Маҳалла адл қўрғонига айланади

/

Маҳалла адл қўрғонига айланади

 

Азалдан маҳалла институти юртимизда ҳукм сураётган тинч-осо­йишта ҳаёт, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, ёшларни миллий ҳамда умуминсоний  қадриятлар – дўстона қўшничилик ва ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, ёрдамга муҳтож инсонларга ғамхўрлик ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялаш жараёнига залворли ҳиссасини қўшиб келади.

 

Маҳалла институти чет эл тажрибасини андоза қила олмайдиган ягона тизимдир. Буни хорижлик экспертлар ҳам эътироф этиб, уни ўрганиш кераклигини таъкидлайдилар. Хусусан, ўтган йили АҚШ, Жанубий Корея, Хитой, Франция каби давлатларда намойиш қилинган “Ўзбекистонда маҳалла институти: тарихий тажриба ва ҳозирги кун” ҳужжатли фильм тақдимоти ҳам ўзбек маҳалласи ҳақиқий маънода халқ­чиллиги, адолат масканига айланганлигининг исботидир.

 

Шу билан бирга, сўнгги йилларда халқимиз менталитетига зид бўлган ҳолатлар, жумладан, пароканда оилалар, қаровсиз болалар, ҳуқуқбузарликлар, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраётганлиги ачинарли ҳолдир. Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинлари зиммасига 200 дан ортиқ вазифалар юкланганлиги, лекин уларни бажариш учун бор-йўғи икки штат бирлиги ажратилганлиги, жамоатчилик асосида номига (баъзи ҳолларда мажбуран) ишлаб келган ўнга яқин турли комиссиялар фаолияти, маҳалла ҳисоб рақами очилган-у лекин унга пул тушириш механизмлари ишлаб чиқилмаганлик ҳолатлари маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари  ҳамда аҳолининг асосли эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Энг ачинарлиси, бундай ҳолат маҳалла фаолларининг ўзига бўлган ишончини сўндирарди.

 

Айнан шу каби масалалар жорий йилнинг 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектр йиғилишида танқидий муҳокама қилинди. Давлат раҳбари томонидан маҳалла тизимини “Обод ва хавф­сиз маҳалла” тамойили асосида ислоҳ қилиш, ушбу соҳага масъул алоҳида давлат идораси – Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифи берилди.

 

Эндиликда маҳалла институтининг иқтисодий-молиявий асослари мустаҳкамланади, моддий-техника базаси замонавий жамламалар билан тубдан янгиланади. Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юклатилган бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг 50 дан ортиқ хос бўлмаган вазифа ва функциялари олиб ташланмоқда. Хусусан, маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш борасидаги амалий тизимни самарали ташкил этиш, иморат қуриш учун қонунчиликда назарда тутилган ҳужжатларнинг мавжудлиги ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари асосида қурилганлигини аниқлаш, фермер ва деҳқон хўжаликларига консалтинг, ахборот йўсинидаги ва бошқа хил хизматлар кўрсатиш каби вазифалар шулар жумласидандир.

 

Маҳалла фуқаролар йиғинларининг эндиликда “Обод ва хавф­сиз маҳалла” тамойилини амалиётга жорий этиши, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва осойишталикни таъминлаши, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириши, азалий қадриятларни тиклашда намуна бўлиши, “Бир болага етти қўшни ота-она” тамойилини ҳаётга татбиқ қилишда жонбозлик кўрсатиши давр талабидир.

 

Бир сўз билан айтганда, маҳалла масъуллари маҳалла иши билан шуғулланиши, маҳалла биноси том маънода Адолат қўрғонига айланиши лозим.

 

Гулрух Агзамова,

 

Олий Мажлис Қонунчилик

 

палатаси депутати,

 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Очиғини айтганда, бугун фуқароларимиз соғлиқни сақлаш соҳасидан рози эмас. Қайси вилоятга чиқманг, фуқаролар тиббий хизматлар сифатининг қониқа...
01 янв 1970
Инсоният тараққиётининг бугунги босқичида ахборот ва интернет технологиялари иқтисодий юксалишнинг муҳим омили сифатида ҳаётимизнинг барча соҳалари...
01 янв 1970
Ўзбекистон мустақилликка эришган биринчи кунлардан улкан сиёсий ирода ва азму шижоат туфайли миллий армиямизга асос солинди. 1992 йил 14 январда юр...
01 янв 1970
Юртимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда....