Учрашувдан учрашувгача: сарҳисоб, таҳлил, режа ва вазифалар

/
Жорий йилнинг 25 июнидан 5 июлигача Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари мамлакатимиз ҳудудларида бўлиб, сайловчилар билан учрашдилар.
Таъкидлаш жоизки, депутатларнинг ўз сайлов округларида электорат билан юзма-юз мулоқотлари фракция аъзоларининг қонун ижодкорлиги фаолияти юзасидан сайловчиларга ахборот бериш, жойларда қонунларнинг қандай ишлаётганлиги, яна қандай янги қонун ва ҳуқуқий нормаларга эҳтиёж борлигини, фуқароларни ўйлантираётган муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларини ўрганишда, депутатларнинг электорат олдида ҳисобдорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамини муносиб кутиб олишга республикамизнинг барча ҳудудларида катта тайёргарлик кўрилаётган айни кунларда депутатларнинг электорат билан ўтказган учрашувларида юртдошларимизнинг қалбини тўлдирган байрамона шукуҳ, кўтаринки кайфият яққол намоён бўлди.

Сурхондарё. Қонунчилик палатасига 76-“Узун” сайлов округидан сайланган депутат, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаровнинг узунлик сайловчилар билан учрашувлари қизғин, самимий ва очиқ мулоқот руҳида бўлиб ўтди.
Н.Умаров мамлакатимиз тараққиётига, ҳар бир ҳудуднинг замон билан ҳамнафас ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимидаги барча ташкилотлар, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида фаолият юритаётган партия депутатлари, “Аёллар” қаноти, “Ёш адолатчилар” қаноти фаолларининг буюк тарихий сана — Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги олдидан амалга ошираётган эзгу ишлари, шу мақсадда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғибот тадбирлари ўтказиб келинаётгани ҳақида алоҳида тўхталди.
— Дунё сиёсий майдонида мураккаб вазият давом этаётган, турли манфаатлар тўқнашувлари туфайли айрим ўлкаларда нотинчлик, қонли можаролар тинмаган, жаҳон молиявий инқирози мамлакатлар иқтисодига ҳамон салбий таъсир этаётган бугунги даврда мамлакатимиз барқарор ривожланиб, ҳар бир соҳа тараққиётида улкан натижаларга эришилаётгани ҳар биримизни қувонтиради, — деди Н.Умаров. — Ҳар бир ҳудудда янгиланишлар баробарида одамларнинг онгу тафаккуридаги ўзгаришлар ҳам энг катта ютуқларимиздан саналади, десак хато бўлмайди.
Учрашувда иштирок этган туман фаоллари истиқлол йилларида Сурхондарё вилоятида амалга оширилган бунёдкорлик саъй-ҳаракатлари боис шаҳар ва туманларда кўплаб янги иншоотлар, муҳташам бинолар, саноат корхоналари, аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиб, тарихий қадамжолар обод бўлгани, намунавий уй-жойлар, қишлоқ врачлик пунктлари барпо этилганлиги хусусида сўз юритдилар. Иштирокчилар тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси замон талабларига мос мустаҳкамланиб, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифати яхшиланаётгани, тадбиркорлик фаолиятининг қўллаб-қувватланиши аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонликнинг муҳим омилига айланганини эътироф этишди. Учрашувларда мустақиллигимизни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган кенг қамровли ишларда “Адолат” СДП аъзолари, партия депутатлари ҳам фаол қатнашиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ҳисса қўшаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Мамлакатимиз тараққиёт стратегиясининг барча соҳаларда муваффақиятли татбиқ этилиши, шубҳасиз, миллий қонунчилигимиздаги мустаҳкам ҳуқуқий асослар ва уларнинг давр талабларига мувофиқ равишда такомиллаштирилиши билан боғлиқ. Н.Умаров сўнгги йилларда қабул қилинган янги қонунлар, Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоларининг қонун ижодкорлиги фаолиятидаги янгиликлар, айни пайтда ишлаб чиқилаётган янги қонун лойиҳалари ва уларнинг мазмуни, соҳаларни ривожлантиришдаги амалий аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритди.
Шу билан бирга, депутат Наримон Умаров “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”, “Электрон ҳукумат тўғрисида” ҳамда янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунларнинг долзарб аҳамияти, мазмун-моҳияти, партиямиз дастурий мақсад-вазифаларига дахлдорлиги хусусида атрофлича тушунчалар берди.
— Мамлакатимиз қонунчилик тизимини такомиллаштириш жараёнларида партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари фаол иштирок этмоқда, — деди Н.Умаров. — Уларнинг дастурий мақсад ва вазифаларимиздан келиб чиқиб илгари сурган таклифлари янги қонунларда ўз аксини топиб, пировардида жамият тараққиётига хизмат қилаяпти. Айни пайтда эса ишлаб чиқилаётган янги қонун лойиҳалари юзасидан жамоатчилик муҳокамалари давомида фуқаролар, фаол сайловчиларнинг фикр-мулоҳазалари асосида зарур таклиф-тавсиялар шакллантирилмоқда. Бу жиҳатдан қонун ижодкорлигида ўзини оқлаган амалий тажрибаларимиз талайгина эканини ҳам айтиш лозим.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, депутат Н.Умаров партиянинг Сайловолди дастуридан ўрин олган вазифалар ва уларнинг ижроси хусусида ҳам алоҳида сўз юритди. Учрашувларда сайловчилар ўз фикр-мулоҳазалари билан фаол қатнашдилар. Шу билан бирга, фуқаролар жойларда мавжуд айрим муаммоларни ҳал этишга депутатнинг эътиборини қаратишди.
Хусусан, учрашувларда маҳаллалардаги баъзи ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминотига доир масалалар ҳақида маҳалла фаоллари сўз юритишди.
“Хурсанд” маҳалласи фаоли Абдураим Тошпўлатов маҳаллада тоза ичимлик суви таъминотида қийинчилик юзага келаётгани, бу борада қулайликлар яратиш, “Оқ остона” маҳалласида яшовчи Чори Худойқулов маҳалла ҳудудида жойлашган 38-сонли умумий ўрта таълим мактабининг ўйингоҳини таъмирлаш зарурлигини қайд этишди.
Наримон Умаров туман иқтисодий ҳаётида ўз ўрнига эга бўлиб келаётган «Хонжиза» акциядорлик жамиятида ҳам сайловчилар билан мулоқотда бўлди. Учрашувда депутатнинг мамлакатимизда саноатни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, бу борадаги янгиликлар ҳақидаги фикрларини сайловчилар қизиқиш билан тингладилар. Шунингдек, суҳбат асносида учрашув иштирокчилари хонадонларда фойдаланилган электр энергияси учун фуқаролар томонидан амалга оширилган тўловларга доир айрим масалаларни ҳал этиш зарурлигини қайд этдилар.
Учрашувлар давомида сайловчилар томонидан билдирилган таклифлар ҳамда ўртага ташланган масалаларни ўрганиш ва қонуний ечим топиш юзасидан депутат шу жойнинг ўзида мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан мулоқотда бўлди ҳамда муаммоларнинг ижобий ҳал этилишига келишиб олинди.
Самарқанд. Партиянинг жамият ҳаётидаги ислоҳотчилик ролини кучайтириш, ҳар бир оила учун муносиб иш ва яшаш шароитини таъминлаш йўлидаги таклиф-ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, амалий ишлар билан мустаҳкамлаш сиёсий ташкилотнинг депутатлари зиммасига алоҳида масъулият юклайди.
“Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларининг мустақиллигимизнинг 25 йиллиги олдидан сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувларида ҳам партиянинг жамиятни янада фаровонлаштириш, электоратнинг ҳаётий манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги мақсад, интилишлари ўзининг тўлиқ ифодасини топди.
60-“Самарқанд” сайлов округидан қуйи палатага сайланган депутат Шуҳрат Полвоновнинг “Оҳалик” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги маҳаллаларда ўтказган мулоқотлари чоғида ижтимоий соҳадаги айрим масалаларга электоратнинг бевосита иштирокида жавоб излангани, фуқароларнинг ҳар бир мурожаатига тегишли бошқарув идораларининг эътибори қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Депутат сайловчилар ҳузурида сўзга чиқар экан, аввало, фракция аъзоларининг қонун ижодкорлиги борасидаги ташаббускорлиги, қабул қилинаётган янги қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тушунтириш берди. Миллий қонунчилик базаси тобора такомиллашиб, ҳуқуқий меъёрлар билан тўлдирилаётганлиги эса ислоҳотлар жараёнига чуқур таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, тадбиркорлик фаолиятининг кафолатлари мустаҳкамланиб, банк-молия тизими янада ривожлантирилмоқда.
— Дунё тан олаётган ҳар битта ютуғимиз, ўсиш-юксалишларимиз фуқароларнинг мамлакатимизда кечаётган жараёнларга нисбатан бевосита дахлдорлигига бориб тақалади, — деди Шуҳрат Полвонов. — Шу боис аввало юртимизнинг ободлиги, элимиз фаровонлиги учун ҳар биримиз фуқаролик масъулиятини янада чуқур ҳис этайлик.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Оҳалик” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида 4 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда ижтимоий соҳадаги ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор, албатта. Хусусан, йўлсозлик, коммунал хизматни такомиллаштириш, маҳаллалар ва коллеж оралиғида жамоат транспорти қатновини таъминлашда сайловчилар депутатдан амалий ёрдам сўрадилар. Сайловчилардан Ашурбой Шоаҳмедов, Гулнора Баҳриева, Аълам ўаффоров эса депутат Шуҳрат Полвоновга пластик карточка ва терминаллардан фойдаланишда мавжуд тартиб-қоидаларга амал қилиниши устидан назоратни кучайтиришни, “Оҳалик”даги болалар санаторияси ва дам олиш уйларида даволаниш ва маиший шарт-шароитларни яхшилаш зарурлигини баён қилдилар.
Шуҳрат Полвоновнинг “Улуғбек” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги маҳаллаларда ўтказган учрашувларида сайловчилар билан бундан аввалги мулоқотлар чоғида тилга олинган муаммолар, хусусан, телефон алоқасидаги камчиликлар, жамоат транспортида нақд пулсиз тўловларни жорий этиш ҳақидаги таклифлар ўзининг ижобий ечимини топганлиги мамнуният билан қайд этилди.
Қонунчилик палатаси депутати Алишер Маҳматмуродовнинг Ургут туманидаги қатор меҳнат жамоалари, маҳаллаларда бўлиб ўтган учрашувлари электоратни қизиқтираётган ижтимоий масалаларни ҳозиржавоблик билан ҳал этишга қаратилди. Хусусан, “Адолат” СДПнинг йирик бошланғич ташкилотларидан бири фаолият юритаётган туман тиббиёт бирлашмасида бўлган самимий мулоқотларда даволаш-профилактика ишларининг самарадорлигини кучайтириш, қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш сингари масалалар тилга олинди. Депутатнинг Самарқанд туманидаги “Равонак” қишлоғида сайловчилар билан учрашувлари ҳам фойдали мулоқотларга бой бўлди. Хусусан, қишлоқ хўжалигида банд бўлиб, моддий неъматлар ишлаб чиқараётган меҳнаткаш инсонларнинг ижтимоий пакетлардан имкон қадар фойдаланишларини таъминлашга доир тушунчалар, фикр-мулоҳазалар йиғилганларнинг диққатини тортди.
Наманган. Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Якубовнинг таъкидлашича, сайловчилар билан бу галги учрашувлар мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларга ҳамоҳанг тарзда ўтганлиги билан ҳам эътиборга молик.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентда бўлиб ўтган навбатдаги саммити, мазкур анжуманда қабул қилинган ҳужжатлар ҳам бутун дунё жамоатчилигининиг диққат марказида турибди. Шунингдек, Қамчиқ довони орқали ўтган ва Фарғона водийсини мамлакатнинг бошқа ҳудудлари билан боғлаш имконини берган Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўлининг ишга туширилиши, тоғда ноёб иншоот – тоннелнинг очилиши кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди.
40-“Сардоба” сайлов округидан Қонунчилик палатасига сайланган депутат Шуҳрат Якубовнинг Наманган шаҳридаги қатор маҳаллалар, корхона, ташкилот ва муассасаларда фуқаролар билан учрашувлари қизғин мулоқотларга бой бўлди. Масалан, “Янги қурилиш” маҳалласидаги мулоқотда халқ депутатлари вилоят, шаҳар Кенгашларига партиямиздан сайланган депутатлар, шаҳар ҳокимлиги ва аҳолига хизмат кўрсатувчи бир қатор ташкилотларнинг мутасаддилари ҳам қатнашдилар. Дастлаб давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорини ҳаётга татбиқ этиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Сўзга чиққанлар чорак аср мобайнида юртимизда халқ турмуш фаровонлигини ошириш мақсадини кўзлаб олиб борилган кенг кўламли бунёдкорлик ишларини қайд этдилар. Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкилотлари, маҳаллий вакиллик органларида фаолият юритаётган партия депутатларининг бу борадаги фаолияти ҳақида ҳам сайловчилар батафсил маълумот олдилар.
— Сайловчилар билан учрашувларда қатнашган ҳар бир киши бугунги кунда фуқаролар мамлакатимизда олиб борилаётган улуғвор ишларга дахлдорлик ҳисси билан яшаётганига яна бир бор гувоҳ бўлди, — дейди Наманган шаҳар партия кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Рустам Икромов. — Нафақат “Янги қурилиш”, балки “Гулпора”, “Янги ҳаёт”, “Нуробод” ва “Янги аср” маҳаллаларида ҳам мулоқотлар жонли ва қизиқарли ўтди. Аҳолида парламент фаолиятига, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги депутатлар олиб бораётган ишларга қизиқиш ортиб бораётганлиги кузатилди. Айниқса, янги қабул қилинган қатор қонунларнинг мазмун-моҳияти, белгиланган янги норма ва қоидаларнинг аҳамияти бўйича савол-жавоблар қизиқарли ва фойдали кечди.
Учрашувлар чоғида ҳудудларда мавжуд муаммолар хусусида ҳам сўз борди. Маҳалла фаоллари ички йўлларни таъмирлаш, сув ва газ таъминотини яхшилаш борасида депутатдан амалий ёрдам кўрсатишни сўрадилар. Мисол учун, “Янги қурилиш” маҳалласида яшовчи фуқаро Роза Алиева аҳолини суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш борасидаги муаммони ўртага ташлади. Депутат, ўз навбатида, бу масалани “Водийгазтаъминот” корхонаси Наманган шаҳар бўлими мутасаддиларига йўналтирди. Мулоқотда қатнашган ушбу ташкилот вакили Икром Воҳидов мазкур муаммо тез орада ўрганиб чиқилиши ва ижобий ечим топилишига ваъда берди.
Фарғона. Қўштепа туманидаги “Файз”, “Пахтакор”, “Лойсон”, “Шаҳартепа”, “Лангар”, “Ўқчи”, “Солижонобод” қишлоқларида сайловчилар билан ўтказилган учрашувларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умид Сулаймонов миллий қонунчилигимиз, ундаги ўзгаришлар ва янгиликлар хусусида батафсил тушунчалар бериб ўтди.
Мулоқотлар давомида Қўштепа тумани сайловчилари билан жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтган учрашувларда билдирилган таклиф ва мурожаатлар юзасидан қилинган ишлар ҳақида батафсил сўз юритди.
Шунингдек, У.Сулаймонов ўз сўзида жорий йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити мазкур ташкилотнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини такомиллаштириш ва хавфсизлик соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришда муҳим босқич бўлганини қайд этди.
Очиқ мулоқотларда тумандаги маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари раислари туман миқёсида бартараф этиш зарур бўлган айрим муаммолар юзасидан фикрларини баён этишди.
— Учрашув барча иштирокчилар, жумладан, мен учун ҳам жуда фойдали бўлди. Сабаби, ёш тадбиркор сифатида ўз фаолиятимга доир қонунчилик асослари, ушбу соҳани ривожлантириш истиқболлари юзасидан Умид Сулаймоновдан керакли тавсиялар олдим, — дейди “Янги ҳаёт” маҳалласи фаоли Баҳром Мирзаев. — Депутатимизнинг амалий ишлари, “туманни янада ободонлаштириш ва тараққий эттириш йўлида бел боғлаган фуқаро борки, уни депутатлик ваколатларимдан имкон қадар фойдаланиб қўллаб-қувватлашга тайёрман”, деган сўзлари биз, сайловчилар ишончини оширди.
