча бўғинларидаги фаоллари олдида турган муҳим вазифалардан бири эканлиги таъкидлаб ўтилди. Муҳокама этилган масала юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.
Суюндик МАМИРОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Маҳаллада яшовчи аксарият фуқаролар билан мулоқот чоғида аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ баллонларини етказиб бериш қониқарсиз ташкил этилганл...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари аҳоли ўртасида ўтказилган мулоқотлар дав...
01 янв 1970
Бугунги кун олдимизга қўяётган янгидан-янги вазифалар ҳудудларда партия депутатлик гуруҳлари ишини, уларнинг фаоллигини янада кучайтиришни тақозо э...