Партия ғоялари амалда

/
Пойтахт вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги “Адолат” маҳалласида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши томонидан “Инсон манфаатлари ва қонун устуворлиги — фаолиятимиз асоси” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Унда Тошкент вилоят партия кенгаши, вилоят прокуратураси, ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари, тумандаги бир қатор ташкилотлар вакиллари, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этишди.
Таъкидланганидек, адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Адолат — қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга янада кенг жорий этиш “Адолат” СДПнинг устувор вазифаларидан саналади. Партиянинг Сайловолди дастурида белгилаб қўйилганидек, партия жамиятнинг шаклланиши ва демократлашувининг муҳим таркибий қисми бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини изчиллик билан таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, суд ҳокимияти ҳамда адвокатура фаолияти мустақиллигини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунларнинг ташаббускори бўлмоқда ва уларни қўллаб-қувватламоқда.
Партиянинг ҳудудий тузилмалари жойларда кенг жамоатчилик ва аҳоли билан яқиндан иш олиб бориб, дастурий ғояларимизни кенг тарғиб этаяпти. Партиямиз сафлари кенгайиб, хайрихоҳлар кўпаймоқда, натижада сиёсий кучнинг таянчига айланган БПТлар сони йил сайин ошириб бормоқда. Жумладан, биргина Ўртачирчиқ туманида бу йил учта янги БПТ ташкил этилди. Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ишлаётган 21 нафар мураббий “Адолат” СДПни танлаб, партияга аъзо бўлдилар. “Ангор” ҚФЙга қарашли “Ўрта овул” маҳалласида ташкил этилган бошланғич партия ташкилотига 13 нафар сафдошимиз бирлашди. Хотира ва қадрлаш куни арафасида “Адолат” маҳалласида 12 нафар партиядошимизни бирлаштирган янги БПТ ўз фаолиятини бошлади.
Эндиликда Ўртачирчиқ туманида партиямизнинг 28 та қуйи бўғини иш олиб бормоқда. Уларда 700 нафардан зиёд маслакдошимиз самарали фаолият кўрсатмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Людмила Кошелапова “Электорат манфаатларини рўёбга чиқаришда қуйи бўғин ҳал қилувчи кучдир” мавзуидаги маърузасида бошланғич партия ташкилотларининг “Адолат” СДП фаолиятида тутган ўрни, БПТлар ҳудудларни янада ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшлар манфаатларини рўёбга чиқариш, жойларда мавжуд масалаларни ҳал этишда фаоллик кўрсатаётганлиги ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён қилди. Таъкидланганидек, БПТ аъзоларининг ишчанлиги, ҳамжиҳатлиги, долзарб масалаларда ҳозиржавоблиги, зиммасидаги бурч ва масъулиятга муносиб равишда партиявий ишларни бажара олиши муҳим аҳамиятга эгадир. Биз бошланғич партия ташкилотига фақатгина аъзоларни бирлаштирувчи, аъзолик бадалларини тўпловчи, тадбирларни ташкил этувчи тузилма сифатида қарамасдан, балки унга партиянинг ғоялари, мақсадларини рўёбга чиқараётган асосий куч, жамият ҳаёти, ижтимоий-сиёсий жараёнларга холис ва адолатли муносабат билдираётган фаол тузилма сифатида муносабатда бўлмоғимиз зарур. Шу билан бирга, бошланғич ташкилотларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, БПТ етакчиларининг сиёсий билими, малакасини ошириш, партиянинг барча тузилмалари ва БПТлар ўртасида ҳамкорлик, жонли мулоқотни кучайтириш, қуйи бўғинларнинг бир-бирларига кўмаклашишлари, тажриба алмашувини ҳам янада жонлантиришимиз керак.
Давра суҳбатида Тошкент вилояти прокурори катта ёрдамчиси Дилшод Исмоилов “Тинчликни асраш ва огоҳлик — давр талаби”, вилоят ИИБ бўлим бошлиғи Эркин Қулаҳмедов “Ахборотлашган жамиятда ёшларнинг ўрни ва бурчи”, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Умид Шоумаров “Тинчлик ва осойишталик — энг олий неъмат” мавзуидаги маърузалари билан бугунги куннинг долзарб масалаларига йиғилганларнинг эътиборини қаратишди.
Тадбир қизиқарли савол-жавобларга бой тарзда ўтди. “Адолат” маҳалласида истиқомат қилаётган 12 нафар янги сафдошимизга аъзолик билетлари топширилди.
Партия ташаббуси билан ташкил этилган мазкур давра суҳбатининг иккинчи қисми 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган маданий-маърифий тадбирга уланиб кетди. Шу муносабат билан Тўйтепа шаҳридаги “Адҳам саҳоба” зиёратгоҳида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, уруш ва меҳнат фахрийлари билан учрашув ўтказилиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Тумандаги қатор ташкилотлар ва партия депутатлари ҳомийлигида уларга байрам совғалари топширилди.
Рустамжон АҲМАДАЛИЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Адолат билимдони” кўрик-танловининг шаҳар ва туман босқичлари бўлиб ўтмоқда....
01 янв 1970
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам аҳоли орасида бўлиб, жойларда аниқланган ижтимоий муаммоларга мутасадди ташки...
01 янв 1970
Жорий йилнинг II чорагида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши таркибида шаҳар ва туманларда БПТлар сон...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...