ТВдаги томошалар Томошабиннинг кўнглидан жой олаяптими?

/
ТВдаги томошалар Томошабиннинг кўнглидан жой олаяптими?
 
Кейинги уч йил орасида оммавий ахборот воситалари, хусусан, телевидение кескин ривожланди. Давлат ва хусусий телеканаллар ўртасида том маънодаги ижобий рақобат бошланди. Бу яхшими, ёмонми? Албатта, яхши. Чунки рақобат қанчалик кўп бўлса, интилиш, томошабиннинг кўнглини овлашга ҳаракат шунчалик ривожланади. Узоқ йиллар давомида фақат ҳамду сано айтишга ўрганиб қолган ТВ айнан рақобат туфайли олдинга интилиб, тараққий топади. Халқнинг кўнглидан жой олади. Бунинг учун бизда барча имкониятлар мавжуд. Энг асосийси, бошқа ОАВлар сингари ТВга ҳам том маънодаги ижодий эркинлик берилди.
 
Хўш, биз бу эркинликдан қандай фойдаланаяпмиз? Бугун турли каналларимиз томошабинга тақдим этаётган турфа кўрсатувлардан кўнглимиз тўлаяптими?
 
Бир қарашда бу саволларга “ҳа”, деб жавоб беришимиз мумкиндай. Чунки бугун эфирга узатилаётган ТВнинг йигирмага яқин давлат ва нодавлат каналларидан ўзингиз истаган мавзудаги кўрсатувни топиб кўришингиз, ёқмаган каналдан бошқасига ўтиб кетишингиз мумкин. Лекин мақолани тайёрлаш жараёнида биз суҳбатлашган айрим юртдошларимиз бу саволга “йўқ”, деб жавоб беришди. Биз суҳбатдошларимизнинг нега “йўқ”, деб жавоб берганларини қуйида изоҳлашга ҳаракат қилиб кўрамиз.
 
Айрим кўрсатувлар, хусусан, тонг­ги кўрсатувларни олиб борувчи бошловчилар экранда ўзларини ортиқча эркин тутиб юборадилар. Бу уларнинг ҳуда-беҳуда кулишлари, бачкана ҳазиллари ва айниқса, бошловчи қизларимизнинг тор, калта юбка ва очиқ кийинишларида яққол кўзга ташланиб қолмоқда. Бу ҳақда айрим ёшлар билан суҳбатлашганимизда улар буни бошловчининг “эркин”лиги сифатида баҳолашди. Ёши катталар эса маданиятсизликка менг­зашди. Майли, ҳамманинг ўз фикри бўлгани яхши. Биз ҳам улар ҳақида “яхши” ёки “ёмон”, деб ҳукм чиқариш фикридан йироқмиз. Айтмоқчи бўлганимиз, бошловчи қизларимиз ўзларини миллионлаб ўзбек томошабинлари кўришини ҳисобга олиб, экранда са-а-ал сипороқ тутишса яхши бўлишини эслатиб қўймоқчимиз, холос.
 
Албатта, бир мақолада барча телеканаллар фаолиятини таҳлил қилиб бўлмайди. Қолаверса, бунга даъвогар ҳам эмасмиз. Айтиш керакки, хусусий телеканалларимиз том маънода энди-энди оёққа тураяпти. Юқорининг босимисиз фаолият юритишга ўрганишаяпти. Шу маънода уларнинг айрим хато-камчиликларидан, бошқа мамлакатлар кўрсатувларидан тўғридан-тўғри нусха кўчиришларга вақтинча кўз юмиш мумкиндир. Лекин узоқ йиллик тажрибага эга давлат телеканалларида ҳам бундай камчиликлар учраши кишининг ғашини келтиради. Бу ўринда биз бошловчи одоби, кийими ҳақида эмас, айрим қўл учида тайёрланаётган кўрсатувлар ҳақида фикрлашмоқчи эдик.
 
Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида “Маданият ва маърифат” телеканалида “Адабий жараён” кўрсатувни кузатдим. Тўғрисини айтиш керак, шу кўрсатувни яхши кўраман ва имкон даражасида кўриб боришга ҳаракат қиламан. Назаримда, ўзини зиёли ҳисоблаган ҳар қандай инсон мамлакат ҳаётидаги адабий жараённи имкон даражасида кузатиб боришга ҳаракат қилади ва бу табиий ҳол, албатта. Янги йилнинг илк кунларида эфирга узатилган “Адабий жараён”да ёзувчи Зокир Худойшукурнинг “Тузоқ” китоби, янаям аниқроғи, “Кайвони момо чўпчаклари” туркумидан олинган “Қашқа бия ноласи” ҳикояси таҳлил этилди. Кўрсатувда  Тил ва адабиёт институтининг бир гуруҳ талабалари ва ёзувчи Анвар Суюн эксперт сифатида иштирок этишди. Таҳлил, танқид яхши. Ахир айтадилар-ку, танқид келажакнинг меваси. Лекин кўрсатувни кўра туриб менда танқидни ҳам, таҳлилни ҳам соҳани билган мутахассис қилгани, янаям аниқроқ айтганда, чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйгани яхши экан деган фикр пайдо бўлди. Чунки кўрсатув бошдан-оёқ таҳлил эмас, танқид асосига қурилди. Талабалардан бири айт­дики, бир бия ёки бир той ҳақида ёзиш шартмиди? (Аввалдан айтиб қўяй, қатнашчиларнинг фикрларини сўзма-сўз келтирмаяпман.) Мен ўйладимки, улуғ қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов ҳам ўзининг маш­ҳур “Қиёмат” асарида Акбара ва Тошчайнар(бўри)лар ҳақида ёзиб хато қилган экан-да. Ахир улар ҳам одам эмас, бўри-ку!..
 
Ҳа, майли, талаба-да, телевидениега биринчи чиқиши бўлса шошиб қолгандир, нимадир дегиси келиб, хато фикр айтиб юборгандир, буни кўрсатув ижодкорлари билмасдан ёки эътиборсизлик орқасидан эфирга узатиб юборгандир деб ўйладим. Аммо эксперт ёзувчи (Эксперт бўлгани учун ҳам хато гапиришга ҳаққи йўқ, деб ўйлайман.) Анвар Суюннинг бир гапи ҳаммасидан ошиб тушди. Унинг айтишича, Зокир Худойшукур 1939 йиллар (Санага эътибор беринг!) ҳикоячилигига хос фикрларкан ва ёзаркан. Оббо, дедим ўзимча, биз ҳам юрган эканмизда китоб ўқиймиз, қоғоз қоралаймиз, деб. Лекин бадиий асарлар нечанчи йилларда, қай услубларда ёзилганига ақлимиз етмас экан. Кейин ҳурматли экспертимиз яна айтдики, отлар рангига қараб (Дейлик, саман, тўриқ ва ҳоказо) ажратиларкан. Биз ўқиган асарларда саман, тўриқлар отнинг зоти сифатида келтирилади ва бу ҳақиқат ҳалигача бирон-бир билимдон томонидан инкор этилмаган...
 
Хуллас, мен кўрсатувдан олган фикр шу бўлдики, Зокир Худойшукур дегани асар ёзмаса ҳам бўлар экан. Тўғрисини айтиб қўя қолай, Зокир Худойшукурни мен ҳам шу кўрсатувгача билмас эдим, бахтга қарши бирон-бир асарини ҳам ўқимаган эканман. Қизиқиш устунлик қилиб, “Тузоқ”ни қидириб топдим. Китобдан ўрин олган қиссалар, ҳикоялар ва айниқса, “Кайвони момо чўпчаклари”дага “Қашқа бия ноласи”ни алоҳида эътибор билан ўқиб чиқдим. Ўқиш жараёнида ўзим учун адабиётга ўзгача бир овоз билан кириб келаётган яна бир ёзувчини кашф қилдим. Тўғри, биз асарини муҳокама қилаётган муаллиф ҳали классик даражада ижод қилмаётгандир. Лекин унинг ёзганлари ҳаётийлиги ва самимийлиги билан ўқувчи кўнглидан жой олиши шубҳасиз. Албатта, ҳар қандай ижодкор бир кунда буюк асар яратмайди. Бунинг учун йиллар тажрибаси, ижод машаққати ва энг асосийси, Худо берган иқтидор бўлиши лозим. Зокир Худойшукурнинг асарларини танқид, таҳлил қилиш, хатоларини кўрсатиш яхши, албатта. Фақат таҳлил ёки тан­қид қилишдан аввал асарни ўқиш, уқиш керак, назаримда. Сўзимнинг сўнггида “Адабий жараён” кўрсатуви ижодкорларига омад, Зокир Худойшукурга эса ижодий ютуқлар тилайман.
 
15 январь куни “Адабий жараён”нинг яна бир сони эфирга кетди. Устоз адиб Хуршид Дўстмуҳаммад ва олим Сирожиддин Аҳмад қатнашган кўрсатув Абдулла Қодирий ижодий меросига бағишланди. Тан олиб айтиш керак, кўрсатувнинг бошидан охиригача киприк қоқмай кўрдим. Бундан кейин “Адабий жараён” ижодкорларидан ана шундай пишиқ-пухта, томошабинни экран қаршисига “михлаб” қўядиган кўрсатувлар кутиб қоламиз.  
 
Зарафшон ҚАЛАНДАРОВА,
телетомошабин

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инсоният ўз ақли, меҳнати, билим ва иқтидори билан янгидан-янги чўққиларни забт этаяпти, мисли кўрилмаган кашфиётларга қўл урмоқда. ...
01 янв 1970
Кундалик ҳаётимизда содир этилаётган катта-кичик жиноятларнинг юзага келишини у ёки бу омиллар билан изоҳлаш мумкин....
01 янв 1970
Айтиш керакки, Шавкат Мирзиёев Президент сифатида имзолаган илк ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси ...
01 янв 1970
Арафа кунлари, Янги йил, 8 март ёки Наврўз айёми бўладими, қавму қариндош, ака-ука, опа-сингил, дўст-биродарларимизни йўқлаб, шодлигига шодлик қўши...