Вазифалар аниқ белгиланди

/
Вазифалар аниқ белгиланди
 
Кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси шу кунларда давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари ва маҳаллаларда чуқур ўрганилиб, ундан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинмоқда.
Аҳамиятли жиҳати, Мурожаатномада бугун жамиятдаги мавжуд ижтимоий муаммолар ҳақида атрофлича фикр билдириш баробарида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди. Мурожаатнома жуда конструктив, дастуриламал ҳужжат бўлди, чунки у нафақат парламент аъзолари, балки бутун халққа йўлланди. Бу эса аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, юксак иқтисодий ривожланишга эришишга хизмат қилади.
 
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг кенгайтирилган йиғилиши ҳам ушбу Мурожаатномада белгиланган устувор йўналишлар ижросини таъминлашда партия ҳамда фракция олдида турган муҳим вазифалар муҳокамасига бағишланди. 
 
Наримон Умаров,
партия Сиёсий Кенгаши раиси, фракция раҳбари:
Ушбу Мурожаатномада белгилаб берилган Ўзбекистон Республикасини 2020 йилда ва келгуси 5 йилликда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ижросини таъминлаш сиёсий партиялар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциялари зиммасига ҳам бир қатор вазифаларни юклайди. Унда депутатлар фаолиятига берилган танқидий баҳодан тегишли хулоса чиқарган ҳолда халқ билан, сайловчилар билан бевосита мулоқотни изчил давом эттириш, жойларда аниқланаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича ижро ҳокимияти олдига масалани қатъий қўйиб, унинг ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш олдимизда турган биринчи галдаги вазифа ҳисобланади. Фракция депутатлари қонун ижодкорлиги жараёнида илмий инновацион омилга алоҳида эътибор қаратишлари, ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар маконига ва чинакам “демократия мактабига” айланиши зарур.
 
Албатта, бунда фракция­миз депутатлари ташаббуси асосида ишлаб чиқиладиган қонунларни салмоғини ошириш зарур бўлади. Бугунги кунда ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан тўртта муҳим омилга – яъни, қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқ. Партия Сайловолди дастурида илгари сурилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, сайловчилар билан ўтказиладиган учрашувлар давомида аҳолини ўйлантираётган масалаларни атрофлича ўрганиш ва уларнинг ижроси бўйича ҳисоботлар тақдим этиб бориш орқали биз сайловчиларга берган ваъдаларимизни тўлақонли адо этишга ва шу орқали партиямизнинг халқ орасидаги нуфузини янада оширишга эришамиз.
 
Эътироф этилганидек, бу Мурожаатноманинг ўтган йиллардаги Мурожаатномалардан асосий фарқи – у янги парламент ва янги ҳукуматга йўлланди ва мазмунан, нафақат 2020 йилни, балки келгуси 5 йилликни ҳам қамраб олди. Тараққиётимизнинг янги босқичида олдимизда турган долзарб вазифаларни белгилаб берди.
Муҳокамалар жараёнида депутатлар ва партия фаоллари мазкур Мурожаатномани қўллаб-қувватлаган ҳолда унда белгиланган бир қатор устувор вазифалар ва унинг ижросини таъминлашда фракция ва партия ҳамда унинг ҳар бир аъзоси зиммасига улкан масъулият юклашини таъкидладилар.
 
Сирожиддин Раупов,
партия Сиёсий Кенгаши аъзоси:
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўплаб ҳаётий муаммолар илгари сурилди. Уни диққат билан тинглаган ҳар бир фуқаро теран маъноларни англай олди. Мурожаатнома билан бевосита танишган ҳар бир инсон ундан ўзига хос фикрга эга бўлди. Айниқса, эндигина ишини бошлаган халқ вакиллари ўз фаолиятлари учун зарур вазифаларни белгилаб олиш имкониятига эга бўлди. “Адолат” СДП таълимга инвестиция киритишни келажакка сармоя киритиш, деб ҳисоблайди. Бу эса халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатбардошлигини таъминловчи омилдир. Мурожаатномада ҳам Сайлов­олди дастуримизга ҳамоҳанг тарз­да таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим бериш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалалари кўрсатиб ўтилди. 
 
Биринчи навбатда, Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини партиянинг барча бўғинлари ва депутатлик гуруҳи мажлисларида ўрганиш ва шу асосда ўз вазифаларини белгилаш зарурлиги таъкидланди. Ҳар бир депутат ўзининг йиллик “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиши, бунда партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар, сайловчиларга берилган ваъдалар бажарилишига эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.
 
Бундан ташқари, олий таълимга қабул квоталарини доимий равишда ошириб бориш, кириш имтиҳонларини соддалаштириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорлар олдидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, дори-дармон воситаларининг электрон реестрини яратиш, ўқитувчи ва шифокор мақомини янада мус­таҳкамлаш ва уларнинг ойлик иш ҳақларини ошириш, коррупцияга қарши курашиш каби партия Сайловолди дастурида кўтарилган таклиф-ташаббуслар янграгани фаоллар ва депутатларга алоҳида масъулият юклайди. 
 
