Парламент назорати

/
қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли рўёбга чиқаришга хизмат қилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда “Парламент назорати институти: ҳуқуқий асослари ва амалга ошириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти вакиллари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ходимлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси вакиллари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ, миллий қонунчилигимиз йилдан-йилга такомиллашиб бориши баробарида парламентимизнинг мамлакат ҳаётида тутган ўрни тобора юксалиб бормоқда.
2016 йил 12 апрель куни кучга кирган “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка, хусусан, депутатлар ва ижро ҳокимияти вакилларига етказиш ҳамда унинг амалиётдаги самарали ижросини таъминлаш ҳозирги кундаги долзарб вазифалардан биридир.
Давра суҳбатида депутатлар эътибори ушбу қонундаги нормаларни ҳаётга самарали татбиқ этилишининг назарий ҳамда амалий асосларини, мазкур нормаларни амалга ошириш механизмларини муҳокама этиш, бу йўналишда партия фракцияси олдида турган муҳим вазифаларни белгилаб олишга қаратилди. Зеро, мазкур қонуннинг қабул қилиниши парламент аъзолари учун катта тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Чунки ушбу қонун орқали парламент назоратининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди.
Тўлқин АБДУСАТТОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Мазкур қонуннинг қабул қилинишини мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, хусусан, давлат бошқарувида парламентнинг ролини кучайтиришга оид тизимли чора-тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида баҳолаш мумкин.
Давлатимиз раҳбари томонидан жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг ролини кучайтириш юзасидан илгари сурилган концептуал ғоялар ҳамда 2011 ва 2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган тузатишлар янги қонуннинг қабул қилинишига асос бўлди.
Ушбу қонунда парламентнинг назорат функциясини самарали амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий механизмларини очиб берувчи янги нормалар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг фаолияти устидан парламент назоратини ўрнатишга оид концептуал йўналишлар ўз аксини топди.
Қонун орқали парламент назоратининг объекти ва субъекти белгилангани, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ акс эттирилгани ҳам алоҳида аҳамиятга моликдир. Жумладан, сиёсий партиялар фракцияларининг парламент назорати субъекти сифатида белгиланиши мамлакатимизда сиёсий партиялар, уларнинг бирлашмалари ролини кучайтиришга оид ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Қолаверса, мазкур янгилик жамиятда аҳолининг турли қатламлари манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида сиёсий майдонга чиққан партиялар учун янги имкониятларни яратади.
Шунингдек, Давлат бюджетини қабул қилиш масаласида фракциялар, депутатлар гуруҳлари, қўмиталарнинг ваколатлари кенгайтирилди. Улар Давлат бюджети лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қиладилар, лойиҳа бўйича фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқадилар. Зарур ҳолларда, муҳокамалар чоғида фракциялар, депутатлар гуруҳлари ва Қонунчилик палатасининг қўмиталари Давлат бюджети лойиҳаси параметрлари билан боғлиқ қўшимча ахборотни тегишли органлардан талаб қилиб олиши мумкин.
Айниқса, Қонунчилик палатаси Давлат бюджети лойиҳасини, қоида тариқасида, уч ўқишда кўриб чиқиши, бунда сиёсий партиялар фракцияларининг, депутатлар гуруҳларининг ҳамда Қонунчилик палатаси қўмиталарининг Давлат бюджети лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари Қонунчилик палатасининг мажлисида мажбурий равишда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиниши белгилангани Сайловолди дастуримиздаги устувор йўналишларни амалиётга янада самарали жорий қилиш ва электорат манфаатларини рўёбга чиқаришда имкониятларимизни кенгайтиради.
Шу билан бирга, янги қонуннинг алоҳида моддаси парламент назоратининг натижаларига бағишланган бўлиб, унда парламент назорати субъектлари томонидан ўз ваколатлари доирасида кўрадиган чора-тадбирлар аксини топган. Ўз навбатида, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг парламент назорати натижалари бўйича қабул қилинган қарорларни кўриб чиқиш ва ижро этиш борасидаги вазифалари аниқ белгилаб берилган.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Маълумки, парламент фаолиятининг асосий йўналиши қонун ижодкорлиги ҳисобланса, унинг яна бир муҳим функцияси сифатида парламент назоратини кўрсатиш мумкин. Парламент назорати мамлакатни демократлаштиришда алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, у ҳуқуқий давлатнинг муҳим мезони ҳисобланган қонун устуворлигини таъминлашга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Парламент назоратини самарали ташкил этиш орқали давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолияти қонуний ташкил этилишига, аҳолининг турли қатлами, хусусан, сайловчилар манфаатини ҳимоя қилишга эришилади.
Янги қонунда парламент назоратининг муҳим шакли сифатида — депутат сўрови алоҳида нормаларда мустаҳкамлангани биз учун алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, ушбу институт Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари учун ўз сайловчилари манфаатини ҳимоя қилиш, депутатлик фаолиятини самарали амалга оширишда янги имкониятдир. Чунки аввал мазкур ҳуқуқий механизмнинг қонунчиликда аниқ белгиланмаганлиги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига ўз сайлов округидаги муҳим масалаларни ҳал этишда муайян қийинчиликни келтириб чиқарар эди.
Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари олдида турган энг муҳим масала мазкур депутат сўровини қонуний, адолатли, тўғри ва самарали амалга оширишдан иборат.
Шу ўринда депутат сўровини амалга оширишнинг ҳуқуқий ва амалий асослари таҳлилидан келиб чиқиб, уни амалга ошириш билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан қўйидаги таклиф ва тавсияларни билдирамиз:
Биринчидан, депутат сўровини йўллаш ва унга жавоб бериш тартиб-таомиллари бўйича Қонунчилик палатасининг услубий тавсияларини ишлаб чиқиш даркор. Бунда тегишли ҳужжатларнинг намуналари ҳам ишлаб чиқилса, айни муддао бўлади. Ҳозирги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мазкур масала юзасидан махсус ишчи гуруҳи тузилиб, улар депутат сўровига оид услубий тавсияларни ишлаб чиқишга киришганлар.
Иккинчидан, депутат сўрови амалга оширилиши билан боғлиқ барча материаллар парламент палаталари нашрларида ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилиши амалиётини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.
Учинчидан, депутат сўрови ҳисобини юритиш масаласини ҳам ҳал этиш лозим. Ҳар бир депутат ўз ҳолича, хоҳлаган мавзуда сўров юбораверса, унинг ҳисоби юритилмаса, бу йўналишдаги ишларни таҳлил қилиш ва баҳолашда айрим муаммолар келиб чиқади. Шунинг учун бу масалани олдиндан ҳал этиш зарур.
Тўртинчидан, депутат сўрови институтининг илмий-назарий асосларини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан давра суҳбатлари, илмий-амалий семинарлар ўтказилишини жадаллаштириш мақсадга мувофиқ.
Хулоса қилиб айтганда, парламент назоратининг муҳим шакли ҳисобланган – депутат сўровидан кенг ва самарали фойдаланиш, ҳудудларда ўз ечимини кутаётган камчиликларни бартараф этиш, сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этиш билан бир қаторда, парламентнинг жамият ҳаётидаги, давлат бошқарувидаги роли ва таъсирини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Фракция аъзолари “Парламент назорати тўғрисида”ги қонун ўз аҳамиятига кўра бугунги кунда мамлакатимиз қонун ижодкорлиги соҳасида эришилган юксак натижаларни рўй-рост намоён этиб, ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг бош ғояси — қонун устуворлиги, ижтимоий адолат каби энг эзгу мақсадларга эришиш йўлидаги яна бир ҳуқуқий асос эканлигини эътироф этдилар.
Муҳокамалар жараёнида партия Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш ҳамда электорат манфаатларини рўёбга чиқаришда Қонунчилик палатасидаги депутатлар орқали парламент назорати институтидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, шундан келиб чиқиб, фракция ҳамда партиянинг келгуси йилларга мўлжалланган иш режа ва амалий ҳаракатлар Дастурига тегишли қўшимчалар киритиш, янги қонуннинг мазмун-моҳиятини партиянинг барча даражадаги ташкилотлари, депутатлик корпуслари ҳамда кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилиш юзасидан таклиф-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир сўнггида муҳокама этилган масала юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Дилором МАТКАРИМОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Айни кунларда халқ депутатлари Китоб туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳида фаолият кўрсатаётган депутатларнинг ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Андижон туманидаги “Боғишамол” болалар оромгоҳида Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши фаоллари ушбу масканда дам...
01 янв 1970
Чироқчи туманидаги “Умакай” қишлоғида ўн тўрт ярим мингдан зиёд аҳоли яшайди. Албатта, катта ҳудуддаги ҳар бир қишлоқнинг ўзига яраша қ...