“Адолат” СДП фракциясининг биринчи таъсис йиғилиши ўтказилди

/
“Адолат” СДП фракциясининг биринчи таъсис йиғилиши ўтказилди
 
Жорий йилнинг 19 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг таъсис йиғилиши ўтказилди. Унда партия Сиёсий Кенгаши ва Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган партия депутатлари, экспертлар ва партия фаоллари иштирок этдилар.
 
Тадбир аввалида партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгилаб олинган устувор вазифаларни, партия сиёсатини тўлақонли ва уюшқоқлик билан ҳаётга жорий этишда Қонунчилик палатасига “Адолат” СДПдан сайланган депутатлар муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтди.
 
Таъкидланганидек, 2019 йил 22 декабрь ва 2020 йил 5 январдаги сайлов натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига 24 нафар “Адолат” СДП номзодлари депутатлик мандатларини қўлга киритди.
 
Бу эса, сайловчиларнинг “Адолат” СДП дастурий мақсадларига катта ишонч билан қараётгани ва бу барча партия фаоллари, айниқса, Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП депутатлари зиммасига улкан масъулият юклаганлигидан далолат беради.
 
Шунингдек, йиғилишда “Адолат” СДП энг кўп ўсишга эга бўлиб, парламентдаги депутатлар ўрнига нисбатан илк бор учинчи ўринга кўтарилиб, депутатлар сони бўйича сайловларда ўсишга эришаётган ягона партия эканлиги эътироф этилди.
 
Айниқса, “Адолат” СДП таркибида энг кўп аёл депутатлар сайланган партия сифатида ҳам ажралиб турибди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига партиядан сайланган депутатнинг 55 фоизи аёллардир. Бу партия Сайловолди дастурида устувор саналган вазифа — аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, сиёсий жараёнларда пассив кузатувчи эмас, фаол иштирокчига айлантиришнинг амалий ифодасидир.
 
Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбе­кистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги қонунида ҳамда “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунида белгиланган нормалардан келиб чиққан ҳолда ҳамда “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгилаб олинган устувор мақсад ва вазифаларни, партия сиёсатини тўлақонли ва уюшқоқлик билан ҳаётга жорий этиш мақсадида Қонунчилик палатасида “Адолат” СДПдан сайланган депутатлардан иборат партия фракциясини таъсис этиш лозимлиги қайд этилди.
 
Шу мақсадда тузиладиган фракция депутатлари, аввало, Қонунчилик палатасида бўлиб ўтадиган ҳар бир масала юзасидан партиялар­аро тортишувларга дадил киришиши ва электорат манфаатидан келиб чиққан таклифларни илгари суриши ва ҳимоя қилиши лозимлигига алоҳида тўхталиб ўтилди. Чунки бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг суръати парламент ишини мутлақо янгича асосида ташкил этишни талаб қилади.
 
Алоҳида урғу берилганидек, парламентни демократик ислоҳотларнинг локомотивига, сиёсий партиялар фракцияларини эса, ўз нав­батида, парламент фаолиятини ташкил этишда етакчи кучга айлантириш лозим. Бунинг учун эса, албатта, “Адолат” СДП­дан сайланган депутатлар Қонунчлик палатасида ўзининг мустаҳкам ва кучли фракциясини шакллантириш лозимлиги қайд этилди.
 
Йиғилиш иштирокчилари томонидан “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайланган 24 нафар депутатдан иборат партия фракциясини таъсис этиш бўйича таклиф ўртага ташланди. Ушбу масала атрофлича муҳокама қилингандан сўнг депутатлар томонидан якдиллик билан тасдиқланди.
 
Янгиланган парламентда партия фрак­цияси кўпмиллатли депутатлар корпусига эга бўлгани эътироф этилиб, йиғилиш доирасида Қонунчилик палатасига сайланган барча депутатлар алоҳида таништирилди.
 
Шунингдек, таъсис йиғилишида фракциянинг ҳар бир аъзоси партия дастурини чуқур ва батафсил ўрганиши, том маънода партия ғояси учун ҳақиқий курашчига, электорат манфаатидан келиб чиқиб, қонун ташаббускорига айланиши лозимлиги айтиб ўтилди ва фракциянинг истиқболдаги муҳим вазифалари белгилаб олинди.
 
Хусусан, фракциянинг асосий вазифаси сифатида мамлакат Президентининг Конституция қабул қилинган куннинг 27 йиллигига бағишланган маърузасида парламентга белгилаб берилган устувор йўналишларга эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
 
Бунда, биринчи навбатда, қабул қилинажак қонунларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанглигини таъминлаш; иккинчидан, қонунларнинг ижтимоий-иқтисодий жараёнларга самарали таъсирини баҳолашнинг таъсирчан тизимини яратиш; учинчидан, қабул қилинаётган қонунларни аҳолининг кенг қатламига етказиш, уларнинг ижроси ва қўлланилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш; ва ниҳоят, фуқароларнинг ҳуқуқий билими ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш юзасидан депутатларнинг самарали иштирокини таъминлаш муҳимлиги айтиб ўтилди.
 
Шунингдек, сайловолди тарғиботида ҳар бир депутат сайловчиларга партия электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан ҳамда суд-ҳуқуқ соҳаларида бир қатор ваъдалар бергани таъкидланди. Энди уларни амалга оширишга киришиш асосий вазифа сифатида белгиланди. Шунинг­дек, ҳар йилги давлат дастурларига зарур қонунлар, Ҳукумат қарорлари ва бошқа чора-тадбирлар бўйича парламент қўмиталари ва фракция ташаббуси билан таклифлар тайёрлаш белгилаб олинди.
 
Йиғилишда фракция раҳбарини сайлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди ва “Адолат” СДП Ижроия қўмитаси таклифига биноан партия Сиёсий Кенгаши раиси Нариман Умаров Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари этиб бир овоздан маъқулланди.
 
Кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Фракция аъзолари муҳокама жараёнида социал-демократик ғояларга таянган ҳолда асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекис­тон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнин...