“Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй...”

/
Дабдаба, ҳашамат, ортиқча “ҳою ҳавас” ва янги ўйлаб топилган “одат”лар — тез тилга тушади. Ана шундай зўрама-зўракилик, ўзининг бойлигини кўз-кўз қилишга уринишлар, “кимўзар”­га қилинган харажатлардан сўнг муқаррар содир бўладиган кўнгилсизликлар, уруш-жанжаллар, ажримлар ва қарзга ботишлар — тамомила янги муаммоларни келтириб чиқаради. Маълумотларга қарасак, халқимиз орасида қон босими ошиши натижасида юрак-қон-томир касалликларидан ўлим ҳолатлари кўпайган. Бу ҳам ана шундай ортиқча сарф-харажатлар, исрофгарчиликлар оқибати. Бу — менинг фикрим эмас, йил сайин кўпайиб, ҳаётда ўз исботини топаётган ҳақиқат. Афсус, яхшигина урф-одатларимиз, анъана ва қадриятларимизга мана шундай дабдабаю асъасалар ортидан путур етмоқда.
 
“Бизни кемиргувчи иллатлар”
Қаранг, тўй-маърака, оилавий маросимлардаги ортиқча дабдабабозлик мавзуси юз йил — бир аср муқаддам ҳам халқимизнинг жиддий муаммоси ўлароқ кун тартибида бўлган. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ушбу мавзуда мақола ҳам ёзган ва фикрларининг қаймоғини хулоса тариқасида сарлавҳага чиқарган: “Бизни кемиргувчи иллатлар”. Беҳбудий ана шундай иллатлардан энг йирик иккитасини — тўй ва азани санаб ўтган ва уларни “икки қаттол душман” деб атаган. ХХ аср янги ўзбек адабиётининг улкан намояндаси, ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий 1915 йил март ойида “Садойи Туркистон” газетасида босилган “Тўй” деб номланган шеърида ана шундай иллатларни қоралайди. 
Қилди бу вақт бизда жавлон тўй,
Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй.
Бир-биридан ошурдилар тўйни,
Топди равнақ, ҳайратила боён тўй.
Беш кун тўйни сўнгидин
Кетибон мулклар боис фиғон тўй.
Боён тўйиға ерлилар қараб
Этди сарф токи тандаги жон тўй.
Эй ғанийларимиз, эй фақирларимиз,
Амр этубдурми бизға Қуръон тўй.
Мундайин ишлар шаръимизда йўқ
Кори мажъус, кори шайтон тўй.
Ишламас шундай аҳллик киши,
Йўламас асло аҳли виждон тўй.
Ўтса тўй бирла ёзу қишимиз,
Айлагай бизни ерға яксон тўй...
Дарҳақиқат, орадан шунча вақт ўтса-да, маърифатпарвар боболаримизни ташвишлантирган муаммо — шакл жиҳатдан ҳам, мазмун жиҳатдан ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Ҳозирги кунда тўй-ҳашам, маъракалар “кимўзар”га ўтказилиши, уларда ноз-неъматларни ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйилиши муқаддас ислом динимизда ҳам қаттиқ қораланган. Тўғри, тўй — тинчлик, фаровонлик рамзи. Яхши ният билан элга дастурхон ёзиб, икки ёшнинг никоҳ базмини ёру дўстлар даврасида нишонлашга нима етсин?! Лекин тўйни дабдабага, пулнинг кучини кўрсатадиган маросимга айлантиришдан қандай наф бор? Бунга қасд қилган киши «зўр» одамга эмас, аксинча, оёғи ердан узилган ношукр кимсага ўхшаб қолаётганига ақли етармикан?!  
Тўй-ҳашам ва маъракалардаги ортиқча дабдабабозлик оёғимизга тушган тушов бўлиб бормоқда. “Тушов”нинг янги ва янги, хилма-хил турлари кашф этилмоқда. Ҳашаматли тўй-маъракалар кўп қаватли уйлару пастқам ҳовлилардан, шаҳарлардан чиқиб, қишлоқларга оралади. Энди уйи ёки ҳовлисида, топса — стол-стул, топмаса — гилам, кўрпача тўшаб тўй ўтказаётган одамни учратмайсиз, ҳисоб. Тонгдан шомгача ресторанлардан одам аримайди. Гўё ҳамма бекор. 600-700 кишилик залга танга ташласангиз ерга тушмайди. Бундай саройларда тўй-ҳашам, маърака ўтказувчиларнинг эса охири йўқ. 
 
Илдизи чуқур муаммо
Тўй-ҳашамларни кибр-ҳаво, шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчилик, эл-юрт одатлари ва анъаналарини менсимаслик, атрофда яшаётган одамларнинг аҳвол-руҳиятини инобатга олмаслик каби иллатлардан холи, камтарона ўтказиш лозимлиги неча бор таъкидланди. Ўтмишдан ва ўтаётган кунларимиздан мисоллар келтирдик. Мажлисларда, одамлар билан расмий ва норасмий мулоқотларда бу борадаги тарғибот-тушунтириш ишларининг савияси ва таъсирчанлигини ошириш даркорлигини уқтиришдан чарчамадик. Ҳокимлар, маҳаллалар фаолларини, кексаларни, ижодкор зиёлиларни бу борада мудом фаолроқ бўлишга чақирдик. Бироқ фақат тарғиботу ташвиқот, амри маъруф, даъват билан мақсадга эришиш душворлиги энди аён. Негаки, муаммо жўндек кўрингани билан, илдизи чуқур, сумбати баланд.
Ким қандай тўй қилишини яхши биламиз. Авом пулини ҳуда-беҳуда сарф­лай олмайди. Қўли калталик қилади. Аммо айрим мансабдорларимиз... босар-тусарини билмай қолишади. Лекин биров уларнинг мушугини пишт демайди. Нега? Бу жамиятдаги адолатсизлик, аҳолининг табақаланиши, тенгсизликка бориб тақалади. Амалдорлар юз, икки юз минг­лаб доллар сарфлаб, энг қимматбаҳо нарсаларни харид қилишади. Қолганлар улардан ибрат олади. Қарзга ботади... Мусобақа давом этаверади...
 
Манманлик, риёкорликдан ҳазар
Ваҳоланки, динимизда ҳар қандай ишда ўрта ҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан, ҳам шаръан қораланиб, улардан сақланишга буюрилган. Қуръони каримда: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўй­манг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр эди” — дейилади (Исро сураси, 26-27 оятлар).
Демак, силаи раҳм, хайр-эҳсон ва турли садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари харажат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ таоло томонидан ман этилган. Ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Жумладан, “Аллоҳнинг ноз-неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайр-эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманглар!” (Имом Аҳмад, Насаий, Ибн Можа ривоятлари).
“Аҳли сунна вал жамоа” ақидамиз бўйича инсон ўзининг намоз, рўза, ҳаж, хайру садақа, Қуръон тиловати ва шу каби савобли амалларини ма­йитлар руҳига бағишласа, албатта, савоби етади. Шунга кўра, марҳумларга савобини бағишлаш мақсадида хоҳлаган вақтда ўзининг иқтисодий имкониятига қараб, одамларга эҳсон дастурхони ёзиш жоиз. Савоби яна ҳам улуғ бўлиши ҳамда келган меҳмонлар руҳий ва маънавий озуқа олишлари учун бундай эҳсонларни енгил ва ихчам тарзда ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, эҳсонни фақат зиёфат кўринишида эмас, балки ўша зиё­фатга кетадиган маблағни муҳтож оилаларга, меҳрибонлик ва қариялар уйларига, ободонлаштириш ишларига, талабаларга илм-маърифат тар­қатиш йўлларига сарф қилинса, нур устига аъло нур бўлур эди. 
Ташпўлат МАТИБАЕВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,
социология фанлари доктори, профессор

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2019 йилнинг 21 октябрь санаси мустақил Ўзбекистон тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди! Чунки айнан шу куни пойтахтимиздаги Халқаро Кон...
01 янв 1970
Маълумки, ҳар бир халқнинг ўзига хос нуфузини унинг икки қаноти – тарихи ва тили белгилайди. Шу маънода айтганда, тил инсон зийнати, ...
01 янв 1970
Эътибор берганмисиз, тўрт-беш одам йиғилган жойда кўп  муҳокама қилинадиган масалалардан бири, шубҳасиз, тўй-маъракалар ҳамда уларнинг...