Қодир Жўраев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
Мурожаатномада кўрсатиб ўтилган ва айни вақтда партиямиз Сайловолди дастуридан ўрин олган масалалардан яна бири болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражасини кўтаришдир. Шунда фарзандларимиз болаликдан билим олиши, жамоатчиликка мослашиш кўникмалари  шаклланишига эришамиз. Президентимиз томонидан олий таълим муассасалари фаолиятини қайта кўриб чиқиш, кириш имтиҳонларини соддалаштириш таклиф қилинди. Айниқса, олий маълумотлилар сафининг шартнома асосида эмас, давлат гранти асосида талабалар ҳисобига оширилиши лозимлиги барчанинг кўнглидаги истак бўлди. Бу борада “Адолат” СДП олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш, ўқув юртлари учун умумий қабул квоталарини белгилаш тажрибасидан воз кечиш механизмини ишлаб чиққан.
 
Мурожаатномада Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик пар­тия­си Сайловолди дастуридаги устувор масалалар қайта-қайта тилга олинди. Жумладан, депутатлар партия Сайловолди дастуридан ўрин олган “Пропискадан ўтиш” тизимига янгича ёндошиш, фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни босқичма-босқич такомиллаштириб бориш масаласига давлат раҳбари томонидан ҳам эътибор қаратилгани мазкур муаммони бартараф этиш бўйича фаолликни ошириши лозим бўлади. Боиси иш ва яшаш учун одамларга танлаш ҳуқуқи ва мамлакат бўйлаб бемалол ҳаракатланиш имкони берилиши керак. Ушбу масалалар узоқ йиллардан буён ўз ечимини кутаётгани ҳам бор гап. Юртбошимиз нутқида ички миграция ва доимий рўйхатдан ўтиш борасидаги муаммо кўтарилиб, бу борада аниқ ечим берилгани айни муддао бўлди. “Ўз фуқароларимиз оёғига ўзимиз кишан солмаслигимиз керак”, деди Президент. Дар­ҳақиқат, “пропискадан ўтиш” тизимига янгича ёндошиш пайти келди. Фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни босқичма-босқич такомиллаштириб бориш — “Адолат” СДПдан сайланган депутатларининг ҳам олдида турган асосий вазифалардан биридир.
 
Шунингдек, қўшма мажлисда Мурожаатномада белгиланган устувор вазифалар ижроси доирасида ишлаб чиқиладиган қонун лойи­ҳаларини қабул қилишнинг барча босқичларида фаол иштирок этиш, уларни жойларда кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ҳамда шу орқали партиянинг аниқ ва қатъий позициясини шакллантириш лозимлиги қайд этилди.
 
Ислом Ҳамроев,
партия Сиёсий Кенгаши аъзоси:
Мамлакатимиз раҳбари ўз маърузасида жамият ривожига ғов бўлаётган бир қатор иллатларни куюнчаклик билан айтиб ўтди. Жумладан, “Коррупция иллатини йўқ қилмасак, бирор соҳа ривожланмайди” дея адолатли хулоса ясади. Дар­ҳақиқат, давлат раҳбарининг “Ҳалоллик билан юзи ёруғ раҳбарнинг лавозимда ҳам умри узоқ бўлади”, деган гапида жон бор. Ҳалолликни касб қилган инсон ҳар соҳада муваффақиятга эришишига шак-шубҳа йўқ. Ўзбекистон “Адолат” СДП Cайловолди дастурида аҳолининг барча қатламлари орасида, айниқса, ёшларда коррупцияга қарши муросасиз курашиш маданиятини кучайтириш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. Биз коррупция билан курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигини эътироф этамиз. Матбуотга келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти ҳам коррупцион ҳолатлардан хабар бермоқда. 
 
Албатта, жорий йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилиши мамлакатимиз сиёсий майдонида бир неча йиллардан буён ижтимоий соҳалар, хусусан, илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, соҳаларида инновацияларни жорий этиш каби илғор ғояларни илгари суриб келаётган партиямиз ва унинг барча даражадаги депутатлик гуруҳларидан алоҳида фаоллик талаб этади. Бинобарин, Мурожаатномада Cайловолди дастуримизга ҳамоҳанг тарзда таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш масалалари кўрсатиб ўтилди. Илм-маърифат ривожисиз юрт тараққиётига эришиб бўлмаслиги эса айни ҳақиқатдир.
 
Йиғилишда фаоллар ва депутатлар дастурий мақсадлардан келиб чиқиб, партия лойиҳалари доирасида давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда таълим, илм-фан ва соғ­лиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Айниқса, дори-дармонларнинг ягона электрон базасини яратиш ва шу орқали уларнинг ноқонуний айланиши, олий таълим билан қамраб олинганлик даражасини ошириш бўйича механизмлар яратиш, болалар стоматологик касалликлари профилактикаси ҳолатини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Бундан таш­қари, ҳудудларнинг ривожланиши учун жалб этилаётган инвестициялар юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатиш, олий таълим муассасаларида тузилган Жамоатчилик кенгашлари фаолияти устидан тизимли мониторингни амалга ошириш ва уларнинг фаолиятига кўмаклашиш каби долзарб вазифаларни амалга ошириш режалаштирилган.
 
Елена БОРИСОва,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
Мурожаатномада шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш масаласи тилга олинди. Халқимиз ўртасида уларга нисбатан ҳурматни ошириш, ушбу касб эгалари учун муносиб меҳнат шароити яратиш ва даромадини кўпайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриш вазифа қилиб белгиланди.
 
Шунингдек, тадбирда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлашув, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгиланиши қайд этилди. Бу эса жамоатчиликка жуда катта масъулият юклайди.
 
Дилмурод Исмоилов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
Коррупцияга қарши курашишда қайсидир давлат органи ёки бирон-бир қонун билан керакли натижага эришиб бўлмайди. Бунда энг асосий восита, ечим, курашга кенг жамоатчиликни, фуқароларимизни, халқимизни фаол жалб қилиш лозим бўлади. Бунинг учун, аввало, мазкур масалаларни қонунчиликда акс эттириш керак. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан кўра, унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак. Партия бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириши лозим. Дарвоқе, рақамли иқтисодиётнинг кучайиши коррупцион ҳолатларни камайтиради. Демак, биз бу имкониятдан унумли фойдаланишимиз зарур.
 
Фуқароларнинг мурожаатлари ва таклифлари доирасидаги ўрганишларда, шунингдек, қонун лойиҳалари муҳокамасида жойлардаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси билан узвий боғланган ҳолда ташкил этиш талаб этилади.
 
Бу жараёнда фракция аъзолари жойларда муаммоларни ҳал этишда ёки мавжуд масалалардан қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этишда фойдаланиш, ҳудудларни ривожлантиришга оид “Йўл харитаси” ва дастурлар ижросини таъминлашда маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ўзаро самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди.
 
Ойдин Абдуллаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати: 
Барча марраларни фақат илм зиёси билангина забт этиш мумкин. Билим ва маънавият ҳар қайси замон ва маконда бебаҳо бойлик саналади. Мурожаатнома турли соҳа вакиллари фаолиятига оид хулосаларни ўз ичига олди. Икки касб вакиллари эса алоҳида тилга олинди. Булар – педагоглар ва шифокорлар. Уларнинг билимини ошириш, эл-юрт орасида обрўсини кўтариш, даромадларини кўпайтириш лозимлиги уқтирилди. Ҳақ гап! Таълимдаги коррупция кечириб бўлмас ҳолатдир. Илм илинжидаги одам ноҳалолликни восита қилса ёки билим улашишни нопок ишлар билан қориштирса, маърифатнинг қадри-ю самарасини қаердан излаймиз?!
 
Мурожаатномадаги айрим масалалар қалбимиздаги истак бўлиб, халқимиз узоқ йиллардан бери кутаётган ислоҳотлардан хушхабар берса, маърузада кўтарилган баъзи фикрлар биз учун мутлақо янгилик сифатида янг­ради ҳамда бошлаётган фаолиятимизга янгича руҳ бағишлади.
 
2020 йил Ўзбекистоннинг давлат, жамият ва иқтисодий ҳаётида туб бурилиш нуқтаси бўлади. Буни сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз натижаларини бера бошлагани билан изоҳлаш мумкин. Мурожаатнома асосида ўтган йилларда ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга қаратилган бир қатор якунига етказилмай қолган ишларни 2020 йилда ҳам давом эттириш вазифаларини белгиланди. Депутатлар ва партия фаоллари юқоридаги масалалар юзасидан фақат қарор қабул қилиш эмас, балки унинг амалда ижроси таъминланишини қатъий назоратга олиш ва бу жараёнда бевосита иштирок этишга келишиб олдилар.
 
Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан партиянинг “Йўл харитаси” ва тегишли қарори қабул қилинди.
 
Дурдона АЛИМОВА,
“Адолат” СДП Матбуот хизмати масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бундан 23 йил муқаддам менинг зиммамга ғоят масъулиятли ва шарафли вазифа юклатилганлигини ҳозиргача чуқур қониқиш билан эслайман....
01 янв 1970
Сиёсий партия сафларининг жипслашганлиги унинг ҳар бир тузилмаси, фаоллари ўз олдига қўйган мақсадларини ҳамжиҳатликда рўёбга чиқаришида муҳим ўрин...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан Когон шаҳрининг истироҳат боғида старт берилган “Аҳолининг тиббий мадания...
01 янв 1970
Бугунги кунда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги ўтказиб келинаётган сиёсий ўқувлар, семинар-тренинг ва учрашувлар ўз ижобий натижасини бераё...