Депутатлар сайловчилар ҳузурида

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг электорат билан мустаҳкам алоқада ишлашида, айниқса, депутатларнинг ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлари амалий аҳамият касб этади. Бу, ўз навбатида, депутатларнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида муҳим таклифларни ишлаб чиқишда ижобий ўрин тутади.
Шу кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлари бўлиб ўтмоқда. Мустақиллигимизнинг 25 йиллигини муносиб кутиб олишга халқимиз катта тадорик кўраётган айни дамларда қонун ижодкорларининг сайловчилар билан бўлаётган учрашувларида ҳам байрамона шукуҳ ўз аксини топмоқда. Очиқ мулоқотлар истиқлол йилларида ҳаётимизда юз берган ўзгаришлар, эришган ютуқларимиз ва Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги ўрни мустаҳкамланиб бораётганидан юртдошларимизнинг мамнунлиги, ҳар бир фуқаро юрт келажаги ва тараққиётига масъулият ҳиссини сезиб яшаётганини кўрсатмоқда.

Қашқадарё.
Нишон туманидаги “Истиқбол” маҳалла фуқаролар йиғинида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жамшид Пирматов билан бўлиб ўтган мулоқотлар жараёнида ҳам сайловчилар истиқлол йилларида юртимизда, жумладан, вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида фикр-мулоҳаза юритдилар.
— Мустақиллик халқимизга, энг аввало, ўзликка қайтиш, ҳамда уни англаш, инсон манфаатлари устувор бўлган янги эркин, демократик жамият қуриш, улуғ аждодларнинг бебаҳо маънавий меросидан баҳраманд бўлиш, ўзимизга хос ва мос ҳаёт тарзини яратиш имконини берди, — деди Ж.Пирматов. — Мустақиллик туфайли биз учун дунё эшиклари, манфаатли ҳамкорлик йўллари кенг очилди. Ўтган 25 йил давомида туб ислоҳотлар натижасида барча соҳаларда тараққиётга эришилди. Буни яқиндагина пойтахтимизда ўз ишини муваффақиятли тугаллаган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида аъзо давлатлар раҳбарлари ҳам эътироф этишди.
Депутат қайд этганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда давлат ва жамият тузилмаларини эркинлаштириш, аҳолининг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари янги босқичга кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори халқимизни янада руҳлантириб юборди.
Ўз депутатлик фаолияти, учрашувлар оралиғида электорат манфаатлари билан боғлиқ амалий ишлар ва натижалар ҳақида атрофлича сўз юритиб, депутат фуқароларнинг саволларига жавоб берди ва айни пайтда уларни ўйлантираётган масалалар хусусида фикрлашди.
Ж.Пирматов иштирокида “Самарқанд”, “Каптарли”, “Ибн Сино”, “Гулистон”, “Оқ олтин”, Миришкор туманидаги “Дўстлик”, “Қурама”, “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтган учрашувлар ҳам қизиқарли ва эсда қоларли тарзда кечди. Жамшид Пирматов сайловчилар ҳузурида “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, ишлаб чиқилаётган бошқа янги қонун лойиҳаларининг аҳамияти тўғрисида батафсил маълумот берди.
Партия фракцияси аъзоси Абдуғани Умировнинг Қамаши, Шаҳрисабз, Деҳқонобод тумани сайловчилари билан ўтказган учрашувларида маърузачи парламент қуйи палатаси фаолияти хусусида атрофлича фикр-мулоҳаза юритди. Айниқса, депутатнинг Қамаши туманидаги “Ойнакўл”, ”Учтепа” МФЙларида, Шаҳрисабз туманидаги “Оқсув” қишлоқ фуқаролар йиғини ва Деҳқонобод туманидаги “Оққишлоқ”, “Теракли” маҳаллалари сайловчилари билан ўтказган учрашувлари самимий, фойдали баҳс-мунозаралар тарзида ўтди.
— Учрашувлар давомида парламентимиз қуйи палатаси томонидан ишлаб чиқилаётган бир қатор янги қонун лойиҳаларидан хабардор бўлдик, — дейди “Ойнакўл” маҳалласи фаоли Хайрулла Болтаев. — Шу билан бирга, мутасадди ташкилотлар масъул ходимлари қатнашган мазкур учрашувларда сайловчилар “Ойнакўл”, “Учтепа” маҳаллаларида истиқомат қилувчи фуқароларни тоза ичимлик суви ва томорқаларини оқар сув билан таъминлашда бир қатор муаммолар юзага келаётганини билдиришган эди. Шуниси эътиборлики, депутат аралашуви билан мутасаддилар бу камчиликларни тезда бартараф этишди. Бундан хурсандмиз.
