Ўзбекистон Қаҳрамони Дўстмурод Абдуллаев: “Адолат қўрғони тикланган жамиятда тараққиёт бардавом бўлади”

/
Ўзбекистон Қаҳрамони
Дўстмурод Абдуллаев:
“Адолат қўрғони тикланган жамиятда тараққиёт бардавом бўлади”
 
Ҳаёт камтарин, эл-юртга садоқатли, том маънодаги фидойи инсонларни сийлайди, обрў-эътибор чўққисига олиб чиқади. Ажойиб тақдир эгаси бўлган Дўстмурод Абдуллаев ҳам эзгу ишлари билан эл назарига тушган юртдошларимиздан. Бу инсон ҳақида журналист ҳамкасбларимиз кўп ва хўп ёзишган. Ва ҳар сафар у кишининг ўзига хос фазилатлари, бошқаларга ўхшамайдиган раҳбарлик услуби, маҳалла-куйга, оиласига, фарзанд­ларига эътибори, жонкуярлиги ҳақида мароқ билан сўзлашган.
 
— Дўстмурод ака, сизни фарзандларингиз, невараларингиз ва яқинларингиз даврасида яна соғ-саломат кўриб турганимдан хурсандман.
 
— Раҳмат. Яратган сизнинг ҳам умрингизни зиёда қилган бўлсин.
 
— “Раис бобо!”. Қишлоқда ҳамма сизга шундай мурожаат қилар экан. Элнинг оқсоқоли бўлиб савоб ишларнинг ортидан югуриш, кимгадир наф келтириш учун ташвишларни гарданга олиш чарчатиб қўймаяптими? Ахир, адашмасам, етмишни қоралаб қўйдингиз.
 
— Йўқ, аксинча ёшим етмишга етган бўлса ҳам одамлар орасида юриб, уларнинг корига яраб турганим учун ҳам қувват олаяпман. Асли инсоннинг табиати шундай, одамлар сенга ўз оға-инисидек яхши назар билан қараб, дард-у ташвишларига чора излашса, уларнинг ишончига ҳар доим лойиқ бўлиш лозим.
 
— Яшанг! Энди айтинг-чи, ўн беш йил муқаддам сиз ҳеч иккиланмай “Адолат” СДП сафига қўшилгансиз. Уч марта халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига депутат бўлиб сайланиб, партия номидан электорат манфаатларини ҳимоя қилганингиздан хабардорман. Ўша шижоат, ўша қатъият, ўша сиёсий позиция бугун қандай намоён бўлаяпти? Партия кенгаши билан алоқангиз ҳақида нима дея оласиз?
 
—    Биласизми, аввало, сиёсат касбу кор ва ёш танламаслигини айтиб ўтмоқчиман.
Мен “Адолат” СДПни бир танлашдаёқ бутун умрга сиёсий эътиқод, яқин ҳамкор, ҳамфикр, муроду мақсадларимнинг ижобати деб қабул қилганим учун бугун ҳам хурсандман.
 
Чунки, адолат номидан иш кўрадиган партия — одамларга энг яқин партиядир. Уни улуғвор мақсадлар йўлида қўллаб-қувватламаслик асло мумкин эмас. Самарқандлик шоир дўстим, сенатор, журналист ва сиёсатшунос Фармон Тошев бир мулоқотда “киши вужудидаги соф ният ва шижоат, энг аввал, адолатга, адолат эса ҳаловату фароғатга бошлаб келади”, деб таърифлаган эди.
 
Чиндан ҳам янги Ўзбекистоннинг тараққиёт формуласи, оилаларнинг эртага ёки индинга эмас, айнан бугун фароғатли турмуш кечириши адолат мезонлари жамиятда қай даражада мус­таҳкам қарор топишига боғлиқ. Адолат деганда мен бош­қарув бўғинидаги раҳбар масъулиятини, халқ номидан иш кўрадиган депутатнинг ваколатга муносиблигини, давлат идораларидаги кўзбўямачилик, коррупция сингари иллатларга қарши аёвсиз курашишни, қонун ҳимоячиларининг ўз вазифаларини сидқидилдан адо этишларини, ҳалоллик ва ростгўйлик ҳар жойда қадр топишини тушунаман. Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси Янги Ўзбекистон тараққиёти учун муҳим тарихий ҳужжат бўлганлиги қайта-қайта эътироф этилмоқда. Мурожаатномада ҳамма гап, ҳамма чора-йўналишлар бирма-бир айтиб ўтилди. Шулар орасида жамиятнинг ҳар бир аъзоси “Ҳалоллик вакцинаси”дан баҳраманд бўлиши зарурлиги, жамиятдаги адолат коррупцияга қарши курашишнинг энг ишончли йўли, деб таърифлангани мени беҳад тўлқинлантириб юборди. Биламизки, биз ҳар бир иллатга қарши курашишни аввало ўзимиздан, тоза қўл ва тоза виждон билан бошлашимиз керак. Бир тўда мансабдорни коррупцияда айблаб жазолаш — энг сўнгги чора. Ҳар биримиз кутган натижага эришиш учун даставвал жамият­ни соғломлаштириш, маънавиятни покиза сақлаш керак. Ҳар қандай манфаатли битим, муносабат ва мулоқотларда адолат пойгакда кутиб қолувчи эмас, балки ҳал қилувчи сўзни айтгувчи иштирокчига айланиши лозим.
 
Дўстмурод ака, бу фикрларингизни яна ва яна давом эттиришимиз мумкин. Лекин шу ўринда яқин ўтмишдаги бир воқеани, аниқроғи, сизнинг раҳбарлик фаолиятингизга оид мисолни эслаб ўтиш жоиз деган фикрга бордим. Бу жамоа мулкининг тақсимотига дахлдор нозик масала эди, адашмасам... Ўшанда одамлар раиснинг адолатли қарорини анча вақт миннатдорлик билан эслаб юришган.
 
— Нимани назарда тутиб гапираётганингизни фаҳмладим. Мен бошқарув раиси бўлиб ишлаган Рўзиқул Маҳманов номли жамоа хўжалиги Пахтачи туманидаги иқтисодий бақувват хўжаликлардан бири эди. Лекин жамоа хўжаликларини тугатиб, уларнинг ўрнига фермер хўжаликларини тузиш сиёсати йўлга қўйилди-ю жамоа хўжалигимиз ҳам “қора рўйхат”га кириб қолди.
 
Ўшанда, аниқроғи, 2007 йилнинг ноябрида мени пахта даласидан зудлик билан хўжалик гаражига чақириб қолишди. Етиб борсам, вилоят ва туман  ҳокимлари бу ерда тайёргарлик чизиғига қўйилган 200 дан ортиқ ҳайдов, чопиқ тракторларини, автомашиналарини бирма-бир кўз­дан кечириб туришган экан. “Ҳозир Бош вазир шахсан сиз билан учрашиш учун хўжаликка кириб ўтмоқчи, аниқ хулосани шу кишидан оласиз”, дейишди. Биргалашиб кутдик. Ҳаял ўтмай Бош вазир гаражга кириб келди. Бу ердаги тоза-озода манзарани кўриб, очиғи, Бош вазирнинг ҳаваси келди. “Ҳаммаси хўжаликка тегишлими?” деб сўради. Тасдиқ жавобини олгач, хўжалик ҳисобида қанча маблағ борлигини суриштирди. Ўша йили барча ташкилотлар билан тўлиқ ҳисоб-китоблардан сўнг бир неча юз миллион сўм фойда банкдаги ҳисоб-рақамида турганлигини айтдим. Бу маблағни тугатиш жараёнида қандай тасарруф қилиниши сўрашганда, хўжаликнинг ҳар бир аъзосига адолатли тақсимлашимни, ҳатто бирорта нафақахўр деҳқон четда қолиб кетмаслигини маълум қилдим. Ўшанда Бош вазир комиссия аъзоларига  “раис қандай йўлни маъқул кўрса, унга, албатта, ёрдамлашинг”, деб тайинлаб, сўнгра  қўлимни мамнуният билан қаттиқ қисганини эслаб қолганман. Ҳолбуки, ўша “хўжаликларни тугатиш” пайтида кўп жойларда одамлар адолатсизлик, ғирромликлардан азият чекиб қолишгани сир эмас. Адолатнинг қадри шунда билиндики, одамлар кейинчалик фермерлик ҳаракатини йўлга қўйишимда мени астойдил қўллаб-қувватлашди, атрофимга мустаҳкам жипслашишди.
 
— Дўстмурод ака, бугун одамларнинг яхши яшашга бўлган иштиёқу ҳаракатини қандай баҳолайсиз? Сизнинг кўптармоқли фермер хўжалигингизда 86 нафар ишчи ойма-ой, канда қилмай маош олишади деб эшитдик.
 
— Ҳа, чунки уларнинг оиласига бир даста пул қўлтиқлаб киришлари учун қишин-ёзин иш топиб берганмиз. Фермер хўжалигида чорвачилик яхши натижа бераяпти. Қандолатчилик ҳамда новвойлик цехлари узлуксиз ишлаб турибди.
 
— Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида биринчи марта мамлакатдаги камбағаллар қатлами расман тилга олинди. Уни тугатиш учун давлат томонидан кўрсатиладиган бир марталик ёрдам натижа бермаслиги қайд этилиб, оилаларнинг фаровон яшаши учун аниқ, тизимли шароит яратиш зарурлиги таъкидланди.
 
— Тўғри, қўлдан берганга қуш тўймас, дейдилар. Бугун меҳнат бозорини янада ривожлантириш, иш берувчи билан ишловчи ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо этаяпти. Қайсидир тадбиркор миллиардлаб даромад топаяпти-ю, қўл остидаги ишчиларга арзимас маош тўлаб келаяпти. Ёш корхона эгаси уқувсизлигидан маҳсулот ва хизматлар бозоридан дуруст жой тополмаяпти. Натижада жамоа зарар кўраяпти. Шу боис тизимли шароит деганда иқтисодий, молиявий, ҳуқуқий муносабатлар тартибга солинишини назарда тутаман.
 
— Пахтачининг сиз истиқомат қилаётган “Фаровон Йўлдошобод” маҳалласида камбағал оилалар топиладими? Уларни ким қўллаб-қувватлаяпти?
 
— Биласизми, айтсам, ишонаверинг. Бизнинг қишлоқда камбағал оила қолмаган ҳисоб. Сабаби, ҳамма оилавий тадбиркор. Самарқанд шаҳридан ропа-роса 140 километр масофада жойлашган, қўшни Навоий вилояти билан чегарадош бу заминда эртанги сабзавот томорқа хўжаликларида бир-икки ой барвақт етиштирилиб, бозорга олиб чиқилади. Биз фермер сифатида томорқачи, иссиқхона эгаларига уруғлик, плёнка ва бошқа ашёларни етказиб берамиз.
 
Мақсадимиз, ҳар бир оила кўпроқ даромад топсин. Фар­занд­лари яхши улғайсин, уларга китоб, компьютер сотиб олиб бера олсин. Демак, камбағалчиликдан қутулишнинг тизимли шароитини ўзимиз, халқ билан бамаслаҳат яратишимиз лозим.
 
— Бу борада, яъни ҳар бир оила учун муносиб турмуш шароитини яратиш ҳақида шахсан сиз партия фаоли сифатида нималарни назардан қочираяпмиз, деб ўйлайсиз?
 
— Депутатларимиздан янада жонкуярлик кўрсатишлари, ҳар бир оиланинг касб-кори, меҳнатга бўлган эҳтиёжи, имкониятини чуқур ўрганишлари ва зарур хулоса бера олишлари талаб этилаяпти. Афсуски, одамларни, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашда раҳбарларнинг ҳисоботбозлиги ҳануз давом этаяпти. Истеъдодли ёшлар муносиб лавозимларга қўйилмаяпти. Депутатлик ва жамоатчилик назорати эса асоссиз сукут сақламоқда.
 
— Дўстмурод ака, 25 йил сиёсий синов майдонида оз вақт эмас. “Адолат” СДП шу давр мобайнида баландпарвоз ваъдалардан, ривожланиш жараёнларига мос келмайдиган режалардан, сиёсий обрў қозонишдаги таваккалчиликлардан йироқ туриб, ўз мавқеини амалий ишлар билан қадамба-қадам мустаҳкамлаб борди. Ва бугун чинакам ислоҳотчи партияга хос сифатларни намоён этаётир, десак янглишмаймизми?
 
— Зинҳор! “Адолат” СДП одамлар қалбидан самимий ҳаракатлари билан жой эгаллади. Биласизми, кейинги сайловларда: “Мен “Адолат” партиясига овоз бердим”, деган кишиларни кўп учратдим. Эътибор беринг, улар аввало номзодни эмас, партиянинг ўзини қўллаб-қувватлашини баён этишди. Шу партия номидан иш кўрадиган депутат ишончга сазовор эканлигини, у ўз партияси билан бир тану бир жон бўлиб курашишини эътироф этмоқда. Бу, шубҳасиз, зўр ижобий натижа. Демак, партиянинг ҳудудий кенгашлари, янги сайланган депутатлик корпуслари сайловчилар ишончини, албатта, оқлашлари керак. Ҳудудий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқаришда ўз муқобил лойиҳалари билан дадил иштирок этишлари, депутатлик ва партия назоратини қатъият билан олиб боришлари талаб этилмоқда. Адолат ҳаракатсизликни эмас, ғайрат-у шижоатни хушлайди. Одамларга эркин, фаровон яшаш учун куч-иштиёқ бағишлайди. Демак, адолат тантанаси учун курашадиган партия доимо бор бўлсин!
— Самимий фикр-тилакларингиз учун сизга ташаккур билдирамиз.
 
Суҳбатдош:
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Йўл-транспорт ҳодисалари сонининг ортиши баробарида йўлларда ҳалок бўлганлар сони ҳам ортаётганлиги кузатилади....
01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичида миллий парламентимизни ҳақиқий демократия мактабига айлантириш сари муҳим қадамлар...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...