Интернет тармоқларида ахборот хавфсизлиги —

/
ёшлар маънавиятини салбий таъсирлардан ҳимоялаш омили
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамкорлигида “Интернет тармоқларидан фойдаланиш маданиятини ошириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда депутатлар, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, Республика маънавият тарғибот маркази, А.Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси ахборот ресурс маркази масъул ходимлари, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни кириш сўзи билан очган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раиси Н.Умаров ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, фракция аъзоси А.Шодмоновлар бугунги глобаллашув жараёнида инсон маънавиятига қарши йўналтирилган ахборотлар, уларнинг салбий оқибатларидан ёшларимизни ҳимоя қилиш, интернетдан ахборот олиш, ахборот алмашиш борасида тизим яратилганлиги ҳамда ахборот хуружларининг ёшлар ҳаётига таъсири ҳақида сўз юритишди.
Давра суҳбатида ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган энг муҳим вазифалар ҳақида сўз борар экан, бунда ёшларимизда ахборот олиш маданиятини шакллантириш, уларни ғоявий-мафкуравий тажовузлардан ҳимоялаш механизмларини такомиллаштириш масалалари иштирокчилар диққат марказида бўлди. Хусусан, ёшларда интернет тармоғидан фойдаланганда маданият ва ахлоқ меъёрларига риоя қилишни, мафкуравий иммунитетни кучайтириш, хусусан, интернет тармоғига ахборотни жойлаштириш, тарқатиш, излаш, фойдаланиш каби хусусиятларни ўз ичига олган ахборот хавфсизлиги ва интернет маданиятини мукаммал ўзлаштиришларини ҳамда бу борадаги тегишли ҳуқуқий ва ташкилий тавсияларни янада такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди. Ёшларни нафақат янги технологиялар бўйича ўқитиш ва улардан фойдаланиш қобилиятини шакллантириш, айни чоғда ана шундай технологияларни яратиш ва такомиллаштиришда уларнинг кенг иштирокини таъминлаш масъул ташкилотларнинг устувор вазифаларидан бири эканлиги ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Бир сўз билан айтганда, дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар барчамиздан ёшлар тарбиясига янада эътиборлироқ бўлишни тақозо этмоқда. Бу жараёнда эса нафақат давлат ташкилотлари ёки таълим муассасалари, балки ННТлар ва фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этиши бугунги кун талабидир.
Тадбирда мазкур масала юзасидан сўзга чиққанлар глобаллашув даврида ахборотлар оқими боис ёшлар кенг билимга эга бўлибгина қолмай, тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларга дуч келаётганликлари, уларни ахборот хуружларидан асраш борасида катта ёшдагиларнинг масъулиятини ошириш зарурлиги хусусида ҳам тўхталиб ўтишди.
Лазиз БЎРАНОВ,
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот хавфсизлигини таъминлаш марказининг интернет маданиятини ривожлантириш бўлими бошлиғи:

— Мамлакатимизда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жамиятнинг турли жабҳаларига жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Кўрсатилаётган хизматлар тури кенгайиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиши натижасида юртимизда интернет тармоғидан фойдаланувчилар сони тобора ошиб бормоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони қарийб 15 миллионга етди. Интернетнинг ўтказувчанлик даражаси 4 баробар оширилиб, тармоққа уланиш тезлиги 1,5 марта ортди.
Бунинг натижасида мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг ахборот ресурслардан, жумладан, интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти кенгаймоқда. Таълим соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг кенг қўлланилаётгани эътиборга молик. Бу навқирон авлодга жаҳон андозалари даражасида таълим бериш, уларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялашда муҳим омил бўлмоқда.
Миллий ахборот маконини бойитиш ва тўлдириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, жумладан, таълим, илм-фан, маданият ва маърифат соҳаларининг барча жабҳаларини қамраб олувчи таълим ва ёшлар йўналишидаги кенг қамровли ахборот ресурсларидан иборат “ZiyoNET” ягона ахборот тармоғи яратилган, ахборот-кутубхона таъминотини ташкил этиш бўйича фаолият доирасида долзарб ахборот ресурсларидан фойдаланиш имконияти ташкил этилмоқда.
Шунга қарамай интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини таъминлаш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этаётир. Яъни, глобал ахборот маконига теран кўз билан қарасак, унда мавжуд барча ахборотларни ҳам фойдали ва безиён деб бўлмайди. Хусусан, айни пайтда интернет тармоғида ўз жонига қасд қилишнинг осон йўлларини тарғиб қилувчи тўққиз минг, порнографик мазмунга эга тўрт мингдан зиёд сайтлар, шунингдек, зўравонлик ва ёвузлик руҳидаги компьютер ўйинлари борки, улар миллий қадриятларимизга зид ва ёш авлод тарбиясига тўғридан-тўғри салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.
Албатта, мамлакатимизда бу каби салбий омилларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. “ZiyoNET” тармоғига тегишли ахборот ресурсларини таснифлаш Миллий рейтинг тизими дастурий таъминоти орқали мониторинг ўтказилиши жараёнида миллий анъана ва қадриятларимизга хилоф бўлган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи беҳаё ҳамда порнографик, шу билан бир қаторда, инсон организмининг жисмоний ёки руҳий бузилиши ҳолатини келтириб чиқариши эҳтимоли бўлган материаллар тарқатувчи веб-сайтларидан фойдаланиш, излаш ҳолатлари аниқланди ва дастур ёрдамида ушбу веб-ресурсларга кириш чегаралаб қўйилди.
Аммо бугун интернетни чеклаб қўйиш ёки ахборот олишни тақиқлаш билан муаммо ҳал бўлмаслиги барчамизга аён. Шундай экан, онги ва дунёқараши эндигина шаклланаётган ёш авлоднинг маънавий олами дахлсизлигини асраш олдимизда турган энг муҳим масалалардан биридир.
Ёшларимизнинг интернет манбаларидан фойдаланиш ҳолатига назар соладиган бўлсак, уларнинг аксарияти “одноклассники.ru”, “faсebook”, “telegram” каби хорижий ижтимоий тармоқларнинг доимий фойдаланувчилари эканлиги кузатилади. Миллий домендаги doira.uz, vsetut.uz, odno-klassniki.uz, sinfdosh.uz, muloqot.uz каби сайтларда рўйхатдан ўтганларнинг барчасини жамлаганда ҳам уларга етмайди. Демак, бу ҳолат миллий сайтларимизни ёшлар учун жозибадор, мазмунли, савияли, қизиқарли қилиб яратиш масаласига жиддий эътибор қилишга ундайди.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатда ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, фуқароларнинг ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқларини кенгайтириш ва интернет журналистикасини ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилган. Айниқса, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида илгари сурилган ғояларни ҳаётга татбиқ этиш орқали соҳага оид бир қатор қонунлар қабул қилинди.
Шу билан бирга, айни пайтда ёшларни ғаразли ахборот оқимларидан ҳимоялаш масаласи ҳам долзарб бўлиб турибди. Бу бўйича қандай ҳуқуқий механизмлар мавжуд, деган ўринли савол туғилади. Халқаро амалиётда “Кибер жиноятлар тўғрисида” Конвенция, “Вояга етмаганлар учун хавфсиз интернет ва он-лайн ресурсларни жорий қилиш тўғрисида”ги Европа Иттифоқи парламенти ассамблеясининг тавсиялари, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида” БМТ Конвенциясини, “Ёшларни ҳимоялаш тўғрисида” Германия, “Вояга етмаганларни оммавий ахборотнинг салбий таъсиридан ҳимоялаш тўғрисида” Литва ва “Болаларни соғлиғи ва ривожланишига зиён етказувчи ахборотдан ҳимоялаш тўғрисида” Россия Федерациясининг қонунларини тилга олиш мумкин.
Миллий қонунчилигимизда ҳам ёшларни носоғлом ахборотлардан ҳимоялашнинг механизмлари мавжуд. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонунда ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузишга, шу жумладан, зўравонликни, ҳаёсизликни ва шафқатсизликни ташвиқот қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар ман этилиши, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда порнография, шафқатсизлик ва зўравонликни намойиш этувчи, инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлувчи оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш, адабиётларни тарқатиш ҳамда фильмларни намойиш этиш тақиқланиши белгилаб қўйилган.
Умуман, бугун ахборот маконидаги реал воқеликдан келиб чиқиб, кенг жамоатчиликнинг манфаатларини рўёбга чиқариш мақсадида ёшларимизни носоғлом ахборотлардан ҳимоялаш масаласини тартибга солувчи ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш долзарб масалага айланмоқда.
Қолаверса, соҳага доир қонун ҳужжатларининг жойларда самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз талаб этилади.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида ҳам мамлакатимиз келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида эканлиги эътироф этилган. Шундай экан, биз фарзандларимизнинг ҳар томонлама, шу жумладан, маънан соғлом бўлиб вояга етишлари учун қайғурамиз. Дастуримизда назарда тутилганидек, дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда биз ёшларимизни, ўз фарзандларимизни интернетнинг зарарли таъсирларидан ҳимоя қилишимиз зарур. Бунинг учун, энг аввало, таълим тизимида улар билан мунтаззам тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришимиз ва бу ишларни ташкил этишда оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланишимиз лозим.
Албатта, бу борада партия ташкилотларимиз ҳамда депутатлик гуруҳларимиз томонидан маҳаллалар, таълим муассасалари, маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа ижтимоий ҳамкорларимиз билан биргаликда партиямизнинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Биз вайронкор ғояларга қаршимиз!” шиори остида ёшлар ўртасида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, маънавий таҳдидлар, “оммавий маданият”, диний экстремизмнинг таъсиридан ҳимоялаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган акциялар, давра суҳбатлари, учрашувлар, марафонлар, кўрик-танловлар ўтказиб келинмоқда.
Бундан ташқари, биз ёшларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда интернет тармоғида уларга хорижий ижтимоий тармоқлар ва форумларга муқобил равишда ишлаб чиққан forum.adolat.uz миллий мулоқот майдонимизнинг фойдаланувчилари сафи кенгайиб бормоқда. Ушбу форум орқали иштирокчиларга юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти, ислоҳотлар жараёнларига ўз муносабатини билдириш, долзарб масалалар устида фикр юритиш, ечимини кутаётган муаммоларни ўртага ташлаш имконияти яратилган.
Шунга қарамай бу борада ҳали амалга оширишимиз зарур бўлган вазифалар талайгина. Хусусан, аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий онгни янада юксалтириш, уларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларини билиш, уларга қатъий амал қилиш кўникмасини ҳамда замонавий ахборот-коммуникацион технологиялардан фойдаланиш маданиятини шакллантириш, ёшларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини мунтазам равишда ошириб бориш ва жойларда маънавий-маърифий тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш долзарб масаладир.
Қолаверса, ёшларимизни интернет ресурсларидан тўғри фойдаланишга, маънавиятимизга, одоб-ахлоқимиз ва урф-одатларимизга, қадриятларимизга зид бўлган ахборотларни инкор этишга, ёмон ва яхши ахборотни ажрата олишга ундаб, уларда ахборот олиш ва таҳлил этиш маданиятини муттасил шакллантириб боришимиз зарур.
Давра суҳбатида соҳага доир қонунчиликни янада такомиллаштириш, вояга етмаганлар ва ёшлар томонидан интернетдан хавфсиз фойдаланишнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш, технологик усулларини жорий этиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Тадбир якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Илёс САХАТОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Партия тизимида белгиланганидек, ҳар ҳафтанинг чоршанба куни “Адолат”чилар маҳаллаларга чиқиб, аҳолининг турмуш шароити билан яқиндан т...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз аъзолари унча кўп эмас, жами тўрт кишидан иборат. ...
01 янв 1970
Тинч ва осойишта ҳаёт, барқарорлик ўз-ўзидан бўлмайди.
01 янв 1970
Аҳоли манфаати учун қилинган ҳар бир иш ўзининг амалий натижасини кўрсатса, шубҳасиз, жойларда партиямиз ходимлари ва депутатларга нисбатан ишонч о...