Партия фаолияти ва ғояларини ёритган журналистлар тақдирланди

/
Сиёсий партия — бу муштарак қарашлар, манфаатлар ва мақсадларга эга фуқароларнинг бирлашиши асосида тузилган кўнгилли бирлашма саналади. Шунингдек, сиёсий партиялар давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи жамоат ташкилотларидир.
Шундай экан, сиёсий партиялар фаолиятида партия аъзолари, хайрихоҳлари, электоратининг ғоя, мафкура ва нуқтаи назарини кенг жамоатчилик ҳамда давлат ҳокимияти органлари эътиборига ҳавола этиш ҳамда илгари сурилаётган ғоялар тарғибот-ташвиқотини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис ўз фаолияти давомида сиёсий партиялар, шу жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам кенг жамоатчиликка ахборот тарқатиш ва жамоатчилик фикрини шакллантиришга хизмат қилувчи тизим — оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатишга интилмоқда. Хусусан, партиянинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2015 йилда Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкил топганлигининг 20 йиллиги муносабати билан партия фаолиятини кенг тарғиб қилувчи энг яхши журналистик материал учун “Куч — адолатда!” республика кўрик-танлови эълон қилинган эди.
Яқинда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида партиянинг “Медиа олам: тенденциялар ва истиқболлар” лойиҳаси доирасида “Жамоатчилик назоратини таъминлашда ОАВнинг ўрни ва роли” мавзусида ўтказилган давра суҳбати сўнггида мазкур кўрик-танлов ғолибларини эсдалик совғалари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, ҳудудий кенгашлар матбуот котиблари, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари, журналистлар ҳамда партия фаоллари иштирок этди.
Тадбирни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Н.Умаров таклиф этилган барча журналистларни касб байрами билан қутлар экан, партиянинг ғоя ва мақсадлари, амалга оширган ишларини кенг жамоатчиликка намоён этишда оммавий ахборот воситалари асосий ўрин эгаллашини, партия фаолиятини холис ва ҳаққоний ёритиш, унга таҳлилий назар ташлаш, барча бўғинлардаги энг сўнгги янгиликлардан аҳолини бохабар этишда журналистлар меҳнати таҳсинга лойиқ эканлигини эътироф этиб ўтди. Шунингдек, нотиқ мазкур давра суҳбатидан кўзланган мақсад давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари устидан жамоатчилик назоратини ҳамда ҳокимият ва жамоатчиликнинг изчил алоқасини таъминлашда ОАВнинг ролини кучайтириш, соҳанинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш юзасидан мутахассислар ва соҳа вакиллари билан ўзаро фикр-мулоҳаза алмашиш, уларнинг таклиф-тавсияларини тинглаш, улардан партиянинг Амалий ҳаракатлар дастури ва фракцияси иш режасида белгиланган чора-тадбирларни амалиётга татбиқ этишда фойдаланишга қаратилганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, оммавий ахборот воситалари доимо жамият тараққиётининг кўзгуси, кишиларнинг онги, дунёқараши, сиёсий савияси шаклланишида асосий воситалардан бири бўлиб келган. Шу боис, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтлари тизимида уларнинг ролини кучайтириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
— Агар 1991 йилда мамлакатимизда 395 та оммавий ахборот воситаси фаолият олиб борган бўлса, мустақиллик йилларида яратилган кенг шароитлар туфайли оммавий ахборот воситаларимизнинг сони ҳозирда 1400 дан зиёдни ташкил этмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов. — Бугун республикамизда ОАВ тўққизта тилда нашр этилади ва эфирга узатилади. Республикамизда, айниқса, нодавлат ОАВ тез ривожланмоқда. Телеканал, радиоканаллардан ташқари веб-сайтлар ҳам ОАВ сифатида рўйхатдан ўтказилмоқда. Кейинги йилларда оммавий ахборот воситаларини янада демократлаштириш ва либераллаштириш, олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда уларнинг фаоллигини ошириш, медиа маконга илғор ахборот-коммуникация технологияларини бевосита жорий этишга қаратилган қарийб 10 та қонун ҳужжати қабул қилинди. Кези келганда таъкидлаш лозим, Ўзбекистон “Адолат” СДП ўз Сайловолди дастурида оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тобора фаол иштирокчисига айланиб бораётганини қайд этиб, ОАВнинг мустақиллиги ва эркинлигини янада мустаҳкамлаш, олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда уларнинг фаоллигини ошириш, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини, ҳокимият ва жамоатчиликнинг изчил алоқасини таъминлашда ОАВ ролини кучайтириш борасида аниқ нуқтаи назарини ифода этган. Хусусан, жойларда партия фаоллари томонидан “Медиа олам: тенденциялар ва истиқболлар” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган давра суҳбатлари, учрашув ва тадбирларда медиа соҳасининг ҳуқуқий, моддий-техник базасини янгилаш, уни технологик модернизация қилиш, журналист касби нуфузини ошириш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда, шунингдек, турли кўрик-танловлар ташкил этилмоқда.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан эълон қилинган “Куч — адолатда!” республика кўрик-танлови ташкилий комиссиясига республикамизнинг барча ҳудудларида партия фаолиятини фаол ёритиб келган 50 нафарга яқин ижодкорлардан жами 400 дан зиёд материаллар келиб тушган. “Интернет сайтларида ёритилган энг яхши журналистик материал учун”, “Матбуотда эълон қилинган энг яхши журналистик материал учун”, “Радиода ёритилган энг яхши журналистик материал учун” ҳамда “Телевидениеда ёритилган энг яхши журналистик материал учун” сингари номинациялар асосида 1-, 2-, 3-ўринлар ҳамда рағбатлантирувчи ўринлар ғолиблари партиянинг эсдалик совғалари ва махсус дипломига эга бўлди.
— Кейинги йилларда Ўзбекистон “Адолат” СДП ўз Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни турли хил лойиҳалар асосида амалга оширишда, партия ғоялари тарғиботи ҳамда қонунларни такомиллаштиришда нисбатан фаоллашганининг гувоҳи бўлаяпмиз, бу каби чора-тадбирлар ҳақида эшиттиришлар тайёрлаяпмиз. — деди “Радио йўналиши бўйича” 1-ўрин соҳибаси, “Маҳалла” радиоканали “Хабарлар” информацион таҳлилий дастурлар муҳарририяти катта муҳаррири Олима Ҳамроева. — Танловда партиянинг фаолияти ҳақидаги 70 дан ортиқ хабарлар, репортажлар билан иштирок этдим. Биз, журналистларга кўрсатилаётган эътибор ўз устимизда ишлашга, тайёрлайдиган медиа маҳсулотларимизнинг савиясини оширишга ундайди.
Шунингдек, давра суҳбатида партиянинг ҳудудий кенгашлари матбуот хизматининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида барча ҳудудий кенгашлар матбуот котибларига замонавий фотоаппаратлар топширилди.
Саодат СОДИҚОВА,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимизда ёши улуғ инсонлар, меҳнат фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келинади. ...
01 янв 1970
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади....
01 янв 1970
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг VIII Пленуми бўлиб ўтди...
01 янв 1970
Устоз номига эга бўлиш инсондан жуда катта меҳнат, сабр ва чидам талаб этади. Инсон доимо болалиги ёки ёшлигини эслаганида хаёлининг бир четида...