1 март — Зулфия таваллуд топган кун

/

1 март — Зулфия таваллуд топган кун

Мен ўтган умрга...

Ҳаёт китобимни бехос варақлаб,

Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим.

Табассум ўрнида кулдим чарақлаб,

Суйиш керак бўлса – телбача суйдим.

Кийганим ипакми, читми ё кимхоб,

Юрак бойлигидан қилмабман парво.

Мени оғушлаган ҳаёт нақ офтоб,

Янги қўшиқ талаб унда ҳар сабоҳ.

Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим,

Ҳеч кимда кўрмайин умримга ўхшаш;

Суйдим,

Эркаландим,

Айрилдим,

Куйдим,

Иззат нима - билдим,

Шу-да, бир яшаш!..

1973

 

Бу оқшом...

Бу оқшом пориллар дил нурингизда,

Дийдор бахти насиб яна Сиз билан.

Турибман, азизлар, ҳузурингизда

Ҳамон ўтлиғ кўнгил, ёруғ юз билан.

Ҳамон мулкимдаги сийму зарим – шеър.

Сочимда, чеҳрамда йиллардан нишон,

Саждагоҳим танҳо Ватан, Она Ер,

Орзуларим карвон, сарбоним – ишонч.

Ҳамон ота-онам, икки жаҳоним

Азиз ёди аро шикаста, бутман.

Ишқим – алангадир, қордир ҳижроним

Саксон йил ловуллаб сўнмаган ўтман.

Иккита кўзимга икки қорағич –

Мунисим Ҳулкарим, алпим Омоним

Ширин набиралар ҳаётдан тортиғ,

Ҳар бири жонига пайванддир жоним.

Номлари , ёдлари пайғамбар монанд

Ҳазрат устозларим – теран илдизлар,

Мен ундан жон олиб кўкарган дарахт,

Меваси – қалбимдан отилган сўзлар.

Ҳикматлар бағрида дур, марваридим –

Аждодларим менга ифтихор, ғурур.

Шу мавжлардан томган нуқра умидим –

Шоира қизларим бахш этган сурур.

Бу назм боғига киролмас хазон,

Бизни маҳв этолмас завол лашкари,

Мен кетсам мунғаймас умрим ҳеч қачон,

Бу боғлар – бир боғлар бўлади ҳали...

Ҳамон эътиқодим – ҳақиқат, ҳақдир,

Сўзлайман, юзимни тутиб Каъбага,

Емира олмайди ўткинчи тақдир,

Осуда ўтади руҳим абадга.

Эъзозлар, ардоғлар учун ташаккур

Асли Сиз – офтобим, мен – зиёсиман.

Тонгларингиз кулсин дориломон, ҳур,

Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман.

1995


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди....
01 янв 1970
Инсон борки доимо фарзандини ўйлайди. Унинг келажаги яхши бўлишини истайди. 
01 янв 1970
Амударё туманидаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида Ўзбекистон “Адолат” СДП туман кенгашида тузилган ишчи гуру...
01 янв 1970
Фуқаролар томонидан қайд этилган камчилик-нуқсонлардан 62 таси бўйича махсус дастур ишлаб чиқилиб, ҳозирда уни амалга ошириш чоралари кўрилаётган э...