Мулоқотларда маҳалла фаоллари томонидан аҳолига тиббий хизмат кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктларининг замон талабларига мос ишлашини таъминлаш, айрим қишлоқларда тоза ичимлик суви танқислиги, туманда ёшлар учун спорт мажмуалари сонини ошириш, хонадонларга суюлтирилган газ баллонларини ўз вақтида етказишга доир масалалар ўртага ташланди ҳамда У.Сулаймонов халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари билан биргаликда мазкур масалалар ва уларнинг ечими хусусида фикрлашиб, мавжуд камчиликлар юзасидан тумандаги бир қатор мутасадди ташкилотлар раҳбарлари номига депутатлик сўрови киритилишига келишиб олдилар.
— Туманимиз аҳолисининг ижтимоий, сиёсий дунёқараши тобора ўсиб бораётгани ушбу очиқ мулоқотларнинг жонли ва самимий ўтишида катта аҳамиятга эга бўлди, — деди “Ойимча” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Жалолиддин Аҳмедов. — Депутатнинг ташаббускорлиги билан маҳалладаги савдо расталарида пластик карточка билан савдо қилувчи терминаллар тўлиқ ўрнатилгани, қишлоқ врачлик пунктларининг қайта таъмирланиши, маҳалла фаоллари иштирокида жамоатчилик назоратининг кучайиши ва шу каби ижобий ишлар депутат У.Сулаймоновга сайловчиларнинг ишончи ортишига сабаб бўлмоқда.
Тадбир сўнггида депутат маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари раислари, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари билан келгусидаги режалар, айрим муаммоларга ечим топиш учун тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари киритиш хусусида кенгашиб олди.
Таъкидлаш жоизки, сайловчилар билан бундай очиқ мулоқотлар, ўз навбатида, депутатларнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида муҳим таклифларни ишлаб чиқишда ижобий ўрин тутади.
Хоразм. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоевнинг Урганч туманидаги “Чолиш”, “ўайбу” қишлоқлари, “Афри” хусусий корхонасида сайловчилар билан учрашувлари ҳам ишчанлик, ошкоралик руҳида бўлиб ўтди.
Учрашувларда таъкидланганидек, мустақилликнинг қадри, мазмун-моҳияти, айниқса, вақт ўтиши билан, яъни у ҳаётимизнинг барча жабҳаларини қамраб олгани ва натижалари нафақат ҳалқимиз, балки дунёни ҳайратга солаётганлигида янада кучлироқ намоён бўлмоқда.
Истиқлол туфайли мамлакатимизнинг қудрати ва иқтисодий салоҳияти тобора ортиб, ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш суръатлари охирги 11 йил давомида жаҳондаги саноқли давлатлар қаторида 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётгани, аҳолимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати юксалиб бораётганлиги барчамизга ғурур бағишлайди.
Электорат билан очиқ мулоқотлар давомида мамлакатимизда қонунчилик тизимини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар, партиямиз фракциясининг бу борадаги фаолияти, янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасидаги янгиликлар диққат марказида бўлди.
Фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш баробарида ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудда мавжуд муаммолар ҳақида ҳам сўз юритишди. Жумладан, “ўайбу” қишлоғида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, “Туркманлар” маҳалласида фуқаролар, айниқса, ўқувчиларнинг умумтаълим мактабига қатнашига қулайлик яратиш мақсадида пиёдалар учун йўлаклар барпо этиш, “Чолиш” қишлоғидаги баъзи ички йўллар таъмирталаб бўлиб қолганига доир ва бошқа шу каби масалалар ўртага ташланиб, тадбирларда иштирок этган мутасадди ташкилотлар раҳбарлари эътиборига ҳавола этилди.
Мақсуд ТЎРАЕВ, Замира АБДУЛЛАЕВА, Комила ИСРОИЛОВА,
Сурхондарё, Хоразм, Фарғона вилоят кенгашлари матбуот котиблари.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ, Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Adolat” мухбирлари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Депутат — халқнинг ишончли вакили, у одамларнинг ўй-ташвишларини ўз дилидан кечириб яшамоғи, муаммоларни ҳал этишда ташаббускор бўлмоғи дарко...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши ва Республика байналмилал маданият маркази ҳамкорлигида маданий-маърифий тадбир ўтказилди...
01 янв 1970
Банк, молия соҳасида ёрқин из қолдирган, чорак аср мобайнида Олий Мажлис депутати, Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси сифатид...
01 янв 1970
Мамлакатимиз ҳаёти учун муҳим сиёсий жараён, яъни парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказиладиган сайлов арафасида турибмиз....