Тошкент шаҳри. 133-“Кўкча” сайлов округидан Қонунчилик палатасига сайланган депутат Улуғбек Саматов билан Шайхонтоҳур туманининг “Ўзбекистон”, “Бўстон”, “Ҳувайдо” ва “Зафаробод” маҳаллаларида бўлган учрашувларда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, туман ҳокимлиги мутасаддилари, маҳалла фаоллари, ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Учрашувларда сайловчилар қонун ижодкорлиги янгиликлари, бир қатор қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, яқинда кучга кирган қонунларнинг мазмуни ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар.
У.Саматов парламентдаги қонун ижодкорлиги жараёнлари хусусида тўхталар экан, сўнгги йилларда амалиётга жорий қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”, “Электрон ҳукумат тўғрисида” ҳамда янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳиятини тараққиёт ва замон талаби нуқтаи назаридан таҳлил қилиб, тушунтириб берди.
Учрашувларда сайловчилар фикр-мулоҳазаларига кенг ўрин берилди.
— Бугун биз аҳолининг ҳуқуқий маданияти, ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошганини кўп бор эътироф этмоқдамиз, — дейди “Ўзбекистон” МФЙ раиси Т.Набиев. — Албатта, бу депутатларимиз томонидан аҳолини бевосита мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеалар, давлат ва ҳудудий дастурларнинг ижроси билан яқиндан таништириб борилаётгани самарасидир.
Мулоқотда сайловчилар бир қатор масалаларга эътибор қаратишди. Хусусан, Шайхонтоҳур туманидаги “Ўзбекистон”, “Бўстон”, “Ҳувайдо” ва “Зафаробод” МФЙ ҳудудида болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда спорт майдончасига эҳтиёж сезилаётганлиги, “Бўстон” МФЙда 12-, 67-кўп қаватли уйларда қиш мавсумида иситиш тизимида муаммолар юз бераётгани, “Зафаробод” маҳалласида фуқароларнинг банк пластик карточкасидан фойдаланишида баъзи муаммоларга дуч келаётгани, айрим маҳаллалар ички йўллари ва ёритиш тизимида носозликлар ҳолатлари борлиги қайд этилди. Сайловчилар томонидан кўтарилган ушбу масалаларга Қонунчилик палатаси депутати У.Саматов ҳамда партиянинг халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати А.Қосимов томонидан шу ернинг ўзида ойдинлик киритилиб, муаммони ҳал қилиш юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарлари ва мансабдор шахсларга депутатлик сўрови юборилишига келишиб олинди.
Юзма-юз мулоқотлар давомида сайловчиларга муҳим сиёсий воқеалар — Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг жорий йил 23-24 июнь кунлари бўлиб ўтган Тошкент саммити, 21-24 июнь кунлари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик самаралари ҳамда истиқболлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Навоий вилояти. Депутатларнинг ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлари парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти юзасидан сайловчиларга ахборот бериш, қабул қилинган қонунларнинг қандай ишлаётгани, соҳаларда, хўжалик юритиш амалиётида бугунги кунда қандай янги қонун ва ҳуқуқий нормаларга эҳтиёж сезилаётгани, сайловчиларни қандай муаммолар ўйлантираётгани ва уларни ҳал этиш бўйича нималар қилиш зарурлигини аниқлаш, депутатларнинг электорат олдида ҳисобдорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Қонунчилик палатаси депутати Зафар Султоновнинг Навбаҳор туманида сайловчилар билан ўтказган учрашувларида ҳам бу муҳим жиҳатлар ўз аксини топди. Тумандаги “Қоровултепа”, “Қизилтепа”, “Янги йўл” маҳаллалари аҳолиси ва “Қора тоғ чорваси” фермер хўжалиги ишлаб чиқариш корхонаси ходимлари, халқ депутатлари Навбаҳор туман Кенгаши депутатлари иштирокида бўлиб ўтган очиқ мулоқотлар юртимиз равнақи учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳиссини сезиб яшаётганини кўрсатмоқда.
Учрашувларда, хусусан, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги лойиҳа ва дастурлар ижроси, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, янги шифохоналар, амбулатория-поликлиника объектларини қуриш ва фойдаланишга топшириш, тиббиёт муассасаларини замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш, сифатли дори воситалари билан таъминлаш масалаларида олиб борилаётган ишлар, айниқса, аҳолининг сифатли тиббий хизматдан самарали фойдаланиш масалалари диққат марказида бўлди.
Фуқароларнинг депутатга мурожаатлари ва уларда келтирилганидек, аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиши, табиий газ, электр энергиясидан фойдаланишга доир, пенсия, нафақаларнинг ўз вақтида берилиши ҳамда жойларда тўлов терминалларига боғлиқ масалалар юзасидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда қилинган ишлар ҳақида З.Султонов алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, депутат сайловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берар экан, айрим саволлар мазмунидан келиб чиқиб, тегишли ташкилотлар раҳбарлари номига депутатлик сўровлари киритишини таъкидлади.
Андижон. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадаходжаеванинг Андижон туманидаги сайловчилар билан учрашувлари ҳам қизғин савол-жавоблар ва сайловчиларнинг фаоллиги остида ўтмокда.
“Хартум” қишлоғида бўлиб ўтган учрашувда давлатимиз раҳбарининг халқимизга байрам шукуҳини бағишлаган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори юзасидан Андижон вилоятида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз борди.
— Чиндан ҳам бугун юртдошларимизнинг кайфияти, мустақиллик туфайли эришаётган ютуқларимиздан мамнун эканликларини бир сўз билан ифодалаш қийин, — дейди “Харабек” қишлоғида яшовчи фуқаро Оматхон Қодирова. — Айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёшларга эътибор ва ғамхўрлик беқиёс бўлмоқда. Бу ўз-ўзидан эртанги кунимиз янада фаровон бўлиши ва Ўзбекистонимиз бундан-да ривожланишидан дарак беради. Фарзандларимиздаги дадиллик, ташаббускорлик уларга бўлган эътиборга муносиб жавоб, деб айтиш мумкин.
Учрашувда сўз олган 54-мактаб директори М.Аҳмедова, халқ депутатлари Андижон туман Кенгаши депутати Д.Алихонова, “Хартум” ҚФЙ фаоли Л.Паттаевлар ҳам туб ислоҳотлар, бунёдкорлик ишларида фуқаролар фаол иштирок этаётганига эътибор қаратишди.
М.Дадаходжаеванинг қуйи палата депутатлари томонидан қонунчилигимизга киритилган янги ўзгаришлар ҳақидаги ахбороти ҳам учрашув қатнашчилари диққатини жалб этди.
Сайловчилар берган саволлар мазмуни жамият тараққиёти ва ҳудудларда ҳал этилиши зарур бўлган долзарб масалалар билан боғлиқлиги фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини яна бир бор ифодалади. Жумладан, мактабларда ҳамширалик штатини ташкил этиш, ҚВПларга замонавий ЭКГ ва УЗИ жиҳозларини келтириш, нафақа олувчиларнинг пластик карточкадаги маблағларини нақдлаштириш, қишлоқ жойларда чиқиндилар учун махсус жойлар ташкил этиш каби масалалар ўртага ташланиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шу билан бирга, М.Дадаходжаева сайловчиларнинг фикридан келиб чиқиб, “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти хусусида батафсил тўхталиб ўтди.
Депутат қуйи палата томонидан ишлаб чиқилаётган янги қонун лойиҳалари, уларнинг Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий ғоя ва мақсадларига мос эканлигини, партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари жойларда ўтказилаётган жамоатчилик муҳокамалари давомида аҳоли томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳазалар асосида қонун лойиҳасида унинг мақсад ва вазифаларини янада аниқлаштириш, асосий тушунчаларни очиб бериш, энг муҳими, унинг барчага бирдек тушунарли бўлишига, қабул қилингандан сўнг амалиётда қўлланилишини ҳам енгиллаштиришга хизмат қилувчи зарур таклиф-тавсиялар ишлаб чиқаётганлигини таъкидлади.
Таъкидлаш лозимки, бундай учрашувлар депутатлар сайловчиларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифлари асосида ишлаш имконини ҳам янада кенгайтиради.
Баҳриддин ҚУРБОНОВ,
Навоий вилоят кенгаши бош мутахассиси,
Комил САХАТОВ, Акбаржон НАЗАРОВ, Феруз ЖЎРАЕВ,
“Adolat” мухбирлари
Партия фракцияси аъзоларининг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда. Бу ҳақда газетамизнинг келгуси сонларида маълумотлар берилади.
 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мазкур акциямизни қўллаб-қувватловчилар, иштирок этувчилар, қон топшириш истагини билдирган донорлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда....
01 янв 1970
Наримон Умаровнинг ишончли вакили, Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши раиси Икрам Абдуллаевнинг сайловчилар билан учрашуви б...
01 янв 1970
Жорий йилнинг май ойида вилоятимизнинг Бешариқ туманидаги “Ҳамид Олимжон” маҳалласида сафдошларимиз жонбозлигида яна бир янги бошланғич...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан семинар ташкил этилди....