29 йиллик муаммолар ечимига дастлабки қадам

/

29 йиллик муаммолар ечимига дастлабки қадам

 

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, фуқаролар учун муносиб меҳнат шароити яратиб бериш ҳар бир халқ вакили бўлган депутатнинг энг асосий вазифаси саналади.

Ўтган йили мамалакатимизда бўлиб ўтган “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” шиори остидаги сайловлар жараёни олдинги сайлов тизимидан тубдан фарқ қилганлиги билан ажралиб турганлиги ҳеч кимга сир эмас. Буни биргина сайловчилар ишончи натижасида халқ вакили сифатида сайланган депутатларнинг ўзларига билдирилган ишончнинг дастлабки кунидан фуқаролар дарду ташвишлари билан банд бўлишларидан ҳам билиб олиш мумкин.

 

Жорий йилнинг 5 февраль куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Арнасой туман кенгаши томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи билан биргаликда тумандаги “Бобур” МФЙ ҳудудидаги “Ўрикли” кўчаси аҳолиси билан юзма-юз мулоқот ўтказдик. Мулоқотлар жараёнида аҳоли томонидан ички йўлларнинг оғир ҳолати, ичимлик суви ва электр тармоғидаги муаммолар йиллар давомида йиғилиб қолиши натижасида ўта оғир ҳолатга келиб қолганлиги юзасидан билдирилган мурожаатлар ишчи гуруҳи эътиборини тортди. Мени эътиборимни тортган нарса эса, ўрганиш жараёнида муаммоли ҳолатларни расмга туширишимдаги билдирилган фикр бўлди. “Яна ҳисобот учун расм­га тушириб кетишга келишибди”, деди Улуғ ая Камолова.

 

Фуқароларга бундай салбий фикр билдиришлари хато эканлигини, менга билдирилган ишончни доимий равишда оқлашимни таъкидлаганимда, рости, фуқаролар кўзидаги ишончсизлик мени яна бир бор ҳайратда қолдирди.

 

Бундай ишончсизлик “Ўрикли” кўчасидаги аҳоли муаммоларини ўрганиш жараёнида ҳам кузатилди. Чунки юқорида номлари тилга олинган маҳаллалардаги ички йўлларнинг оғир ҳолати, ичимлик суви ва электр тармоғидаги муаммолар чиндан ҳам 29 йил давомида  йиғилиб келган муаммолар эди. Ақалли бирор муаммонинг бир қисми бўлса ҳам ўтган йиллар давомида ижобий ҳал этилмаган. Аммо аҳоли томонидан тинимсиз равишда тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб келинган.

 

— Неча йилдирки, фарзандларимиз шу лой ва чанг кўчалардан мактабга қатнашади. Энг ёмони қиш ва баҳор фаслида фарзандларимиз маҳалла бошига чиққунича сув ва лой кечишига тўғри келмоқда. Натижада оёқ кийимлари нам бўлиб, кун давомида нам оёқ кийим билан дарс­га қатнашиб шамоллаб қолаяпти, — дейди Назокат Қурбонова.

 

Юқоридаги муаммоларнинг ижобий ечими юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилди. Ҳозирда туманда мазкур муаммоларнинг тизимли ечими бўйича тегишли ташкилотлар ҳисоботини эшитиш ҳамда туман Кенгаши сессияси кун тартибига масала киритиш борасидаги ишлар амалга оширилмоқда.

 

Шу ўринда бир савол туғилади. Йиллар давомида мазкур ҳудуддан депутатликка сайланган халқ вакиллари наҳот 5 йиллик фаолияти давомида ўз сайловчиларини тинглашни исташмаган? Ё бўлмаса, сайловчилар дардини тинглаб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилса-да, мутасадди ташкилотлар томонидан мазкур муаммоларга панжа ортидан қаралганмикан? Умуман олганда, қачонгача мутасадди раҳбарларнинг халқи­миз олдидаги хизмат вазифасини бажаришларини депутатлар ёдига солиб туриши керак? Ахир депутатлик мақомига эга бўлмаса-да, “Ўрикли” кўчаси аҳолиси йиллар давомида ўзларининг қонуний ҳуқуқлари юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб келишган-ку.

 

Хулоса ўрнида барча сайловчилардан воқеаларнинг кейинги ривожини ҳам синчковлик билан кузатишларини сўраб қоламиз.

 

Фарруҳ АБДУҲАМИДОВ,

 

халқ депутатлари Арнасой туман Кенгаши депутати

 


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар кенгашларининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Ҳар бир депутат берган ваъдасининг устидан чиқишга, хусусан, ўзи сайланган сайлов округи ҳудудида яшовчи фуқароларнинг манфаатини рўёбга чиқаришга ...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Андижон тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг шу йил январь ойида ўтказилган ҳисобот йиғили...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселект...